Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Муборак Қурбон ҳайитининг маънавий ҳаётимизда меҳр-оқибат, бағрикенглик, мурувват, дўстлик ва ҳамжиҳатлик каби эзгу тамойилларни мустаҳкамлаш борасидаги ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.
Ушбу қутлуғ айёмни муносиб кутиб олиш ва юқори савияда ўтказиш, муқаддас ислом динининг инсонпарварлик ғоялари ҳамда миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш мақсадида:
1. 2024 йилда муборак Қурбон ҳайитининг биринчи куни 16 июнь – якшанба кунига тўғри келиши тўғрисида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахбороти маълумот учун қабул қилиниб, юртимизда 16 июнь куни Қурбон ҳайити байрами сифатида кенг нишонлансин.
2. Қуйидагилар:
а) Меҳнат кодексининг 208-моддасига мувофиқ:
ишланмайдиган байрам куни ҳисобланувчи Қурбон ҳайитининг биринчи куни дам олиш кунига тўғри келиши муносабати билан ушбу дам олиш куни 17 июнь – душанба кунига кўчирилиши;
бунда ишлаб чиқариш-техник ва ташкилий шароитлар (мавжуд узлуксиз ишлаб чиқариш, аҳолига ҳар куни хизмат кўрсатиш, навбатчилик асосида ишлаш ва бошқалар) туфайли ишланмайдиган байрам кунлари тўхтатиб қўйиш мумкин бўлмаган ишларни бажаришда дам олиш кунлари кўчирилмаслиги;
б) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 22 декабрдаги “2024 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги ПФ–213-сон Фармони билан 18 июнь – сешанба куни барча ходимлар учун қўшимча дам олиш куни этиб белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда муборак Қурбон ҳайитини халқимизнинг миллий анъана ва урф-одатларига уйғун ҳолда ўтказиш учун тегишли чора-тадбирларни амалга оширсин.
4. Туризм қўмитаси Транспорт вазирлиги билан биргаликда юртдошларимиз учун муборак Қурбон ҳайити кунларида мўътабар зиёратгоҳлар ва тарихий қадамжоларга зиёратларни ташкил этиш мақсадида қулай шароит ва имкониятлар яратсин.
5. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Қурбон ҳайитини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.
6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси М.М. Камилов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ш.Мирзиёев
2026 йил 3-сентябрь куни Доҳадаги Ислом санъати музейида Ўзбекистон тарихи ва маданий меросига бағишланган «Uzbekistan: Heritage in Motion» кўргазмаси очилади. Экспозиция Марказий Осиёда ислом дини тарқалишидан олдинги даврдан то ҳозирги кунгача бўлган тарихий ва маданий жараёнларни қамраб олади ҳамда 28 ноябргача давом этади.
Лойиҳа Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда Ислом санъати музейи ҳамкорлигида ташкил этилмоқда. Кўргазма сўнгги уч ўн йилликдаги Ўзбекистон тарихини мамлакатнинг замонавий маданий қиёфаси шаклланиши нуқтаи назаридан намойиш этувчи илк халқаро экспозиция бўлади.
Экспозицияда Қатар ва Ўзбекистондаги етакчи музей ҳамда маданий муассасалар коллекцияларидан намуналар намойиш этилади. Улар орасида Афросиёбнинг машҳур деворий тасвири, «Катта Лангар» Қуръони, Шарқшунослик институти қўлёзмалари, Бухоро кулолчилик намуналари, ХИХ–XX асрларга оид миллий либослар, заргарлик буюмлари, ипак матолар ва анъанавий ҳунармандчилик асарлари бор.
Кўргазма қадимги минтақа тарихи, меъморий мерос, ислом цивилизациясининг интеллектуал ютуқлари ҳамда анъанавий ҳунармандчилик ривожига бағишланган тўртта тематик бўлимдан иборат. Унда Ўзбекистоннинг ислом оламида фан, маданият ва санъат ривожининг тарихий марказларидан бири сифатидаги ўрнига, шунингдек, Сомонийлар ва Темурийлар даври меросига алоҳида эътибор қаратилади.
Тарихий мерос мамлакатнинг замонавий маданий ривожи билан узвий боғлиқ ҳолда намойиш этилади. Декоратив-амалий санъат, тўқимачилик ва заргарлик анъаналарига алоҳида ўрин берилади.
Кўргазма доирасидаги оммавий дастур маърузалар, маҳорат дарслари, анъанавий ҳунармандчилик намойишлари, шунингдек, икат санъати ва ипак ишлаб чиқаришга бағишланган тақдимотларни ўз ичига олади. 3–16-сентябрь кунлари рассом Давлат Тошев резидентлик дастури доирасида маҳаллий рассомлар ва кўргазма ташриф буюрувчилари учун Шарқ миниатюраси ҳамда «Абрū-Баҳор» техникасига бағишланган маҳорат дарсларини ўтказади. Иштирок этиш учун олдиндан рўйхатдан ўтиш талаб этилади.
2017 йилда ташкил этилган Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси мамлакатнинг маданий меросини асраш ва халқаро миқёсда тарғиб қилиш билан шуғулланади. Жамғарма 17 дан ортиқ мамлакатда халқаро лойиҳаларни амалга оширган ва 40 дан ортиқ хорижий маданият муассасалари билан ҳамкорлик қилган.
Доҳадаги Ислом санъати музейи 2008 йилда ташкил этилган. Музей коллекцияси қарийб 1 300 йиллик тарихни қамраб олади ва унда қўлёзмалар, кулолчилик буюмлари, металл ва шиша маҳсулотлари, тўқимачилик намуналари, гиламлар ҳамда заргарлик буюмлари мавжуд.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати