Cавол: Қабр зиёратига борганда қабр устидаги тупроқларни юмшатиб, сув сепса бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Қабрга сув сепишни уламолар мустаҳаб дейишган. Сув сепишнинг фойдаларидан бири қабрдаги тупроқларни шамол учириб кетишини олди олинади. Бу борада фиқҳий китобларимизда иборалар келган:
“Қабрга сув сепишнинг зарари йўқ, балки мустаҳабдир. Чунки Ибн Можа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъднинг қабрига сув сепганларини ривоят қилган. Абу Довуд қилган ривоятда У зот алайҳиссалом ўғиллари Иброҳимнинг қабрига шундай қилганлар. Баззор қилган ривоятда У зот алайҳиссалом Усмон ибн Мазъуннинг қабрига шундай қилишни буюрганлар”. (“Раддул муҳтор” китоби).
Лекин шуни ҳам таъкидлаш жоизки, қабр устига сепиладиган сув ҳаддан зиёд кўп бўлиб, унинг чўкишига олиб келмаслиги керак. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази
Ҳаётнинг бўронли кунларию ўткир тиғли ҳанжарлари унга озор беришига қарамай Аллоҳнинг қадари ва иродасига рози бўлиб уйқуга кетган, маҳзунлик унинг қалбига киришга йўл топа олмаётган, кўз ёшлар эса кўзига ҳеч ўрнаша олмаётган ва фарзанди, суюкли инсонлари, ота-онаси ёки дўстларини йўқотган барча инсонларга айтар гапимиз: Аллоҳ ажрингизни улкан қилиб берсин! Даражангизни олий қилсин! Синиқлигингиз ўрнини Ўзи тўлдириб берсин! У зот бундай марҳамат қилади:
﴿وَاسْتَعِينُوا بِالصَّبْرِ وَالصَّلَاةِ وَإِنَّهَا لَكَبِيرَةٌ إِلَّا عَلَى الْخَاشِعِينَ﴾
“Сабр ва намоз ила ёрдам сўранг. Ва, албатта, у нафси синиқлардан бошқаларга жуда катта ишдир” (Бақара сураси, 45-оят).
Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Сабрнинг иймондаги ўрни бошнинг жисмдаги ўрни кабидир”. Шунинг учун сиз сабрингиз эвазига бериладиган мукофот – Фирдавс жаннатини қўлга киритишингиз сизга хушхабар бўлсин! Тез орада сиз ҳар қандай ҳолатда ҳам муваффақият қозонган инсон эканингизни биласиз. Чунки Аллоҳ таоло Ўзининг Пайғамбарига бундай дейди:
﴿وَبَشِّرِ الصَّابِرِينَ﴾
“Ва сабрлиларга башорат бер” (Бақара сураси, 155-оят).
Шуъла: Ўзингизга бўлган ишонч умрингиз қандай бўлишидан қатъий назар сизга янги ғоялар ижод этишингиз ва ўз касбингизда янги марраларни забт этишингизга ёрдам беради.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан