Бандаларига рўза тутишни фарз қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Рўза амалларини гўзал тарзда адо қилишда йўлбошчи бўлган Саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот ва саломлар бўлсин.
Албатта, Рамазон исломий ойлар ичида фазилатларга бой ва баракали ойлардан ҳисобланади. Бу ойда ҳидоят қўлланмаси бўлган Қуръони Каримнинг нозил бўлиши ҳам, бу ойнинг энг афзал ой эканига далолат қилади. Шунингдек, бу ойнинг фазилати ва баркаси борасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан жуда кўплаб ҳадиси-шарифлар ривоят қилинган.
قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِذَا دَخَلَ رَمَضَانُ فُتِّحَتْ أَبْوَابُ الجَنَّةِ ، وَغُلِّقَتْ أَبْوَابُ جَهَنَّمَ ، وَسُلْسِلَتِ الشَّيَاطِينُ رواه البخاري (3277) ، ومسلم (1079).
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазон ойи келиши билан жаннат эшиклари очилиб, дўзах эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади» - дедилар. Муттафақун аълайҳ.
Ҳақиқатда, Рамазон ойининг фазилатлари ва баракотлари жуда ҳам кўп. Бу борада жуда кўп мавиъзаларда эшитиб, кўплаб мақолалар орқали хабардор бўлганмиз. Лекин, бугун эътиборимизни бошқа томонга қаратамиз. Яъни, бу ойнинг фазилатлари кўп бўлиш билан бирга, тарихда бу улуғ кунда жуда кўплаб муҳим тарихий воқеалар бўлиб ўтган. Қуйида уларни бирма- бир санаб ўтамиз.
Рамазоннинг биринчи куни:
1) 2-ҳижрий йил Душанба. Мусулмонлар биринчи марта рамазон рўзасини тутдилар.
2) Иброҳим алайҳиссаломга илоҳий саҳифалар туша бошлаган.
3) Ҳижрий 73-йил. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу вафот этдилар.
4) Ҳижрий 91- йил. Андалусни фатҳ қилиш бошланган.
5) Ҳижрий 472- йил. Абу Али ибн Сино вафот этди.
Рамазоннинг иккинчи куни:
1) Ҳижрий 65-йил. Абдумалик ибн Марвон Умавий халифа этиб тайинланди.
Рамазоннинг учинчи куни:
1) Ҳижрий 11- йил. Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳо вафот этдилар.
2) Ҳижрий 37- йил. Таҳким воқеаси бўлиб ўтди.
Рамазоннинг тўртинчи куни:
1) Ҳижрий 1- йил. Ҳамза розияллоҳу анҳу биринчи сарияга чиқдилар.
2) Ҳижрий 666 - йил. Антокия Славянлардан қайтариб олинди.
Рамазоннинг олтинчи куни:
1) Мусо алайҳиссаломга Таврот саҳифалари туша бошлади.
2) Ҳижрий 63- йил. Мусулмонлар Синд шаҳрини фатҳ қилдилар.
Рамазоннинг еттинчи куни:
1) Ҳижрий 361- йил. Ал-Азҳар университети очилди.
Рамазоннинг саккизинчи куни:
1) Ҳижрий 273- йил. Ибн Можа роҳимаҳуллоҳ вафот этдилар.
2) Ҳижрий 455- йил. Алп Арслон Салжуқийлар волийси этиб тайинланди.
Рамазоннинг ўнинчи куни:
1) Пайғамбарликнинг 10-йили, ҳижратдан 3 йил аввал. Хадийжа розияллоҳу анҳу вафот этдилар.
2) Ҳижрий 485-йил. Низомул мулк Абул Ҳасан Алий ибн Ишоқ ўлдирилди.
Рамазоннинг ўн биринчи куни:
1) Ҳижрий 3-йил. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнаб бинти Хузайма розияллоҳу анҳога уйландилар.
2) Ҳижрий 9-йил. Сақиф қабиласи элчилари Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида бўлди.
3) Ҳижрий 95- йил. Саиъд ибн Жубайр вафот этдилар.
4) Ҳижрий 624- йил. Чингизхон вафот этган.
5) Ҳижрий 922- йил. Султон Салим Дамашқни фатҳ қилди.
Рамазоннинг ўн иккинчи куни:
1) Ҳижрий 597- йил. Ибн Жавзий роҳимаҳуллоҳ вафот этдилар.
Рамазоннинг ўн учинчи куни:
1) Ҳижрий 15-йил. Умар розияллоҳу анҳу Шомни эгалладилар
2) Ҳижрий 40- йил. Абу Лубоба розияллоҳу анҳу вафот этдилар.
Рамазоннинг ўн тўртинчи куни:
1) Ҳижрий 132-йил. Аббосийлар Умавийлар пойтахти Дамашққа ҳужум қилишди.
2) Ҳижрий 612- йил. Ибн Атоуллоҳ Сакандарий таваллуд топдилар.
Рамазоннинг ўн бешинчи куни:
1) Ҳижрий 3-йил. Ҳасан ибн Алий розияллоҳу анҳу дунёга келдилар.
2) Ҳижрий 37-йил. Муҳаммад ибн Абу Бакр розияллоҳу анҳу Мисрга волий этиб тайинландилар.
3) Ҳижрий 383- йил. Абу Бакр Хоразмий вафот этдилар.
4) Ҳижрий 543- йил. Фаҳриддин ар-Розий дунёга келдилар.
Рамазоннинг ўн еттинчи куни:
1) Ҳижрий 2-йил. Катта Бадр ғазоти бўлиб ўтди.
2) Ҳижрий 2-йил. Руқайя (розияллоҳу анҳо) бинти Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар.
3) Ҳижрий 85-йил. Мўминлар онаси Ойиша розияллоҳу анҳо вафот этдилар.
4) Ҳижрий 124- йил. Муҳаммад ибн Муслим аз-Зуҳрий вафот этдилар.
Рамазоннинг ўн саккизинчи куни:
1) Ҳижрий 21- йил. Холид ибн Валид вафот этдилар.
2) Ҳижрий 560- йил. Муҳйиддин ибн Арабий дунёга келди.
Рамазоннинг йигирманчи куни:
1) Ҳижрий 8-йил Макка фатҳ қилинди.
2) Ҳижрий 652- йил. Сайфуддин Қутуз дунёга келдилар.
Рамазоннинг йигирма биринчи куни:
1) Ҳижрий 40- йил. Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу вафот этдилар.
2) Ҳижрий 95- йил. Ҳажжож ибн Юсуф ас-Сақофий дунёга келди.
3) Ҳижрий 1353- йил. Форс юрти Эрон давлати деб ўзгартирилди.
Рамазоннинг йигирма учинчи куни:
1) Ҳижрий 9-йил Мусулмонлар «Лот» номли бутни бузиб ташлашди.
2) Ҳижрий 26- йил. Язид ибн Муовия туғилди.
Рамазоннинг йигирма тўртинчи куни:
1) Ҳижрий 20- йил. Амр ибн Ос масжидини қуриш бошланди.
Рамазоннинг йигирма бешинчи куни:
1) Ҳижрий 8-йил. Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу «Уззо» номли ибодатхонани бузиб ташладилар.
2) Ҳижрий 129-йил. Абу Муслим Хуросоний Умавийларга қарши қўзғолон бошлади.
3) Ҳижрий 544- йил. Фахруддин ар-Розий таваллуд топдилар.
4) Ҳижрий 658- йил. «Айни жолут» жанги бўлиб ўтди.
Рамазоннинг йигирма олтинчи куни:
1) Ҳижрий 762- йил. Бадруддин Айний роҳимаҳуллоҳ дунёга келдилар.
Рамазоннинг йигирма еттинчи куни:
1) Ҳижрий 927- йил. Белград фатҳ этилди.
Рамазоннинг йигирма саккизинчи куни:
1) Ҳижрий 2-йил. Закот фарз бўлди.
Рамазоннинг йигирма тўққизинчи куни:
1) Ҳижрий 1425- йил. Ёсир Арафот вафот этди.
Рамазоннинг ўттизинчи куни:
1) Ҳижрий 256- йил. Имом Бухорий вафот этдилар.
2) Ҳижрий 384- йил. Имом ибн Ҳазм дунёга келдилар.
Муҳаммад Али Муҳйиддин.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ислом таълимотида касаллик фақат жисмоний ҳолат эмас, балки тарбия, покланиш ва илоҳий раҳматнинг бир кўриниши сифатида талқин қилинади. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам касалликка дучор бўлган кишиларга тасалли берар, уни ёмонлашдан қайтарар ва бу ҳолатнинг маънавий ҳикматларини баён қилиб берар эдилар. Қуйидаги ривоят ҳам айнан шу ҳақиқатни очиб беради.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Саиб розияллоҳу анҳони касаллик пайтида зиёрат қилдилар. Уни қалтираб турган ҳолда кўриб:
– "Эй Умму Саиб, сизга нима бўлди, нега титраяпсиз?" – дедилар.
– У: Иситма! Аллоҳ уни баракали қилмасин! (касалликка лаънат бўлсин), – деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– "Эй Умму Саиб, иситмани сўкманг. Чунки у Бани Одамнинг гуноҳларини, худди босқон темирнинг зангини кетказгандек, кетказади", дедилар.
Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам касалликнинг илоҳий ҳикматларини баён қилиб, шундай дедилар...-
– "Албатта, Аллоҳ таоло бандасини касаллик билан уч ҳолатдан бири учун синовдан ўтказади:
Агар банданинг гуноҳлари бўлса, Аллоҳ уларни кечиришни ирода қилса;
Агар бандасини Ўзидан узоқлашганини кўриб, уни Ўзига яқинлаштиришни хоҳласа;
Ёки банданинг жаннатда у учун тайёрланган жойи бўлиб, қилмаган амаллари ўша тайёрланган жойга етмай турганда, Аллоҳ уни ўша мақомга етказишни ирода қилса".
Демак, касалликда сабр қилгандан кейин банданинг олдида фақат яхшилик бор: у тавбага келади, ибодатда собит бўлади ва Аллоҳга нисбатан гўзал гумон билан яшайди.
Аллоҳ таоло ниҳоятда раҳмлидир, бандаларидан азобни даф этувчидир ва У бизга оналаримиздан ҳам кўра раҳмлироқдир. Шунинг учун дардни Яратганга арз қилинг, Унга ҳамд билан юзланинг ва қалбларингизни истиғфор билан покланг.
Ушбу ривоятдан англашиладики, Исломда касаллик жазолаш воситаси эмас, балки бандани тарбияловчи, уни гуноҳлардан покловчи ва Аллоҳга яқинлаштирувчи раҳмат эшигидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам касалликни ёмонлашдан қайтариб, ундаги илоҳий ҳикматларни очиб бердилар. Чунки мўмин киши учун касаллик сабр, тавба ва ибодат билан қарши олинса, юксалиш ва даража ошишига сабаб бўлади.
Шунингдек, бу ҳадис бандага ҳар қандай ҳолатда ҳам Аллоҳ ҳақида гўзал гумонда бўлиш, дардини Унга арз қилиш ва қалбини истиғфор билан поклаш лозимлигини ўргатади. Зеро, Аллоҳ таоло бандаларига ниҳоятда раҳмли бўлиб, У касаллик орқали ҳам Ўз қулининг охиратини обод қилишни ирода қилади.
Демак, мўмин инсон учун муҳим бўлган нарса касалликнинг ўзи эмас, балки унга қандай муносабатда бўлишидир. Сабр, шукр ва ихлос билан қарши олинган ҳар бир синов охир-оқибат бандани Аллоҳ розилигига етаклайди.
Адҳам Шарқовийнинг китоби асосида
ТИИ магистратура талабаси
Саидбурхон ФАЗЛИДДИНОВ тайёрланди.