Шу йил 6 июнь ҳолатига, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан туман ва шаҳарлар эпидемиологик тоифаларининг янгиланган рўйхати эълон қилинди.
Унга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри, Андижон вилояти Андижон шаҳри, Балиқчи ва Избоскан туманлари, Бухоро вилояти Бухоро шаҳар ва Қоракўл тумани, Наманган вилояти Норин тумани, Самарқанд вилояти Иштихон тумани, Тошкент вилояти Бўка туманига “яшил” ҳудуд тоифаси берилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг карантин даврида масжидлар фаолиятини ташкил этиш юзасидан баёнотига мувофиқ, шу йил 9 июндан бошлаб, ушбу ҳудудларда жойлашган масжидлар намозхонлар учун очилади.
Аксинча, Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани, Наманган вилояти Янгиқўрғон, Косонсой, Поп туманлари, Сирдарё вилояти Ховос тумани, Хоразм вилояти Урганч шаҳри “қизил” тоифа ва Бухоро вилояти Когон тумани, Тошкент вилояти Бўстонлик тумани, Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрига “сариқ” тоифа берилиши сабабли ушбу ҳудудлардаги масжидлар фаолияти вақтинча тўхтатилади.
Айни кунларда халқимиз синовли кунларни бошидан кечиряпти. Барча биргаликда коронавирус касаллигининг кенг тарқалишининг олдини олишга жидду жаҳд қилиши лозим.
“Қизил” ёки “сариқ” худудлардан “яшил” худудлар қаторига ўтиш ва масжидлар ўз фаолиятини қайта бошлашида – ҳар бир инсоннинг ҳиссаси катта бўлади, карантин мезонларига амал қилиш айни матлуб ва шариатда буюрилган ишдир.
Аллоҳ таоло барча масжидлар эшиклари очилишини насиб этсин!
Қуйида республика бўйича туман-шаҳарлар кесимида “яшил”, “сариқ” ва “қизил” ҳудудга тоифаланишнинг рўйхатини кўришингиз мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
#Сайёр_йиғилиш
Хабарингиз бор, шу йил ҳаж мавсумида хурматли Президентимиз Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари билан телефон орқали мулоқот қилиб, ҳожиларнинг ҳол-аҳволларини сўрадилар.
Бу йил юртимиздан ҳажга борган юртдошларимиз Арафот водийсида муфтий, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчиликларида юртга қайтгач, «Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари бўламиз» деган эзгу ташаббусни илгари сурган эдилар.
Шу ташаббус айни кунларда амалга кўчиб, ҳожиларимиз маҳаллаларга кириб, тинчлик ва маънавиятни тарғиб этмоқдалар.
Бугун, 16 июль куни Мирзо Улуғбек туманида сайёр йиғилиш ўтказилди.
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов олиб борган йиғилишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллиги масъул ходимлари, туманлар бош имом-хатиблари, уламолар, отинойилар ҳамда «Ҳаж 2025»да ҳажга борган ҳожи оталар ва ҳожи оналар иштирок этишди.
Дастлаб Тошкент шаҳар бош имом-хатиби раисликларида туманлар бош имом-хатиблари, шунингдек, тажрибали имом-хатиблардан иборат Ишчи гуруҳ шакллантирилди.
Абдуқаҳҳор домла амалга ошириладиган ишлар кўлами, Ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда имом-хатиблар ҳамкорлигининг муҳим жиҳатлари хусусида йиғилганларга тушунчалар бердилар.
Шундан сўнг тумандаги барча имом-хатиблар ҳожилар билан биргаликда ҳудуддаги 20 та маҳаллага чиқиб, юзга яқин хонадонга киришди.
Ажрим ёқасига келиб қолган бир оилага кирилиб, уларга ҳожилар зарур тавсияларни беришди. Оила бошлиқлари хато қилганларини англаб етдилар.
Тадбир доирасида жисмоний имконияти чекланган онахонга махсус аравача ҳадя қилинди. Онахон кўзидаги қувонч ёшлари билан шу хайрли ишларнинг бошида турган азиз инсонларни алқаб, уларга миннатдорлигини изҳор қилди.
Эҳтиёжманд бир оилага замонавий телевизор ҳамда рўзғор учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
Ёш оилага адабий-бадиий китоблар улашилди.
Кўнгли ўксик инсонлар ҳолидан хабар олингани тадбирга ўзгача файз бағишлади.
Бугунги тадбирни ўтказишдан мақсад юртимизда инсон қадри, шаъни улуғ эканини, одамларга яхшилик улашиб яшаш, юртимизда ҳукм сураётган тинчликнинг қадрига етиш, ўзаро ҳамжиҳатликни таъминлаш, ёшларимизни турли ёт ғоялардан асрашда ҳожиларимизнинг хизмати беқиёс эканини кўрсатмоқда.
Аслида имом-хатибларимиз ҳар куни шундай хайрли ишларни амалга оширмоқдалар. Бугунга келиб бу иш тизимли ва кенг кўлам касб этиб, такомиллашиб бормоқда.
Тадбир иштирокчилари яна «Мулла Қосим» жоме масжидига қайтиб, амалга оширилган ишларни ўртага ташлаб, келгусидаиг режаларни белгилаб олишди.
* * *
Пешин намозидан сўнг Абдуқаҳҳор домла «Мулла Қосим» жоме масжидида жамоатга «Шукроналик ва тинчликнинг қадри» мавзусида мавъиза қилиб бердилар.
Хайрли дуолар билан сайёр йиғилиш ўз ниҳоясига етди.
* * *
Эслатиб ўтамиз, кейинги шундай тадбир Сергели туманида ўтказилади.
Улашинг | @MuslimShosh