Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди”.
Илм талаб қилиш – жаннатга элтувчи энг яхши ва энг осон йўл. Толиби илм илм учун сарфлайдиган ҳар қандай ҳаракат уни жаннатга яқинлаштиради ва унга Жаннат йўлини осон қилади. Ҳар бир мусулмон биринчи навбатда шариат илмини ўрганишга бел боғлаши даркор. Зотан бу уни тўғри, соғлом илмга эришиш йўлини очади, тўғри маълумотдан хато маълумотни ажрата билиш имконини беради.
Илм талаб қилиш Аллоҳнинг розилигига элтади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Албатта, фаришталар толиби илмнинг илм талаб қилганидан миннатдор бўлиб, қанотларини унга ёзишади”.
Ушбу ҳадис шариат илми ва уни талаб қилувчиларнинг даражаси нақадар баландлигидан дарак беради, негаки, Аллоҳ таоло ундан рози бўлгандан фаришталарни қанот ёзиб турадиган қилиб қўйди. Фаришталар қанот ёзиб туриши толиби илмга илм йўлини осон қилади, илм эшикларини очади.
Бутун борлиқ толиби илм ҳаққига истиғфор айтади.
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Олимнинг ҳаққига осмонлар ва ердаги барча нарса, ҳатто денгиздаги балиқ ҳам истиғфор айтади”.
Шаръий илмнинг ва унинг талабида бўлган толибларнинг қадри шу қадар баланд эканки, еру осмонлардаги барча мавжудотлар унинг ҳаққига истиғфор айтар экан. Бундан баланд даража борми?! Мусулмон учун бундан ортиқ яхшилик борми?!
Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг “Метин қоялар” китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.
Бугун, 18 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қорақалпоғистон Республикасига хизмат сафари давомида Нукус шаҳридаги “Имом эшон Муҳаммад” жоме масжидида жума намозини адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари намоздан олдин жамоатга “Мурувватли бўлиш — олий фазилат!” мавзусида манфаатли маъруза қилиб бердилар.
Маърузада таъкидланганидек, мурувват — меҳр-шафқат, саховат ва муҳтожларга ёрдам бериш каби энг гўзал инсоний фазилатлардан саналади. Ўзини саховатли деб билган инсон ўз манфаатини ўзгалардан устун қўймаслиги, кексалар ҳолидан хабар олиши, йиқилганни суяш орқали қалбан хотиржамлик топади.
Шунингдек, бугунги тезкор замонда бир-биримизга бағрикенг бўлиш жамиятда тинчлик, барака ҳамда ҳамжиҳатликни барқарор қилиши, ушбу олий фазилатни ўзимизда шакллантириб, фарзандларимизга мерос қолдириш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлиги алоҳида уқтирилди.
Файзли суҳбат якунида юртимизга тинчлик-омонлик ва хонадонларимизга барака тилаб хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати