Наманган вилояти Давлатобод туманида жойлашган Маданият марказида вилоятда фаолият юритаётган имом-хатиб ва имом-ноиблар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда жорий йилнинг биринчи ярмида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди. Шунингдек, диний вазиятни соғломлаштириш, мутаассиблик ва радикализмни олдини олиш, имомларнинг шахсий намуна кўрсатиши бўйича вазифа ва топшириқлар белгилаб берилди.
Йиғилишда Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Дилшод Маматқулов ўз нутқи диний соҳада катта ислоҳотлар амалга оширилаётгани, имом-хатиблар фуқаролар билан мунтазам мулоқот қилиб, уларнинг маънавий-маърифий соҳада эҳтиёжларини қондириш учун доимо изланиб, хизмат қилишлари зарурлигини таъкидлади.
Тадбир давомида имом-хатиб ва имом-ноиблар зиммасидаги вазифаларни тўлақонли бажариш, жума мавъизаларини таъсирчан тарзда халққа етказиш бўйича тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Учрашув якунида Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходими Олимжон Жўраев тўғри йўлдан адашганлар қисматини ҳаётий мисоллар ва ёшларда ёт ғояларга қарши иммунитетини шакиллантиришнинг муҳим жиҳатлари ҳақида суҳбат қилиб берди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик айёми ҳамда янги ўқув йили муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар билан ишлаш бўлими томонидан юртимиз бўйлаб кенг кўламли хайрия тадбирлари ўтказилди.
Мазкур хайрли ташаббус асосида Республикамизда фаолият юритаётган 2 161 та масжид ходимлари иштирокида 11 144 нафар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларига мактаб формалари ва ўқув қуроллари беғараз ҳадя қилинди.
Ушбу акция доирасида ажратилган кўмакнинг умумий миқдори 4 миллиард 929 миллион 995 минг сўмни ташкил этди.
Шунингдек, жорий йилда «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан ҳам 1500 нафар етим ва чин етим болаларга байрам совғалари ҳамда мактаб формалари ва ўқув қуроллари ҳадя қилинди. Хусусан, Фарғона вилоятида 302 нафар, Самарқанд вилоятида 243 нафар ва Қашқадарё вилоятида 215 нафар боқувчисини йўқотган ўқувчиларга ёрдамлар кўрсатилди.
Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад – ёш авлоднинг сифатли таълим олишига кўмаклашиш, уларни янги ўқув йилига муносиб тайёрлаш ҳамда қалбларида байрам қувончи улашишдир.
Истиқлол байрами арафасида амалга оширилаётган бундай хайрия тадбирлари юртимизда инсон қадри, болалар манфаатлари ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганининг амалий намунаси, дейиш мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати