Юртимизда ўтган азиз инсонларнинг хотирасини эъзозлаш, бугунги тинч, осойишта, дориломон кунларга етишимизда фидойилик кўрсатган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фронт ортида меҳнат қилган фахрийлар, нуроний отахону онахонлар ҳолидан хабар олиш, уларга моддий ва маънавий кўмак бериш эзгу анъанага айланган.
Муҳтарам Президентимизнинг 2024 йил 7 майдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармонига Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига йигирма миллион сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти берилади.
Хотира ва қадрлаш тушунчалари замирида инсонга, унинг ҳаёти, шаъни ва қадр-қимматига чексиз эҳтиром туйғуси мужассам. Хотира ва қадрлаш кунлари арафасида бугунги тинч-осойишта ҳаёт, тўкинлик ва фаровонликка қандай оғир синов ва машаққатлар эвазига эришилгани хаёлимиздан ўтади. Шу йўлда қурбон бўлган миллионлаб юртдошларимиз хотирасига таъзим қиламиз. Бизга насиб этган мустақиллик, тинчлик ва осойишталикнинг аҳамиятини янада теранроқ англаймиз.
Бу йил ғалабанинг 79 йиллигини кенг нишонлаймиз. Ана шу буюк ғалабани қўлга киритишда мардлик ва жасорат кўрсатган фахрийларимизни, фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизни табриклаб, уларга сиҳат-саломатлик, узоқ умр тилаш барчамиз учун катта шарафдир. Шу билан бирга, уруш майдонларидан қайтмаган, мана шундай мусаффо осмон, тинч ва осойишта ҳаёт учун жон бериб, қурбон бўлган юртдошларимизнинг муқаддас хотираси олдида бош эгамиз.
Уруш бошланганда Ўзбекистон аҳолиси 6,5 миллион кишига яқин бўлган. Шундан 1,5 миллион киши, яъни қурол кўтаришга қурби етган (!) одамлар оловли жанггоҳларда жон олиб-жон беришган. Улардан 500 мингдан кўпроғи жанг майдонларида шаҳид бўлган, кўплари майиб-мажруҳ бўлиб қайтган, бедарак йўқолганлари қанча.
Булар шунчаки оддий рақамлар эмас. Бу рақамлар ортида фидойилик, ҳурлик, истиқлол, эркинлик орзулари мужассам бўлган. Шуларни ўйласак, ўз-ўзидан бугунги саодатли кунларга осонликча эришилмаганини англаймиз. Демак, барчамиз шу азиз Ватанни кўз қорачиғимиздек асрашга бурчлимиз.
Иккинчи жаҳон урушида қатнашган юртдошларимиз сафи тобора торайиб боряпти. Шу боис уларнинг қадрига етиб, дуоларини олиб қолишга ҳаракат қилишимиз керак. Кексаларни эъзозлашни ўзини мусулмон санаган киши борки, шараф билан адо этади.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Ёш йигит кекса кишини ёши улуғлиги учун ҳурмат қилса, Аллоҳ таоло уни ҳам кексайганида ҳурмат қилинадиган инсонлар қаторига қўяди”, (Имом Термизий ривояти).
Бошқа бир ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кичикларга раҳм-шафқатда, катталарга ҳурмат-иззатда бўлмаган киши биздан эмасдир”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Фронт ортида меҳнат қилганлар ҳам урушда қатнашганларчалик машаққатларга дучор бўлишгани тарихий ҳақиқатдир. Юртдошларимиз фронт ҳудудларидан кўчириб келтирилган бир миллионга яқин болалар, аёллар ва қарияларни қабул қилгани, уларга бошпана бергани, ҳатто охирги бурда нонини ҳам улар билан баҳам кўргани, “Сен етим эмассан” деб, уларни ўз бағрига олиб, меҳр-мурувват кўрсатгани халқимизнинг одамийлик фазилатлари, олижаноблигининг амалдаги ёрқин ифодасидир. Зеро, ҳадиси шарифда Набий алайҳиссалом: “Мен ва етимни кафилликка олган киши жаннатда мана шундай бўлади (деб шаҳодат ва ўрта бармоқларини бир-бирига яқинлаштириб кўрсатганлар)” (Имом Бухорий ривояти).
Инсоният тарихидаги энг мудҳиш ва бешафқат урушни бошидан кечирган халқимиз доимо бундай ёвуз офат ҳеч қачон қайтмаслигини, остонамизга яқин йўламаслигини сўрайди. Шу боис доимо дуога қўл очганимизда, аввало, тинчлик-хотиржамликни, саломатликни Яратгандан сўраймиз. Илоҳим, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!
Жасурбек домла РАУПОВ,
Тошкент вилояти бош имом-хатиби.
2-ҚИСМ
Раддия: Ҳижрат ва жиҳод масаласи шароит, имконият ва шариат ҳукмларига боғлиқ. Ушбу фитначининг гўёки “ушбу умматга жиҳодсиз ҳаёт йўқ” каби даъволарига алданаётган айрим ёшлар “жиҳод” уруш олиб бориш экан” деган тор тасаввурлар билан Суриядаги террорчилар сафига бориб қўшилмоқда.
Маълумки, “жиҳод” арабчада “жидду жаҳд”, “ғайрат қилмоқ” маъноларини англатиб, Ислом таълимотида дастлаб динни ҳимоя қилиш сифатида вужудга келган тушунча ҳисобланади. Жиҳод уруш маъносида эмас, Аллоҳнинг динига сўз билан даъват қилиш маъносида юзага келган. Араб тилида асли “уруш” маъносини “қитол” сўзини англатади.
Жиҳод Ислом ҳуқуқшунослари томонидан “қалб жиҳоди” (инсоннинг ўзининг нафси ва ёмон ҳулқи билан курашуви), “тил жиҳоди” (яхшиликка чақириш, ёмон ишлардан қайтариш), “қўл жиҳоди” (жиноятчиларни жазолаш) ва “қилич жиҳоди” (душман билан қуролли кураш) каби кўринишларда бўлиши эътироф этилади.
Жалолиддин Суютийнинг “Ал-Фатҳул кабир” китобида (2-жуз, 280-б.) келтирилган ҳадисда Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кичик жиҳоддан катта жиҳодга, банданинг ҳавойи нафсига қарши қиладиган жиҳодига хуш келингиз!” деганлар. Ушбу ҳадисдан энг афзал жиҳод инсоннинг ўз нафсини енгиши экани келиб чиқади.
Жиҳод масаласида Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда “Жиҳоднинг афзали Аллоҳ таолонинг йўлида ҳавойи нафсингга қарши жиҳод қилмоғингда”, дейилган.
Дунё уламоларининг хулосаларига кўра, исломда қуролли жиҳод ҳукми шароитга қараб ўзгариб туради ва икки қисм: талаб ва мудофаадан иборат эканини таъкидлайдилар. Талаб жиҳоди ҳозирги кунда йўқ эканига уламолар ижмо қилганлар. Чунки мусулмонлар ҳозир турли мамлакатларда истиқомат қилиб, мамлакатлар орасидаги муносабатлар ҳозирда ўзаро урушмасликка ва элчихоналар орқали алоқаларга асосланган.
Мудофаа жиҳоди душман мусулмон юртига бостириб кирса, ҳимоя учун зарур бўлиб, у ҳеч қачон ички фитна шаклида бўлиши мумкин эмас. Исломда қонуний ҳокимиятга қарши фитна қилиб, боғийларча қурол кўтариб чиқиш эмас, аксинча, қонуний ҳокимиятни ҳимоя қилиш буюрилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким менга итоат қилса, Аллоҳ таолога итоат қилган бўлади. Кимки амирга итоат қилса, демак менга итоат қилибди ва кимки амирга осийлик қилса, демак менга осийлик қилибди. Чунки амир – орқасидан, яъни уни ҳимоя қилиб жанг қилинадиган ҳамда у билан душмандан сақланадиган қалқондир” (Имом Бухорий ривояти).
Улар далил қилиб келтираётган оят ва ҳадис қўрқитиш маъносидаги матнлардандир. Бу каби оят ва ҳадислардан ҳукм чиқариш учун асл ҳукмларга қайтилади. Асл ҳукм бўйича, аҳли тавҳид дўзахда абадий қоладиган кофир бўлмайди.
Имом Муҳаммад ибн Исмоил Санъоний ўзининг “Субулус салом” номли машҳур китобида юқоридаги ҳадис ва унинг маъносидаги бошқа ҳадисларни шарҳлаб бўлганидан кейин, қуйидаги ҳадиснинг шарҳида айтади:
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фатҳдан кейин ҳижрат йўқ”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
“Бу ҳадис умумий ва ўзидан олдин келган ҳижратга далолат қилувчиларини насх қилувчидир, дейдилар. Шу билан бирга, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон бўлган арабларни Ўзлари томон ҳижрат қилишга амр қилмаганлар ва ўз юртларида туришларини инкор қилмаганлар”.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси