Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимга ғам-ташвиш етса, ушбу калималар билан дуо қилсин», деганларида, бир киши: «Ё Расулуллоҳ мана шу калималардан бебаҳра қолган киши хасратдами?» деди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа», деб жавоб бердилар. Сўнгра, "Бу калималарни ўзингиз айтиб, бошқаларга ҳам ўргатинглар. Ким бир нарса талабида ана шу калималарни айтса, Аллоҳ ундан хафаликни кетказиб, хурсандчилигини зиёда қилади", деб ўша калималарни ўргатдилар:
اللهُمَّ إنِّي عَبْدُكَ ابْنُ عَبْدِكَ ابْنُ أَمَتِكَ نَاصِيَتِي بِيَدِكَ مَاضٍ فِيَّ حُكْمُكَ عَدْلٌ فِيَّ قَضَاؤُكَ؛ أَسْأَلُكَ بِكُلِّ اسْمٍ هُوَ لَكَ سَمَّيْتَ بِهِ نَفْسَكَ أَوْ أَنْزَلْتَهُ فِي كِتَابِكَ أَوْ عَلَّمْتَهُ أَحَدًا مِنْ خَلْقِكَ أوِ اسْتَأْثَرْتَ بِهِ فِي عِلْمِ الغَيْبِ عِنْدَكَ أَنْ تَجْعَلَ القُرْآنَ نُورَ صَدْرِي وَرَبِيعَ قَلْبِي وَجِلاَءَ حُزْنِي وَذَهَابَ هَمِّي.
"Аллоҳумма инний ъабдука, ибну ъабдика, ибну аматика, насийатий бийадик, мазин фиййа ҳукмук, ъадлун фиййа қозоук, асалука бикулли исмин ҳува лака саммайта биҳи нафсака ав анзалтаҳу фи китабика ав ъалламтаҳу аҳадан мин холқика ав истасарта биҳи фий ъилмил ғойби ъиндака ан тажъалал Қуръана нуро содрий ва робийъа қолбий ва жилаа ҳузний ва заҳаба ҳаммий".
Маъноси: Аллоҳим, мен Сенинг қулингман, қулингнинг ўғлиман, чўрингнинг зурриётиман. Пешонам Сенинг қўлингда. Ҳукминг менинг устимда жорийдир. Сенинг ҳукминг одилдир. Ўзингни номлаган ёки китобингда нозил қилган ёки халқингдан бирор кишига ўргатган ёки ғайб илмингда сақлаб қўйган исмларинг ила сўрайманки, Қуръонни дилимнинг нури, қалбимнинг баҳори, маҳзунлигимни аритувчи ва ғамимни кеткизувчи қил (Ибн Сунний ривояти).
ЎМИ матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Уқба ибн Алидан ривоят қилинади: Самома ибн Шафий Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан эшитган. У зот айтади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбарда:
﴿وَأَعِدُّوا لَهُمْ مَا اسْتَطَعْتُمْ مِنْ قُوَّةٍ﴾
“Имконингиз борича куч-қувватни тайёрлаб қўйингиз” (Анфол сураси, 60-оят).
“Огоҳ бўлинглар қувват отишликдир, огоҳ бўлинглар қувват отишликдир, огоҳ бўлинглар қувват отишликдир” деганларини эшитганман (Имом Муслим ривояти).
Ушбу ҳадисда Пайғамбаралайҳиссалом отишни ва отиш асбобларини ўрганишга ундаганлар. Уламолар бу ҳадис шарҳида киши ўзини, оиласини ва ватанини ҳимоя қилиш мақсадида отишни ва ҳарбий машқларни ўрганиши лозимлигини таъкидлаганлар.
Камондан ўқ узиш ёки ҳарбий машқлар кишини жисмонан чиниқтиради ва иродасини тоблайди.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобалар орасида камондан ўқ узиш, кураш, югуриш ва бошқа турли жисмоний машқларни бажариш мусобақаларини ўтказиб, унда ўзлари ҳам иштирок этганлар.
Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳу айтадлар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир гуруҳ камондан ўқ узиб мусобақалашаётган мусулмонлар олдидан ўтдилар. Уларга: “Отинглар! Бани Исмоил. Оталарингиз мерган бўлган. Отинглар! Мен Бани фулон биланман”, дедилар. Шунда икки гуруҳдан бириқўлидагини тутиб (тўхтаб) қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Нимага отмаяпсиз?” дедилар.Улар: “Сиз улар томонда бўлсангиз қандай отамиз?” дейишди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Отинглар! Мен барчангиз билан биргаман”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Ушбу ҳадис гуруҳларга бўлиниб, мусобақалар ўтказиш, уларга мухлислик қилиш жоизлигини кўрсатади.
Саҳобалар ораларида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Ҳамза ибн Абдулмутталиб энг мерганлардан бўлганлар.
Адий ибн Хотим розияллоҳу анҳу кўпроқ овга қизиққанлар ва моҳир овчи бўлганлар. Шунинг учун, у зот кўпроқ овчиликка оид ҳадисларни ривоят қилганлар.
"Исломда саломатлик" китобидан
Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғли