Юртимиздан Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий каби жаҳонга донғи кетган буюк алломалар етишиб чиққан. Ушбу китобда улуғ муҳаддис Имом Бухорий ҳақида сўз боради.
Имом Бухорий таржимаи ҳолини тўлиқ ёритиш кўп вақтни, кўп манбаларни ўрганиб, чиқишни талаб қилади. Бухорийнинг таржимаи ҳолини батафсил ёзишга катта жилдлик китоб ҳам камлик қилади. Лекин ҳечдан кўра кеч деганларидек, ушбу китобда улуғ алломанинг таржимаи ҳолидан муҳим нуқталари қаламга олинган.
“Муҳсинхон Тўра Эшон” жоме масжиди имом ноиби Ҳасан Расулов таржима қилган ушбу китоб XIX асрнинг иккинчи ярми ХХ асрнинг биринчи ярмида фаолият олиб борган олимлардан бири Муҳаммад Жамолиддин Қосимий қаламига мансуб. У муҳаддис, муфассир сифатида ислом уламолари орасида қаламга олинган.
Олимнинг ушбу “Имом Бухорий ҳаёти” асарида Имом Бухорий ҳаётларига дахлдор маълумотлар қисқа сатрларда, ортиқча тафсилот ва талқинларсиз берилиши бу китобнинг асосий услубидир. Унда Имом Бухорий ҳақида ўзбек тилидаги бошқа манбаларда учрамайдиган маълумотларнинг ҳам келтирилиши эътиборлидир.
Рисолада буюк ватандошимиз – “Ҳадис илмининг султони” Имом Бухорий бобомизнинг ҳаёти ва илмий-маънавий мероси ёритилган. Алломанинг устоз ва шогирдлари, асарлари ҳақида маълумотлар, асарларидан намуналар келтирилган.
Рисола соҳа мутахассисларига, талабаларга ва кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матуот хизмати
Токио шаҳрида Ўзбекистон элчихонаси ҳамда Ислом цивилизацияси маркази ҳамкорлигида мазкур марказнинг Япониядаги илк кенг қамровли тақдимоти ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Тадбирда Япония таълим ва маданият муассасалари, хусусий компаниялар, сайёҳлик ташкилотлари вакиллари, Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон дипломатлари, тадқиқотчилар, ОАВ ходимлари, шунингдек, Японияда истиқомат қилаётган ватандошлар ва ўзбек талабалари иштирок этдилар.
Тақдимот давомида Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази ислом маърифати, илм-фани ва маданиятини ўрганиш ҳамда цивилизациялараро мулоқотни ривожлантириш учун халқаро майдонга айланиши қайд этилди.
Анжуманда Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маданият мероси, буюк олимлар Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий ва Имом ал-Мотуридийнинг ислом илм-фани ривожига қўшган ҳиссаси, шунингдек, Амир Темур ва унинг авлодларининг жаҳон тарихидаги ўрни ҳақидаги материаллар тақдим этилди.
Марказ директорининг маслаҳатчиси, профессор Турсунали Қўзиев “Маърифат орқали келажакка” мавзусида маъруза қилиб, маданий меросни асраб-авайлаш, тарихий хотирани тиклаш ва халқаро мулоқотни мустаҳкамлашнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб берди.
Япония Ривожланаётган иқтисодиётлар институти профессори Манабу Симидзу Ўзбекистондаги Учинчи Ренессанс концепциясининг ҳамда турли цивилизациялар, жумладан, Япония билан ҳамкорликни ривожлантиришнинг муҳимлигини алоҳида таъкидлади.
Тадбир доирасида Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги тақдимот фильми, Ўзбекистоннинг буюк олимлари тўғрисидаги видеоматериаллар ҳамда юртимизнинг маданий мероси ва меъморий обидаларига бағишланган фотолар намойиш этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати