Динимиз доимо илму маърифатга тарғиб қилади. Қуръони каримда: «Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур» (Мужодала сураси, 11-оят), дейилган. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).
Фарз Аллоҳ таолонинг қатъий амри бўлиб, уни бажариш ҳар бир мўмин-мусулмон учун мажбурийдир. Фарзни бажармаслик эса, улкан гуноҳдир. У икки қисмга – фарзи айн ва фарзи кифояга бўлинади.
Фарзи айн – ҳар бир мусулмон шахсан бажариши шарт бўлган амал. Уни биров учун бошқа одам адо эта олмайди. Бунга намозни мисол қилиш мумкин. Балоғатга етган ҳар бир мўмин инсон беш вақт намозни ўқиши фарзи айн. Ўқимаган одам қаттиқ гуноҳкор бўлади.
Фарзи кифоя эса, баъзи бир мусулмонлар адо этса, бошқалар учун ҳам кифоя қиладиган амал. Бунга жаноза намозини мисол қилиш мумкин. Бир мусулмон вафот этса, унинг жанозасини ўқиб, дафн этиш ҳамма мусулмонлар учун фарз бўлади. Аммо фарзи кифоя бўлгани учун бир инсоннинг жанозасини баъзи мусулмонлар ўқиса, бошқалардан фарз соқит бўлади.
Илм талаб қилиш борасида фарзнинг иккаласи ҳам иштирок этади.
Ҳар бир мусулмон ўзи учун зарур илмни, дину диёнатни, ҳалол-ҳаромни билиб олиши фарзи айндир.
Мусулмонлар жамоаси учун зарур бўлган ҳунар ва илмларни талаб қилиш эса фарзи кифоядир. Ҳар бир соҳада одамлар манфаатига хизмат қиладиган мутахассисларни етиштириш Ислом жамиятининг барча аъзоларига фарзи кифоя бўлади. Эҳтиёжларни қондирадиган даражада мутахассис тайёрлаган жамият аъзоларидан мазкур умумий масъулият соқит бўлади.
Бу фарз ўша мутахассислар зиммасига ўтади. Агар жамиятда уларнинг соҳаси бўйича камчилик юзага келса, ўша мутахассислар жавобгардир. Фарзандларига таълим-тарбия бериши, бирор касбнинг бошини туттириши ҳар бир ота-онанинг зиммасидаги мажбуриятдир.
Демак, бугун жамиятимиз учун зарур бўлган турли соҳа мутахассисларини тайёрлаш барчамизнинг зиммамиздаги фарзи кифоядир. Бунинг учун фарзандларимизни ёшлигидан ўзи қизиққан соҳага йўналтириб, Ватанга, халққа, динга хизмат қиладиган етук мутахассис бўлиши учун барча шароитларни ҳозирлашимиз лозим. Шундагина бу фарз биздан соқит бўлади.
Муҳаммад Қуддус АБДУЛМАННОН,
Хўжаобод тумани
“Етти чинор” жоме
масжиди имом ноиби
Юртимизда барча соҳалар қатори диний-маърифий соҳа ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар халқимизнинг маънавий ҳаётида муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳрида Ислом цивилизацияси марказининг ташкил этилиши ҳамда Самарқандда муҳаддислар султони Имом Бухорий ҳазратлари номи билан боғлиқ мажмуанинг очилиши бу соҳадаги улкан ишлардан далолат беради. Бу каби бунёдкорлик ва маърифий ташаббуслар миллий ва диний меросимизни асраб-авайлаш, уни кенг тарғиб этишда муҳим аҳамиятга эга.
Айни пайтда, диний соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш, илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ва улар билан ўзаро фикр алмашишга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистондаги бағрикенглик, диний бағрикенг муҳит ва маърифий ёндашувни халқаро майдонда кенг тарғиб этиш ишлари ҳам изчил амалга оширилмоқда. Бир сўз билан айтганда, диний соҳада халқаро ҳамкорлик тобора юксалиб, янги мазмун билан бойиб бормоқда.
Ана шундай саъй-ҳаракатлар доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчилигидаги делегация Швеция давлатида бўлиб қайтди. Мазкур ташриф доирасида хорижий ҳамкорлар билан учрашувлар ўтказилиб, юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган янгиликлар, ислоҳотлар ва эришилаётган ютуқлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ташриф давомида Швециядаги масжидлар фаолияти билан яқиндан танишилди. Ўзаро мулоқотлар жараёнида Ўзбекистондаги масжидлар фаолияти, уларда олиб борилаётган маърифий ишлар, аҳоли билан ишлаш тажрибаси ҳақида ҳам атрофлича маълумотлар тақдим этилди. Бу эса хорижлик ҳамкорларда катта қизиқиш уйғотиб, ўзаро тажриба алмашиш имкониятларини янада кенгайтирди.
Айниқса, юртимизда амалга оширилаётган “инсон қадри учун” тамойилининг амалий натижалари халқаро миқёсда ҳам ўз ифодасини топаётгани алоҳида таъкидланди. Ташриф доирасида муфтий ҳазрат бошчилигидаги делегация аъзолари Швецияда яшаётган ватандошлар билан ҳам учрашув ўтказдилар. Самимий мулоқотлар давомида уларнинг ҳол-аҳволи сўралиб, маънавий қўллаб-қувватлаш, миллий ва диний қадриятларга содиқ қолиш масалалари муҳокама қилинди.
Шубҳасиз, бундай халқаро ташрифлар нафақат ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга, балки юртимизнинг диний-маърифий салоҳиятини дунёга танитиш, миллий қадриятларимизни тарғиб этиш ва тажриба алмашишда муҳим аҳамият касб этади. Бу эса Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини янада оширишга хизмат қилади. Аллоҳ таоло барча ишларимизни хайрли ва баракали бўлишини насиб қилсин!
Убайдуллоҳ Абдуллаев,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби,
Уламолар кенгаши аъзоси