Кечагина рамазон ойини интизорлик билан кутаётган эдик. Бугун эса у бизни тарк этиш арафасида.
Рамазон! Сен менга ўзимданда суюклисан, кунларинг, дақиқаларинг мен учун йиллардан афзал.
Сен ирфон ойисан, иймон ойисан, Қуръон ойисан. Қалбим сен сабаб Аллоҳга боғланади, файзинг сабаб ҳаловат топади.
Ҳар онинг ибодат, зикр ва истиғфордир. Жаннатдан сўнг, фақат сендагина замин аҳли тили ва дилини туну-кун Аллоҳнинг зикрига бағишлайди.
Сен сабаб юртимизга барака, халқимизга фароғат келади.
Аллоҳ таоло сени мақтаб Ўз Каломи Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
“Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. (Бақара сураси, 185 от)
Оятнинг исботи ўлароқ, сен сабаб яна қанчадан қанча адашган, йўлини йўқотган, ғафлатда қолганлар ҳидоят топди, Аллоҳни таниди.
Меҳрибон Аллоҳ кунларинг давомида жаннат эшикларининг барчасини очиб, дўзаҳ эшикларини ёпди.
Шайтонлар занжирбанд этилди, фаришталар замин узра ёмғирдек ёғилди.
Илк кунингданоқ қалбларимизга кириб, 11 ой давомида гуноҳ ва масиятларимиз остига кўмиб юборганимиз иймон, меҳр-муҳаббат, силаи раҳм, шафқат каби туйғуларни яна ниш уриб, гуллашига йўл очдинг.
Дунё ташвишлари ила қалбимиз қаттиқлашиб қолган эди, бизларни ҳудди олов шамни эритгандек юмшатдинг.
Кўзларимиз ҳақни кўришдан, идрокимиз тафаккур қилишдан тўхтаёзган эди. Сен уларни яна ўз ҳоли ва хизматига қайтардинг.
Фақат ва фақат сендагина минг ойдан яхши кеча “лайлат ул қадр” бор, жоним фидо бўлсин бу кечага.
Қалбларимизга шифо берувчи таровеҳ бор.
Фақат сендагина танамаз парҳезкор, саломат ва тунлари ибодатда бўлади.
Фазлу барокатинг ила бойлар ва ўзига тўқлар ночорларга кўмак, ҳақдорларга закот ва садақалар берди. Фарзандлар ота-онасига, қариндошлар жигарларига, қўшнилар бир-бирига меҳр кўрсатди.
Энди эса сен, дилларимизни маҳзун этиб, бизларни тарк этмоқдасан. Биз эса кўзимизда ёш, ичимизда ҳузун ила ортингдан маюс қоламиз. Сендан унумли фойдаланмаган, сенда гуноҳларни тарк этмаган, сени қадрламаган ва сонияларингни бой берган бўлсак ҳолимизга вой.
Аллоҳдан ўтинчимиз қиёматда бизга шафоатчи бўлишингни насиб этсин!
Алвидо рамазон... Алвидо қалбим қуёши...
Аллоҳ таоло яна сен билан дийдорлашмоқни барчамизга насиб этсин!
Саидаброр Умаров
Инсонлар ҳаётда бир бирлари билан аҳл иноқ яшашлари динимизда мақталган кўрсатма ҳисобланади.
Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин мўминнинг биродаридир, ҳеч бир ҳолатда унинг насиҳатини ерда қолдирмайди”. деганлар.
Динимизда мўминлар бир-бирлари билан ака-ука кабидирлар. Шундай экан, мўминлар ўртасидаги ҳақиқий муносабат туғишган биродарлари билан қиладиган муносабати каби бўлиши керак. Ҳатто зиёдароқ бўлиши даркор. Шу сабабдан биродарини севмоқ, унга гўзал муомала қилмоқ, унинг олдида камтар бўлмоқ, ўзининг ва ака-укасининг обрўсини ҳимоя килгани каби унинг ҳам шарафини ҳимоя қилмоқ мўъминлик, дўстлик шартларидандир.
Бундай аҳилликни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазратлари Мадинага борган вақтларида саҳобаи киром ўртасида тадбиқ этилган. Маккада бор-йўғини қолдириб, фақат Аллоҳнинг розилиги учун ҳижрат қилган маккалик муҳожирлар билан уларни қучоқ очиб кутиб олган Мадина халқи – ансорлар орасида юзага келди.
Исломга ёрдам берганлари учун мадиналик мусулмонлар ансор – ёрдамчи дейилди. Мадиналик ансор маккалик биродарига бор-йўғини топшириб, ҳақиқий самимийлик муомаласи қилган бўлсалар ҳам, аҳли Маккаликлар ўзларига кўрсатилган бу инсоний биродарликка миннатдорлик билдириш билан бирга, биродарларига ортиқча юк бўлмаслик учун савдо-сотиқ билан шуғуллана бошладилар. Бироз вақтдан сўнг эса уларнинг ўзлари бошқа муҳтожларга ёрдам бера бошладилар. Улардан бири ҳазрати Абдурраҳмон ибн Авф (Аллоҳ ундан рози бўлсин) Шом сафаридан келган савдо молларини туялари билан бирга Мадина камбағалларига эҳсон қилганлар.
Маълумки, инсон нуқсондан холи эмас. Аммо мусулмон ўз биродаридаги баъзи камчиликларни шартта юзига солмайди. Балки муносиб бир вақтда муносиб бир сўз билан ҳамда танҳо бир жойда айтади ва насиҳат қилади. Биродарининг хатою камчиликларини ошкор айтиш жоҳилларнинг ҳаракатидир.
Зеро, бунинг фойдадан кўра зарари кўпроқ бўлади. Чунки ўртада ҳасад, гина-адоват, жанжаллар келиб чиқиши мумкин. Шунинг учун насиҳат қилувчилар, мутлақ танҳо бир жойда, ширин тил билан ўзининг камчиликларини ҳам бироз мисол келтириб, уни ўзидан совутиб, узоқлаштирмайдиган даражада ўгит беришлари лозим. Ҳар ҳолда, барчамиз насиҳатга муҳтожмиз.
Яратган бир-биримизни тўғри йўлга чақиришимиз ҳам динимиз амри, ҳам дунёю охиратимизнинг саодати учун зарурдир. Барчамизга шундай гўзал хулқ эгаси бўлишимизни насиб айласин.
Кенжабек Солиев,
Чуст туман “Ғойиб эронлар” жоме масжиди имом-хатиби.