Унутмангки, Аллоҳ таоло Ўзига юзланишингиз учун сизни турли мусибатлар билан синайди. Баъзан Аллоҳдан имтиҳонлардан муваффақиятли ўтишни ёки солиҳа жуфт ҳалол ё яна бошқа нарсаларни сўраб ой ва йиллар давомида дуо қиласиз. Аммо дуоингиз ижобат бўлмаётганидан ташвишга туша бошлайсиз.
“Нега Аллоҳ дуоларимни қабул қилмаяпти?” деган саволлар ҳаёлингизда тинмай айланади. Аммо Аллоҳ сизга қанча неъматларини тайёрлаб қўйганини билмайсиз! Сиз банда эканингизни эътироф этиб, ноумид бўлмай Аллоҳдан қанча кўп сўрасангиз, қалбингиз шунча юмшайди. Тобора Аллоҳга муҳтож эканингизни тушунасиз. Аслида, ҳар бир олган ва чиқарган нафасимиз Аллоҳнинг бизга берган чексиз неъматидир.
Аллоҳнинг юборган синовлари сабабли банда ожизлигини англаш билан бирга, Аллоҳдан бошқа ҳеч ким унга ёрдам бермаслигини тушуниб етади. Бу банданинг иймонини янада мустаҳкамлайди.
Агар Сиздан “Аллоҳга энг яқин бўлган вақтиниз қачон бўлган?” деб сўрасалар сиз “Оила қурганимда”, “фарзандли бўлганимда” ёки “янги ишга кирганимда” деб айтмайсиз. Балки ҳаётингизнинг энг қийин лаҳзаларини, қийинчиликка дуч келганингизда вазиятдан қандай чиқишни билмай қолганингизни, фарзандингиз касал бўлганда, онангиздан айрилганингизда Аллоҳга янада яқин бўлганингизни эслайсиз.
Сиз ҳаётингизнинг ана шундай энг мушкул вазиятларида Аллоҳга ҳар қачонгидан ҳам кўра кўпроқ ёлвориб дуо қилгансиз.
Нега? Чунки фақат Аллоҳ сизни бу қийинчиликлардан қутқариши мумкинлигини билгансиз. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким ёрдам бера олмаслигини англаб етгансиз.
Ҳа, айрим бандалар турли синов-мусибатлар сабабли Аллоҳга юзланади, Роббига қайтади.
Яна баъзи бандаларнинг эса Аллоҳ таолога қайтишига гуноҳ амаллар сабаб бўлади. Бу ҳақда Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи бундай дейдилар: “Гоҳида У Зот сенга тоат эшигини очади ва қабул эшигини очмайди. Гоҳида сенга гуноҳни тақдир қилади ва у (У Зотга) етишишга сабаб бўлади”.
Уламолардан бири айтади: “Банда гуноҳ сабабли жаннатга кириши ва савоб иш туфайли жаҳаннамга тушиши мумкин”, деди.
Одамлар таажжубланиб: “Қандай қилиб бундай бўлиши мумкин?” деб сўрашди.
Олим уларга: “Банда баъзан гуноҳга қўл уради, кейин ўзига келиб, қилган гуноҳига қаттиқ афсусланади, тинмай афсус-надомат чекади. Охир оқибат унда ўзини паст олиш, синиқлик ва надомат пайдо бўлади. Аввалгидан кўра тоат-ибодатга кўпроқ уринади, ихлос қилади. Натижада бу гуноҳи унинг жаннат сари ҳаракат қилишига сабаб бўлади.
Яна бошқа банда бир яхшилик қилиб, кибрга, ужбга, мақтанишга, одамлардан мақтов эшитишга берилади. Айнан шу ҳол унинг ҳалокатига, дўзахга сари етаклайди”.
Даврон НУРМУҲАММАД
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари билан ҳаж мавсуми, хизматлар, шароитлар, ибодатлар ва ўзаро алоқалар тўғрисида бўлиб ўтган суҳбат Саудия Арабистонида чоп этиладиган машҳур “Уккоз” газетасида эълон қилинди.
Мазкур интервьюда жорий йилги ҳаж мавсуми юқори даражада ташкил этилгани, юксак савияли хизматлар кўрсатилгани, намунали тартиб-интизом ва инсонпарварлик тамойиллари асосида ўтгани алоҳида таъкидланган. Шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилиб, жадал тараққий этаётгани эътироф этилган.
“Ҳаж – 2026” мавсумининг муваффақиятли ўтишида ўзбекистонлик зиёратчилар учун барча чора-тадбирларни амалга оширишга раҳнамолик қилган Давлатимиз Раҳбарига миннатдорлик билдирилган. Ўз навбатида Саудия Арабистони раҳбариятига ташаккур айтилган.
Айниқса, шу йилда илк бор жорий этилган 100 нафар юртдошимиз “Президент ҳожиси” сифатида Саудия Арабистони масъуллари томонидан юксак эҳтиром билан кутиб олингани ва кўрсатилган олий даражадаги эътиборга алоҳида урғу қаратилган.
Мино ва Арафотдаги замонавий чодирлар, шинам шароитлар, совутиш тизимлари ҳамда рақамли хизматлар зиёратчилар ибодатларини хотиржам адо этишларига омил бўлгани қайд этилган. Шунингдек, юртимизда зиёратчиларга кўрсатилган хизматлар, хусусан 9 та халқаро аэропорт орқали авиақатновлар йўлга қўйилгани, муборак манзиллардаги озиқ-овқат, тиббий ва транспорт хизматларининг юқори даражада бўлгани икки давлат идоралари ўртасидаги ҳамкорлик самаралари экани баён қилинган.
Маълумот ўрнида: “Уккоз” газетаси 1960 йилда ташкил этилган бўлиб, Саудия Арабистонида чоп этиладиган энг йирик ва нуфузли кундалик нашрлардан бири. Газета номи қадимги араб дунёсида адабиёт, маданият ва савдо маркази ҳисобланган тарихий “Уккоз бозори” шарафига номланган. Бугунги кунда нашр босма ва рақамли форматда чиқиб, қироллик ҳамда Ислом дунёсидаги сиёсий, ижтимоий ва диний жараёнларни кенг ёритади.