Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ва бир қанча муҳаддислар ривоят қилган ҳадиси қудусийда Аллоҳ таоло: “Одам боласининг рўзадан бошқа ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учун ва унинг мукофотини Мен – Ўзим берурман” -дейди.
“Саҳиҳул Бухорий”нинг шарҳи “Фатҳул Борий”да Ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳадиси қудусийнинг маъносини ёритиб, ундаги муҳим ўнта асл моҳиятни баён қилади.
Қуйдаги ҳадис бу маънони қўллаб-қувватлайди.
عَنِ ابْنِ شِهَابٍ، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "لَيْسَ فِي الصِّيَامِ رِيَاءٌ" رواه البيهقي
Ибн Шиҳобдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Рўзада риё бўлмайди” – дедилар. Имом Байҳақий ривоят қилган.
Рўза банда билан Роббиси орасидаги сиррий амал бўлиб, ўзига хос ибодатдир. Рўзадан бошқа ҳамма амалларда бирон бир амални бажараётган шахс, ўзгаларнинг ҳаваси, мақтови, эътиборини жалб қилишни истаб қолади. Шунинг учун Аллоҳ таоло амалларнинг ичида “...фақат рўза Мен учундир...” -деб хосламоқда.
Қуйидаги ҳадис бу маънони қўллаб-қувватлайди.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَنْ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ"مَا مِنْ حَسَنَةٍ عَمِلَهَا ابْنُ آدَمَ إِلَّا كُتِبَ لَهُ عَشْرُ حَسَنَاتٍ إِلَى سَبْعِ مِائَةِ ضِعْفٍ قَالَ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ إِلَّا الصِّيَامَ فَإِنَّهُ لِي وَأَنَا أَجْزِي بِهِ يَدَعُ شَهْوَتَهُ وَطَعَامَهُ مِنْ أَجْلِي "
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одам боласи қилган яхши амалларининг савоби ўн баробардан етти юз баробаригача кўпайтириб ёзилади. Аллоҳ таоло: “Фақат рўза ундан мустасно. (яъни, рўзанинг савоби беҳисоб берилади) Чунки, рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен – Ўзим берурман. У (одам боласи) рўзада шаҳвати ва таомини мен учун тарк қилур” – дедилар. Имом Насоий ривоят қилган.
Рўзанинг савоби беҳисоб эканига қуйидаги ояти карима ҳам далил бўлади.
قال الله تعالى: إِنَّمَا يُوَفَّى الصَّابِرُونَ أَجْرَهُمْ بِغَيْرِ حِسَابٍ الزمر: 10
Албатта, сабр қилувчиларга (охиратда) мукофотлари беҳисоб берилур.
Рўза сабр билан сайқал топадиган ибодат. Рўзадор киши нафсининг ҳоҳиш-истакларини сабр билан тўхтатади. Сабр қилувчининг мукофоти ояти каримада айтилганидек беҳисоб берилади.
Ибн Абду Бирр раҳматуллоҳи алайҳ ҳадиси қудусийда “...фақат рўза Мен учундир...” дейилиши рўза ибодатининг фазилатига кифоя қилади –дейдилар. Гўёки, бу ибодатнинг фазилати борасида ортиқча таърифга зарурат йўқ.
Қуйидаги ҳадис бу маънони қўллаб-қувватлайди.
عَنْ أَبِي أُمَامَةَ قَالَ قُلْتُ يَا رَسُولَ اللَّهِ أَخْبِرْنِي بِعَمَلٍ ينفعني الله به قَالَ عَلَيْكَ بِالصَّوْمِ فَإِنَّهُ لَا مِثْلَ لَهُ رواه النسائي
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
У зот: “Эй, Аллоҳнинг расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳ таоло у туфайли менга манфаъат берадиган амалнинг хабарини беринг” –дедим.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Рўзани ўзинга лозим тутгин! Чунки, рўзага баробар келадиган амал йўқ” – дедилар. Имом Насоий ривоят қилган.
Зайн ибн Мунир раҳматуллоҳи алайҳ: “Умумий ўринда бир нарсанинг хосланиши фақатгина ўша нарсани улуғлаш учун бўлади” –дейдилар.
Имом Қуртубий раҳматуллоҳи алайҳ: “...фақат рўза Мен учундир...” ҳадисининг маъноси: “Бандаларнинг амаллари ўзларининг ҳолларига муносибдир. Фақат рўза, Ҳақ таолонинг сифатларидан бир сифатга муносибдир. Аллоҳ таоло “...фақат рўза Мен учундир...” дейиш билан гўёки, “Рўзадор менинг сифатларимдан бирга эга бўлиб, менга яқинлашмоқда” -демоқчи.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ يَقُولُ: سَمِعْتُ أَبَا الْقَاسِمِ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ: "قَالَ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ: كُلُّ الْعَمَلِ كَفَّارَةٌ، إِلاَّ الصَّوْمَ، وَالصَّوْمُ لِى وَأَنَا أَجْزِى بِهِ. رواه احمد
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло айтади: ҳамма амал каффоротдир. Фақат рўза мустаснодир. Чунки, рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен – Ўзим берурман.” – дедилар. Имом Аҳмад ривоят қилган.
Рўзадан бошқа солиҳ амаллар қиёмат кунида инсоннинг дунёда қилган хато ва камчиликларни каффарот бўлиши учун хизмат қилиш эҳтимоли бўлади. Фақат рўза ибодати сақланиб қоладиди. Рўзанинг ажру савоби хато ва камчиликларни каффароти учун беҳуда кетмайди.
Бу фикрни айтувчи Ибн Арабий ривоят қилган бошқа бир ҳадиси қудусийни далил қилиб келтиради. Ҳадиси қудусийда Аллоҳ таоло айтади: “Ихлос сирларимдан бир сирдир. Уни яхши кўрган бандаларимнинг қалбига соламан. Ундан фаришта ҳам хабардор бўлмайди, хабардор бўлса, уни ёзар эди. Шайтон ҳам хабардор бўлмайди, хабардор бўлса, у фасод қилар эди” – дейди.
Рўза ҳам ихлос каби сиррий ибодат. Ибодатлардаги ихлосни Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмагани каби, рўзани ҳам ҳеч ким билмайди.
Ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ мазкурларни зикр қилиб, буларнинг ичида биринчи, иккинчи, саккизинчи ва тўққизинчиси бошқаларга нисбат эътиборли ва ёрқинроқ эканлигини қайд қиладилар.
Жалолиддин Холмўминов
“Кўкалдош” ўрта махсус билим юрти мударриси
Истиғфор инсоннинг Аллоҳ таолодан гуноҳларини кечиришини сўраши ва унинг раҳматига юзланишидир. Ислом таълимотида истиғфор нафақат гуноҳларнинг кечирилишига, балки инсон ҳаётида барака, хотиржамлик ва яхшиликлар кўпайишига сабаб бўлувчи амал сифатида таъкидланган.
Бир киши Тобеъинларнинг буюк олимларидан Ҳасан Басрий ҳузурларига келиб: Эй имом! осмондан ёмғир ёғмаяпти, деди.
У зот: Аллоҳдан мағфират сўранг (истиғфор айтинг), – дедилар.
Кейин бошқа бир киши келиб: Хотиним фарзанд кўрмаяпти, – деди.
У зот: Аллоҳдан мағфират сўранг, – дедилар.
Яна бир киши келиб: ҳаёт қийинчиликларидан, қашшоқликдан шикоят қиламан, – деди.
У зот: Аллоҳдан мағфират сўранг, – дедилар.
Шунда мажлисдаги кишилардан бири: Ажаб экан, эй имом! Ким қандай ҳожат билан келмасин, ҳаммасига истиғфор айтишни буюряпсиз, – деди.
Ҳасан Басрий бундай жавоб бердилар: Аллоҳ таолонинг ушбу сўзини ўқимадингизми?
“Бас, Парвардигорингиздан мағфират сўранглар. Албатта, У ўта Мағфиратлидир. Шунда У сизларга осмондан кетма-кет ёмғир ёғдиради. Мол-дунё ва фарзандлар билан мадад беради, сизлар учун боғлар ва анҳорлар ато этади” (Нуҳ сураси, 10–12-оятлар).
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Масжидлар билан ишлаш бўлими мутахассиси
Ҳумоюддин Хусниддин ўғлининг таржимаси.