Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Май, 2026   |   4 Зулҳижжа, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:21
Қуёш
04:59
Пешин
12:25
Аср
17:28
Шом
19:45
Хуфтон
21:16
Bismillah
22 Май, 2026, 4 Зулҳижжа, 1447

Муқаддас калом мўъжизаси

20.05.2020   2468   7 min.
Муқаддас калом мўъжизаси

Муқаддас Ислом динининг асосий манбаси  Қуръони каримдир.  Қуръони карим Аллоҳ таоло томонидан  Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга йигирма уч давомида фаришта Жаброил алайҳиссалом воситаси ила туширилган ҳамда мусҳафларга битилган, қалбларда ҳифз, тилларда қироат қилинган ҳолда ҳеч бир ўзгаришсиз, узлуксиз узатиш орқали етиб келган илоҳий китобдир.

Гарчи   Қуръони карим тарқоқ ҳолда нозил этилган бўлса-да, бироқ  бу муборак каломнинг аввалидан охиригача оятларнинг мутаносиб, изчил кетма-кетликда, нафис, пухта услубда, ўзаро мустаҳкам боғлиқ эканини кўрамиз. Қуръондаги сура, оят ва жумлалар маҳорат билан ипга тизилган қимматбаҳо маржондек бир-бирига чамбарчас боғлиқдир. Аввал ҳам, кейин ҳам инсоннинг бунга ўхшаш каломи бўлмаган.

Қуръони карим услубидаги бундай мутаносиблик, оятлар орасида ҳеч бир ихтилофнинг йўқлиги ҳам унинг Аллоҳ каломи эканига катта далилдир.  Аллоҳ таоло: «Қуръонни тадаббур қилиб кўрмайдиларми? Агар у Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан бўлганида унда кўп ихтилофлар топар эдилар»,[1] деган.[2]

Аммо Қуръондан бошқа, одамлар тарафидан муқаддас деб саналган китоблар тарихи ўрганилса, улар бизнинг замонимизга етиб келишида турли ноаниқ ҳолатларга дуч келинади. Масалан, яҳудлар ва насоролар қўлларидаги Таврот ва Инжилни Аллоҳ таоло тушурганидек, ўзгартиришсиз, асл ҳолатда сақлай олишмади. Шунинг учун мусулмон киши Таврот ёки Инжилдан бирон нарса эшитса, уни инкор ҳам, тасдиқ ҳам қилмайди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўрсатмаларига мувофиқ, сизлар ва бизларга нозил бўлган нарсага иймон келтирамиз, дейди. Аллоҳ таоло Қуръони каримни нозил қилар экан, Қиёматга қадар сақлашни Ўз зиммасига олиб:

إِنَّا نَحْنُ نَزَّلْنَا الذِّكْرَ وَإِنَّا لَهُ لَحَافِظُونَ

Яъни: “Албатта, бу зикрни (яъни Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва уни Ўзимиз асрагувчидирмиз”, – дейди (“Ҳижр” сураси 9-ояти).

Қуръони каримни йўқотишга сон-саноқсиз душманлар томонидан юзлаб қирғинборот урушлар олиб борилишига қарамасдан, бирон бир ҳарфига путур етмаган ҳолда сақланиб қолди. Шак-шубҳасиз, қиёматгача шундай ҳолатда қолади.

Қуръони карим ва унинг китоб бўлиб жамланиш тарихи шубҳа туғдирувчи ҳар қандай иллатлардан мутлоқ ҳолидир. У саҳиҳ – аниқ ривоятлар асосига қурилган. Демак, биз ўқиётган Қуръони каримнинг бизгача ҳеч бир ўзгариш ва нуқсонсиз етиб келиши – Аллоҳ таолонинг марҳамати билан ҳамда бу борада улкан жонбозлик кўрсатган саҳобаларнинг заҳматли меҳнатлари маҳсулидир.

Қуръон оятлари нозил бўлиши билан Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига ўрнашар, сўнгра уни   саҳобаларга ўқиб берар эдилар. Саҳобалар  уларни ёдлаб олишар, шу билан бирга, хурмо пўстлоқлари, япалоқ тошлар, тахтачалар, терилар, ҳайвонларнинг курак суякларига каби ашёларга ёзиб борилган. Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг 44 та ваҳий котиблари бўлиб, улардан 14 таси машҳур бўлган. Улар нозил бўлаётган ҳар бир оят ва сураларни Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларига мувофиқ  навбатма-навбат ёзиб боришган. Булардан ташқари, ҳузурларида ҳозир бўлган бошқа кишилар ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган оятларни ёзиб олар ва ёдлар эдилар.[3]

Таъкидлаш ўринлики, Қуръони карим ўқиш-ёзишни билмайдиган умматга нозил бўлган, шунинг учун улар Қуръони Каримни хотираларига муҳрлаб олишган.  Аллоҳнинг бу умматга ато этган раҳматидан бири шуки, уларга Қуръонни ёд олишни осон қилиб қўйди, узоқ йиллар давомида бўлак-бўлак нозил бўлган оятларини фаҳмлашни енгил қилиб қўйди. Улар Қуръонни ёд олиб, маъноларини англаб олишди. Қуръоннинг бўлак-бўлак нозил бўлиши саҳобаи киромларга таълим услубини кўрсатиб берди. Улар уни ҳаётларига татбиқ қилишди, сўнг тобеъинлар улардан буни мерос қилиб олишди. Бу эса босқичма-боскич таълим олишдир. Имом Байҳақий «Шуъабул иймон»да Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда у киши: «Қуръонни беш оят-беш оят қилиб ўрганинглар», деган.[4] Ибн Асокир Абу Назрадан қилган ривоятда эса: «Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳу бизга Қуръонни эрталаб беш оят, кечки пайт беш оят ўргатар, Жаброил ҳам Қуръонни беш оят-беш оят олиб тушганини айтарди», деган.

Аллоҳ жамиятнинг босқичма-босқич ислоҳ бўлишини хоҳлади, чунки бузуқ жоҳилий жамият бир кеча-кундузнинг ўзида солиҳ жамиятга айланиб қолиши мумкин эмас эди. Шунинг учун Қуръон унинг босқичма-босқич ўзгаришини ва бу ўзгаришнинг мустаҳкам асослари бўлишини таъминлади. Аввалбошда ақийда ва унинг далилларига боғлиқ бўлган, чиройли хулқларга чорлайдиган оятлар нозил бўлди. Ниҳоят, одамлар иймон келтириб, нафслари покланганидан кейин эса ҳалол ва ҳаромга оид оятлар муайян изчилликда нозил бўлди. Бунга далил имом Бухорийнинг Оиша розияллоҳу анҳодан қилган ривояти бўлиб, унда Оиша онамиз шундай деганлар: «Ундан илк нозил бўлган нарса жаннат ва дўзах ҳақидаги муфассал суралардир. Одамлар Исломга гуруҳ-гуруҳ бўлиб кира бошлагач, ҳалол ва ҳаром ҳақидаги оятлар, аҳкомлар нозил бўлди”.

Қуръони каримнинг воқеа-ҳодисаларга мувофиқ нозил бўлиши сабабларидан бири – Қуръон оятлари қалбга янада таъсирли ва ҳаёт билан чамбарчас боғлиқ бўлиши учун эди. Чунки у воқеа-ҳодисаларга муносиб ечим ўлароқ нозил бўлган.

Бир ифода билан айтганда, Аллоҳ таолонинг муқаддас каломи Қуръони карим Унинг Ўзи ваъда қилганидек, қиёматга қадар ўзгармасдан қоладиган, тиловати ҳам, ҳукми ҳам, матни ҳам бирдек сақланиб қоладиган илоҳий муқаддас, мўжиза каломдир.

Орипов Завқиддин,

Навоий вилояти Қизилтепа тумани

“Боязид Бистомий” жоме масжиди имом хатиби

Онлайн суҳбатни Муҳтарама УЛУҒОВА уюштирди.

 

 

 

 

[1] Мансуров А. “Қуръони карим маъноларининг таржимаси”. – Т. “Тошкент ислом университети” нашриёт‑ матбаа бирлашмаси, 2004 й.

[2]  Нисо сураси, 82-оят.

[3] Имодуддин Исмоил ибн Касир. “Тафсирул қуръанил азим”, дорул маърифа. Ливия – Байрут.1409-1989. 1-ж, 32-б.

[4] Аҳмад ибн ал-Ҳусайн ибн Али Абу Бакр ал-Байҳақий. “Шуъаб ул-имон”.  Имом Нававийнинг “Саҳиҳу Муслим”га шарҳи. 1-ж, 120-б. http://www.al-islam.com

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Янги Ўзбекистонда инсон қадри ва саховат тантанаси

22.05.2026   1336   5 min.
Янги Ўзбекистонда инсон қадри ва саховат тантанаси

Самарқанд — асрлар давомида ислом маърифати ва тамаддунининг нурли маркази бўлиб келаётган, буюк алломалару авлиёлар етишиб чиққан муқаддас ва табаррук заминдир. Бу қутлуғ диёрдан таралган илм зиёси нафақат юртимиз, балки бутун ислом оламини маънавий бойитиб келмоқда. Имомлар, муҳаддислар, муфассирлар ва мутакаллимлар мероси билан донг таратган Самарқанд бугун ҳам бағрикенглик, маърифат ва муқаддас қадриятлар маскани сифатида юксак эътироф этилмоқда.

Бугун Самарқанд заминида муқаддас зиёратгоҳлар янада обод қиёфа касб этмоқда, масжид ва мажмуаларда халқимиз учун кенг қулайликлар яратилмоқда. Айниқса, жорий 2026 йилги Қурбон ҳайити юртимизда мисли кўрилмаган шукроналик, ҳамжиҳатлик ва юксак маънавий муҳит ила қарши олинмоқда.

Самарқандда ҳайит намози ва тайёргарлик ишлари

Жорий йилда Қурбон ҳайити 27 май — Чоршанба куни нишонланади. Самарқанд вилоятидаги барча масжидларда ҳайит намозларини муносиб тарзда ўтказиш учун пухта тайёргарлик кўрилди:

  • 287 та масжидда Қурбон ҳайити намози ўқилади;

  • Ҳайит намози соат 05:30 да бошланади;

  • Намоздан аввал масжидларда тинчлик, бағрикенглик, меҳр-мурувват, инсон қадри ва юрт осойишталиги ҳақида маърифий суҳбатлар ўтказилади.

Вилоят маркази ҳамда барча туманлардаги йирик масжидларда намозхонларнинг хавфсизлиги ва эмин-эркин ибодат қилишлари учун барча мутасадди ташкилотлар ҳамкорликда зарур чора-тадбирларни белгилаган.

Имом ал-Бухорий мажмуасида ҳайит шукуҳи

Муборак Қурбон ҳайити намози Имом ал-Бухорий мажмуасида ҳам катта кўтаринкилик ва файзу барака ила адо қилинади. Эрта тонгдан ушбу табаррук масканда Қуръон тиловатлари, такбир ва таҳлил садолари янграб, намозхонлар юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ҳамда дунё мусулмонларининг ҳамжиҳатлиги учун самимий дуолар қиладилар.

Ҳаж–2026: Юксак эътибор ва тарихий лаҳзалар

Ҳаж ибодати — мусулмонлар учун энг улуғ орзу ва муқаддас сафардир. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Муҳтарам жаноби олийларининг бевосита эътибор ва ғамхўрликлари туфайли жорий мавсум юқори даражада ташкил этилди:

  • Самарқанд вилоятидан 940 нафарга яқин зиёратчи Макка ва Мадинага сафар қилди.

  • Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан юртимиздан 100 нафар фуқаро "Президент ҳожиси" сифатида муборак сафарга юборилди. Бу эзгу қадам Янги Ўзбекистонда инсон манфаати ва меҳр-оқибат тамойиллари устувор эканининг ёрқин ифодаси бўлди.

  • Ҳар бир ҳожи учун тиббий хизмат, дори-дармон, шинам яшаш жойи, овқатланиш ва транспорт логистикаси тўлиқ ташкил этилиб, малакали гуруҳ раҳбарлари ва шифокорлар уларга хизмат кўрсатмоқда.

Тарихий воқеа: Жорий йилги Ҳаж мавсумининг барча ҳожиларимиз қалбида чуқур из қолдирган унутилмас воқеаси — Давлатимиз раҳбарининг муборак заминда бўлиб турган зиёратчиларимиз ҳолидан шахсан телефон орқали хабар олганлари бўлди. Юртбошимиз Муфтий ҳазратлари билан мулоқотда ҳожиларнинг саломатлиги билан қизиқиб, уларга ўзларининг самимий дуо ва эзгу тилакларини йўлладилар. Бу юксак эътибор Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварадаги юртдошларимиз қалбига чексиз қувонч ва шукроналик бағишлади.

Шариатимизда қурбонлик қилиш одоблари

Қурбонлик — Аллоҳ таолога бўлган тақво, итоат ва шукроналикнинг амалий ифодасидир. Вилоятимиздаги имом-хатиблар томонидан аҳолига қурбонлик қоидалари бўйича кенг тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Шариатимиз кўрсатмаларига кўра:

  1. Вақти: Қурбонлик ҳайит намози ўқиб бўлингандан кейин бошланиб, зулҳижжанинг 10, 11 ва 12-кунлари кун ботгунга қадар амалга оширилади;

  2. Шериклик: Қўй ва эчки бир киши номидан, сигир ва туя эса 7 кишигача шериклик асосида сўйилиши мумкин;

  3. Ҳайвоннинг ҳолати: Қурбонлик қилинадиган ҳайвон соғлом, кўзга кўринарли айблардан холи ва етук ёшда бўлиши лозим;

  4. Тарқатиш: Қурбонлик гўштини уч қисмга бўлиб, бир қисмини оилага сақлаш, иккинчи қисмини қариндош-уруғларга, учинчи қисмини эса муҳтож ва кам таъминланган оилаларга тарқатиш мустаҳаб (савобли) амалдир.

Азиз юртдошлар!

Масжидларимиздаги файзли муҳит, зиёратгоҳлардаги ободончилик ишлари, ҳожиларимизга кўрсатилаётган юксак эътибор ва халқимиз ўртасидаги меҳр-оқибат — буларнинг барчаси Янги Ўзбекистонда инсон қадри улуғланаётганининг амалий ифодасидир.

Аллоҳ таоло юртимиз тинчлигини, халқимиз бирдамлигини янада мустаҳкамласин. Қурбон ҳайити барчамиз учун хайр-барака, маънавий юксалиш ва эзгуликлар байрами бўлсин. Барчангизни яқинлашиб келаётган муборак айём билан самимий муборакбод этаман!

Аҳмадхон домла Алимов,

Самарқанд вилояти бош имом-хатиби

Мақолалар