Аср намозига азон айтилса, саҳобалар масжидда жамланишини кутиб турарди ва асрдан олдин тўрт ракъат нафл намоз ўқишга тарғиб қилиб:
« رَحِمَ اللَّهُ امْرَأً صَلَّى قَبْلَ الْعَصْرِ أَرْبَعًا »
«Асрдан олдин тўрт ракъат намоз ўқиган кишини Аллоҳ раҳм қилсин (яъни раҳматига олсин)», – дер эдилар[1].
Одамлар йиғилгач, масжидга чиқар ва уларга намозни ўқиб берардилар. Асрни аввалги вақтида ўқир эдилар. Қироатни пешиндаги қироатнинг ярмича қилардилар. Намоздан фориғ бўлгач, айтадиган сўзлари бўлса айтар, бўлмаса саҳобалар тарқалиб кетишарди.
Бир куни асрни ўқиб бўлгач, саҳобаларга қараб: «Билмадим, бир нарсани сизларга айтсаммикин ёки айтмасаммикин? Ўйланиб турибман», – дедилар. Саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг расули, агар яхши нарса бўлса айтинг. Агар ундай бўлмаса, Аллоҳ ва Расули билувчидир», – дейишди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«مَا مِنْ مُسْلِمٍ يَتَطَهَّرُ فَيُتِمُّ الطُّهُورَ الَّذِى كَتَبَ اللَّهُ عَلَيْهِ فَيُصَلِّى هَذِهِ الصَّلَوَاتِ الْخَمْسَ إِلاَّ كَانَتْ كَفَّارَاتٍ لِمَا بَيْنَهَا»
«Бир мусулмон киши таҳорат олиб, Аллоҳ фарз қилган таҳоратни мукаммал қилса ва мана шу беш вақт намозни адо этса, бу иши ўша намозлар орасидаги хато ва гуноҳларини ўчиради», – дедилар»[2].
Яна бир куни асрни ўқиб бўлгач, саҳобаларга юзланиб:
«Қай бирингиз таҳорат олса ва уни мукаммал қилса, сўнг: «Ашҳаду ан лаа илаҳа иллаллоҳ ва анна Муҳаммадан абдуллоҳи ва русувлуҳу», – деса унга жаннатнинг саккиз эшиги очилади ва у хоҳлаган эшигидан киради», – дедилар[3].
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асрдан кейинги маърузалари Пешиндан кейин қилинадиган маърузага қараганда анчагина қисқа бўларди. Чунки саҳобалар асрда ишларини тугатиш ва бошқа ҳожатларини ниҳоясига етказиш учун кетишга шошилишарди.
Ҳеч қачон қавмни малоллантирадиган даражада узундан узоқ маъруза қилмасдилар. Тингловчиларнинг ҳолати ва шавқига қараб маъруза қилардилар. Асрни ўқиб бўлгач, маърузалари доимий эмасди.
Асрни ўқигач, ҳар бир онамизнинг уйларига кириб, улар билан бироз суҳбатлашар, бағрларига босиб кўнгилларини сўрардилар. Ҳар бир онамизни уйларига кириб чиққач, охирида навбати келган онамизнинг уйларида қолардилар.
Кўпинча оналаримизнинг ҳаммалари навбати келган онамизнинг уйларида йиғилишиб ўтиришар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам улар билан суҳбатлашардилар.
Бир куни оналаримиз Оиша онамизнинг уйларида йиғилишди. Зайнаб онамиз ҳам Оиша розияллоҳу анҳонинг уйларига келдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйга киргач, қўлларини Зайнаб онамизга узатдилар. Оиша онамизнинг жаҳллари чиқиб: «Бу Зайнабку!» – дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларини тортиб олдилар. Зайнаб онамиз билан Оиша онамиз тортишиб қолдилар ҳатто овозлари кўтарилиб кетди. Намозга қомат айтилди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўтиб кета туриб, оналаримизнинг овозлари кўтарилганини эшитдилар ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Эй Аллоҳнинг расули, намозга чиқасизми? Буларнинг оғзига тупроқ сепинг», – дедилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга чиқдилар. Оиша онамиз: «Ҳозир Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни ўқиб бўладилар ва отам келиб менинг додимни беради», – дедилар. Намоз тугагач, Абу Бакр розияллоҳу анҳу келиб, Оиша онамизни қаттиқ урушдилар ва: «Шундай ҳам қиласанми?!» – деб койидилар[4].
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хонадонларида оилавий суҳбатдан ташқари илмий суҳбатлар ҳам бўларди. Оналаримиз томонларидан бериладиган саволларга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бериб дин ишларини ўргатардилар.
Бир куни Оиша онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даъват йўлида чеккан азиятларининг энг шиддатлисини билмоқчи бўлиб: «Бошингизга Уҳуд кунидан ҳам оғирроқ кун келганми?» – деб сўрадилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Менга қавмингдан етадигани етди. Улардан менга етган нарсаларнинг энг қаттиғи Ақоба куни бўлган. Ўшанда Ибн Абдуялил ибн Абдукулолга мени (ҳимоясига) олишни таклиф этган эдим. Бироқ у мен истаган нарсани қабул қилмади. Ташвишли ҳолда бошим оққан томонга қараб юриб кетдим. Қарнус-саъолибга[5] келгандагина ўзимга келиб, бошимни кўтардим. Қарасам, бир булут менга соя солиб турибди. Назар солсам, унда Жаброил бор экан. У менга нидо қилиб: «Аллоҳ қавмингнинг сенга айтган гапини, сенга нима жавоб қайтарганини эшитди. У Зот улар ҳақида истаган нарсангни буюришинг учун ҳузурингга тоғ фариштасини юборди», – деди. Шунда тоғ фариштаси менга нидо қилиб, салом берди. Сўнгра: «Эй Муҳаммад! Нимани истасанг, шу. Агар уларнинг устига «икки Ахшаб»ни[6] тўнтариб ташлашимни истасанг (шундай қиламан)», – деди.
Шунда мен: «Йўқ! Аллоҳ уларнинг пуштикамаридан ёлғиз Аллоҳга ибодат қиладиган, У Зотга ҳеч нарсани шерик қилмайдиган кишиларни чиқаришини умид қиламан», – деганман»[7].
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам оналаримизнинг дунёвий ҳожатларини қондириш билан бирга уларни охиратга ҳам тайёргарлик кўришга тарғиб қилардилар.
Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизга:
« لَيْسَ أَحَدٌ يُحَاسَبُ إِلَّا هَلَكَ »
«Ҳисоб‑китоб қилинадиган ҳар бир киши ҳалок бўлмай қолмайди[8]», – дедилар. Оиша онамиз аниқлик киритиш мақсадида: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ мени фидойингиз қилсин! Ахир Аллоҳ азза ва жалла:
فَأَمَّا مَنْ أُوتِيَ كِتَابَهُ بِيَمِينِهِ، فَسَوْفَ يُحَاسَبُ حِسَابًا يَسِيرًا [الانشقاق: 7-8 [
«Аммо кимнинг китоби ўнгидан берилса, у албатта, енгилгина ҳисоб‑китоб қилинади», – демайдими?» – деб сўрадилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ана ўша намоён этиш бўлиб, (амаллари) уларга намоён этилади[9]. Бироқ кимнинг ҳисоб‑китоби муноқаша қилинса, ҳалок бўлади», – дедилар»[10].
Яна бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳафса онамизга: «Бадр[11] ва Ҳудайбия[12]да иштирок этган бирор киши дўзахга кирмаслигидан умид қиламан», – дедилар. Ҳафса онамиз: «Эй Аллоҳнинг расули, ахир Аллоҳ: «Сизлардан ҳар бирингиз унга (жаҳаннамга) тушувчидирсиз. (Бу) Раббингиз (иродасига биноан) вожиб бўлган ҳукмдир», – демаганми?» – деб сўрадилар. У зот: «Аллоҳ таолонинг: «Сўнгра тақводор бўлганларни (ундан) қутқарурмиз ва золим кимсаларни тиз чўккан ҳолларида (жаҳаннамда) қолдирурмиз», – деганини эшитмаганмисан», – дедилар[13].
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен уммат ғами билан овораман», – деб оилаларини унутмаган эдилар. Улар билан ҳам дунё, ҳам охират борасида суҳбатлашар, ҳазиллашиб кўнглини кўтарар, уй юмушларида ёрдам бериб, оилавий чиройли ҳаётни ҳам кечирардилар.
Баъзида аср намозидан кейин саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари билан бирга иштирок этишларини ёқтиришадиган ишларга у зотни чақиришар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг чақириғига жавоб бериб, таклиф қилинган жойга борардилар.
Бир куни аср намозини ўқиб бўлишгач, Бани Салама қабиласидан бир киши келиб: «Эй Аллоҳнинг расули, биз жонлиқ сўйишни хоҳладик. Сиз ҳам ўша ерда биз билан бўлишингизни истардик», – деди. У зот: «Хўп», – деб саҳобалар билан йўлга тушдилар. Айтилган жойга етиб келишса, ҳали жонлиқ сўйилмаган экан. Жонлиқни сўйиб, гўшти майдаланди ва ундан овқат пиширилди. Қуёш ботмасидан олдин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар ўша таомдан тановул қилишди[14].
Шу ўринда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли оилаларига нафақани қаердан тўлаганлари ҳақида бироз тўхталиб кейин шом намози вақти ҳақида суҳбатлашамиз.
[1] Имом Термизий ривояти
[2] Имом Муслим ривояти
[3] «Саҳиҳ Ибн Хузайма», «Муснад Аҳмад», «Саҳиҳ Муслим» ва «Муснад Рувёний» китобларига қаралсин.
[4] «Муснад Аҳмад», «Саҳиҳ Муслим», «Муснад Абу Яъло» китобларига қаралсин.
[5] Қарнус-саъолиб – Макка-Тоиф йўлидаги Маккага яқин жой.
[6] Икки Ахшаб – Маккаи Мукаррамадаги икки катта тоғ. Улардан бирининг номи Абу Қубайс бўлиб, Каъбанинг шарқ томонида, иккинчиси – Қуъайқоъ тоғи эса унинг ғарбида жойлашган. Уларнинг баландлиги 420 ва 230 метрни ташкил қилади.
[7] Имом Бухорий ривояти.
[8] «Ҳалок бўлиш» деганда азобга қолиш назарда тутилган, зотан, охират азоби ҳақиқий ҳалокатдир.
[9] Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оятдаги «енгилгина ҳисоб‑китоб қилинади», деган жумлани «Ана ўша намоён этиш бўлиб, уларга намоён этилади», деб тафсир қилмоқдалар, яъни солиҳларга қилган амаллари – яхшиликларию ёмонликлари бир кўрсатилади-ю, аммо уларнинг устида савол‑жавоб, ҳисоб‑китоб қилинмайди. Бу уларнинг нажот топишларининг башорати бўлади.
[10] Имом Бухорий ривояти.
[11] Бадр – Ислом динининг ҳимояси учун кофирларга қарши жанг қилинган илк уруш
[12] Ҳудайбия – бу Макка яқинидаги жойнинг номи бўлиб, унда саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга динни ҳимоя қилиш, Аллоҳ ва Унниг расулига итоат қилишган аҳднома беришган.
[13] «Муснад Аҳмад», «Саҳиҳ Муслим», «Сунан Ибн Можа» ва «Саҳиҳ Ибн Ҳиббон» китобларига қаралсин.
[14] «Саҳиҳ ибн Ҳиббон», «Саҳиҳ Муслим» «Муснад Абу Авона», «Сунан Дорақутний» ва «Мустахраж Абу Нуъайм» китобларига қаралсин.
Абдулазиз Усмон
manba: siyrat.uz
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
«Туфайл отаси Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Кечанинг учдан икки қисми ўтганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан туриб, «Эй одамлар, Аллоҳни зикр қилинглар! Аллоҳни зикр қилинглар! Рожифа* келди, энди родифа* ҳам келади. Ўлим бор бўйича келди! Ўлим бор бўйича келди!» дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, мен ҳар кунги дуоларим орасида сизга ҳам салавот айтаман. Бу дуоларнинг қанчасини салавотга ажратайин?» дедим. У зот: «Истаганингча», дедилар. «Тўртдан бириними?» дедим. У зот: «Хоҳишинг, лекин бундан ҳам кўп бўлса, ўзингга яхши», дедилар. «Ярминими?» дедим. У зот: «Хоҳишинг, лекин бундан ҳам кўп бўлса, ўзингга яхши», дедилар. «Учдан иккисиними?» дедим. У зот: «Хоҳишинг, лекин бундан ҳам кўп бўлса, ўзингга яхши», дедилар. «Унда ўша дуоларимнинг ҳаммаси сизга салавот бўлади», деган эдим, «Ундай бўлса, ғамларинг арийди, гуноҳларинг кечирилади», дедилар» (Имом Термизий ривояти).
Рожифа – Қиёмат куни сурнинг биринчи чалиниши. Бунда барча махлуқотлар ҳалок бўлади.
Родифа – Қиёмат куни сурнинг иккинчи чалиниши. Бунда барча махлуқотлар қайта тирилади.
Демак, Аллоҳ таоло кўп салавот айтган одамнинг барча дунёвий ва ухровий ғам-ташвишларини даф қилиб, гуноҳларини кечириб юборар экан. Шундай экан, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп-кўп салавот айтиш керак, шунда ғамларимищ, қайғуларимиз арийди, инсон қийинчиликлардан кенгчиликка чиқади.
