Cавол: “Абобил” деган қуш бор экан. У жума куни учмас экан, чунки муқаддас Маккани қўриқлагани учиб кетаркан. Бир танишим дўстлари билан шу мавзуда баҳслашибди. Дўстлар у қушнинг фақат пайшанба куни учмаслигини айтишибди. Ҳақиқатан ҳам шундай – жума куни учмайдиган қуш борми, у ростдан ҳам Маккани қўриқлайдими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Дўстларингиз йўқ нарсалар ҳақида баҳс қилиб, вақтини беҳудага сарф қилишибди. Ўшандай қуш бўлган тақдирда ҳам, инсон уни қачон учиб, қачон қўнишини билгани учун савоб ваъда қилинган эмас.
Абобил сўзининг маъносида тўп-тўп, тўда, гала деган маънони англатади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилишларидан 50 кунлар аввал Каъбани бузиш мақсадида Абраҳа қўшин тортиб келади. Аллоҳ таоло Ўз байтини ҳимояси учун тўп-тўп қушларни юборади ва улар оёқ ва тумшуқларида тош олиб келиб, душман қўшини устига ташлайди.
Аллоҳ таоло Фил сурасининг учинчи оятида “Фаарсала алайҳим тойрон абаабийл” деб марҳамат қилган.
Маъноси: “Улар устига гала-гала қушларни юборди”.
Тойр сўзининг маъноси қуш, абаабил сўзининг маъноси юқорида айтилгандек “тўп-тўп”, “гала-гала” деган маънода.
“Фокиҳатул бўстон” китобида бундай дейилган: “Қомусда: Абобил сўзи “тўп”, “жамоа” деган маънони англатади. Бу сўз кўплик шаклида бўлиб, унинг бирлик шакли йўқ. У қушлар, отлар ёки туяларнинг бир тўдаси, жамоасига айтилади”, дейилган.
Ибн Ҳишом ёзади: “Абобил сўзи гуруҳ-гуруҳ, деганидир. Араблар бу сўзни бирлик шаклида ишлатганларини кўрмадик” (“Сийратун-Набавийя” китоби).
Каъбани ҳимоя қилган қушлар ҳақида тафсир китобларимизда турли сўзлар бор. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо уларни қалдирғочларга ўхшатганлар.
Муфассир Қатода раҳимаҳуллоҳ улар денгиз томондан учиб келган тўда-тўда қора қушлар бўлганини айтганлар. Баъзилар қизил ва қора кўршапалакларга ўхшатган. Бошқалари у қушларни Аллоҳ таоло ўша вақтнинг ўзида ҳавода яратганини айтганлар. Айрим тафсирларда умуман ҳозирги қушларда учрамайдиган кўринишлар тасвирланган. Уларни ҳозиргача сақланиб қолгани ҳақида маълумот учрамайди.
Демак, бугунги кунда Абобил номли қуш борлиги, уларнинг жума ёки пайшанба куни учиши, Маккани қўриқлаши ҳақидаги гаплар асоссиздир. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази
Малайзиянинг “Berita RTM” телеканалида Ўзбекистонда зиёрат туризми соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган махсус дастур намойиш этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида эфирга узатилган ушбу кўрсатувда малайзиялик профессорлар – Бадрул Иса ва Норфадилаҳ Камаруддин томонидан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон–Малайзия: креатив туризм” номли лойиҳа тақдим этилди.
Олимлар ташаббуси билан яратилган мазкур лойиҳа мамлакатимизнинг Малайзиядаги элчихонаси, Туризм қўмитаси ва Ислом цивилизацияси маркази ҳамкорлигида амалга оширилди.
Ташаббус Ўзбекистоннинг туризм имкониятлари ҳақида “Visual storytelling” форматида профессионал рақамли контент яратишни назарда тутади.
Лойиҳага кўра, 17–31 август кунлари Малайзия UiTM технология университетининг профессионал фотографлари ва дизайнерларидан иборат ижодий жамоа Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хоразмда суратга олиш ишларини олиб боради.
Малайзиялик ижодкорлар юртимиз ҳақида тайёрлаган фото ва видеоматериаллар “Instagram”, “Facebook”, “TikTok”, “YouTube” каби интернет платформаларда жойлаштирилиши режалаштирилган. Лойиҳада юртимиз олий ўқув юртларининг дизайн, санъат, туризм ва меҳмонхона бизнеси йўналишидаги талабалари ҳам иштирок этади. Бу академик, туризм ва ижодий соҳаларда тажриба алмашишни ташкил этиш имконини беради.
Дастурда фикр билдирган Бадрул Иса лойиҳа АСЕАН мамлакатлари ва мусулмон оламида Ўзбекистонни янада кенгроқ танитишга хизмат қилишини таъкидлади. Унинг фикрича, рақамли платформалар орқали мамлакатимиз тарихий мероси, зиёрат туризми ва амалга оширилаётган сўнгги ўзгаришлари кенг ёритилади.
“Биз бой тарихий мерос, юксак маданият ва меҳмондўст халққа эга бўлган Ўзбекистонни АСЕАН минтақаси аҳолиси томонидан қайта кашф этилишини истаймиз”, – деди профессор.
Шунингдек, у Ўзбекистон халқини мустақилликнинг 35 йиллиги билан табриклаб, лойиҳа натижалари ушбу санага муносиб совға бўлишини қайд этди.
Ушбу ташаббус Ўзбекистоннинг зиёрат туризмини оммалаштириш ва АСЕАН мамлакатларидан кўпроқ сайёҳларни жалб қилишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати