Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Азбо номли туялари ўтлаётган бўлса, ўт-ўланлар унга талпинар, йиртқич ҳайвонлар эса: “Сен Муҳаммадникисан” дея ундан йироқлашарди. Расулуллоҳнинг вафотларидан кейин шу туялари емай, ичмай қўяди...
Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Жаброил алайҳиссалом менга рисолатни олиб келганида, қайси тош ёки дарахт ёнидан ўтмайин: “Ассалому алайка, йа Расулаллоҳ!” дер эди», деганлар (Имом Баззор ривояти).
Жобир розияллоҳу анҳу айтади: “Масжид хурмонинг ғўлаларидан бино қилинганди. Набий алайҳиссалом хутба қилсалар, ана шу ғўлалардан бирининг устига чиқар эдилар. У зот алайҳиссаломга минбар ясаб берилгач, ўша ғўланинг ўн ойлик бўталоқдек инграганини эшитдик”.
“Ал-фиқҳул акбар” асаридаги Ибн Аббоснинг “Муҳаммад алайҳиссаломнинг асҳобини сўкманглар. Улардан ҳар бирининг мақоми соат сайин юксалган, яъни Пайғамбар алайҳиссалом билан бир соат бирга бўлиш сизларнинг қирқ йиллик амалингиздан яхшироқдир”, деганларини эсласак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Саҳобаларим йўлчи юлдуз кабидирлар. Улардан қай бирига эргашсангиз, ҳидоят топасиз” (Имом Дорақутний ривояти) ҳадисидаги моҳиятни янада теранроқ англаймиз.
Саъдий Шерозийнинг ҳикоятини ўқисак, буни янада яққолроқ ҳис қиламиз:
“Хушбўй совуннинг ҳидига маҳлиё бўлган шоир фаразан ундан сўрабди:
– Бунча хушбўйликни қаердан олдинг?
– Аслида, мен мушк ҳам, анбар ҳам бўлмаган оддий тупроқман. Бир муддат гулга ҳамроҳу ҳамсуҳбат бўлдим. Атиргул бутаси остида бўлганим туфайли унинг куртакларидан оқиб тушган шудринг томчилари билан намландим. Шундан сўнг унинг ҳиди менга ўрнашди. Қалбингизни яйратган бу ифор аслида атиргулдан!..”.
Биз ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга мунтазам равишда салавотлар айтиб, саломлар йўлласак, атиргулнинг ифори каби маънавий оламимиз зийнатланиб бораверади.
Мавжуда АБДУЛЛОҲ қизи
Бугун, 22 июнь куни Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти устозлари томонидан бухоролик аллома Нуриддин Собунийнинг “Ал-Бидоя фил-ҳидоя” китоби бўйича ижоза бериш тадбири бўлиб ўтди. Унда соҳа вакиллари, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар, ОАВ вакиллари иштирок этди.
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази етакчи илмий ходими, доктор Аҳмад Саъд Даманҳурий бошчилигида Тошкент ислом институтининг 17 нафар профессор-ўқитувчиси икки йил давомида ушбу асарни ўқиб тугатиб, ижоза олишга муваффақ бўлди.
Маълумот ўрнида, Бухоро калом мактабининг улуғ намояндаси Нуриддин Собунийнинг ушбу асари аҳли сунна вал жамоа, хусусан, ҳанафий-мотуридийлик ақидасини тизимли ва мантиқий асосда ёритиб берган энг мўътабар манбалардан саналади. Муаллифнинг шоҳ асари бўлмиш “Ал-Кифоя фил-ҳидоя”нинг мухтасари (ихчам шакли) бўлган бу китоб асрлар давомида Мовароуннаҳр ва хорижий ўлкалар мадрасаларида асосий дарслик бўлиб келган.
Бу каби хайрли илмий тадбирлар устозларнинг маҳоратини ошириш билан бир қаторда, соф ислoм ақидасини ёт ғоялардан ҳимоя қилиш ва мотуридия таълимотини халқимизга тўғри етказишда улкан аҳамият касб этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати