Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Сентябр, 2026   |   9 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:49
Қуёш
06:08
Пешин
12:17
Аср
16:35
Шом
18:28
Хуфтон
19:43
Bismillah
20 Сентябр, 2026, 9 Рабиъус сони, 1448

Автоҳалокатлар сабаблари

08.05.2024   1000   7 min.
Автоҳалокатлар сабаблари

Маълумки кўпгина аянчли транспорт ҳодисалари келиб чиқишига асосий сабаб йўл қоидаларига амал қилмаслик, катта тезлик, бошқарувдаги беписандлик ва бошқа сабаблардир. Бундан ташқари бошқа махфий сабаблар ҳам мавжуд. Табиблар огоҳлантирган кўзи ожизлик, бош оғриғи каби касалликлар ҳам йўл транспорт ҳодисаларига сабаб бўлади.

Йўл транспорт ҳодисаси сабаблари қуйидаги ишларда жамланади:

Катта тезлик.

Воқеликда ҳар қандай бошқарувчига катта тезликни жиловга олиш мумкин бўлавермайди. Чунки бу нарса йўлларни кенг ёки торлиги, транспортлар тиқилинч ёки тиқилинч эмаслигига ҳам боғлиқ. Бир транспорт бошқа транспортдан фарқ қилади. Шунинг учун айтамизки, давлат муайян тезликни белгилаб қўйган бўлса, имкон қадар ана шу белгиланган тезликда бошқариш вожиб бўлади. Чунки волийнинг амрига итоат қилиш вожиб. Айниқса инсон манфаатлари бўлган нарсаларда батариқа аъло бўлади. Ҳурсанд бўлмайдиган иш содир бўлиб, бошқарувчи ўша вақтда надомат чекиб юрмаслиги учун белгиланган тезликдан ошириб юбормаслик лозим. Фақатгина зарурат вақтида, ҳожат тушганда истисно қилинади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мулоҳазакорлик Аллоҳдан, шошқалоқлик шайтондан”, дедилар [1].

Ибн ал-Қоййум роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “дарҳақиқат шошқалоклик шайтондан бўлади. Чунки шайтонлар енгилтак ва ўйламай иш қиладиган, бандаларни собитлик, ҳилм ва виқор сингари сифатлардан тўсишга ғайратли бўлган махлуқлардир. Шайтонлар нарсани ўз ўрнидан бошқа жойга қўядиган, ёмонликка чақириб яхшиликдан тўсадиган тоифадандир. Улар икки мазаммат қилинган нарсада пайдо бўладилар. Биринчиси таврит(жуда сусткашлик), иккинчиси вақтидан олдин шошилтириш”.

Қизил чироқда ўтиш.

Шак-шубҳа йўқки светофор чорраҳаларда транспортлар ҳаракатини тартибга солиб туриш учун қўйилган. Транспорт бошқарувчиси қачон тўхтаб, қачон ҳаракатга тушишни у орқали билади. Светофорнинг қизил ишорасига амал қилмаслик йўл қоидалари бузилишидаги энг катта хатарлардан бири. Чунки уни бузган бошқарувчи бошқа транспортлар ҳаракатланмасидан аввал, тезда ўтиб кетмоқчи бўлади, шунда тўсатдан йўлдан бир инсон ўтиб қолиши ёки яшил ишорага таяниб бошқа тарафдаги транспортлар ҳаракатланиб қолиши мумкин. Натижада светофор ишорасига амал қилмаган киши бир инсонни уриб юбориши ёки бошқа транспорт билан тўқнашиб кетиши, бу эса ўз навбатида ўзи ва бошқалар учун кўнгилсиз воқеаларни келиб чиқишига сабаб бўлади.

Гарчи чорраҳанинг бошқа тарафида транспорт бўлмасада қизил ишорада қатъий тўхтаб туриш лозим. Чунки тўсатдан қандайдир ҳолатлар юзага келиб қолиш эҳтимоли бор. Аллоҳ таоло: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг” [2] деган. Ишбошилар йўлни тартибга солиб туриш учун махсус белгиларни жорий қилганлар. Ана шу белгилар инсонга “юр!”, “тўхта!” деб ишора қилади. Мана шу ишоралар ишбошиларнинг сўзи ўрнида. Гўёки ишбоши сизга “юр!” ёки “тўхта!” деяётгандай. Ишбошига итоат қилиш вожиб. Бунда бошқа томонда транспорт йўқ бўладими, бор бўладими ҳукм бир хиллигича қолади.

 

Чарчоқ ҳолатда машинани бошқариш.

Бунда транспорт бошқарувчиси сергак тортиши лозим бўлган уйқусираш, чарчаш каби сабаблар киради. Чунки бу ҳолатда машинани бошқариш катта йўл транспорт ҳодисасига сабаб бўлаётганини бугунги воқелик ҳам кўрсатиб турибди.

 

Транспортга эътиборсизлик ва уни созлигини назорат қилмаслик.

Транспортнинг техник созлигини назорат қилиб туриш лозим. Уларни ёқилғиларини, эҳтиёт қисмларини яхши ишлаётганига ишонч ҳосил қилиш керак. Айниқса тормозини яхши созлаб олиш керак бўлади. Чунки транспортга эътиборсизлик оқибатида бошқарувда камчиликка йўл қўйилмаган ҳолатда ҳам йўл транспорт ҳодисаларига сабаб бўлиши мумкин.

 

Бошқарув вақтида телефондан фойдаланиш ва хавфсизлик камарини тақмаслик.

Транспорт бошқарувчиси телефондан фойдаланаётганда эътибори чалғиши, телефон орқали суҳбатда аъзоларни банд қилиб қўйиши, суҳбатдан таъсирланиши ва ҳиссиётга берилиши каби йўл транспорт ҳодисасига олиб борадиган сабаблар вужудга келади. Хавфсизлик камарини тақмасликда ўз жонини хатарга қўйиш ҳолати кузатилиши мумкин. Чунки бирданига тўхташга мажбур бўлганда тана аъзоларини транспорт қисмларига уриш натижасида шакастланиши мумкин.

Йўл транспорт ҳодисасига олиб келадиган сабаблардан яна бири алькогол маҳсулотларини истеъмол қилиш. Буни истеъмол қилган киши томонидан юзага келган ҳодиса енгилроқ ҳодисага кирмаслиги барчага аён. Чунки алкогол истеъмоли натижасида содир этилган талофатлар камида ўлим ҳодисаси билан якунланмоқда.

Аллоҳ таоло: “Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас ундан четда бўлинг. Шоядки нажот топсангиз [3], деган.

Тутқаноқ ва хушини йўқотиб қўйиш касаллиги касалликлар орасида йўл транспорт ҳодисасига олиб борадиган энг хатарли касаллик туридан ҳисобланади. Хатарлиси шундаки, бу касаллик қайси вақт рўй беришини ҳеч ким билмайди. Агар транспорт бошқараётганда шундай касаллик хуруж бериб қолса катта талофатга олиб бориши аниқ. Бундай касаллик билан касалланган кишилар транспорт бошқарувига ўтириши ман қилинади.

Бундан кўринадики, ҳар бир киши йўл транспорт ҳодисасига бевосита ёки билвосита сабабчи бўлишдан эҳтиёт бўлишда юқоридаги сабаблардан сақланиши лозим. Йўл қоидаларига амал қилишда, транспортларни бошқаришда, йўлда инсонлар билан гўзал муомала қилишда, бахтсиз ҳодисалар вужудга келганда ёрдамга шошишда мусулмон киши бошқаларга намуна бўлиши дини яхши санаган ишлар сирасига кириши ҳеч кимга сир эмас.

Аъзам САМИНОВ

 [1] Байҳақий 3390-рақам билан ривоят қилган.

[2] Нисо сураси, 59-оят.

[3] Моида сураси, 90-оят.

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

“АБУ НАҲВ” ЁХУД 57 ЁШИДА ҚУРЪОННИ ЁД ОЛГАН АЛЛОМА

20.09.2026   4232   4 min.
“АБУ НАҲВ” ЁХУД  57 ЁШИДА ҚУРЪОННИ ЁД ОЛГАН АЛЛОМА

Яхшилар ёди


Муҳаммадлатиф домла дастлабки таълимни отаси Шайх мулла Олим раҳматуллоҳи алайҳдан ўрганиш баробарида у зотнинг дуоларини ҳам олишга муваффақ бўлган. Ана шу дуонинг шарофати билан у киши катта олим бўлиб етишди.


Мактабни олтин медаль билан тамомлаган устоз ҳарбий хизматдан қайтгач, Бухородаги Мир Араб мадрасасида, сўнгра Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида таҳсил олди. Ўша кезларда маъҳадга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари мудир эди.


Муҳаммадлатиф домла институтни тугатгач, Бухородаги Мир Араб мадрасасига талабаларга сабоқ бериш учун юборилади. Кейинчалик яна Тошкентга қайтиб, маъҳадда мударрис бўлиб ишлайди. Ўша пайтда Тошкент ислом институтида эронлик, тожикистонлик ва афғонистонлик талабалар ҳам таълим олишган. Муҳаммадлатиф домла форс тилини яхши билгани учун чет эллик талабаларга шу тилдан дарс берган. Қаттиққўллиги боис айрим дангаса талабалар домланинг устидан шикоят қилишган.


Шикоят чет эллик талабалар номидан бўлгани учун Ташқи ишлар вазирлиги даражасигача чиққан. Табиийки, бу шикоят қаноатлантириш учун Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раҳбариятига топширилган. Идора раҳбарияти ректор Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфга мурожаат қилиб, шикоят ёзилган қоғозни кўрсатган.


Шунда Шайх ҳазратлари муфтийга: “Талабаларнинг билмасдан ёзган шикоятлари сабабли тажрибали ўқитувчини ишдан олиш адолатдан эмас. Агар шундай қилинса, шикоятлар яна кўпайиши мумкин. Бунинг ўрнига Муҳаммадлатиф домланинг дарсини кузатиш учун махсус вакил тайинлайман. Агар вазият ростдан ҳам талабалар шикоят қилганидек бўлса, у домла бир кун ҳам ишламайди”, деган. Вакил дарсни кузатиб, ҳеч қандай эътироз йўқлигини ва домланинг талаби ўринли эканини айтади.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идораси муфтийси бўлганида, Муҳаммадлатиф домла Тошкент ислом интитутига ректор этиб тайинланди. Икки уламо Ўзбекистонда диний таълимни тубдан ислоҳ қилишга, талабалар сонини кўпайтиришга ва халқимиз ўртасида диний таълимни кенг ёйишга ҳаракат қилади.


Шайх ҳазратларига ўша пайтларда туҳматлар бўлди ва бу туҳматлардан Муҳаммадлатиф домла ҳам бенасиб қолмади. Иккала уламо ишдан бўшашга мажбур бўлишди.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари чет элга чиқиб кетди. Муҳаммадлатиф домла эса “Кўкалдош” мадрасасида ўқитувчи ва “Тўхтабойвачча” жоме масжидига имом бўлиб ишга кирди. Лекин туҳматлар тинмади. Оқибатда домла Россиянинг Қозон шаҳрига кетиб, у ердаги ислом университетига ўқитувчи бўлиб ишга кирди. Кейинчалик Чеченистоннинг президенти Аҳмад Қодировнинг таклифига биноан Грозний шаҳридаги ислом университетига мударрис бўлди.


Муҳаммадлатиф домла сарф ва наҳв илмини яхши билиш баробарида фиқҳ, тафсир ва бошқа илмларни пухта ўзлаштирди. “Кофия”ни ёд олди. Талабаларга шу фанлардан ёддан дарс ўтар эди. Шу боис у киши илм аҳли орасида “Абу наҳв”, яъни наҳв илмининг отаси, дея танилди.


Муҳаммадлатиф домла Чеченистонда дарс бериб юрган пайтларида 57 ёшида Қуръони каримни тўлиқ ёд олди. Домладан шогирдлари: “Каломуллоҳни кексайган чоғингизда ёдлашингизнинг боиси нима?” деб сўрашганида, у киши: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Қуръон соҳиби жаннатга кирганида унга: “Ўқи ва кўтарил!” дейилади. Бас, у ўқийди ва ҳар бир оятни ўқиганида бир даража юқорилайди. (Қуръондан) охирги нарсани ўқигунича шундай бўлади” (Ибн Можа ривояти), деган ҳадислари менга қаттиқ таъсир қилди. Кўплаб талабаларга сабоқ бердим. Уларнинг кўпи Қуръони каримни тўлиқ ёд олишди. Мен, иншоаллоҳ, Аллоҳнинг инояти билан жаннатга кирсам, Қуръони каримни ёдламаганим учун беҳиштнинг қуйида қолиб кетишни хоҳламайман», деган.


Аллоҳ таоло марҳум устозимизнинг охиратларини обод қилсин. Ниятларига яраша жаннатнинг энг олий даражаларидан насиб қилсин.

 

Толибжон НИЗОМ

 

“АБУ НАҲВ” ЁХУД  57 ЁШИДА ҚУРЪОННИ ЁД ОЛГАН АЛЛОМА “АБУ НАҲВ” ЁХУД  57 ЁШИДА ҚУРЪОННИ ЁД ОЛГАН АЛЛОМА “АБУ НАҲВ” ЁХУД  57 ЁШИДА ҚУРЪОННИ ЁД ОЛГАН АЛЛОМА
Ибратли ҳикоялар