Cавол: Динимизда Биткоин, Ноткоин ва бошқа шу каби криптавалюталарда савдо-сотиқ қилишга муносабат қандай?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Биткоин, Ноткоин каби криптавалюталарни ўзаро айрибошлаш ва улар билан савдо-сотиқ қилиш шаръан жоиз эмас. Чунки ушбу криптовалюталарда шариатимиз томонидан пулга қўйилган талаблар топилмайди. Қолаверса, уларни бирор давлат ишлаб чиқармагани ёки расман тан олмагани, нархининг кескин ўзгарувчанлиги ҳамда унда қимор аломатлари борлиги у билан муомала қилиш ҳаром эканига асос бўлади. Бу ҳақда аввал ҳам батафсил жавоб (https://t.me/diniysavollar/1231) берилган эди.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ҳозирда фақат электрон кўринишда мавжуд бўлган "рақамли пул”лар вақт ўтиши билан шариатимизга мувофиқ товар ва пулга қўйилган шартларга тўлиқ жавоб бера олса, шундагина улардан фойдаланишнинг ҳукми ҳам ўзгариши мумкин. Демак, криптовалюталарнинг ҳукми ҳалол бўлмагунча мўмин мусулмонлар бу пуллар билан савдо қилмай туришлари лозимдир. Зеро Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар:
“Ҳалол ҳам аниқ, ҳаром ҳам аниқ. Уларнинг ўртасида шубҳали нарсалар бор. Кўп одамлар буни билмайдилар. Ким шубҳалардан сақланса, дини ва обрўсини пок сақлайди. Ким шубҳаларга тушса, ҳаромга тушади...” (Имом Бухорий ривояти).
Криптавалюталар савдоси ҳозирга қадар Дунё мусулмон улармолари бирлашмаси, Саудия Арабистони кибор уламолари ҳайъати, Миср Араб Республикаси “Дорул ифто” фатво маркази, Иордания фатво идораси, Туркия диёнат ишлари бошқармаси фатво маркази, Ливия фатво уйи ва Фаластин фатво маркази каби нуфузли фатво уюшмалар томонидан ҳаром деб эълон қилинган.
Криптавалюталардан фойдаланиш ҳукми ва унинг асослари ҳақида қуйида батафсил (https://telegra.ph/KRIPTOVALYUTALAR-SAVDOSI-%D2%B2ALOLMI-06-03) танишишингиз мумкин. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази
Мадина шаҳри Ислом тарихида бир нечта номлар билан аталган. Улардан энг машҳурларидан бири “Тоййиба”дир.
Исломдан олдин шаҳар Ясриб деб аталган. Бу ном “айблаш” ва “ёмонлаш” каби маъноларни англатади.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳарга ҳижрат қилганларида, унга янги ном бердилар. У зот алайҳиссалом шаҳарни “гўзал” ва “покланган” маъносини англатувчи “Тоййиба” деб атадилар.
Шунингдек, Тоййибага яқин бўлган ва ўхшаш маънони англатувчи “Тоба” номи ҳам ушбу шаҳар учун ишлатилган.
Мадинада топилган VIII асрга оид қоятош ёзувида шаҳар Тоййиба номи билан аталган. Бу эса ушбу ном Исломнинг илк асрлариданоқ қўлланиб келинганини кўрсатади.
Тоййиба билан бир қаторда, шаҳар муайян тарихий жиҳатларини акс эттирувчи яна бир неча номлар билан ҳам танилган:
| Номи | Маъноси |
| Мадина | Шаҳар |
| Мадинату Набий | Пайғамбар шаҳри |
| Мадинаи Мунаввара | Мунаввар шаҳар |
| Дорул Ҳижра | Ҳижрат диёри |
Пўлатхон Каттаев,
Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси