Кечагина рамазон ойини интизорлик билан кутаётган эдик. Бугун эса у бизни тарк этиш арафасида.
Рамазон! Сен менга ўзимданда суюклисан, кунларинг, дақиқаларинг мен учун йиллардан афзал.
Сен ирфон ойисан, иймон ойисан, Қуръон ойисан. Қалбим сен сабаб Аллоҳга боғланади, файзинг сабаб ҳаловат топади.
Ҳар онинг ибодат, зикр ва истиғфордир. Жаннатдан сўнг, фақат сендагина замин аҳли тили ва дилини туну-кун Аллоҳнинг зикрига бағишлайди.
Сен сабаб юртимизга барака, халқимизга фароғат келади.
Аллоҳ таоло сени мақтаб Ўз Каломи Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
“Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. (Бақара сураси, 185 от)
Оятнинг исботи ўлароқ, сен сабаб яна қанчадан қанча адашган, йўлини йўқотган, ғафлатда қолганлар ҳидоят топди, Аллоҳни таниди.
Меҳрибон Аллоҳ кунларинг давомида жаннат эшикларининг барчасини очиб, дўзаҳ эшикларини ёпди.
Шайтонлар занжирбанд этилди, фаришталар замин узра ёмғирдек ёғилди.
Илк кунингданоқ қалбларимизга кириб, 11 ой давомида гуноҳ ва масиятларимиз остига кўмиб юборганимиз иймон, меҳр-муҳаббат, силаи раҳм, шафқат каби туйғуларни яна ниш уриб, гуллашига йўл очдинг.
Дунё ташвишлари ила қалбимиз қаттиқлашиб қолган эди, бизларни ҳудди олов шамни эритгандек юмшатдинг.
Кўзларимиз ҳақни кўришдан, идрокимиз тафаккур қилишдан тўхтаёзган эди. Сен уларни яна ўз ҳоли ва хизматига қайтардинг.
Фақат ва фақат сендагина минг ойдан яхши кеча “лайлат ул қадр” бор, жоним фидо бўлсин бу кечага.
Қалбларимизга шифо берувчи таровеҳ бор.
Фақат сендагина танамаз парҳезкор, саломат ва тунлари ибодатда бўлади.
Фазлу барокатинг ила бойлар ва ўзига тўқлар ночорларга кўмак, ҳақдорларга закот ва садақалар берди. Фарзандлар ота-онасига, қариндошлар жигарларига, қўшнилар бир-бирига меҳр кўрсатди.
Энди эса сен, дилларимизни маҳзун этиб, бизларни тарк этмоқдасан. Биз эса кўзимизда ёш, ичимизда ҳузун ила ортингдан маюс қоламиз. Сендан унумли фойдаланмаган, сенда гуноҳларни тарк этмаган, сени қадрламаган ва сонияларингни бой берган бўлсак ҳолимизга вой.
Аллоҳдан ўтинчимиз қиёматда бизга шафоатчи бўлишингни насиб этсин!
Алвидо рамазон... Алвидо қалбим қуёши...
Аллоҳ таоло яна сен билан дийдорлашмоқни барчамизга насиб этсин!
Саидаброр Умаров
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида “Халқаро академик ҳадис тарихи анжуманлари” лойиҳаси доирасида “Имом Бухорийни қайта кашф этиш” мавзусида халқаро илмий конференция бўлиб ўтди.
Марказ, Ҳадис илми мактаби ҳамда Туркиянинг Анқара ва Анқара Йилдирим Боязид университетлари ҳамкорлигида ташкил этилган анжуман ҳадисшунослик соҳасидаги замонавий тадқиқотларни муҳокама қилиш учун халқаро академик платформа вазифасини ўтади.
Форумнинг очилиш маросимида Имом Бухорий илмий меросининг ислом тамаддунидаги алоҳида ўрни ва унинг бугунги кун илм-фан олдидаги юксак аҳамияти алоҳида эътироф этилди.
Илмий анжуман Ўзбекистон ва Туркия илмий доиралари вакиллари иштирокида олти шўбада ташкил этилди.
Конференция давомида “Саҳиҳул Бухорий” асарининг тарихий контексти, илк ислом даври сиёсий воқеаларининг ҳадислардаги инъикоси ҳамда Самарқанд ва Бухоро ҳадис мактабларининг шаклланиш тарихи илмий далиллар асосида таҳлил қилинди.
Мунозараларда асардаги “Фитан” (“Фитналар”) бобининг тадқиқи, дунё фондларида, хусусан, Истанбулнинг Сулаймония кутубхонасида сақланаётган нодир қўлёзма нусхалар матнларининг қиёсий таҳлили ҳамда “Фатҳул Борий” ва “Умдатул қорий” каби шарҳларнинг методологик хусусиятлари асосий ўрин олди.
Шунингдек, мутахассислар Имом Бухорийнинг ровийларни баҳолашдаги ўзига хос тамойиллари, “Саҳиҳ”да қўлланган “инжоз” (асарга анъанавий ҳадис тўпламларида мавжуд бўлмаган янгича бобларни қўшиш) ва “сулосиёт” (уч ровийли ҳадислар) услубларининг моҳияти ҳамда аллома асарларини замонавий исломшунослик ва фиқҳий-луғавий мезонлар асосида ўрганишнинг долзарб масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Анжуман якунида тадқиқотчилар томонидан Имом Бухорий меросининг ахлоқий-тарбиявий аҳамияти, “Ал-Адаб ал-муфрад” (“Одобнома”) асарининг мазмуний таҳлили ва жаҳон кутубхоналаридаги манбаларнинг библиографик тавсифи юзасидан илмий хулосалар баён этилди. Тадбир сўнггида фаол иштирокчиларга халқаро даражадаги сертификатлар топширилди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати