Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Январ, 2025   |   10 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:32
Шом
17:16
Хуфтон
18:35
Bismillah
10 Январ, 2025, 10 Ражаб, 1446

Ватангадоликка чақираётган ҳийлакорга алданманг!

16.04.2024   458   5 min.
Ватангадоликка чақираётган ҳийлакорга алданманг!

Ижтимоий тармоқларда баъзи блогерлар Абдуллоҳ Зуфарнинг “Гуноҳ қилган еридан ҳижрат қилиш” мавзусидаги аудиомаърузани тарқатишди. Унда айтилишича, инсон гуноҳ қилган еридан ҳижрат қилиш керак экан. Бу гапига руҳшуносларнинг гаплари ва яна ўтган умматлар ичида юз кишини ўлдирган кишининг ҳикояси зикр қилинган ҳадисни келтирилган. Ҳадисда ўша одамга тавба қилиш ва яхши одамлар яшайдиган жойга бориш тавсия қилинган. А.Зуфар инсон ўз юртида туриб имонини кучайтира олмаслиги, тақводор бўла олмаслиги, бунга муҳит йўл қўймаслигини таъкидлайди. Қариндошлар уйига кириб келавериши, одамни ўзича яшашга имкон бермаслигини айтади. Юртимизда луқмани ҳалоллаб бўлмаслиги меҳмонга борсанг гўштлари қандай, ҳайвонни ким сўйган, мушрик сўйганми, бошқа сўйганми билмайсан, дейди. Ватанингдан ҳижрат қилиб кетсанг, у ерда яқинларинг, қавму қариндош бўлмайди, ўзинг хоҳлагандай яшайсан, деб сафсата сотади. Имонли яшамоқчи бўлсанг Ватандан ташқарида яшайсан, деб хулоса қилади.   

Унга жавобан айтамизки, ҳадисдан ҳукм оладиган инсон етук олим ва муҳаддис бўлиши керак. Муҳаддис ҳар бир ҳадисни санадини, ундаги ровийларни кучли ёки заифлигини, ҳадисни айтилган тарихи ва унга тескари айтилган ҳадис бор йўқлигини, ҳадисни ҳукми хос бир ҳолатга тегишлими ёки умумий ҳукмга эга эканлиги каби илмлардан хабардор бўлади. Ҳамма ҳадисларни даражасини ва унда нима маъно кўзда тутилганлигини ўрганиб чиққан ҳофиз-муҳаддислар асарларини ёзиб қолдиришган. Улардан бирортаси “маъсият жойидан ҳамма ҳижрат қилиши керак”, деган гапни айтишмаган. Маъсият-луғатда итоатдан чиқиш, саййидининг амрига қарши чиқиш, хато қилиш, гуноҳ қилиш каби маъноларда келади. Шариатда маъсият деганда гуноҳ тушунилади. Маъсият деганда нафақат одам ўлдириш, балки катта гуноҳларнинг барчаси кириб кетади. Масалан ота-онага оқ бўлиш, ўғирлик, зино, ғийбат, туҳмат, бировни молини ейиш, судхўрлик каби бир қанча катта гуноҳлар ҳам киради. Баъзилар етмишда катта гуноҳни санаган ва баъзилар саноқ белгиламаган. Тасаввур қилинг, ушбу гуноҳларнинг ҳаммасидан сақланган одам топиладими? Ҳамма гуноҳ қилган мусулмонлар ҳижрат қилиши керакми? Қаерга ҳижрат қилиши керак? Суриягами? Абдуллоҳ Зуфар тиш-тирноғи билан ҳижратга даъват қилиб, одамларни ватангадо қилишдан нима манфаат топади? Нима учун ўн тўрт асрдан буён ўтган алломалар, миллионлаб ҳадисларни ёддан билган муҳаддислар юрган йўлдан бошқачароқ  йўл керак бўлиб қолди? Улар Абдуллоҳ Зуфарчалик илмга эга эмасмидилар? Йўқ! Бу гапларнинг ҳаммаси қандайдир ғараз-мақсадлар сабаблидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шайтонни кўриб, нари юрган бўлсалар, у киши Пайғамбардир. Бошқа кишига ундай имконият берилмаган. Ер юзининг хоҳлаган жойига шайтон бир лаҳзада ета олади.

Аслида инсоннинг энг катта душмани ўз ичидаги нафсу аммораси – ёмонликка буюрувчи нафсидир. Инсон қаерга борса ҳам ундан қутила олмайди. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳақиқий муҳожир – Аллоҳ қайтарган гуноҳлардан ҳижрат қилган кишидир”, деганлар.

Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг шиорларидан бири: “Сафар дар ватан”, “Ватанда туриб, ўзингни мусофирдек тутиш” эди. Яна бир ўгитлари эса: “Хилват дар анжуман”, “Анжуманда Аллоҳ билан хилватда қолгандек бўлиш” шиоридир. Ўз юртида туриб иймонли бўлиб бўлмайдими?

Аввало маъсият мўъминни иймондан чиқармайди. Гуноҳни энг аъло муолажаси Ватандан ҳижрат эмас, гуноҳдан ҳижрат қилишдир. Гуноҳдан тавба қилишдир. Қанчадан қанча юртдошларимиз ҳалол таом топиб оила боқяпти.

Халқимизга хизмат қилаётган қассобларимиз диндан илми бўлмаса ҳам, устозларидан ҳайвонни қандай сўйишни ўрганган. Буни топганига Аллоҳ барака бериши учун тарк қилишмайди.

Ёмон дўстларга келсак, ҳозир ҳам теварак атрофимизда улардан узилиб, тақво йўлини тутганлар жуда кўп. Қанчадан-қанча ақлли диёнатли кишилар дўстларини тўғри йўлга солганини кўриш мумкин.

Қариндош-уруғлар бўлса, уларга эшикни очсангиз киради, бўлмаса қайтиб кетишади. Асоссиз важлар билан қариндошлардан узоқ жойларга кетишга тарғиб қилиш Исломдаги катта асослардан бири силаи-раҳмни узишга тарғибдир. Инсон имкони борича қариндошларининг озорларига сабр қилиб, уларни ислоҳ қилиши керак. Қариндошларим ёмон деб кўч-кўронини йиғиштириб жўнаб қолишни ҳеч мақтайдиган жойи йўқ. Мабодо бир инсон турли сабаблар билан бир юртдан бошқа юртга кўчадиган бўлса ҳам, қариндошлардан узоқлашиш, улардан “қутилиш”ни ният қилмаслиги керак, балки улар билан турли алоқа воситалари билан хабарлашиб туриши керак бўлади. Бу билан силаи раҳмнинг энг паст даражасини адо қилади.   

Ҳеч ким ҳалоллигига шубҳа бўлган хонадондан бориб луқма ейишга мажбур қилинмайди. Ўз уйида тақвонинг ҳамма шартларини бажариш мумкин. Лекин ҳижрат қиламан деб, мусофир юртда оч қолиб, гуноҳ қилишга мажбур бўлсачи? Ҳақ-ҳуқуқи таъминланмаган юртда урушга мажбур қилинсачи? Мусулмон кишиларни ўлдиришга мажбур қилинсачи? Бундан ортиқ ҳалокат борми? Шундай экан, қадр-қимматимиз кафолатланган она юртда туриб ўзимизни ислоҳ қилайлик, ортида турли туман ғаразли мақсадлар бўлган чақириқларга алданмайлик!  

Абдуллаев Акрам

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Дунё тарихидаги энг яхши уммат

9.01.2025   1828   10 min.
Дунё тарихидаги энг яхши уммат

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳеч шубҳа йўқки, халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ўлимларига сабаб бўлган ҳодисалардан тортиб ҳазрати Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ўлимларигача бўлган даврда бўлиб ўтган ҳодисалар Ислом учун, мусулмон уммати учун мисли кўрилмаган мусибат бўлди.

Ушбу ҳодисалар туфайли мусулмон уммати ўртасида бўлиниш юз берди. Ўша пайтгача бир тану бир жон бўлиб, бутун дунёга Ислом нурини таратиб келаётган, бутун инсониятга хайру баракани улашиб келган дунё тарихидаги энг яхши уммат ичида дарз пайдо бўлди. Авваллари бу уммат вакиллари ихтилоф нималигини билмас эдилар. Вақти келиб, улар аввал иккига, кейинроқ учга бўлиниб ихтилоф қилдилар. Худди ўша машъум ҳодисалар туфайли бошланган бу бўлинишлар секин-аста давом этиб, мусулмон умматининг соғлом танаси ичидан турли-туман тоифалар чиқди. Шийъа, рофиза, хавориж ва шунга ўхшаш бошқа ҳар хил тоифаларнинг келиб чиқиши айнан ана шу ҳодисалардан бошланган эди.

Мазкур ҳодисалар туфайли мусулмон уммати аввал ҳоким шахс ҳақидаги баъзи мулоҳазалар билан баҳс бошлаган бўлса, охири келиб иймон ва куфр борасида баҳс қиладиган, бир-бирини куфр­га кетганликда айблайдиган даражага етди.

Ушбу ҳодисалар, аввало, фитначиларнинг ҳазрати Усмонга у киши ишга қўйган баъзи волийлар ҳақида шикоят қилишлари билан бошланган эди. Охири келиб хорижийлар ўзларига мухолиф бўлганларни, ҳатто ҳазрати Алийдек зотни кофирликда айблай бошлашди. Табиийки, қарши томондан ҳам ўзига яраша жавоб бўлди.

Ушбу ҳодисалар туфайли мусулмон уммати ичида бир-бирининг қонини ўзи учун ҳалол билиш ва бир-бирини ўлдиришни раво кўриш бошланди.

Биринчи марта фитначилар ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг қонлари ва молларини ўзларига ҳалол ҳисоблаб, у кишини ўлдириб, молларини талашди. Ана шу нобакорлик оқибатида ишлар ривож топиб, «Туя ҳодисаси»да, «Сиффин»да бир неча ўн минглаб киши ҳалок бўлди. Хорижийлар билан бўлган алоҳида ҳодисаларни қўшадиган бўлсак, бу ҳисоб яна ҳам ортади.

Бир тану бир жон бўлиб, дунё халқларини бирин-кетин бандаларнинг бандаларга сиғинишидан Аллоҳнинг ибодатига, нотўғри динларнинг жабридан Исломнинг адолатига, дунё торлигидан охират кенглигига, жоҳилият зулматларидан Ислом нурига чиқараётган уммат бир-бирини Роббига ибодат қилишдан чиқариш, бир-бирига жабр қилиш, Исломнинг кенглигидан ихтилоф торлигига, Ислом нуридан жаҳолат зулматига ўта бошлади.

Ушбу ҳодисалар туфайли мусулмон умматининг гули, етакчи кучи бўлмиш саҳобаи киромларнинг кўпчилиги нобуд бўлдилар. Уларнинг маънавий кучларига футур етди.

Ушбу ҳодисалар туфайли мусулмон уммати бошига тушган мусибатларни бирма-бир санаб чиқиш ниҳоятда оғир иш. Шунинг учун бу борада гапни қисқа қилганимиз маъқул.

Энди ижозатингиз билан мазкур ҳодисаларга баҳо бериш ҳақида бир неча оғиз сўз.

Бу ҳодисалар бўлиб турган вақтларнинг ўзидаёқ уларга баҳо бериш бошланган. Унда ҳар бир томон ўзини ҳақ, ўзгани ноҳақ деб билган. Тарафкашлик бўлиб турган жойда бундан бошқа нарса бўлиши мумкин ҳам эмас. Аммо мазкур ҳодисаларга баҳо бериш улар бўлиб ўтганидан кейин ниҳоятда авж олгани кутилмаган ҳол. Ушбу ҳодисалар бўлиб ўтгандан кейин турли сабабларга кўра уларни баҳолаш, «ким нима қилган-у, ким нима қилмаган, аслида нима қилиш керак эди», каби мавзуларда мунозаралар қизиб кетган. Бу борада ҳар ким ўша тўпалонлар юз берган вақтдаги ҳар бир ҳаракат ва саканот, ҳар бир оғиз гап ва сўздан ўз фикрини қўллашга, ўзганинг фикрини рад қилишга далил излаган. Тарафкашлик ва низо оловида қизиб кетиб, далил топа олмай қолган пайтларда ўзидан қўшиб юборишлар бўлмаганига эса ҳеч ким кафолат бера олмайди.

Тарафкашлик авж олган жойда ҳар ким ўзининг ҳақ эканини исбот қилишга уриниб, ўзида бўлмаган яхши сифатларни бемалол даъво қилганидек, ўзида бўлган салбий сифатларни тараддудсиз инкор этади. Шу билан бир вақтда, қарши тарафнинг барча яхшиликларини инкор этган ҳолда, барча ёмонликларни унга ағдаради. Мана шу жараёнда нима бўлса бўлади.

Ислом уммати ёлғон нима эканини билмас эди. Аммо фитначилар ўз қилмишларини хаспўш­лаш, одамларни ортларидан эргаштириш мақсадида бу уммат ичига «ёлғон» деган иллатни олиб киришди. Жумладан, улар: «Бизга Алийдан хат келди» «Бизга Оишадан хат келди», «Бизга фалончидан хабар келди» «У дебди», «Бу дебди» деган ёлғонларни ҳам тарқатишган эди.

Фитначилар мазкур машъум ҳодисалар ўтиб кетганидан кейин ҳам ўз тарафини олиб, ўзгани танқид қилишда давом этаверишди. Бу нарсалар аста-секин авж ола бошлади. Тарафкашликда учига чиққан томонлар эса ўз гапларини тасдиқлаш учун оят ва ҳадисларни ноҳақ таъвил қилганлари етмагандек, ёлғонлар тўқиб, ҳатто уларга ҳадис сифатини беришгача етиб боришди.

Аммо масъул кишилар, уламолар бу нобакорликни дарҳол бўғиб ташлаш йўлига ўтдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга оид барча ривоятлар яхшилаб ҳимоя қилинди. Ҳадисларнинг даражаларини аниқлашнинг мустаҳкам қоидалари ишлаб чиқилди. Бу борада фитначиларнинг фитнаси ўтмади.

Аммо тарихчилар келтирган ривоятларга бу қадар эътибор қаратилмади, чунки тарих ҳақидаги ривоятлар дин ва эътиқод масалалари бўйича ривоятлар аҳамиятига эга эмас, деган ўй бор эди. Ўша пайтларда бўлиб ўтган ҳодисалар ҳақидаги ривоятлар тўпланди. Аммо уларни саралаш ва яроқсизини ташлаб юбориш ишлари қилинмади. Бу нарса айниқса ҳукмдорлик учун ўзаро кураш олиб борган тоифаларга қўл келди. Улар турли асоссиз ривоятлардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиш билан бирга, етмай қолган жойларига ўзларидан қўшиб юборишди.

Аста-секин саҳобаи киромларга тил теккизиш бошланди. Тил теккан саҳобийнинг тарафдорлари ўзига яраша жавоб беришди. Ҳар ким ўзи эргашган шахсни улуғлашга ўтди.

Айниқса, ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу ҳақларида бунга ўхшаш гап-сўзлар кўп учрайди. Баъзи ғулувга кетган тоифалар у зотни илоҳлик даражасигача кўтарган бўлишса, хорижийларга ўхшаш кимсалар: «Куфрга кетди», дейишган.

Яна бошқа бир тоифалар ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг тарафларини олиш мақсадида у зотни мазлум қилиб кўрсатишга уриниб, бош­қа бир нечта катта саҳобаларни эса кофирга чиқариб қўйишган.

Бу масалаларга бағишланган мажлислар, жанжаллар бўлди, китоблар ёзилди, хутбалар ўқилди. Нима бўлса бўлди, лекин ихтилоф кўпайиб бораверди.

Ниҳоят, мусулмонлар жумҳури – аҳли сунна вал жа­моа бу масалада ижмоъ ила энг адолатли ва сўнгги нуқтани қўйди: орада бўлиб ўтган кўнгилсиз ҳодисаларда ҳазрати Алий ва у зотнинг та­рафдорлари ҳақ бўлганлар. Улар ҳақида бошқача гап бўлиши мумкин эмас. Бунга далил ва ҳужжатлар етарли. Уларнинг энг ишончли ва кучлиси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган саҳиҳ ҳадислардир. Хусусан, Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ва Зул Садяйнининг ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг фазилатлари ҳақидаги, келажакда бўладиган фитналар ҳақидаги ҳадислари фикримизга далил бўла олади.

Орада бўлиб ўтган кўнгилсиз ҳодисаларнинг айбдорлари Ибн Сабаъ бошлиқ фитначилар ва хорижийлардир, барча қилинган гуноҳлар уларнинг бўйнида. Улар ҳақида бошқа гап бўлиши мумкин эмас.

Фитначилар асосан Миср, Басра ва Куфада тухум қўйиб, урчиб кетишди. Фитнанинг бош қароргоҳи Миср эди. Унинг Ислом жамиятининг марказидан узоқда жойлашгани, у ерда ҳақиқий уламоларнинг, хусусан, саҳобаларнинг кам бўлгани ва бошқа шунга ўхшаш омиллар фитначиларнинг ўз фикр-мулоҳазаларини авом халққа етказишларига катта имкон берар эди.

Орада бўлиб ўтган кўнгилсиз ҳодисаларда фитначиларга ҳам, ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуга ҳам қўшилмаган, балки у зотга талаб қўйиб, талаби бажарилгандагина байъат қилишларини айт­ган тоифа ҳам бор эди. Уларнинг гаплари ва қилган ишлари «Туя» ва «Сиффин» ҳодисаларидан ҳаммамизга маълум. Ушбу тоифанинг машҳур шахслари сифатида Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Зубайр ибн Аввом, Муовия ибн Абу Суфён ва Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумни эслаш мумкин. Аҳли сунна вал жамоа мусулмонлари уларни: «Хато таъвил ва ижтиҳод қилганлар», деб баҳолайди. Улар ҳақоратланмайдилар, ёмонланмайдилар. Балки саҳобий бўл­ганлар бошқа саҳобаи киромлар билан бир қаторда кўрилади.

Уламоларимиз ва мусулмонлар жумҳури бу ишда ғоятда талабчан бўлгани сабабли бу ҳақда ҳар бир мусулмон шахс эътиқод қилиши лозим бўлган нарсани ақийда китобларимизга битиб ҳам қўйганлар.

Жумладан, аҳли сунна вал жамоанинг энг маш­ҳур ақийда китобларидан бири бўлмиш «Ақийдаи Таҳовийя»да қуйидагилар айтилади:

«Биз уларнинг ҳаммалари ҳақида яхшилик билан: «Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, иймон келтирганларга нисбатан қалбимизда ғашлик қилмагин. Роббимиз, албатта, Сен ўта шафқатлисан, ўта раҳмлисан», деймиз (Ҳашр сураси, 10-оят).

Аллоҳ таоло бизнинг қўлларимизни ўз вақтида бўлиб ўтган фитнадан асраган. Биз Аллоҳдан тилларимизни ҳам мазкур фитнадан сақлашини сўраймиз».

«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди

Мақолалар