Хайр-эҳсон бандани Аллоҳ таолога яқинлаштирадиган ва жаннатга киришига сабаб бўлган омиллардан биридир. У эҳсон қилувчининг молини камайтирмайди, аксинча Пайғамбаримиз соллаллоҳу аълайҳи васаллам марҳамат қилганларидек мол-дунёси зиёда бўлишига сабаб бўлади. Имом Муслим Абу Ҳурайра розиёллаҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифларида Пайғамбар соллаллоҳу аълайҳи васаллам: “Садақа молни камайтирмайди, Аллоҳ бандасига кечиримлилик билан фақат азизликнигина зиёда қилади, ким Аллоҳ учун хокисор бўлса, уни қадрини кўтаради”[1] деб марҳамат қилганлар. Модомики эҳсон молу-дунёсини камайтирмас, балки зиёда қилар экан бу мусулмон инсон у билан улуғ ажрга эга бўладиган ноёб фурсатдир. Садақа ва хайр-эҳсоннинг фазилатлари борасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу аълайҳи васалламдан жуда ҳам кўплаб ҳадислар келган. Ўшалардан бири: Абу Кабша ал-Анморий розиёллоҳу анҳудан, у Росулуллоҳ соллаллоҳу аълайҳи васалламни шундай деётганларини эшитган эканлар: “Учта нарсага қасам ичаман. Ва сизга бир ҳадис айтаман уни ёдлаб олинг. Айтдиларки: Банданинг моли садақа билан камаймайди, банда бирор зулмга учраса ва унга сабр қилса Аллоҳ унинг иззатинигина зиёда қилади, банда тиланчилик эшигини очса, Аллоҳ унга фақирлик (ёки шунга ўхшаш сўз айтдилар) эшигини очади. Сизга бир ҳадис айтаман уни ёдлаб олинг. Айтдиларки: Албатта дунёда тўрт нафар инсонникидар. (яъни дунёдаги инсонлар тўрт тоифидир)
Бир банда, Аллоҳ уни мол-дунё билан ҳам илм билан ҳам ризқлантирган. У билан роббисига тақво қилади. Қариндош уруғининг ҳолидан хабар олади ва ундаги Аллоҳнинг ҳаққини билади. Бу энг афзал манзилдир.
Бир банда, Аллоҳ уни илм билан ризқлантирган, аммо мол-дунё билан ризқлантирмаган. У тўғри ниятли: Агар молим бўлганида фалончини амалини қилардим дейди. Бу унинг ниятидир. Иккисининг ажри тенгдир.
Бир банда, Аллоҳ уни мол-дунё билан ризқлантирган, аммо илм билан ризқлантирмаган. У молини илмсиз совуради. У билан роббисига тақво қимайди. Қариндош уруғининг ҳолидан ҳам хабар олмайди ва ундаги Аллоҳнинг ҳаққини ҳам билмайди. Бу энг паст даражадир.
Бир банда Аллоҳ уни илм билан ҳам, мол-дунё билан ризқлантирмаган. У: Агар молим бўлганида фалончини амалини қилардим дейди. Бу унинг ниятидир. Иккаласининг гуноҳи баробардир.[2]
Бу ҳадиси шариф нафақат хайр-эҳсон қилувчи, балки уни ният қилган мўмин киши ҳам улуғ савобга эга бўлишига далолат қилмоқда. Фақатгини нияти содиқ бўлиши шарти билан. Шундай экан имкони борларимиз фазилатли Рамазон ойида хайр-эҳсон қилиб қолишга шошилишимиз, имконияти йўқларимиз эса Аллоҳ имкон берса бундай савобли ишларни бажаришга ният қилишимиз бизни Аллоҳга муқарраб бандалардан бўлишимизга сабаб бўладиган ва жаннатига дохил қиладиган амаллардандир.
Шайхонтоҳур тумани “Ислом нури” жоме масжиди имом хатиби,
Тошкент Ислом институти ўқитувчиси
А. Собиров
[1] Имом Муслим 2588 рақам билан ривоят қилган.
[2] Имом Термизий 2325 рақам билан, Ибни Можжа 4228 рақам билан ривоят қилган. Имом Термизий бу ҳадис ҳасан, саҳиҳ деган.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан Фарғона вилоятидаги диний соҳа вакиллари иштирокида “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида “Заковат” интеллектуал ўйини ҳамда стол тенниси бўйича мусобақанинг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад диний соҳа ходимларининг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда улар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашдан иборатдир. Кўтаринки руҳ ва дўстона муҳитда ўтган беллашувларда иштирокчилар билим, тафаккур ва чаққонлик борасида ўз маҳоратларини намоён этди.
Қизғин ва муросасиз баҳслар якунига кўра ғолиблар аниқланди.
“Заковат” интеллектуал ўйини натижалари:
1-ўрин — Марғилон шаҳри жамоаси;
2-ўрин — Олтиариқ тумани жамоаси;
3-ўрин — Фарғона шаҳри жамоаси.
Стол тенниси мусобақаси натижалари:
1-ўрин — Сарвар Раҳмонзода («Эшонбобо» жоме масжиди имом ноиби);
2-ўрин — Муҳаммадюнус Мирзараҳимов («Сулаймонбек ҳожи» жоме масжиди имом ноиби);
3-ўрин — Муҳаммадюсуфхўжа Саидхўжаев («Абу Мусо ал-Ашъарий» жоме масжиди имом ноиби).
Тадбир якунида ғолиб ва совриндорларга ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Фарғона вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати