Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Август, 2026   |   27 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:57
Қуёш
05:27
Пешин
12:30
Аср
17:25
Шом
19:33
Хуфтон
21:02
Bismillah
10 Август, 2026, 27 Сафар, 1448

Ростгўйлик

14.05.2020   10114   2 min.
Ростгўйлик

Динимизда ростгўйлик юксак инсоний фазилатлардан ҳисобланади. Ростгўйлик, аҳдга вафо ва омонатдорлик жамият ҳаётида муҳим ўрин тутади. Ростгўйлик йўқ жойда ўзаро ишонч ва садоқат йўқолади. Агар бундай хислатлар ҳаётимиздан йўқолиб бораверса, ўзаро ишончсизлик кучайиб, инсонлар орасига адоват уруғини ташлайди. Натижада жамиятда турли ҳил муаммолар юзага келади. Жамият тараққиёт йўлидан илгарилаб бориши учун уни ташкил этувчи фуқаролар ўзаро ишонч билан, бир-бирини қўллаб-қувватлаб яшаши лозим. Бу хислатлар ҳаётнинг бир маромда давом этишини таъминлайди десак, асло муболаға бўлмайди.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло инсониятга юборган пайғамбарларнинг хулқларида кўзга ташланиб турадиган улуғ ҳислатлардан бири ростгўйлик ва садоқат эди. Аксинча, ёлғончилик, ишончсизлик ва хиёнат каби иллатлар пайғамбарларга ёт бўлган.

Аллоҳ таоло: “Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва иймонларида ростгўй бўлган зотлар билан бирга бўлингиз”, деб марҳамат қилади. Демак, мўмин-мусулмонлар, аввало Аллоҳ таолодан қўрқишга, сўнгра иймонида ростгўй инсонлар билан бирга бўлишга буюрилмоқда.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ростгўйлик яхшиликка олиб боради. Яхшилик эса жаннатга олиб боради. Киши рост сўзлаб юради. Ҳаттоки, Аллоҳ ҳузурида сиддиқ (ростгўй) деб ёзилади. Ёлғончилик ёмонликка олиб боради. Ёмонлик эса дўзахга олиб боради. Киши ёлғон сўзлаб юради. Ҳаттоки, Аллоҳ ҳузурида каззоб (ёлғончи) деб ёзилади”, дедилар (Муттафақун алайҳи).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадиси шарифларида ростгўйлик ва ёлғончиликнинг ўртасини ажратиб бериб, ҳар бирининг олиб борадиган манзилини ҳам таъкидлаб келтирмоқдалар. Ҳар бир мўмин-мусулмон Роббисининг ҳузурида сиддиқ (ростгўй) деб ёзилмоқлиги учун ёлғончиликдек динимизда катта гуноҳ бўлган ишлардан ўзини сақламоқлиги лозим экан.

Ростгўйлик ва садоқат жамият учун ҳам жуда зарур. Қайси жамиятда аҳдга вафо, садоқат ва ростгўйлик кенг ёйилса, ана шу жамият ислоҳ топиб, фуқаролар ўртасида ўзаро ишонч ортади, меҳр-оқибат кучаяди, олди-берди ва савдо-сотиқ ишларида хиёнат ва алдамчилик барҳам топади.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барчаларимизни гуноҳ ишлардан ўзи сақлаб, дунё ва охиратимизга манфаатли бўладиган амалларга йўлласин амин.

М.Муҳаммаджонов,
Учкўприк тумани “Кушки туркон” масжиди имом-ноиби
Манбалар асосида тайёрланди

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Овқат ейиш бўйича мусобақалашиш: Ислом ва замонавий илм нуқтаи назаридан зарари

07.07.2026   33503   4 min.
Овқат ейиш бўйича мусобақалашиш: Ислом ва замонавий илм нуқтаи назаридан зарари

Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда кўп ёки тез овқат ейиш бўйича “мусобақа”лар оммалашиб бормоқда. Баъзилар буни шунчаки қизиқарли шоу деб билса, бошқалар уни рекорд ўрнатиш воситаси сифатида қабул қилади. Бироқ Ислом таълимотида ҳам, замонавий тиббиётда ҳам инсон организмини зўриқтириши ва исрофга йўл қўйиши тақиқланади.


Ислом меъёрни буюради

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки, У исроф қилувчиларни севмас(Аъроф сураси, 31-оят).

Ушбу оят нафақат овқатнинг ҳалол бўлишини, балки унинг миқдори ҳам меъёрда бўлиши лозимлигини англатади. Зеро, ортиқча овқат ейиш ҳам исрофнинг бир кўриниши ҳисобланади. Бу оят “бутун тиб илмини ўзида жамлаган оят” дея ҳатто ғайридинлар томонидан эътироф этилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Одам боласи қорнидан кўра ёмонроқ идишни тўлдирмаган. Одам боласига қаддини тутиб турадиган бир неча луқма кифоя. Жуда бўлмаса (ошқозонининг) учдан бирини таомига, учдан бирини ичимлигига, учдан бирини нафасига (ҳавога) ажратсин, дедилар (Имом Темизий, Имом Ибн Можа ривояти).

Бу ҳадис соғлом овқатланишнинг энг қисқа ва мукаммал дастури саналади.

Ибн Сино: Касалликнинг иккита сабаби бор. Бири кўп ейиш, иккинчиси тўқ қоринга ейиш”, деган.


Илмий факт: ошқозон тўйганини дарҳол билдирмайди

Инсон овқатланаётганда тўйиш ҳақидаги сигналлар ошқозондан мияга тахминан 15-20 дақиқа ичида етиб боради. Шу сабабли жуда тез овқатланган одам эҳтиёжидан анча кўп овқат истеъмол қилади.

Тадқиқотларда тез овқатланувчи инсонларда ортиқча вазн, семириш, 2-тур қандли диабет хавфи юқори экани аниқланган.


Ошқозоннинг имконияти чекланган

Оддий ҳолатда инсон ошқозонининг ҳажми тахминан 1-1,5 литр атрофида бўлади. У маълум даражада кенгайиши мумкин, аммо қисқа вақт ичида бир неча литр овқат ва суюқлик қабул қилиш ошқозон деворини зўриқтиради. Кўп овқат ейиш эса, ошқозоннинг ҳаддан ташқари кенгайиши, ошқозон ҳаракатининг вақтинча тўхтаб қолиши, ҳатто ошқозон ёрилиши каби ўлимга олиб келади.


Аниқ факт: хот-дог ейиш мусобақаларида ўлим ҳолатлари кузатилган

Тез овқат ейиш мусобақаларида энг катта хавфлардан бири – бўғилиш.

Хот-дог, гамбургер ёки катта бўлакли гўштни жуда тез ютиш натижасида овқат нафас йўлига тушиши мумкин. Бундай мусобақалар вақтида бўғилиш сабабли бир қанча иштирокчилар вафот этгани кузатилган.


Юрак ва қон айланишига таъсири

Катта ҳажмдаги овқат ҳазм қилиниши учун ҳазм тизимига кўпроқ қон юборилади. Бу ҳолат юрак уришининг тезлашишига, қон босимининг ўзгаришига ва юрак ишининг оғирлашишига сабаб бўлади. Юрак-қон томир касаллиги бор инсонларда бу ҳолат янада хавфли.


Инсон танаси – омонат

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Сенда танангнинг ҳам ҳаққи бор”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Демак, инсон танаси билан тажриба ўтказиш, уни кўнгилочар мусобақалар учун зўриқтириш Исломнинг инсон саломатлигини асраш тамойилига зиддир. Шунинг учун, инсон ўз жонига ҳам, танасига ҳам қасддан зарар етказмаслиги лозим.


Хулоса

Мўмин киши овқатни нафсни қондириш ёки рекорд қўйиш учун эмас, балки Роббисига ибодат қилишга қувват бўлиши мақсадида, меъёр билан истеъмол қилади. Чунки меъёр – Исломнинг гўзал фазилатларидан бири, саломатлик эса Аллоҳнинг энг катта неъматларидандир.

 

Даврон НУРМУҲАММАД