Чор атрофда кўкаламзору, дарахтлар яшнаб турадиган жаннатмакон юртимизнинг кўчаларини кезиб борар экансиз, табиатнинг гўзаллигидан дилингиз яшнаб кетади. Кимлардир ета олмаган кунга етиб келганингиз учун қалбингизда шукрона туйғулари қанот қоқа бошлайди. Борлиқ турфа рангларга бурканиб, камалакнинг мафтункор рангларидек товланиб, жилва қилади.
Яна саҳни чаман бўлди мунаққаш ранг гуллардан,
Магарким сунъининг наққошиға ранг имтиҳонидур.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур
Сўнг ногаҳон кўзингиз қийғос гуллаган мевали дарахтларнинг гуллари тўкилиб она замин бағрига тушганини илғаб қолади. Фалсафа ибораларига кўра ўша мева гулининг узилиб тушиши тарих ҳисобланади. Шу билан ўша гулнинг тушиши тарихга айланди. Ариқлардаги зилол сувлар ҳам мавж уриб оқар экан тарих саҳифаларини тўлдириб бораверади.
Ҳар сафар қадам босар эканмиз, ҳар бир босган қадамларимиз тарихга айланиб, мозий қаърига шўнғий боради Биз яна қадам ташлашимиз мумкин, аммо бу сафаргиси янги қадам, аввалги қадамлар эса ўтмишга айланиб бўлганидек, кейинги қадамни қўйишимиз биланоқ бу қадамларимиз ҳам тарихга битилаверади.
Биз истаймизми, истамаймизми қанчалик келажакка талпинганимиз сари ҳар бир сониямиз, ҳар бир нафасимиз ўтмиш гирдобига кириб боради. Ҳадемай ўзимиз ҳам тарихга айланамиз. Шундай экан, ўткинчи бу дунёда гарчи жисмимиз тарихларда макон топса-да маънавиятимиз, амалимиз келажак сари тўхтамай олдинга интилиши учун эртага топилмас, аммо бугун биз етарлича қадр қилмайдиган имкониятларимиздан фойдаланишимиз зарур. Ҳамюртимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур айтганидек:
Бор элға яхшилиқ қилғилки, мундин яхши йўқ ‒
Ким, дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиқ.
Ана ўшанда бизни келажак авлод доимо ҳурмат билан эслаб, керак бўлса юрган йўлларимиздан андозалар олсинлар. Уларнинг хотираларида ҳамиша яхшилик тимсоли бўлиб қолайлик. Эртанги кунда биз шундай мақомни топишимиз учун эса бугунги ғанимат ҳаётлик чоғимизда биздан аввалги аждодларимиз хотирасидан ибрат олмоғимиз керак бўлади.
Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ,
Асака туманидаги “Муҳаммадсолиҳ ҳожи” жоме масжиди ходими.
Қадрли ватандошлар!
Сиз, азизларни, кўп миллатли бутун халқимизни қутлуғ айём – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк ғалабанинг 81 йиллик байрами билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Ушбу унутилмас кунда, аввало, жанг майдонларида тенгсиз жасорат кўрсатиб, инсониятни фашизм балосидан халос этишга муносиб ҳисса қўшган қаҳрамон ота-боболаримизнинг сўнмас хотираси олдида бош эгиб, таъзим қиламиз. Бугунги кунда орамизда соғ-омон яшаб келаётган уруш ва меҳнат фахрийлари, нуроний отахон ва онахонларимизга юксак эҳтиромимизни изҳор этамиз.
Мустақиллик йилларида Ватанимиз сарҳадлари дахлсизлигини сақлаш, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ҳимоя қилиш йўлида мардларча ҳалок бўлган азму шижоатли ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотирасини меҳр ва ҳурмат билан ёдга оламиз.
Муҳтарам дўстлар!
Эл-юртимиз фашизмга қарши курашда дунёдаги барча тинчликсевар халқлар билан бир сафда туриб, буюк ғалабага муносиб ҳисса қўшди. Бу билан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак арзийди. Тарихий маълумотларга кўра, фашизмга қарши урушда ўша даврда 6 миллион 800 минг кишидан иборат бўлган республикамиз аҳолисининг 1 миллион 950 минг нафари иштирок этган.
Шундан ярим миллиондан зиёд киши жанг майдонларида ҳалок бўлиб, 158 мингдан кўпроғи бедарак йўқолган, 60 минг нафардан ортиқ ватандошимиз эса ногирон бўлиб қайтган. Орадан шунча йил ўтган бўлса-да, бу аянчли рақамлар қалбларимизни ҳали ҳам изтиробга солади.
