Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Октябр, 2025   |   4 Жумадул аввал, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:28
Қуёш
06:47
Пешин
12:12
Аср
15:44
Шом
17:30
Хуфтон
18:43
Bismillah
26 Октябр, 2025, 4 Жумадул аввал, 1447

Ўзбекистон дунё ҳамжамиятига ўрнак бўлмоқда

22.09.2023   6340   8 min.
Ўзбекистон дунё ҳамжамиятига ўрнак бўлмоқда

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога шукрки, юртимиздаги инсон манфаатларига қаратилган ислоҳотлар дунё ҳамжамияти томонидан ҳам муносиб эътироф этилмоқда, тақдим этилган таклиф-ташаббуслар ҳаётийлиги билан муҳим аҳамият касб этаётир. Натижада мамлакатимиз дунё миқёсида ўз ўрни, ўз сўзига эга бўлиб, довруғи янада юксалмоқда.

Президентимизнинг 2023 йил 17-21 сентябрь кунлари АҚШга қилган сафари ҳам самарали мулоқотлар, манфаатли учрашувлар ва фойдали келишувларга бой бўлди. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг 19 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги нутқида жаҳон ҳамжамиятини бугунги кунда муҳим бўлган масалаларга эътибор қаратиб, бир қатор таклифларни илгари сургани океанорти сафарининг энг муҳим нуқтаси бўлди.

Таъкидлаш керакки, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорлик мисли кўрилмаган юксак даражага чиқди. Биргаликда қарийб 140 та дастур ва лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилгани, айниқса, Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 6 та резолюцияси қабул қилингани фикримизни яққол тасдиқлайди.

Шунингдек, Ўзбекистон БМТнинг бир қатор нуфузли тузилмаларига сайланди ва уларнинг ишида фаол иштирок этмоқда. Биргаликда глобал кун тартибига оид, жумладан, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, туризмни ривожлантириш, камбағалликка ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш масалалари бўйича йирик халқаро тадбирлар ўтказилмоқда.

Юртбошимиз ўз чиқишида “Биз ҳуқуқий, дунёвий, демократик ва ижтимоий давлат бўлмиш Янги Ўзбекистонни барпо этиш сиёсатини қатъий давом эттирмоқдамиз. Мамлакатимиз “Инсон қадри ва манфаатлари учун” деган эзгу ғоя асосида демократия ва адолат тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган туб ислоҳотлар йўлидан дадил илгари бормоқда”, дея таъкидлади.

Дарҳақиқат, бугун юртимизнинг барча жабҳасида изчил ислоҳотлар давом этмоқда. Бу эса, ўз навбатида, халқимизнинг турмуш фаровонлиги ошишига, юрт равнақи ва дунё миқёсида муносиб ўрин эгаллашида муҳим омил бўлаётир. Айниқса, барча йўналишда “Инсон қадри ва манфаатлари учун” деган тамойил асосида иш олиб борилаётгани бу ислоҳотларнинг янада самарали кечишига, халқимизнинг розилигига замин бўлмоқда.

Аҳоли билан ишлашда маҳаллалар, оилалар кесимида иш олиб борилаётгани, барча мутасадди ташкилот вакиллари қаторида диний соҳа ходимлари, хусусан, имом-хатиблар ҳам халқ билан мулоқотни йўлга қўйгани бу ишларнинг янада самарали кечишида муҳим ўрин тутмоқда.

Президентимиз ўз нутқида ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини кенг тарғиб этиш, диний бағрикенгликни қарор топтириш ва турли таҳдидларга қарши биргаликда курашишга ҳам алоҳида тўхталди.

Сўнгги пайтларда айрим мамлакатларда кўзга ташланаётган диний тоқатсизлик, исломофобия ҳолатларига асло йўл қўйиб бўлмаслиги таъкидланди. Ҳақиқатан, кейинги пайтларда дунёда исломни ёмонотлиқ қилишга уринишлар, турли фитналар кенг тарқалмоқда. Аслида, буларнинг динимизга умуман алоқаси йўқ. Ислом одамларни Ер юзида тинчлик-осойишталикда аҳил-иноқ бўлиб яшашга чорлайди. Шу мақсадда ҳар қандай ҳолатда ҳам раҳм-шафқат ва бағрикенглик каби юксак инсоний фазилатларни тарғиб этади.

Манбаларда ҳақиқий мўмин бошқаларга қўли билан ҳам, тили билан ҳам озор бермаслиги кераклиги уқтирилади. Бир ҳадиси шарифда саҳобалардан бири Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдига келиб, “Эй Аллоҳнинг Расули, қайси мусулмон афзал саналади?” деб сўради. Шунда у зот: “Ҳақиқий мусулмон тили ва қўлидан бошқа мусулмонлар саломат бўлган кишидир”, деб жавоб берди.

Бинобарин, қайси динга мансуб бўлмасин, одамлар инсон бўлгани учун ҳурмат қилинади, ҳимоя этилади ва ҳар бири ўз ҳуқуқларига эга бўлади. Қисқача айтганда, динимиз — бағрикенглик дини. Бу тушунча бугун давлатимиз сиёсатида ҳам муҳим ўрин олаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Президентимизнинг олий минбардан туриб жаҳон миқёсида динлараро бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик ғояларини кенг тарғиб этиш мақсадида Ўзбекистонда ЮНЕСКО шафелигида Динлараро мулоқот ва бағрикенглик халқаро марказини ташкил этиш таклифи ҳам бежиз эмас. Чунки кейинги йилларда Ўзбекистонда турли динларга мансуб қадриятларни асраб-авайлашга, барча фуқарога ўз эътиқодини амалга ошириш учун зарур шароитларни яратиб беришга, динлар ва миллатлараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга, улар ўртасида муштарак анъаналарни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда ва бу борада дунё мамлакатларига намуна бўлаётганини ҳам қайд этиш даркор.

Ҳозирги даврда турли диний конфессиялар ўртасида ўзаро бир-бирини тушуниш, мулоқот қилиш ва аҳил-иноқ яшаш тинчликни қарор топтиришнинг бош омили бўлмоқда. Қуръони каримда ҳам Ҳақ таоло: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик...” (Ҳужурот, 13), деб хитоб қилади.

Маълумки, давлатимиз раҳбари 2017 йил 19 сентябрда ҳам БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюция қабул қилиш ташаббуси билан чиққанди. Бинобарин, Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа БМТга аъзо давлатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланган. Резолюция нафақат БМТнинг барча аъзо давлатлари томонидан, балки 50 дан ортиқ давлатлар ҳаммуаллифлигида қабул қилинган эди.

Бу Ўзбекистонда турли миллат ва элатлар, диний конфессиялар вакиллари ўртасидаги аҳил-иноқлик, ҳамжиҳатликни таъминлаш, тинчлик-осойишталик, барқарорликни сақлаш йўлида оқилона ислоҳотлар ва амалий чора-тадбирлар олиб борилаётгани баробарида мамлакатимиз жаҳонда бағрикенглик тарғиботчиси ва ташаббускори бўлаётганидан далолат.

Юртбошимизнинг мазкур Ассамблеядаги яна бир муҳим ташаббуси 2024 йилда Ўзбекистонда “Ислом тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференция ўтказиш таклифи бўлди. Диёримиз жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган, исломни илм-маърифат ва тинчлик дини сифатида намоён этган ал-Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий сингари улуғ аллома ва мутафаккирлар ватанидир. Буюк олимларнинг бой меросини ўрганиш, исломнинг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш бугунги кун учун ғоят долзарб аҳамият касб этмоқда.

Бугун тараққиётнинг янги босқичида тарихий меросни асраб-авайлаш, ўрганиш ва авлоддан-авлодга қолдириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Зеро, муборак динимизнинг асл инсонпарварлик моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, миллий қадриятларимизни, азиз авлиёларимизнинг хотирасини тиклаш, бебаҳо меросини ўрганиш, қадамжоларини обод қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар Ўзбекистонни илм-фан, маданият, маърифат марказига айлантиришдек эзгу ниятларга, юксак мақсадларга пойдевор бўлмоқда.

Ушбу чиқишда давлатимиз раҳбари Биз экстремизм балоси тарқалишига, ёшларнинг радикаллашувига йўл қўймаслик учун биргаликдаги ҳаракатларимизни кучайтиришимиз зарур, деб таъкидлади. Мазкур йўналишда авваллари экстремизм ғоялари таъсирида бўлган шахсларни соғлом ҳаётга қайтариш ва жамиятга мослаштириш масаласига алоҳида урғу берилди. Жумладан, беш марта “Меҳр” инсонпарварлик миссияси ўтказилгани, 530 нафардан зиёд фуқаролар, аввало, аёллар ва болалар Яқин Шарқ ва Афғонистондаги ҳудудлардан юртимизга қайтарилгани Президентимиз нутқида алоҳида таъкидланди. Ушбу шахсларнинг барчасига тиббий, руҳий, ижтимоий ва бошқа ёрдамлар кўрсатилганига эътибор қаратилди. Ушбу тажриба ҳам анжуман иштирокчилар томонидан эътироф этилди.

Мана шундай таклиф ва ташаббуслар сессия иштирокчилари, делегациялар аъзолари ва сиёсий етакчилар томонидан илиқ кутиб олинди. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг нутқини БМТ Бош котиби юксак баҳолаб, унда билдирилган таклифлар, ташаббуслар долзарб глобал ва минтақавий муаммоларга ечим топишда муҳим аҳамиятга эгалигини, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини урғулади.

Аллоҳ таоло юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни бардавом айласин ва дунёда мамлакатимиз нуфузини янада оширсин!

 

Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий.

МУФТИЙ МИНБАРИ
Бошқа мақолалар

Қуръондаги 6 шифо ояти

10.01.2024   9977   2 min.
Қуръондаги 6 шифо ояти

Банда бирор касалликдан азоб чекаётганда шифо сабабларини албатта излаши шартдир. Бу борада шифокорга мурожаат этиш, дори-дармонларни қабул қилиш, сабрли бўлиш, шунингдек, касалликнинг олдини олиш талаб этилади.

Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Қатода розияллоҳу анҳунинг ҳаққига бундай дуо қилганлар: “Аллоҳим, унинг юзини янада гўзал қилгин, сочлари ва танасини қувватли қилгин. Қатода розияллоҳу анҳу 75 ёшида вафот этганида ўн беш ёшли йигитга ўхшарди.

Бир куни Имом Қосим Кушайрий раҳимаҳуллоҳнинг ўғли касал бўлиб қолди. Ота фарзандининг касаллигидан қаттиқ ғамга ботди. Кунларнинг бирида тушида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўради ва ўғлига шифо тилаб дуо сўрайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Ўғлингга шифо оятларини ўқи”, дейдилар. Қосим Қушайрий раҳматуллоҳи алайҳи уларни ўқийди ва ўғли тузалиб кетади.

Шифо оятларига қуйидагилар киради:

وَيَشْفِ صُدُورَ قَوْمٍ مُؤْمِنِينَ

  1. (Аллоҳ) мўминлар қавми қалбларига шифо беради” (Тавба сураси, 14-оят).

يَا أَيُّهَا النَّاسُ قَدْ جَاءَتْكُمْ مَوْعِظَةٌ مِنْ رَبِّكُمْ وَشِفَاءٌ لِمَا فِي الصُّدُورِ وَهُدًى وَرَحْمَةٌ لِلْمُؤْمِنِينَ
 

  1. “Эй, одамлар! Сизларга Роббингиздан ваъз (насиҳат), диллардаги нарса (ширк ва бошқа иллатлар)га шифо ва мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди” (Юнус сураси, 57-оят).

يَخْرُجُ مِنْ بُطُونِهَا شَرَابٌ مُخْتَلِفٌ أَلْوَانُهُ فِيهِ شِفَاءٌ لِلنَّاسِ إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآَيَةً لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ
 

  1. “Уларнинг (асалариларнинг) қоринларидан одамлар учун шифо бўлган турли рангдаги шарбат (асал) чиқур. Албатта, бунда фикр юритадиган қавм учун аломат бордир” (Наҳл сураси, 69-оят).

وَنُنَزِّلُ مِنَ الْقُرْآَنِ مَا هُوَ شِفَاءٌ وَرَحْمَةٌ لِلْمُؤْمِنِينَ

  1. (Биз) Қуръондан мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган (оят)ларни нозил қилурмиз” (Исро сураси, 82-оят).

 

وَإِذَا مَرِضْتُ فَهُوَ يَشْفِينِ

  1. Касал бўлганимда, Унинг Ўзи менга шифо берур (Шуаро сураси, 80-оят).

 

قُلْ هُوَ لِلَّذِينَ آَمَنُوا هُدًى وَشِفَاءٌ

  1. Айтинг: “(Ушбу Қуръон) иймон келтирган зотлар учун ҳидоят ва (дилдаги маънавий иллат учун) шифодир” (Фуссилат сураси, 44-оят).

Даврон НУРМУҲАММАД