Шу ўринда сизга мана бу гўзал воқеани айтиб бераман:
Бир киши қаттиқ қийинчиликка учрабди. Қарзлари кўпайиб, беш юз тиллага етибди, ишлари эса юришмай қолибди. Келишилган вақт келганда ҳақдорлар қарзини сўраб келишибди. Лекин бечоранинг қарзни тўлашга ҳеч вақоси йўқ экан. Ҳақдорлар уни қозига олиб бориб, шикоят қилишибди. Қози уни зиндонга ташлашга ҳукм қилиб, «Қарзларинг тўланмагунча шу ерда ётасан», дебди. Бечора қарздор қозига «Муҳтарам қози, эртагача муҳлат беринг, бориб, аёлимга айтиб келайин, хавотир олиб юрмасин», деб илтимос қилибди. Қози ўйланиб қолибди. Сўнг: «Эртага қайтиб келишингга ким кафил бўлади?» дебди. Қарздор: «Қози жаноблари! Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кафил бўладилар. Айтилган пайтда келмасам, дунёда ҳам, охиратда ҳам бу киши Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматидан эмас деб гувоҳлик бераверасиз!» дебди. Қози яхши одам экан, қарздорнинг шу сўзи учун унга рухсат берибди.
Қарздор киши уйига бориб, аёлидан рози-ризолик сўрабди. Оқила аёл: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кафил қилиб, бир кунга бўлса ҳам рухсат олибсиз, келинг, кечаси билан у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиб чиқайлик», дебди. Эр-хотин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айта бошлашибди. Бирпасдан кейин иккисининг ҳам кўзи илиниб, ухлаб қолишибди. Қарздорнинг тушига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб, бундай дебдилар: «Тонг отганда шаҳар ҳокимининг олдига бориб, мендан салом айтинг, «Расулуллоҳ сўраяптилар, қарзимни тўлаб берар экансиз», деб айтинг. Сўзингизга исбот сўраса, иккита исботи борлигини айтасиз. Биринчиси – ҳоким ҳар куни кечаси менга минг марта салавот айтади, бирор кун қолдирмайди. Иккинчиси – у кеча кечаси адашиб, салавотни камроқ айтди, лекин у кам айтса ҳам, менга тўлиқ қилиб етказилди. Шуни айтасиз».
Қарздор йиғлаб уйғонибди-ю, шаҳар ҳокимининг уйига борибди. Олдига кириб, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизга салом айтдилар, менинг қарзимни тўлаб беришингизни айтдилар», дебди. Шаҳар ҳокими «Қарзингиз қанча?» деб сўрабди. Қарздор «Беш юз тилла», дебди. Ҳоким «Расулуллоҳ айнан сизга айнан мени айтганларини қандай исботлайсиз?» дебди. Қарздор Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тушунтирганларидек жавоб берибди: «Иккита исботим бор. Биринчиси – сиз ҳар куни кечаси Расулуллоҳга минг марта салавот айтар экансиз», дебди. Бу гапни эшитиб, ҳоким ҳўнграб йиғлаб юборибди, зўрға «Тўғри», дебди. Қарздор сўзида давом этибди: «Иккинчи исботи – кеча кечаси адашиб кетиб, салавотни камроқ айтибсиз. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тўлиқ ҳолда етказилибди». Буни эшитган шаҳар ҳокими ҳушидан кетиб қолай дебди, дарҳол байтулмолдан беш юз тилла танга олиб келишни буюрибди, сўнг ўз ҳисобидан қарздорга яна икки минг беш юз тилла танга бериб, «Бу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саломини етказганинг учун», дебди. Қарздор одам у ердан чиқиб, қарзини тўлаш учун қозининг олдига келибди. Келса, қози ҳам уни кутиб турган экан, кўриши билан: «Биродар, қарзларингни ўзим тўлайман! Мана бу беш юз тилла эса сенга ҳадя!» дебди. Қарздор ҳайрон бўлиб қолибди. Қози эса: «Сен туфайли мен бугун тушимда Расулуллоҳни кўрдим! У зот менга: «Бу кишининг қарзларини тўласангиз, биз ҳам сизнинг қарзларингни тўлаймиз!» дедилар», деб йиғлабди.
Шу пайт қозининг олдига ҳақдор кириб келиб, «Қози жаноблари! Мен бу кишига берган қарзларимдан кечдим! Мана бу беш юз тилла танга эса мендан унга ҳадя! Чунки шу инсонни деб, бугун кечаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тушимда кўрдим. У зот менга: «Бу кишининг қарзларидан кечсанг, Қиёмат куни афв этиласан», дедилар», деб йиғлабди. Қозининг олдига бўйнида беш юз тилла танга қарз билан кириб, салавотларнинг баракотидан тўрт минг тилла танга билан чиққан қаҳрамонимиз бир умр ҳар куни тинмай салавот айтиб ўтибди.
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.