Уруш даврида 214 минг нафар ўзбекистонлик аскар ва офицерлар жанговар орден ва медаллар билан тақдирланган бўлса, уларнинг 301 нафари энг олий нишон – Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлган, 70 нафар юртдошимиз эса учала даражадаги “Слава” ордени билан мукофотланган.
Ўша оловли йилларда халқимиз “Ҳамма нарса фронт учун, ҳамма нарса ғалаба учун!” деб кечаю кундуз буюк сафарбарлик руҳи билан яшади. Ўзбекистон фронтнинг мустаҳкам таъминот базасига айланди. Инсонпарварликни буюк қадриятга айлантирган халқимиз уруш ҳудудларидан кўчириб келтирилган 1 миллион 500 мингдан ортиқ инсонга, жумладан, ота-онаси ва оиласидан жудо бўлган 250 минг нафар болага бошпана бериб, уларга меҳр-оқибат кўрсатди.
Қадрли юртдошлар!
Ғолиб ва музаффар ота-боболаримизнинг Ватанимиз озодлиги ва халқимиз осойишталиги ҳимояси йўлидаги ибратли фаолиятини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш бўйича биз кўплаб ишларни амалга оширмоқдамиз. Айниқса, кейинги йилларда Тошкент шаҳрида бунёд этилган Ғалаба боғи ҳамда унинг таркибидаги “Хотира нури” ва “Миллат фидойилари” ёдгорлик комплекслари халқимиз учун табаррук масканларга айланиб бормоқда.
Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, хусусан, уруш ва меҳнат фахрийлари, кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг соғлом ва мазмунли ҳаёт кечиришлари учун зарур шароитлар яратишга қаратилган ишларимиз изчил давом эттирилмоқда. Бу ҳақда сўз юритганда, жорий йилда байрам муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 30 миллион сўм миқдорида пул мукофотлари берилганини таъкидлаш лозим. Уруш қатнашчилари ва ногиронлари, меҳнат фахрийларининг саломатлигини муҳофаза қилиш, уларни санаторийлар, дам олиш масканларига бепул ва имтиёзли асосда юбориш бўйича самарали тизим фаолият кўрсатмоқда.
Ушбу мунаввар айём кунларида жойлардаги ҳокимликлар, жамоатчилик ва ёшлар вакиллари уруш ва меҳнат фахрийлари, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг хонадонларида бўлиб, оила аъзоларининг ҳолидан хабар олиб, уларга юксак ҳурмат ва эҳтиром кўрсатмоқда.
Мамлакатимиз бўйлаб “Бурч, жасорат, матонат!” шиори остида хотира маросимлари, маданий тадбирлар, уч авлод учрашувлари, оммавий спорт мусобақалари ўтказилмоқда.
Қадрли юртдошлар!
Бугунги ғоят таҳликали замоннинг ўзи барчамиздан жамиятимиздаги тинчлик ва барқарорлик, миллатлар ва диний конфессиялар ўртасидаги дўстлик ва тотувлик муҳитини янада қадрлаб яшашни талаб этмоқда.
Ҳеч қачон унутмайлик, миллий бирлик ва ҳамжиҳатлик – бизнинг бебаҳо бойлигимиз, барча ютуқ ва ғалабаларимизнинг мустаҳкам асосидир.
Ҳозирги мураккаб даврда Ватанимиз мустақиллигини, халқимиз осойишталигини асраш, иқтисодий қудратимиз, Қуролли Кучларимиз салоҳиятини ошириш, жаҳон ҳамжамияти, аввало, қўшни давлатлар билан ҳамкорликни кучайтириш, ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни зарарли таъсирлардан ҳимоя қилиш биз учун ҳал қилувчи вазифа бўлиб қолмоқда. Ишончим комил, бу борада 81 йил олдин ғалаба байроғини жаҳон узра баланд кўтаришга муносиб ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг, халқимизнинг мардлик ва матонат мактаби бизга мададкор куч бўлиб хизмат қилади.
Фурсатдан фойдаланиб, фашизм балосини бартараф этишда жонбозлик кўрсатган қардош халқларни, барча эзгу ниятли инсонларни бугунги шонли байрам билан самимий табриклаб, уларга барқарор тараққиёт ва фаровонлик тилаймиз.
Азиз ва муҳтарам ватандошлар!
Сизларни, ҳурматли фахрийларимизни, бутун эл-юртимизни яна бир бор чин дилдан қутлаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга тинчлик ва хотиржамлик, файзу барака тилайман.
Меҳнаткаш ва донишманд халқимиз ҳамиша омон бўлсин!
Эзгу ишларимизда Яратганнинг ўзи қўллаб-қувватласин!
Хотира ва қадрлаш айёми барчамизга муборак бўлсин!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти