Ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган видеоклипда Патрис Баумелнинг шаҳодат калимасини айтиб, исломни қабул қилгани кўрсатилган, дея хабар беради “Siasat” портали.
Жазоир шаҳрида жойлашган “Mouloudia Club d’Alger” футбол клубининг машҳур мураббийи, франциялик Патрис Баумел Ислом динини қабул қилиб, исмини Aмир деб ўзгартирди.
Мазкур видеода бир киши Жазоир пойтахтининг ал-Ҳарраҳ туманидаги Жинан Мабрук масжидида имом ёрдамида шаҳодат, яъни иймон калимасини айтаётгани акс этган.
Видеода масжид имоми Патрис Баумелнинг исломни қабул қилиш қарорини Исроилнинг давом этаётган ҳарбий тажовузига қарамай қаршилик кўрсатишда давом этаётган ғазоликларнинг чидамлилиги ҳақидаги таассуротлари билан боғлайди. Бу уни ушбу дин ҳақида кўпроқ билишга ундади.
Жазоирнинг “Mouloudia Club d’Alger” футбол клуби Х тармоғида бундай ёзади: "Aллоҳга ҳамдлар бўлсин. Ҳақиқат динига хуш келибсиз, Aмир Буммел". Футболчилар эълонида эса бундай дейилади: “Шундай қилиб, франциялик мураббийимиз Патрис Баумел масжидда икки шаҳодат калимани айтиб, Исломни қабул қилганини эълон қилиб, ўзига Aмир исмини танлади. Бу сенга, эй Амир, онанг сени дунёга келтирган кундан бери энг яхши хабардир, - деди ва қуйидаги ояти каримани ўқиб берди: “Сизлар менга исломингизни миннат қилмангиз, балки агар (имонингизда) содиқ бўлсангиз, билингизки, Аллоҳ сизларни имонга ҳидоят қилганини миннат қилур” (Ҳужирот, 17-оят).
Жамоа яқинда маҳаллий лигада “Parado” устидан қозонилган ғалабадан сўнг “Mouloudia Club d’Alger” мухлислари “Aллоҳ буюкдир, Aмир Бумел” деб ҳайқиришди ва мураббий шукр саждаси билан жавоб қайтарди.
46 ёшли Баумел Замбия ва Кот-дъИвуар терма жамоаларига устозлик қилган ва франциялик мураббий Ерве Ренарнинг ёрдамчиси бўлган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ кимнидир Ўзига дўстлик шарафи билан эъзозлабдими, албатта, унинг кўзига дунёни хунук қилиб қўяди.
Ҳадисда марҳамат этилибди: “Бирор бир қавм йўқки ораларига дунё аралашиб қолгудай бўлсаю Аллоҳ таоло шу сабаб ўрталарига буғзу адоват солмаган бўлса”.
Бутун дунё бойликлари Ҳақ субҳанаҳу ва таоло наздида пашшанинг қанотича қийматга эга эмас. Буни тушунган киши бирор бир Аллоҳни таниган солиҳ одамни дунёни тарк этганлиги сабабли мақтаб юрмайди. Чунки барча зоҳидлар ҳиссасига ўша “қанотча” бўлган дунёнинг бир кўзга кўринмас қисмидангина воз кечиш мажбурияти тушган холос. Шундай арзимас, қимматсиз нарсадан воз кечганни мақташ, аслида ўша воз кечилган нарсанинг, яъни дунёнинг баҳосини оширган, қадрини улуғлаган бўлади. Ҳақнинг хизматида бўлган содиқ ва хос ходимлар гўё бундай дейдиларки, “Биз бирор бир дунё аҳлини то ўша ўзига етган пашша қаноти бўлагини ташлаб, оёқости қилмагунича Ҳақ таоло даргоҳига йўлатмаймиз!”. Лекин дунёни севувчиларнинг ҳеч бири бунга журъат этолмайди.
Имом Шаъроний қуддиса сирруҳу дейдилар: “Биздан бу дунёнинг арзимас ва вафосиз эканлигини кўра олишлигимизни ва ундан кечиб абадий ҳаёт ободлиги учун интилишлигимиз лозимлиги ҳақида ваъдамизни олишган. Эй, менинг қадрдон дўстим, севимли оғам, оладиган ва чиқарадиган нафасларимиз ҳаммаси ҳисобли, уни энди ошишини ва камайишини ҳеч иложи йуқдир. Бу дунё абадий ҳаётнинг экинзоридир. Ким экиш вақти ялқовлик қилса, ўрим (хирмон) вақти қайғуда қолади. Аллоҳ таоло марҳамат этадики: “Ҳар бир инсонга ўз қилганидан бошқа нарса йўқ” (Нажм сураси, 39-оят).
Шунингдек, ризқу насиба ҳақида ҳам Аллоҳ бундай дейди: “Ер юзида ўрмалаган нарса борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур. Ҳаммаси очиқ-ойдин китобдадир”. (Ҳуд сураси, 6-оят).
Аллоҳнинг биз учун кафил ва вакил бўлган нарсаларини қўлга киритишда ошиқча саъйу ҳаракат қилишимиз, аксинча буюрган нарсаларини талаб қилиш ва бажаришда ялқовлик ва бепарволик қилишимиз, айни нодонлик ва бемаъниликдир. Сенга шу нарса аниқ маълум бўлсинки, нафсоний хоҳиш ва дунё ишлари ҳақида ташвиш чеккан одам бамисоли бир илон тарбият қилувчидирки оқибат унинг заҳридан ўзи ҳалок бўлади. Ўткинчи дунё ҳаётига муккасидан кетиб, охиратини эсидан чиқарган банда гўё бир анқиган ўлаксага ташланган ит кабидир!
“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси