“Духон” сўзи “тутун” маъносини билдиради. Суранинг 10-оятида тутун ҳақида сўз юритилган. Шунинг учун сура “Духон” деб номланган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким кечаси Духон сурасини ўқиса, етмиш минг фаришта тонггача унинг ҳақига истиғфор айтиб чиқади”, деганлар (Имом Термизий, Имом Байҳақий ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Духон сураси айнан қайси кечада ўқилиши айтилган: “Ким Духон сурасини жума кечасида ўқиса, (гуноҳлари) мағфират этилади” (Имом Термизий ривояти).
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Духонни жума кечаси ёки жума куни ўқиса, Аллоҳ унга жаннатда бир уй қуради”, дедилар (Имом Табароний ривояти).
Абдуллоҳ ибн Исо раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Менга хабар қилинишича, ким Духон сурасини жума кечаси – имон келтирган, тасдиқлаган ҳолда – ўқиса, тонг отганда гуноҳлари кечирилган бўлади”.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Киши тонгда ўзининг Қуръон вирдини – у ёд олиш ёки тиловат қилиш бўлсин ҳамда тонги зикрларни айтишдан фориғ бўлмагунича алоқа воситалари, интернет тармоқларини очмасликка ўзини ўргатиши фиқҳул авлавиётдан ҳисобланади.
Чунки ушбу тонгги оралиқ, фурсат энг қадрли, аҳамиятли вақтлардан бўлиб, уни чалғитадиган, зеҳнини паришон қиладиган ва вақтини ўғирлайдиган барча нарсадан четланган киши учун жуда катта фойдалар бўлади.
Изоҳ: “Фиқҳул авлавиёт” – устун турадиган нарсалар фиқҳи ёки бирламчи масалалар фиқҳи деганидир. Яъни, шариатда устун турадиган нарсалар фиқҳига нисбатан қўлланиладиган атама.