Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Август, 2026   |   10 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:15
Қуёш
05:40
Пешин
12:26
Аср
17:12
Шом
19:15
Хуфтон
20:36
Bismillah
23 Август, 2026, 10 Рабиъул аввал, 1448

Тилини асраган аёл

02.08.2020   13898   7 min.
Тилини асраган аёл

Абдуллоҳ ибн Муборак ҳикоя қилади:

Мен Аллоҳнинг муборак уйи Байтуллоҳни ҳаж қилиш ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларини зиёрат этиш нияти билан сафарга чиққан эдим. Йўлда бир қора шарпага дуч келдим. Яқинроқ бориб қарасам, жун кўйлак кийган ва рўмол ёпилган бир кампир экан.

  • Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ, — деб салом бердим. У:
  • «Меҳрибон Парвардигор томонидан салом айтилур»,1 — деб алик олди.
  • Аллоҳ сенга раҳм этсин, бу ерда нима қиляпсан? — деб сўрадим. Кампир:
  • «Кимни Аллоҳ адаштириб қўйса, унинг учун бирон ҳидоят қилувчи бўлмас»,2 — деб тиловат қилди. Унинг сўзидан йўлдан адашганини англадим. Кейин:
  • Қаерга кетяпсан? — деб савол қилдим.
  • «Бир кечада бандасини Масжидул Ҳарамдан Масжидул Ақсога сайр қилдирган Зот покдир»,3 — деб жавоб берди. Билдимки, у ҳаж ибодатини адо этиб, Байтул Мақдисга кетаётган экан. Сўнгра бу ерда қачондан бери турганини сўрадим.
  • «Уч кеча-кундуз»,* — деди. Нима еб-ичаётганини сўраганимда:
  • «Унинг ўзи мени тўйдирур ва қондирур»,5 — деб жавоб қилди.
  • Таҳоратни қандай қиляпсан? — деб сўрадим кейин. У Моида сурасининг 6-оятини ўқиди:
  • «Сув топа олмасангиз, пок тупроқ билан таяммум қилингиз».
  • Менинг овқатим бор, ейсанми? — дедим.
  • «Сўнгра кечгача рўзани бенуқсон қилиб тутинглар».6
  • Ҳозир рамазон ойи эмас-ку.
  • «Ким ўз ихтиёри-ла яхшиликни ният этса, бас, Аллоҳ шукр қилгувчи ва билгувчидир».7
  • Сафарда бизга рўза тутмасликка рухсат этилган-ку.
  • «Рўза тутишингиз, агар билсаларингиз, ўзингиз учун яхшидир».8
  • Нима учун мен гапиргандек оддий сўзлар билан га-пирмаяпсан, — десам:
  • «У бирон сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса) унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)»,9 — деди. Мен савол беришда давом этдим:
  • Сен кимсан ўзи?
  • «(Эй инсон,) ўзинг аниқ билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дил — буларнинг барчаси тўғрисида (инсон) масъулдир», — деб Исро сурасининг 36-оятини тиловат қилди.
  • Хато қилдим, кечир — деб узр сўрадим. У:
  • «Бугун сизлар айбланмайсизлар. Аллоҳ сизларни мағфират қилур»,10— деди. Кейин:
  • Мана бу туямга ўтириб, карвонингга етиб олишни хоҳлайсанми?— деб таклиф қилдим.
  • «Қандай яхши амал қилсангиз, Аллоҳ уни билади»," — деди. Туяни чўктирдим. Шунда у:
  • «Мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёлларга тикишдан) тўсинлар»,12 —деган оятни ўқиди. Мен кўзимни ундан уздим ва:
  • Туяга чиққин, — дедим. У минмоқчи бўлганида, туя ҳуркиб кетди ва кийимини йиртиб юборди. Шунда:
  • «Сизларга не бир мусибат етса, ўз қўлларингиз қилган нарса-гуноҳ сабабли (етур)»,'3,—деб қироат қилди.
  • Шошмай тур, туяни боғлаб қўяй, — дедим. У:
  • «Биз уни Сулаймонга фаҳмлатдик»," — деди. Туяни боғлаб қўйиб, унга:
  • Мингин, — дедим. Туяга миниб олгач, у:
  • «Бизларга буни бўйсиндирган зот покдир. Бизлар бунга қодир эмас эдик. Албатта, биз Роббимизга қайтгувчимиз»,15— деди. Жиловдан тутиб, қичқириб туяни тез ҳайдаб кетдим. Шунда у Луқмон сурасининг:
  • «Юрганингда ўртача юргин ва овозингни паст қилгин»,— деган оятини тиловат қилди. Сўнгра секин юриб, шеър ўқий бошладим.
  • «Қуръондан муяссар бўлган миқдорда ўқийверинглар»,'6— деди.
  • Менга кўп яхшиликлар берилди, — дедим мен. У: 
  • «Ақл эгаларигина эслайдилар»," — деб ўқиди. Бир оз юрганимиздан кейин:
  • Эринг борми? — деб сўрадим. У Моида сурасининг 101-оятини ўқиб жавоб берди:
  • «Эй мўминлар, аён бўлганда сизларни хафа қиладиган нарсалар ҳақида сўраманглар». Мен жим қолдим, карвонига етиб олгунимизча унга ҳеч нарса гапирмадим. Етиб келгач:
  • Мана карвон, бу ерда киминг бор? — деб сўрадим. У:
  • «Мол-мулк ва бола-чақа ҳаёти дунёнинг зийнатидир»,18 — деди. Бу гапидан карвонда фарзандлари борлигини билдим.
  • Улар нима қиладилар?, — деб сўраган эдим:
  • «Белгилар қўйилди ва юлдузлар билан топурлар»,19 — деган оятни ўқиди. Болалари карвонларда йўл бошловчи эканликларини билдим. У чайлалар томон ишора қилди.
  • У ерда киминг бор? — дедим. У яна оят ўқиди:
  • «Аллоҳ Иброҳимни ўзига дўст тутди»,20 «Мусо билан Аллоҳнинг ўзи, бевосита, гаплашди»,21 «Эй Яҳё, китобни маҳкам ушла».22 Мен:
  • Эй Иброҳим, эй Мусо, эй Яҳё! Деб, аёлнинг фарзандларини чақирдим. Олдимга ойдек йигитлар келиб салом берди. Шунда аёл ўғилларига:
  • «Энди бир кишини мана шу пулингиз билан шаҳарга жўнатинглар, у энг сара, покиза таомларни танлаб, сизларга ундан ризқ-насиба олиб келсин»,23 — деди. Улардан бири бориб, таом сотиб олиб келди ва овқатни дастурхонга қўйди. Аёл яна тиловат қилди: 
  • «Сизлар ўтган кунларда қилган амалларингиз сабабли (ушбу ноз-неъматларни) пок билиб еб-ичинглар».24 Шунда мен:
  • Бу аёл ҳақида гапириб бермагунларингизча овқатларингизни емайман, — дедим. Улар:
  • Бу аёл бизнинг онамиз бўлади. Қирқ йилдан бери пок Парвардигорнинг адаштиришидан, ғазаб қилишидан қўрқиб, Аллоҳнинг каломи — Қуръони каримнинг сўзидан бошқа сўзни гапирмайди, — дейишди. Шунда мен ҳам жавоб тариқасида бир оят ўқидим:
  • «Бу Аллоҳнинг фазл-карами, уни хоҳлаган бандасига беради. Аллоҳ улуғ фазилат эгасидир».

«Одоблар дурдонаси» китобидан.

 

1. Ёсин, 58

9. Қоф, 18

17. Бақара, 269

2. Аъроф, 186

10. Юсуф, 92

18. Каҳф, 46

3. Исро, 1

11. Бақара, 197

19. Наҳл, 16

4. Марям, 10

12. Нур, 30

20. Нисо, 125

5. Шуаро, 79

13. Шўро, 30

21. Нисо, 164

6. Бақара, 187

14. Анбиё, 79

22. Марям, 12

7. Бақара, 158

15. Зухруф, 14

23. Каҳф, 19

8. Бақара, 184

16. Музаммил, 20

24. Ал-Ҳаққа, 24

Ибратли ҳикоялар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Муқаддас масканга муносабат қандай бўлиши керак?

14.08.2026   34633   2 min.
Муқаддас масканга муносабат қандай бўлиши керак?

Имом Бухорий мажмуаси нафақат Озбекистон, балки бутун ислом олами учун улугва муқаддас қадамжолардан бири ҳисобланади.

Ҳазрат Имом Бухорийдек буюк муҳаддис номи билан бог‘лиқ ушбу мажмуа бугун юртимизнинг энг йирик ма’навий ва маданий марказларидан бирига айланган. Ҳар куни минглаб зиёратчилар бу ерга келиб, аждодлар мероси, ма’рифат ва муқаддас тарих билан юзлашмоқда.

Мажмуа нафақат зиёратгоҳ, балки халқимизнинг бой ма’навий мероси, миллий ме’морчилиги ва ислом цивилизациясидаги о‘рнини намоён этувчи ноёб маданий об’ектдир. Уни барпо этиш учун катта меҳнат, юксак маҳорат ва қимматбаҳо қурилиш материаллари сарф этилган. Шу боис бу қутлуг‘ масканни асраб-авайлаш ҳар биримиз учун муҳим вазифадир.

Яқинда Маданий мерос агентлиги томонидан айрим зиёратчиларнинг мажмуа ҳудудида бепарво муносабатда бо‘лаётгани ҳақида ма’лумот берилди. Айрим ҳолатларда устунлар, айвонлар ва музей экспонатларига эҳтиётсиз муносабатда бо‘лиш, чиқиндиларни дуч келган жойга ташлаш каби ҳолатлар кузатилмоқда. Бу эса нафақат зиёратгоҳ ко‘ркига, балки унинг ма’навий муҳитига ҳам салбий та’сир ко‘рсатади.

Бу ҳолат барчамизни сергакликка чақириши керак. Зеро, муқаддас қадамжога келган инсон аввало о‘зини муносиб тутиши, тозалик ва тартиб-қоидаларга амал қилиши лозим. Чунки зиёратгоҳ — оддий сайргоҳ эмас. Бу ерда асрлар нафаси, буюк аждодлар руҳи ва ма’рифат зиёси мужассам.

Тозалик эса инсон маданиятининг энг муҳим ко‘рсаткичларидан бири. Ислом та’лимотида ҳам покликка алоҳида аҳамият берилган. Пайг‘амбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом “Тозалик — иймоннинг ярмидир”, дея та’кидлаганлар. Демак, зиёратгоҳ ҳудудида озодаликни сақлаш нафақат фуқаролик бурч, балки ма’навий мас’улият ҳамдир.

Айниқса, чет эллик меҳмонлар О‘збекистон ҳақидаги илк таассуротни айнан шундай муқаддас масканлар орқали олади. Агар зиёратгоҳ озода, тартибли ва файзли бо‘лса, бу халқимизнинг юксак маданияти ва ма’навиятини намоён этади. Аксинча, бепарволик ва тартибсизлик мамлакатимиз нуфузига салбий та’сир ко‘рсатиши мумкин.

Ёш авлодни зиёратгоҳ маданияти руҳида тарбиялаш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Болалар катталардан ибрат олади. Агар ота-она муқаддас жойда тартибга амал қилса, эҳтиёткор бо‘лса, фарзанд ҳам шу руҳда тарбия топади. Шу боис ҳар бир инсон о‘з ҳаракати билан бошқаларга намуна бо‘лиши керак.

Имом Бухорий мажмуаси — миллатимиз г‘урури ва ма’навий бойлиги. Уни асраш, тозалигини сақлаш ва эҳтиром билан муносабатда бо‘лиш ҳар бир инсоннинг виждоний бурчидир. Зиёратгоҳларга бо‘лган муносабатимиз орқали биз о‘з маданиятимиз, ма’навиятимиз ва аждодлар меросига бо‘лган ҳурматимизни намоён этамиз.

Аслиддин Мустафоев, мажмуа ахборот хизмати раҳбари.

О‘збекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари