1991 йил халқимиз мустақилликка эришгач Ислом дини арконларига амал қилиш, унинг таълимотларини ўрганишга бўлган иштиёқини рўёбга чиқариш борасида имкониятлар очилди. Ўша даврларда Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий жоме масжидида имом-хатиб вазифасида фаолият олиб бораётган Усмонхон Алимов ўз ҳамфикрлари билан биргаликда халқнинг диний таълимга бўлган эҳтиёжларни қондириш мақсадида масжид қошида Имом Бухорий мадрасасига асос солди ҳамда ушбу масканда устозлик қила бошлади. Дастлаб, ўрта махсус диний билим юрти, сўнг ҳадис илми маркази сифатида фаолият юритган ушбу билим юрти бир неча юзлаб диний уламолар етиштириб берди. Бугунги кунда жуда кўплаб масжидларнинг имом-хатиб, имом ноиби, билим юртларининг мударрислари сифатида ва бошқа соҳаларда ушбу мутахассислар фаолият олиб бориб, халқимизнинг диний-маърифий саводхонлигини оширишда хизмат қилиб келмоқдалар.
Ҳаммамизга маълум, кейинчалик ушбу таълим маскани негизида Усмонхон Алимов ҳазратларининг Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси вазифасида иш олиб бориш жараёнида халқаро илмий тадқиқот марказлари ташкил қилинди. 2019 йилга келиб эса Имом Бухорий номли ҳадис олий мактаби ҳам ўз иш фаолиятини бошлади ва ҳадис илми соҳасида етук олимлар тайёрлаш бўйича собиқ иттифоқ ҳудудидаги ягона таълим муассасига айланди.
Кўп йиллар масжид имоми, вилоят бош имом-хатиби лавозимида меҳнат қилган Усмонхон Алимов 2006 йилга келиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий этиб сайландилар. Ўзининг илму маърифати, иш юритиш салоҳияти, адолат, оғир ва вазминлик билан фикрлаши, мусулмонлар манфаатини ўйлаб иш бошқариши муфтий ҳазратларининг узоқ йиллар давомида идора раислиги вазифасида ишлашини таъминлади десак, муболаға бўлмайди.
Ҳазрат ҳар қандай вазиятда ҳам мусулмонлар идораси, масжид ва мадрасаларнинг бир маромда иш олиб бориши, уларга нисбатан ҳар хил таъна тошлар отилиши, турли зарарлар етишини олдини олганлиги айниқса шу соҳа ичида бўлганларга кўпроқ аёндир, шу жумладан каминга ҳам. Нафақат зарар етиши, балки уларни такомиллаштириш, халқимизнинг масжид ва мадрасаларга бўлган эҳтиёжларини қондириш борасида мусулмонларнинг раҳбари сифатида кўплаб ишларни амалга оширгани ҳеч кимга сир эмас. Янги масжидларнинг очилиши, 500дан зиёд масжидларда қайта қуриш ва таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани, Бухоро шаҳридаги “Мир Араб”, Самарқанд вилоятидаги “Имом Бухорий ҳадис мактаби” диний олий билим юртлари, 2020 йил Сурхондарё вилоятидаги “Имом Термизий” ўрта махсус ислом билим юрти янгидан очилиб, фаолият олиб бораётгани, диний билим юртларига талабалар қабул квотасининг оширилиши, вилоятларда ҳадис, калом, ақида, фиқҳ мактабаларининг фаолияти йўлга қўйилганлиги, диний билим юртлари қошида Қуръон курслари ташкил этилганлиги каби кўплаб хайрли ишлар айнан муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг диний идора расиликлари даврида амалга ошилирлагани ҳазратнинг ушбу соҳадаги самарали меҳнатларидан далолат беради. Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Ўзбекистон мусулмонларининг раҳбари, бугунги кунда диний соҳада фаолият олиб бораётган кўплаб мутахассисларнинг устози бўлибгина қолмай, ён қўшни мамлакатлар, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон муфтиётлари томонидан ҳам устоз сифатида эътироф этилганини қайд этишимиз лозим. Улар кўплаб масалаларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан ҳамкорликда иш олиб бораётгани, ҳазратнинг идора тарихида илк бор 2012 йил Ислом олами уюшмаси таъсис мажлисининг аъзоси, Бутун дунё уламолар кенгаши аъзоси этиб сайланганлари, ислом дини маърифатини кенг тарқатиш, бузғунчи кучларга қарши бирга курашиш ва ўзаро ҳамкорликдаги кенг кўламли ишлар учун Россия Федерацияси Свердловск вилояти мусулмонлари идораси томонидан “Кумуш ярим ой” медали билан тақдирланиши, Марказий Осиё мусулмонлари маънавий тараққиётига кўп йиллар хизмат қилгани, тинчлик-осойишталик, фаровонлик каби исломий тамойилларга содиқлиги, урф-одатларни тиклаш ва авайлаб асрашга қўшган ҳиссаси учун Қирғизистон мусулмонлари идорасининг 1-даражали “Ынтымоқ” медали (“Иттифоқ”) билан тақдирланишлари, Уммон Султонлиги Исломий стратегик тадқиқотлар маркази томонидан 2019 йил 30 сентябрда эълон қилинган “Дунёнинг энг нуфузли 500 мусулмони” рўйхатидан муносиб ўрин эгаллаганлари халқаро эътибор ва эҳтиромга сазовар бўлаётганларига далолат қилади.
Муфтий ҳазратлари Ислом дини маърифатининг тарғиботчиси сифатида ҳам нафақат юртимизда, балки, кўплаб хорижий мамлакатларда бўлиб ўтган халқаро анжуманларда илмий асосланган мазмунли маърузалари билан иштирок этиб келмоқдалар. У киши йигирмадан ортиқ китоб ва юздан зиёд илмий-оммабоп мақолаларнинг муаллифи ҳисобланади. “Тафсири Ирфон”, “Расулуллоҳнинг муборак васиятлари”, “Расулуллоҳ мўъжизалари”, “Оилада фарзанд тарбияси”, “Ёшлар келажагимиз”, “IX-X асрларда Самарқандда калом илмининг ривожланиши” каби асарлари шулар жумласидандир.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг Ислом дини ва мусулмонлар манфаати йўлида амалга оширган ишлари ва олиб бораётган саъй ҳаракатлари ҳақида яна кўплаб тўхталишимиз мумкин. Аллоҳ таолонинг инояти ила мана шундай салмоқли ишлар муфтий ҳазратлари бошчиликларида бардавом бўлмоқда. Аммо, бугунги кунда баъзи бир дилни хира қиладиган, мусулмонларни ўз раҳбарига қарши чиқишга ундайдиган, улар орасида фитна ва парокондаликка чақирувчи айрим ижтимоий тармоқлардаги хабар ва гапларнинг тарқалиши биз диний соҳа вакиллари ва мусулмонларнинг норозилигимизга сабаб бўлмоқда. Илм аҳлларининг даражаларини Аллоҳ таолонинг Ўзи баланд қилган. Бу тортишмайдиган масаладир. Чунки, Аллоҳ таоло “Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларни ва илмга берилганларнинг даржаларини кўтарур” (Мужодала-4), дея марҳамат қилган. Олимларга душманлик қилган одам Аллоҳга уруш қилганга ўхшайди. Аллоҳ азза ва жалла билан уруш қилган ғолиб бўлармиди? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ айтади: “Ким менинг дўстимга душманлик қилса, унга уруш эълон қиламан” (Бухорий ривояти). Ибн Ҳажар айтади: Аллоҳнинг дўстидан мурод Аллоҳни танийдиган, Унинг тоатида доим бўладиган олимдир.
Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ: “Ким олимларни пастга урса, унинг охирати барбод бўлади, ким амирларни пастга урса, унинг дунёси барбод бўлади. Ким биродарларини пастга урса, унинг одамгарчилиги барбод бўлади”, деганлар.
Аҳли илм, имомларга самимий хайрихоҳ бўлайлик. Аслида исломнинг моҳияти ҳам шундай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни ўз ҳадисларида таъкидлаганлар.
Тами ибн Авс Дорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дин самимий хайрихоҳликдир”, дедилар. Биз: “Ким учун?” дедик. У зот: “Аллоҳ учун, Унинг Китоби учун, Расули учун ҳамда мусулмонларнинг имом-раҳбарлари ва ҳаммалари учун”, дедилар”. (Имом Муслим ривояти).
Барчамиз учун устоз бўлган, олим, фазилатли шайх Усмонхон Алимов ҳазратларини ўз вазифасига нолойиқ, олиб бораётган ишларини самарасизликда айбламанг! Муфтий ҳазратларининг одилона, илму маърифат ва мўътадиллик билан иш бошқаришлари натижаси ўлароқ масжидларимиз обод, талабаларимиз илм чашмасидан баҳраманд, соҳа вакиллари ўзаро иттифоқликда меҳнат қилиб, халқнинг маърифати, тинчлиги, тўғри йўлдан оғишмай, ҳалол-ҳаромни фарқлайдиган бўлиб шаклланиши давом этмоқда. Зеро, ҳикматларда “Ишларнинг яхшиси ўртачасидир”, дейилиши билан ҳар бир ишни мўътадил ҳолда бажариш афзал эканлигини таъкидланган.
Муфтий ҳазратларига узоқ йиллар мўмин-мусулмонларимиз хизматида бардавом бўлишларини Аллоҳ таоло насиб айласин!
Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,
Самарқанд вилоят бош имом-хатиби
Алҳамдулиллаҳ, неъматлар ичра яшаяпмиз. Деярли кўпчилик инсонлар болалар тарбияси масаласида бир хил ўйда: фарзандларим илмли, солиҳ, етук инсонлардан айниқса “қори” бўлса деб орзу қилишади. Бу орзусига ҳамма ҳар хил қадам ташлайди. Инсонлар уч тоифага бўлинади бу борада:
1. Аллоҳ таолонинг айтганларини бажаришликда жидду жаҳд қилган, илм йўлига тушган, изланиш, гўзал таълим-тарбияли бўлишга интилиб, фарзандларини ҳам шу йўлга етаклайди;
2. Ўзи Аллоҳнинг айтганларини қилмайди-ю аммо фарзандларини илм олиб, камолга етиши учун мол-дунёсини аямайди;
3. Ўзи ҳам Аллоҳ таолони айтганларини бажаришликда амал қилмайди, фарзандларини ҳам бунга чақирмайди.
Сиз юқоридагиларни қайси бирига кирасиз? Албатта, уч тоифадан бири сизники. Буларни қисқача очиқлаб ўрганиб чиқамиз.
Биринчиси – мақталган, дунё ва охират саодати харидори, Аллоҳ таолонинг Жамоли ва Жаннатидан умидвор мўмин одамнинг ҳаёт йўли. Улар мана шу йўлда бардавом бўлишлари учун Аллоҳ таолонинг Ўзи ўргатган дуолар ила муножотда бўлади. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Парвардигорим, мени ва зурриётимдан (бўлган болаларимни) намозни тўкис адо этувчи қилгин. Парвардигоро, дуоимни қабул айла” (Иброҳим сураси, 40-оят).
Фарзанд кўз ўнгида ота ёки онанинг гўзал амаллар билан банд бўлиши унга энг таъсири кўп бўлган жиҳатлардан биридир. Аввало болага Аллоҳ ва Расулини танитиш, нима учун яратилганлигимизни тушунтириш ҳамда буйруқ ва қайтариқларни яхшилаб ўргатиш зарур. Шариат амалларини ота-она ўзи яхшилаб англаб, фарзандига сингдириши шарт. Зеро, Аллоҳ таоло солиҳ амал қилган бандаларига абадий Жаннатни ваъда қилган. Бу ҳақда Қуръони каримнинг бир нечта сураларида башоратлар берилган.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Албатта, иймон келтириб, яхши амаллар қилган ва Раббиларига бўйсунганлар ана ўшалар жаннат аҳлидир. Улар у ерда абадий қолурлар” (Ҳуд сураси 23-оят).
Аллоҳ таолони айтганини қилган бандаларга дунёда ҳам тирикчилигида кенглик беради. Яхши амалларнинг мукофоти нафақат охиратда балки бу дунёда ҳам берилиши айтилган. Қуръони каримда Аллоҳ таоло мўмин ва мўминаларга хушхабар айтган:
“Эркакми ё аёлми – кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирон яхши амал қилса, бас, Биз унга покиза ҳаёт ато этурмиз...” (Наҳл сураси, 97-оят).
Иккинчиси – Ҳар бир ота-ота фарзандини камолини кўришни хоҳлайди. Билингки, ўзингиз Аллоҳнинг чақириғига “лаббай” демас экансиз улар ҳам сизларнинг чақириғингизга ижобий жавоб қайтармайди. Улар учун сарфлаган пулларингиз ҳавода титилган жун каби ҳар қаёққа беиз кетиб қолади. Бола биринчи таълим тарбияни ота-онасидан ёки бирисидан олади. Албатта, оила бошлиғи бўлган ота пул топишга, оилани таъминлашга масъул. Она эса уй ишлари, бола тарбиясига кўпроқ масъулдир. Агар улар ўз вазифаларини бажармас экан, тизим ишдан чиқади. Улардаги вазифаларни бир-бирига алмаштириб қўйилса, ҳам бу чора бўлолмайди. Бу ҳолатда ота-она бир-бирларини қўллаб-қувватлаб, сўзлари бир жойдан чиқиши керак. Аксинча фарзандлар олдида эр аёлининг хатоларини муҳокама қилиб, жиркиб, ҳақоратлаб турса, бу нарса бола руҳиятига салбий таъсир кўрсатади. Боланинг илмларни ўзлаштиролмаслигига оилавий муҳит ҳам катта таъсир кўрсатади. Биз фарзандларимиздан кутаётган ютуқларни ҳали ҳам кутиб ўтирганимизнинг сабаби беҳудаликларнинг ҳаётимизда ортиши. Кўп кузатувларимиз натижаси шуни тасдиқлайдики, бола тарбиясидаги оқсоқликларнинг илк сабабчиси телефондир. Ота-она фарзандлари кўз ўнгида бебаҳо вақтларини соатлаб телефон иловаларига бахшида этишмоқда. Катталарнинг ҳар бир ҳаракатидан улгу андоза олиш фарзандга ҳеч бир қийинчиликсиз сингади.
Мен тўсатдан бир жараённи кузатиб ҳайратландим. Бефарзанд ота-оналар муолажалари ичида онани ҳомиладорликка тайёрлаш жараёни бўларкан. Бунда ота-онанинг бутун таҳлиллари кўздан кечирилиб, унга дори дармон муолажалари бошланилиб, бу жараён 3-4 босқичда олиб борилар экан. Қаранг, ота-она бўлиш учун қандай жиддий уринишлар. Ҳомиладорликдан олдин она жисмининг ўта қаттиқ назоратга олиниши. Бу албатта, керакли ҳол. Аммо бунга онанинг руҳий ҳолати ҳам жисмини тайёр бўлишиданда муҳим омиллардандир. Фарзандли бўлишдан илгари руҳан ҳам жисмонан тайёр бўладиган бўлсак, бола дунёга келгач, бизнинг масъулиятимиз яна ортса ортадики камаймайди. Халқимизда шундай мақол бор: “Нима эксанг, шуни ўрасан”.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўминларнинг қайси фазилатга эга бўлганлари нажот топишлиги, кимлар Фирдавс жаннатига ворис бўлиб ўша ерда мангу қолишларини айтган ояти каримада бир жиҳат алоҳида таъкидланган: “Улар беҳуда (сўз ва амаллардан) юз ўгирувчилардир” (Мўминун сураси, 3-оят).
Бандларимиздаги иккинчи тоифани очиқлашга қайтсак, хўп ўзи амал қилмаган ҳолда болага сармоя тиккан ота-оталар умуман натижасиз қолишининг асосий сабабларини ўрганиб олсак. Пул ҳамма нарсани ҳал қилади деган ўй хато. Қаттиқ (контрол) ва тергаш керак болага. Болани вақтини тўғри тақсимлаш биринчи галдаги масаладир. Уйқу режими, дарс қилиш соатлари, кўчада ўйнаб келиш учун белгиланган вақтлар онанинг кузатувидан четда қолмаслиги керак. Бола тунги соат 01-02 да ухласа, дарсни хаёлини паришон ҳолда бажарса, кўчада 4-5 соатлаб ўйнаса, қорни очгани учунгина уйга кирса, онага гап қайтарганда ота бунга эътироз билдирмаса, ёш бўлишига қарамасдан онани менсимаса ва бунга ота йўл қўйиб берса, боладан қандай ижобий нарса кутиш мумкин? Ҳеч нарса!!!
Ота-она фарзандларга намуна бўлмаслигининг зарари уларга сўз билан таъсир ўтказиш қийинлашади. Масалан намоз ўқиш, ҳалол ризқ топиш, гуноҳлардан тийилишга амал қилмаса, фарзандлар ҳам буни оддий ҳол деб қабул қилади. Мабодо ўша амалларга буюрсангиз, “Отам-онам айтганларини ўзлари қилмайдику” деб ўйлайди.
Фарзандларни қалби ва руҳияти дарахтга ўхшайди. Иймон, Аллоҳга тақво унинг илдизидир. Агар ота-она бу илдизларни суғоришга эътибор бермаса, яъни диний тарбия билан шуғулланмаса бу дарахт заиф ўсади ва турли гуноҳлар шамолида тезгина синиб кетиши мумкин.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлар ва тошлардан бўлган дўзаҳдан сақланг. Унинг устида қўпол ва дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг буйруқларига исён қилмаслар ва буюрилган ишни бажарадилар” (Таҳрим сураси, 6-оят). Бу оят ота-оналарга ўз оиласини дўзахдан сақлашга бўлган масъулиятини эслатади.
Яхши ниятда унга илм ўргатдингиз, тили калималарни айтиб берадию, ахлоқдан асар ҳам йўқ. Қуръони каримни ёддан айтиб берадию, ота-она ҳақларини риоясини қилмайди. Атрофдагиларга бадхулқлиги билан доим азият бераверади. Хулқ илмдан устун туради. Хулксиз илмдан фақат залолатга ботиш, гуноҳларга шўнғиш бор. Фарзандни аввало гўзал хулқли “инсон” қилиб тарбиялашимиз керак. Ундан кейингина илм билан зеб берамиз.
Учинчи – тоифадаги одамларнинг ўзлари ҳам фарзандлари ҳам охир оқибатлари нима бўлиши ҳаммамизга аён. Барча амаллари бу дунёнинг ўзида қолиб кетади.
Аллоҳ таоло айтади: “Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унинг учун танг ҳаёт бўлур. Ва қиёмат куни уни кўр ҳолида тирилтирамиз. У “Раббим, нимага мени кўр қилиб тирилтирдинг. Ахир мен кўрувчи эдим-ку”, деган эди. (Аллоҳ) айтди: “Шундай. Сенга мўъжизаларимиз келганида уларни унутдинг, бугун сен ҳам ана шундай унутиласан” (Тоҳа сураси, 124–125–126-оятлар).
Ортиқча изоҳларга ҳожат йўқ. Аллоҳ бу тоифага тушиб қолишдан, зурриётларимиздан ҳам шундайлар чиқишидан Ўзи асрасин. Барчаларимизни Ўзи гўзал ислоҳ қилсин.
Азиза РАҲМАТОВА
Самарқанд тумани бош отинойиси