Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Август, 2026   |   17 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:24
Қуёш
05:47
Пешин
12:24
Аср
17:04
Шом
19:04
Хуфтон
20:23
Bismillah
30 Август, 2026, 17 Рабиъул аввал, 1448

Эътиқод дурдоналари: БАНДАЛАРНИНГ АМАЛЛАРИГА ЭЪТИҚОДИЙ ЖИҲАТДАН НАЗАР

02.05.2020   9800   27 min.
Эътиқод  дурдоналари: БАНДАЛАРНИНГ АМАЛЛАРИГА ЭЪТИҚОДИЙ ЖИҲАТДАН НАЗАР

Бандалар тарафидан содир бўладиган барча амалларни умумий қилиб ўрганилганда уларни уч қисмга ажратиш мумкин:

  1. Бандаларнинг барча амаллари уларнинг касби бўлиб, барчасининг яратувчиси Аллоҳ таолодир. Яхши ва ёмон барча амаллар Аллоҳ таолонинг хоҳиши, илми, қазоси ва қадари билан вужудга келади;
  2. Бандаларнинг зиммаларига юклатилган амалларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг буйруғи, яхши кўриши, ризоси, илми, хоҳиши, қазоси ва тақдири билан вужудга келади;
  3. Гуноҳ-маъсиятларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг илми, қазоси, тақдири ва хоҳиши билан вужудга келади, лекин яхши кўриши, ризоси ва буйруғи билан вужудга келмайди.

Бутун борлиқда содир бўладиган яхши-ю ёмон ишларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг хоҳишига кўра бўлишига иймон келтириш вожиб бўлади. Қуръони каримда барча иш Аллоҳ таолога оид экани баён қилинган:

قُلۡ إِنَّ ٱلۡأَمۡرَ كُلَّهُۥ لِلَّهِۗ

“Айтинг: “Барча иш Аллоҳга (оид)дир”. (Оли Имрон сураси, 154-оят). Яъни эй Муҳаммад алайҳиссалом анави мунофиқларга айтинг: ишларнинг барчаси Аллоҳнинг измидадир. У зот уларни хоҳлаганича тасарруф қилади.

Қазою қадарга шак-шубҳасиз ишониш кишини мўминлик мартабасига кўтарадиган иймон рукнларидан биридир. Қадар деганда яхшилик, ёмонлик, манфаат, зарар, қайси замон ва қайси маконда вужудга келиш каби махлуқотларда бўладиган барча ишларни Аллоҳ таолонинг олдиндан билиши тушунилади. Қазо деганда эса Аллоҳ таолонинг Ўзи олдиндан билган нарсасини вужудга келтириши тушунилади.

 

Қазо ва қадарнинг маънолари

Қазо ва қадарнинг луғавий ва истилоҳий маъноларини ўрганиш ўта муҳим бўлиб, уни яхши англаш кўпгина тушунмовчиликларга барҳам беради.

Қадар луғавий жиҳатдан “миқдор белгиламоқ”, “тақсимламоқ” каби маъноларни англатади. Истилоҳда:

اَلْقَدَرُ: عِلْمُ اللهِ تَعَالَى بِمَا يَكُونُ فِى خَلْقِهِ

Аллоҳ таолонинг келажакда махлуқотларида бўладиган нарсани билиши қадар дейилади.

Яъни Аллоҳ таолонинг махлуқотларининг ризқларини ва барча ҳолатларини олдиндан тақсимлаб қўйганлиги, шунга кўра улар дуч келадиган барча нарсалар У зотга олдиндан маълум экани қадар ҳисобланади.

Қазо луғатда “амалга оширмоқ”, “юзага чиқармоқ” каби маъноларни англатади. Истилоҳда:

اَلْقَضَاءُ: اِيجَادُ اللهِ تَعَالَى مَا سَبَقَ فِى عِلْمِهِ أَنَّهُ يُوجَدُ

Аллоҳ таолонинг илмида вужудга келиши олдиндан аниқ бўлган нарсани вужудга келтириши қазо дейилади. (Абу Ҳафс Сирожиддин Умар ибн Исҳоқ Ғазнавий. Шарҳу ақидати Имом Таҳовий. – Қоҳира: “Даротул Караз”, 2009. – Б. 171.)

Яъни Аллоҳ таолонинг махлуқотларига олдиндан тақсимлаб қўйган нарсасини Ўзи белгилаб қўйган вақтида юзага чиқариши қазо ҳисобланади.

 

Қазо ва қадарга иймон келтириш тушунчаси

Қазо ва қадарга иймон келтириш деганда қуйидаги нарсаларга шак-шубҳасиз ишониш тушунилади.

– Аллоҳ таоло бандаларнинг ҳали қилмаган амалларини ҳам олдиндан билади;

– Бандаларнинг қиладиган барча амаллари олдиндан “Лавҳул маҳфуз”га ёзиб қўйилган;

– Содир бўлган барча нарсалар Аллоҳ таолонинг хоҳишидир;

– Пайдо бўлган барча нарсаларни Аллоҳ таоло яратгандир.

Мазҳаббошимиз Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ “Фиқҳул акбар” асарида борлиқда содир бўладиган ҳар бир иш Аллоҳ таолонинг хоҳиш-иродасига кўра амалга ошиши ҳақида шундай ёзган:

كَانَ اللهُ تَعَالَى عَالِمًا فِي الأزَلِ بِالأشْيَاءِ قَبْلَ كَوْنِهَا وَهُوَ الَّذِي قَدَّرَ الأشْيَاءَ وَقَضَاهَا وَلاَ يَكُونُ فِي الدُّنْيَا وَلاَ فِي الآخِرَةِ شَيْءٌ إِلاَّ بِمَشِيئَتِهِ وَعِلْمِهِ وَقَضَائِهِ وَقَدَرِهِ وَكَتْبِهِ فِي اللَّوْحِ المحْفُوظِ وَلَكِنْ كَتَبَهُ بِالْوَصْفِ لاَ بِالْحُكْمِ

Аллоҳ таоло нарсаларни мавжуд бўлишларидан олдин ҳам азалда Билувчи эди. У нарсаларга тақдир тайин қилган ва уларга ҳукмини жорий қилган Зотдир. Дунё ва охиратдаги ҳар бир нарса Унинг хоҳиши, илми, ҳукми, ўлчови ҳамда “Лавҳул маҳфуз”га ёзганидек бўлади. Лекин уни васф билан ёзган, буйруқ билан эмас.

Шарҳ: Аллоҳ таоло ўзининг азалий ва абадий илми билан барча махлуқотларининг тақдирини олдиндан белгилаб, уларга Ўз ҳукмини жорий қилган. Аммо бу бандалар ўша амалларни қилишга мажбур, деган маънони эмас, балки бандаларнинг келгусида қиладиган ишлари Аллоҳ таолога азалдан маълум, деган маънони билдиради. Яъни бандаларга жузъий ихтиёр берилган бўлиб, ўша ихтиёрларини қайси тарафга йўналтирганларига кўра жазо ёки мукофот оладилар. Аллоҳ таоло “Лавҳул маҳфуз”га барча нарсаларни узун-қисқа, чиройли-хунук, тоат-маъсият ва ҳоказоларни васф билан “шундай бўлади”, деб ёзган. Лекин “шундай бўлсин” деб буйруқ билан ёзмаган. Масалан, “фалончи мўмин бўлсин”, “фистончи кофир бўлсин”, деб буйруқ билан ёзмаган. Яъни қадар буйруқ эмас, балки Аллоҳ таолонинг илмидир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло “фалончи ўз ихтиёри билан мўмин бўлади, иймонни хоҳлайди, куфрни хоҳламайди, фистончи ўз ихтиёри билан кофир бўлади, куфрни хоҳлайди, иймонни хоҳламайди”, – дея ёзиб қўйган. Бандаларининг қайси бирини хоҳлаш-хоҳламаслигини эса, Ўзининг азалий ва абадий илми билан олдиндан билган ҳолда “Лавҳул маҳфуз”га битиб қўйган.

Қазою қадарга иймон келтирган ҳар бир мўмин киши ўзига етган мусибатларнинг ҳам, хурсандчиликларнинг ҳам олдиндан битиб қўйилганлигига аниқ ишониши лозим бўлади. Аллоҳ таоло бандага етадиган ҳар бир мусибат олдиндан битиб қўйилган бўлишини, унга олдиндан битиб қўйилмаган бирор мусибат етмаслигини хабар берган:

مَآ أَصَابَ مِن مُّصِيبَةٖ فِي ٱلۡأَرۡضِ وَلَا فِيٓ أَنفُسِكُمۡ إِلَّا فِي كِتَٰبٖ مِّن قَبۡلِ أَن نَّبۡرَأَهَآۚ

“Хоҳ ерга ва хоҳ ўзларингизга бирор мусибат етса, Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда (Лавҳул-маҳфузда битилган) бўлур”. (Ҳадид сураси, 22-оят).

Агар ер юзида қаҳатчилик, зилзила ёки экин-тикинларга офат етиши каби мусибатлар содир бўлса, бирор инсонга касаллик, муҳтожлик, фарзандларидан айрилиб қолиш каби турли мусибатлар етадиган бўлса, буларнинг барча-барчаси ҳали юзага келмасдан олдин “Лавҳул маҳфуз”га битиб қўйилганига кўра амалга ошган ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ориф зотлардан бири: “Кимки Аллоҳ таолонинг қадар тўғрисидаги сирини таниган бўлса, унга мусибатларни енгиш албатта, енгил бўлади”, – деган.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу мусибатга учраганларга таскин бағишловчи сўзларни айтган: “Менга бирор мусибат етса, ундан учта неъматни топдим:

  1. Ушбу мусибат динимда бўлмади;
  2. Ушбу мусибат содир бўлганидан кўра каттароқ бўлмади;
  3. Аллоҳ таоло ушбу мусибат сабабли улкан ажр-мукофотлар беради”.

Ҳадиси шарифларда ҳам инсонга етадиган нарса олдиндан битиб қўйилган бўлиши, олдиндан битилмаган бирор нарса унга етмаслиги баён қилинган:

عَنْ أَبِى حَفْصَةَ قَالَ قَالَ عُبَادَةُ بْنُ الصَّامِتِ لاِبْنِهِ يَا بُنَىَّ إِنَّكَ لَنْ تَجِدَ طَعْمَ حَقِيقَةِ الإِيمَانِ حَتَّى تَعْلَمَ أَنَّ مَا أَصَابَكَ لَمْ يَكُنْ لِيُخْطِئَكَ وَمَا أَخْطَأَكَ لَمْ يَكُنْ لِيُصِيبَكَ سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ إِنَّ أَوَّلَ مَا خَلَقَ اللَّهُ الْقَلَمَ فَقَالَ لَهُ اكْتُبْ قَالَ رَبِّ وَمَاذَا أَكْتُبُ قَالَ اكْتُبْ مَقَادِيرَ كُلِّ شَىْءٍ حَتَّى تَقُومَ السَّاعَةُ يَا بُنَىَّ إِنِّى سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ مَنْ مَاتَ عَلَى غَيْرِ هَذَا فَلَيْسَ مِنِّى. رَوَاهُ اَبُو دَاوُدَ

Абу Ҳафсадан ривоят қилинади: “Убода ибн Сомит ўғлига: “Эй ўғилчам, то сенга нима етган бўлса, янглишиб сенга етмасдан қолиши мумкин эмаслигини ва нима сенга етмаган бўлса, янглишиб сенга етиб қолиши мумкин эмаслигини билмагунингча иймон ҳақиқати таъмини асло тота олмайсан. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Аллоҳ дастлаб қаламни яратган ва унга: "Ёз", – деган. У: “Роббим нимани ёзаман”, – деган. Унга: “То қиёмат қоим бўлгунча бўладиган барча нарсаларнинг миқдорларини ёзгин”, – деган”, деяётганларини эшитганман. Эй ўғилчам, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким ушбудан бошқада (бошқа тушунчада) вафот этса, мендан эмасдир”, –деяётганларини эшитганман”, – деди”. Абу Довуд ривоят қилган.

Шунингдек, қазою қадарни рўкач қилиб дангасалик қиладиганларга кўрсатма ўлароқ Қуръони каримда: “Агар Аллоҳ хоҳлаганида биз ҳам, ота-боболаримиз ҳам ширк келтирмас эдик”, деган кимсаларнинг сўзлари ва уларга Аллоҳ таолонинг берган жавоби шундай баён қилинган:

﴿سَيَقُولُ ٱلَّذِينَ أَشۡرَكُواْ لَوۡ شَآءَ ٱللَّهُ مَآ أَشۡرَكۡنَا وَلَآ ءَابَآؤُنَا وَلَا حَرَّمۡنَا مِن شَيۡءٖۚ كَذَٰلِكَ كَذَّبَ ٱلَّذِينَ مِن قَبۡلِهِمۡ حَتَّىٰ ذَاقُواْ بَأۡسَنَاۗ قُلۡ هَلۡ عِندَكُم مِّنۡ عِلۡمٖ فَتُخۡرِجُوهُ لَنَآۖ إِن تَتَّبِعُونَ إِلَّا ٱلظَّنَّ وَإِنۡ أَنتُمۡ إِلَّا تَخۡرُصُونَ١٤٨

“Ширк келтирган кимсалар: “Аллоҳ хоҳлаганида биз ҳам, ота-боболаримиз ҳам мушрик бўлмаган ва бирор (ҳалол) нарсани ҳаром қилмаган бўлур эдик”, – дейишади. Улардан олдингилар ҳам, то азобимизни тотмагунларича, (пайғамбарларни) худди шундай ёлғончига чиқарганлар. Айтинг: “Сизларда бизга чиқарадиган (кўрсатадиган) илм (ҳужжат) борми? (Сизлар) фақат гумонга эргашмоқдасиз ва сизлар фақат ёлғон сўзламоқдасиз”. (Анъом сураси, 148-оят)

Қазою қадарга иймон келтирган мўмин киши Аллоҳ таолонинг барча нарсаларни билгувчи Зот эканига, барча нарсаларнинг яратувчиси эканига, У хоҳламаган бирор нарса бўлмаслигига, Унинг одиллигига, ҳеч кимга зулм қилмаслигига, Унинг ҳар бир ишни ҳикмат билан қилишига ва ҳеч бир ишни беҳуда қилмаслигига қатъи ишонган бўлади.

 

Уламоларнинг қадар ҳақидаги сўзлари

 Қадарга иймон келтирган ҳар бир мўмин киши бандаларнинг билишлари керак бўлган нарсаларни Аллоҳ таолонинг Ўзи баён қилиб берганини ва У зотнинг бандалардан сир тутган нарсалари тўғрисида баҳс қилмаслик кераклигини ҳам билиши лозим. Бу ҳақиқатни уламолар турли ўхшатишлар билан осон қилиб тушунтириб қўйганлар.

Али розияллоҳу анҳудан қадар ҳақида сўрашганида: “Қадар қоронғи йўл, унга қадам босмагин”, – деган. Ҳалиги сўровчи яна: “Менга қадарнинг нима эканини билдиринг”, деганида, “қадар чуқур денгиздир, унга кира кўрма”, – деган. Бояги сўровчи яна хиралик билан: “қадарнинг нима эканини менга билдириб қўйинг” деганида, “қадар Аллоҳ таолонинг махфий тутган нарсасидир қўй, ўзингни қийнама”, – деб жавоб берган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан қадар ҳақида сўрашганида: “Қадар Аллоҳ таолонинг чуқур кирмасликларингизни ирода қилган нарсасидир. Аллоҳ таолонинг сизларга рухсат бермаган нарсасини билишга уринманглар”, – деб жавоб берган.

Ваҳб ибн Мунаббиҳ: “Қадар тўғрисида тафаккур қилиб кўрдим-у эсанкираб қолдим, сўнгра яна тафаккур қилдим-у тағин довдираб қолдим. Шундан билдимки, инсонларнинг қадарни энг яхши билувчироғи у ҳақида тафаккур қилишдан энг тийилувчироғи экан, қадар тўғрисида энг билимсизроғи эса, у ҳақида энг кўп гапирувчироғи экан”, – деган.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг олдиларига бир киши қадар ҳақида баҳслашмоқчи бўлиб келганида, у зот: “Қадар тўғрисида тафаккур қилиш худди қуёшнинг кўзни қамаштирадиган нурига қарашдек гап, киши унга қанча кўп қараса, шунча кўп довдираб эсанкирайверади”, – деб жавоб берган.

 Имом Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ қадар ҳақида қуйидагиларни ёзган:

أَصْلُ القَدَرِ سِرُّ الله تعالى في خَلْقهِ لمْ يَطَّلعْ عَلى ذَلِك مَلَكٌ مُقرَّبٌ ولا نَبيٌّ مُرْسَلٌ والتَّعمُّقُ والنَّظَرُ في ذلكَ ذَرِيعَةُ الخِذْلاَنِ وَسُلَّمُ الحِرْمَانِ ودَرَجَةُ الطُّغْيَانِ فالحذَرَ كُلَّ الحذَرَ مِنْ ذَلِكَ نَظَراً وفِكْراً وَوَسْوَسَةً فإن الله تعالى طَوَى عِلْمَ القَدَر عَنْ أنَامِهِ ونَهَاهُم عَنْ مرامِهِ كما قال تعالى في كتابه: ﴿لَا يُسۡ‍َٔلُ عَمَّا يَفۡعَلُ وَهُمۡ يُسۡ‍َٔلُونَ٢٣﴾ فَمَنْ سَأَلَ لِمَ فَعَلَ فَقَدْ رَدَّ حُكْمَ الكِتَابِ وَمَنْ رَدَّ حُكْمَ الكِتَاب كانَ مِنَ الكافِرين.

“Қадарнинг асли Аллоҳ таолонинг махлуқотлари тўғрисидаги сиридир. Ундан бирор улуғ фаришта ҳам, юборилган бирор пайғамбар ҳам хабардор эмас. Чуқур кетиш ва у ҳақида тафаккур қилиш хорликка олиб борадиган восита, маҳрум бўлиш нарвони ҳамда ҳаддан ошиш даражасидир. У нарса ҳақида тафаккур қилиш, фикр юритиш ва васвасага тушишдан ниҳоят даражада ҳазар қилинг! Чунки Аллоҳ таоло бандаларидан қадар илмини ўраб қўйгандир ва у ҳақида баҳс қилишдан қайтаргандир. Аллоҳ таоло Ўзининг китобида айтгани кабики: “У қилган нарсасидан сўралмас. Ҳолбуки, улар сўралурлар” (Анбиё сураси, 23-оят). Ким: “Нима учун бундай қилди”, деб сўраса, Китобнинг ҳукмини рад этган бўлади, ким Китобнинг ҳукмини рад этган бўлса, кофирлардан бўлади”.

 

Дуо тақдирни ўзгартирадими?

Қазою қадар ҳақида сўз борар экан, дуонинг қазони қайтариши ҳақидаги ҳадиси шарифлар ва қадарнинг олдиндан белгилаб қўйилгани ҳақидаги ҳадиси шарифлар ҳам қўшиб ўрганилса, қазою қадар ҳақидаги умумий маълумотлар янада тўлиқроқ бўлади:

عَنْ سَلْمَانَ الْفَارْسِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ الله صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قال لَا يَرُدُّ القَضاءَ إلَّا الدُّعاءُ وَلَا يَزِيدُ فِي الْعُمُرِ إِلَّا الْبِرُّ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қазони фақатгина дуо қайтаради, умрни фақатгина яхшилик зиёда қилади”, – дедилар”. Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: “Қазони фақатгина дуо қайтаради” дейилди. Ушбу ҳадисни ўқиганда кишининг хаёлига бирдан қадарнинг тайин қилиб қўйилгани маъносини англатувчи ҳадислар билан ушбу ҳадис ўртасида қандай мувофиқлик мавжуд деган фикр келиши табиий ҳолдир. Қуйидаги ҳадис қадарнинг олдиндан белгилаб қўйилганига очиқ-ойдин далилдир:

 عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ الْعَاصِ قَالَ سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ كَتَبَ اللَّهُ مَقَادِيرَ الْخَلاَئِقِ قَبْلَ أَنْ يَخْلُقَ السَّمَاوَاتِ وَالاَرْضَ بِخَمْسِينَ أَلْفَ سَنَةٍ قَالَ وَعَرْشُهُ عَلَى الْمَاءِ. رَوَاهُ مُسْلِمُ

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Аллоҳ таоло халойиқнинг миқдорларини осмонлару ерни яратишидан эллик минг йил олдин битиб қўйган ва Арши сувнинг устида бўлган”, – деяётганларини эшитганман”. Муслим ривоят қилган.

Шарҳ: Келтирилган ҳадисларнинг бирида “Қазони фақатгина дуо қайтаради” дейилмоқда, иккинчисида эса “Аллоҳ таоло халойиқнинг миқдорларини осмонлару ерни яратишидан эллик минг йил олдин битиб қўйган” дейилмоқда. Ушбу икки ҳадиснинг маъноларига кўра, дуо осмонлару ер яратилишидан эллик минг йил олдин тайин қилиб қўйилган нарсани қайтарадими, деган савол пайдо бўлиши табийдир. Бу саволга қуйидагича жавоблар берилган:

“Мазкур иккала ҳадис бир-бирига зид эмас. Ҳа, Аллоҳ таоло халойиқнинг миқдорларини осмонлару ерни яратишидан эллик минг йил олдин битиб қўйган, Унинг битиб қўйганида асло ўзгариш бўлмайди. Лекин У зот рўй берадиган ушбу нарсаларга азалий сабабларни тайин қилган. Яъни солиҳ амаллар саодатга эришиш учун қўйилган азалий сабаблар бўлса, ёмон амаллар бадбахт бўлиш учун азалий сабаблардир. Шунингдек, яхшилик, гўзал хулқли бўлиш ва қариндошлик алоқаларини боғлаш каби амаллар ҳам азалий сабаблар қаторига киради” (Ҳофиз Абул Қосим Лалкоий. “Шарҳу эътиқоди аҳли сунна” 3-жуз. “Мактабатуш шомила”. – Б. 18.).

Шу ўринда дуо ва сабабият қонунларининг бир-бирига алоқасини ҳам ўрганиб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлади.

 

Дуо ва сабабият қонунлари

Дуо луғатда “илтижо”, “ўтинч” каби маъноларни англатади. Истилоҳда “ банда ўзининг фақирлигини, ҳожатмандлигини ва мутелигини ҳамма нарсага қодир бўлган Аллоҳ таолога изҳор қилиб, манфаатларни жалб қилишни ва зарарларни даф қилишни сўраши, дуо деб аталади”.

Дуо мусулмон кишининг ҳаётида ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган улкан ибодат ҳисобланади. Бу ибодатнинг қанчалар катта аҳамиятга эга эканини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай баён қилганлар:

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ رَضِىَ اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِىِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ لَيْسَ شَىْءٌ أَكْرَمَ عَلَى اللَّهِ تَعَالَى مِنَ الدُّعَاءِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолога бирор-бир нарса дуодан кўра қадрлироқ эмасдир”, – дедилар”. Термизий ривоят қилган.

Чунки дуо қилувчи ўзининг ожиз банда эканини изҳор қилиш билан биргаликда, Роббисининг кўплаб сифатларини эътироф этаётган бўлади:

  1. Борлигини, чунки йўққа дуо қилиб ундан бирор нарса сўралмайди;
  2. Бойлигини, чунки ҳожатларни раво қилиш фақирдан сўралмайди;
  3. Эшитувчилигини, чунки карга дуо қилиб ундан бирор нарса сўралмайди;
  4. Сахийлигини, чунки бахилга дуо қилиб ундан бирор нарса сўралмайди;
  5. Раҳматини, чунки бераҳмга дуо қилиб ундан бирор нарса сўралмайди;
  6. Қодирлигини, чунки ожизга дуо қилиб ундан бирор нарса сўралмайди.

Дуога беэътибор бўлиш Аллоҳ таолонинг мазкур сифатларига эътиборсиз қараш билан баробардир. Шунинг учун мўмин киши доимо дуога ҳаракат қилиши лозим бўлади.

Шунингдек, банда ўзига манфаатларни жалб қилиш ва зарарларни даф қилишда имкониятидаги зоҳирий сабабларни, яъни сабабият қонунларини юзага чиқаришга уриниши лозимлиги ҳам шариат талаби ҳисобланади. Демак, имкониятидаги сабабият қонунларини юзага чиқариш ҳам, ортидан дуо қилиб натижани Аллоҳдан сўраш ҳам шариатнинг талабидир.

Шунга кўра сабабият қонунлари ва дуонинг бир-бирига алоқасини уч турга ажратиш мумкин:

  1. Сабабларга суяниб дуони тарк қилиш беодобликдир.

Масалан, мўл ҳосил олмоқчи бўлган деҳқон ерини шудгорласа, уруғларнинг яхшисини танласа, экинларини ўз вақтида суғорса, қўйингки мўл ҳосил олишга сабаб қилиб қўйилган барча нарсаларни амалга оширса-ю, дуога бепарво бўлса, мўл ҳосилни фақатгина тайин қилиб қўйилган сабаблар яратади, деган ваҳм юзага келиб қолади. Бу эса барча нарсаларнинг тадбиркори бўлган Аллоҳ таолога нисбатан беодоблик бўлади.

  1. Сабабларни юзага чиқаришга уринмасдан дуо қилиб ўтириш шариатни тушунмасликдир.

Масалан, модомики мўл ҳосил Аллоҳ таолонинг бериши билан бўлар экан, ҳосилга сабаб қилиб қўйилган ишларни амалга ошириш ўрнига У зотга дуо қилишга “зўр бериш” керак, бу ёғи Аллоҳга таваккал, деган тушунчада бўлиш, шариатнинг кўрсатмаларини тушунмаслик бўлади. Чунки дуо қилишга буюрган шариат сабабларни юзага чиқаришга ҳам буюргандир.

Бу ҳақида Саҳл Тустарий раҳматуллоҳи алайҳнинг ажойиб сўзлари бор: “Ким ҳаракатга (сабабларни рўёбга чиқаришга) бепарво бўлса, суннатга бепарво бўлибди, ким (Аллоҳга) таваккал қилишга бепарво бўлса, иймонга бепарво бўлибди. (Аллоҳга) таваккал қилиш Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳоллари (доимий сифатлари)дир, касб (сабабларни рўёбга чиқариш) у зотнинг суннатларидир. У зотнинг ҳолларига амал қилган киши асло суннатларини тарк қилмасин”.

  1. Сабабларни юзага чиқариб натижани Аллоҳдан сўраш шариат талабидир.

Масалан, мўл ҳосил олмоқчи бўлганларга аввал мўл ҳосил олишнинг сабабларини юзага чиқариш, сўнгра мўл ҳосилни Аллоҳ таолодан сўраш шариат талаби ҳисобланади.

Демак, дуо қилувчи сабабларга суяниб ҳам қолмайди, уларни бекорга ҳам чиқармайди, балки имкониятида бор сабабларни бажариб, натижани Аллоҳ таолодан сўраб, дуо қилиб боради.

 

Сабаблар қазонинг даракчилари экани

Ҳар бир ишга сабаблар тайин қилинган бўлиб, ўша сабаблар юзага чиқарилган пайтда унга боғланган ишлар ҳам юзага чиқаверади. Масалан, чанқаган киши сув ичса, сув ичишга боғланган чанқоқнинг қониши юзага чиқади. Шу маънода Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қариндошлик алоқаларини боғлашга тарғиб қилиб, бу ишга қандай натижалар боғлангани ҳақида шундай хабар берганлар:

 عَنِ ابْنِ شِهَابٍ قَالَ أَخْبَرَنِى أَنَسُ بْنُ مَالِكٍ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ مَنْ أَحَبَّ أَنَّ يُبْسَطَ لَهُ فِى رِزْقِهِ وَيُنْسَأَ لَهُ فِى أَثَرِهِ فَلْيَصِلْ رَحِمَهُ. رَوَاهُ الْبُخَارِىُّ

Ибн Шиҳоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, менга Анас ибн Молик хабар берди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ризқи кенг бўлишини ва ажали[1] кечиктирилишини (умри узун бўлишини) яхши кўрса, қариндошлик алоқаларини боғласин”, – дедилар”. Бухорий[2] ривоят қилган.

Шарҳ: Дунёда ҳар бир вужудга келадиган нарса учун унинг сабаблари ва йўл йўриқлари Аллоҳ таоло томонидан тайин қилиб қўйилган бўлади. Бирор нарсанинг сабаби рўёбга чиқарилмас экан, ўша сабабга боғланган нарсалар ҳам рўёбга чиқмай қолиши сабабият қонуни сифатида жорий қилинган. Шу маънода кишининг бирор манфаатли ишни қилиши, бошқаларнинг уни яхши кўришларига сабаб қилиб қўйилганидек, қариндошлик алоқаларини боғлаши умрининг зиёда бўлишига ва ризқининг кенг қилинишига сабаб қилиб қўйилган. Уламолар сабаблар ҳақида қуйидаги ажойиб гапларни айтганлар: Дунёда бирор нарса вужудга келиши учун қўйилган сабаблар иккитадир:

  1. Ҳис этиладиган;
  2. Ҳис этилмайдиган.

 Ҳис этиладиган сабаблар – ақл билан билинадиган, ҳис қилиш аъзолари орқали идрок этиладиган нарсалардир. Ҳис этилмайдиган сабаблар эса ақл билан билиб бўлмайдиган, ҳис қилиш аъзолари идрок эта олмайдиган нарсалардир. Ҳар иккаласини ҳам барча нарсага қодир бўлган Зот сабаб қилиб қўйгандир.

Яъни инсон тоза ҳавода юриши аъзоларининг соғлом бўлиши учун зарур эканини ҳамда бу нарса аъзоларининг узоқ муддат ишлашига сабаб эканини ҳис эта олади. Аммо қариндошлик алоқаларини боғлашнинг соғлом бўлишга ва аъзоларнинг узоқ муддат ишлашига нима алоқаси борлигини ҳис эта олмайди. Охиратга аниқ ишонган мўмин банда ҳар иккаласини ҳам барча нарсага қодир бўлган Зот сабаб қилиб қўйган ва бу бўлиши аниқ, аммо инсоннинг ҳис қилиш аъзолари идрок эта олмайдиган нарсалардандир, деган тушунчада бўлади.

 Ушбу ҳадисда ҳам қариндошлик алоқаларини боғлаш, ризқнинг кенг қилинишини ва ажалнинг кечиктирилишини юзага чиқарувчи сабабларидан бири экани баён қилинган. Аллоҳ таоло барча нарсаларни билгувчи Зотдир, шунга кўра дуо қилувчини ҳам, исён қилувчини ҳам, итоат қилувчини ҳам, яхши амал қилиб бахтли бўлувчини ҳам – барча-барчасини азалдан битиб қўйгандир. Аллома Тафтазонийнинг сўзлари бу тушунчани янада ёрқин ифодалаб беради:

“Аллоҳ таоло банда бу тоатни қилмаганда унинг умри қирқ йил бўлишини, лекин тоатни қилиб умри етмиш йил бўлишини олдиндан билган. Аллоҳ таолонинг илмига кўра бу тоат бўлмаганида мазкур зиёдалик ҳам рўёбга ошмаслиги эътиборидан бу зиёдалик ўша тоатга нисбат берилган”[3].

Шу маънода ҳамма нарса олдиндан ҳал бўлган экан, тақдиримда борини кўраман, дея қўлидан келадиган ишни тарк қилишга ҳам ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Чунки ҳеч ким ўз тақдирига нима ёзиб қўйилганини билмайди, билиш имкони ҳам йўқ. Унинг биладигани, билишга имкони бор нарсаси Аллоҳ таолонинг яхши ишларни қилишга буюриб, ёмон ишлардан қайтарганидир. Шунга кўра у бор имкониятидан фойдаланиб буйруқни бажариш ҳаракатини қилиши лозим. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларнинг: “Амални қўйиб, тақдиримиз ёзувига суянмайликми”, – деган саволларига: “Амал қилинглар...”, – деб жавоб берганлар. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ عَلِيٍّ قَالَ كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي جَنَازَةٍ فَأَخَذَ شَيْئًا فَجَعَلَ يَنْكُتُ بِهِ الْأَرْضَ فَقَالَ مَا مِنْكُمْ مِنْ أَحَدٍ إِلاَّ وَقَدْ كُتِبَ مَقْعَدُهُ مِنْ النَّارِ وَمَقْعَدُهُ مِنْ الْجَنَّةِ قَالُوا يَا رَسُولَ اللَّهِ أَفَلاَ نَتَّكِلُ عَلَى كِتَابِنَا وَنَدَعُ الْعَمَلَ قَالَ اِعْمَلُوا فَكُلٌّ مُيَسَّرٌ لِمَا خُلِقَ لَهُ أَمَّا مَنْ كَانَ مِنْ أَهْلِ السَّعَادَةِ فَيُيَسَّرُ لِعَمَلِ أَهْلِ السَّعَادَةِ وَأَمَّا مَنْ كَانَ مِنْ أَهْلِ الشَّقَاءِ فَيُيَسَّرُ لِعَمَلِ أَهْلِ الشَّقَاوَةِ ثُمَّ قَرَأَ: ﴿فَأَمَّا مَنۡ أَعۡطَىٰ وَٱتَّقَىٰ٥ وَصَدَّقَ بِٱلۡحُسۡنَىٰ٦﴾ رَوَاهُ الْبُخَارِىُّ

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жанозада эдилар, бир нарсани олдилар-да, у билан ерга чиза бошладилар ва: “Сизлардан бирор кимса йўқки, унинг дўзахдаги ва жаннатдаги жойи тақдирига ёзилмаган бўлса”, - дедилар. Саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг Расули! Амал қилишни қўйиб, тақдиримиз ёзувига суянмайликми?”, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Амал қилинглар, ҳар ким ўзи учун яратилган нарсага мослаштирилгандир, ким саодат аҳлидан бўлса, албатта, саодат аҳли амалига муваффақ қилинади, ким бахтсизлик аҳлидан бўлса, албатта, бахтсизлик аҳли амалига муваффақ қилинади”,  – дедилар. Сўнгра: “(Бас, кимки (закот ва садақотларни) берса ва (Аллоҳдан)  қўрқса, ҳамда гўзал (нарса)ни тасдиқ этса)[4], – оятини ўқидилар”. Бухорий ривоят қилган.

Яъни банда “тақдиримда битилгани бўлади”, дея амални ташлаб қўймаслиги, балки “тақдиримнинг белгилаб қўйилгани маълум, аммо қандай белгилангани номаълум, менга юклатилган вазифа эса тақдирга суяниб ўтириш эмас, шариат кўрсатмаларига риоя қилишдир”, деган тушунчада бўлиши ва бунинг тақозосига кўра ҳаракат қилиб бориши лозим.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

Бандаларнинг амалларига эътиқодий жиҳатдан назар;

Қазо ва қадарнинг маънолари;

Қазо ва қадарга иймон келтириш тушунчаси;

Уламоларнинг қадар ҳақидаги сўзлари;

Дуо тақдирни ўзгартирадими?

Дуо ва сабабият қонунлари;

Сабаблар қазонинг даракчилари экани.

 

[1] Ажал луғатда: “Кейин келмоқ”, “Чегара” каби маъноларни англатади. У тирикликдан кейин келгани ва унинг чегараси бўлгани учун шундай номланган.  

[2] Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра Бухорий ҳижрий 194 йилда Бухоро шаҳрида туғилган. Имом Бухорий ҳижрий 210 йилда 16 ёшида ҳадис йиғиш мақсадида узоқ ва машаққатли сафарга отланган ҳамда Хуросон, Бағдод, Басра, Шом, Миср ва Ҳижоз каби диёрларни кезиб чиққан. Сафар давомида 1000 га яқин устозлардан ҳадис тинглаган. Имом Бухорийнинг энг машҳур асари “Саҳиҳул Бухорий” номи билан машҳур бўлган “Жомиус саҳиҳ” китобидир. Бундан ташқари “Тарих” ва “Зуафо” каби кўплаб китоблари бўлган. Ҳижрий 256 йилда Самарқанднинг Хартанг қишлоғида 62 ёшида вафот этган.

[3] Саъдуддин Тафтазоний. Шарҳу ақоид.  – Миср: “Мактабатул Азҳарияту лит турос”, биринчи нашр 1421ҳ. – Б. 92.

[4] Лайл сураси, 5, 6-оятлар.

Кутубхона
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ҳадислар ваҳий эканига Қуръоний далиллар

24.08.2026   23243   36 min.
Ҳадислар ваҳий эканига Қуръоний далиллар

Пайғамбарлик фақат китоб тушиши билан эмас, балки Аллоҳ таоло танлаб олган бандаларига ваҳий нозил қилиши билан амалга ошиши етти қатъий далил орқали исботлаб берилди. Шунингдек, пайғамбарларга келадиган ваҳий икки тур – тиловат қилинадиган (матлув) ва тиловат қилинмайдиган (ғайри матлув) бўлиши ҳам кўрсатиб ўтилди
 

Энди эса Қуръони каримнинг бир қатор оятларини келтирамиз. Улар ўз матни, мазмуни ё бошқа далил кўмаги билан шуни кўрсатадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан шариат ўлароқ баён этилган, аммо Қуръонда бўлмаган ҳукмлар ҳам ваҳийдир. Бу оятлар ваҳийнинг бир тури – тиловат қилинмайдигани (илоҳий китобга кирмагани) ҳам борлигига далолат бўлади.


Бундай оятлар жуда кўп бўлиб, барчасини бирданига жамлашга ҳожат йўқ. Зеро, бир оятнинг ўзиёқ ҳақиқатни англаш учун кифоя қилади. Шундай бўлса-да, муқаддас Китобимизнинг услубига эргашган ҳолда, суннатнинг ваҳий эканини қатъий исботловчи оятлардан кўпроқ келтириш лозим топилди. Чунки бу масаланинг ғоятда муҳимлиги боис шу маънодаги сўзлар Қуръони каримда турли услублар билан қайта-қайта таъкидлаган. Мусҳафи шарифни шарҳлашда, ислом аҳкомларини баён қилишда ҳам бу масала энг муҳим пойдевор ҳисобланади.


1. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Ботаётган юлдуз билан қасамки, биродарингиз (Муҳаммад алайҳиссалом) адашгани ҳам йўқ, йўлдан озгани ҳам йўқ. Ва у (сизларга келтираётган Қуръонни) ўз ҳавойи хоҳиши билан сўзламас. У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан) ваҳий (нозил) қилинаётган бир ваҳийдир. Унга (бу ваҳийни) кучга тўлган бир зот (яъни, Жаброил алайҳиссалом) таълим бермишдир» [Нажм сураси, 1–5-оятлар].


Аллоҳ таоло тонг отаётганда ботадиган юлдузлар билан қасам ичиб, Пайғамбарнинг ҳақ йўлда эканини, адашмагани ва йўлдан озмаганини маълум қилди. Бу ерда «адашган» – ҳақ ва аниқ йўлни билмай, илмсизлик билан қоронғуликда қадам босган жоҳил. «Йўлдан озган» эса ҳақни била туриб, қасддан ва онгли равишда ундан юз ўгириб, бошқа йўлга кетган кимсадир.


Бу оят Аллоҳ таолонинг Ўз қасами билан мустаҳкамланган буюк гувоҳлиги бўлиб, бундай шаҳодат Расулининг барча ҳолат ва ишларда тўғри йўлда эканини тасдиқлайди. Шунингдек, келтирган барча нарсалари – Китоб бўлсин ё ҳадис – тўғри ва ҳақ эканига далил бўлади.


Сўнг Аллоҳ таоло бу ҳақиқатни янада мустаҳкамлаб, «У ўз ҳавойи хоҳиши билан сўзламас» деяпти. Кейин «У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан) ваҳий (нозил) қилинаётган бир ваҳийдир» деб, таъкидни энг олий чўққига чиқаряпти. Оятдаги чеклов (ҳаср) услуби ваҳийдан ташқари ҳар қандай эҳтимолни рад этади. Яъни, у зот алайҳиссаломнинг гаплари фақат ва фақат нозил қилинаётган ваҳийдир. Бу Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳар бир сўзи Қодир Парвардигордан келган ваҳий эканига энг олий тасдиқдир. Бу эса, «ўз ҳавойи хоҳиши билан сўзламас» деган гап шунчаки мажоз эмас, балки айнан ҳақиқат эканини кўрсатади.


Бу ибора умумий маъно ташийди, яъни у зотнинг оғизларидан чиққан барча сўзларни ўз ичига олади. Зеро, араб тили қоидаларига кўра, инкор гап таркибидаги феъл инкор қилинган накра (номаълумлик) сўз ҳукмида бўлиб, умумий маънони англатади. Демак, у зотнинг шариат ва динни етказиш билан боғлиқ ҳар бир гапи шу умумий маънога киради. Буни фақат Қуръонга хослаб қўйиш учун ҳеч қандай далил йўқ. Шундай экан, оятнинг маъноси: «У зот айтган ҳар бир гап – Китоб бўлсин ё ҳадис – фақатгина нозил қилинаётган ваҳийдир», деганидир.


Бу оятнинг умумий маънога эга экани ва нафақат Қуръонни, балки ҳадисни ҳам ўз ичига олишини Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу ҳадис қўллаб-қувватлайди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ҳар бир нарсани ёдлаб қолиш ниятида ёзиб борар эдим. Қурайшликлар мени бундан қайтариб: «Расулуллоҳдан эшитган ҳамма нарсангни ёзяпсанми? Ахир, Расулуллоҳ ҳам оддий инсон бўлсалар, баъзан ғазаб устида ҳам гапирадилар-ку!» деди. Шундан кейин ёзишдан тўхтадим ва буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтдим. У зот бармоқлари билан оғизларига ишора қилиб: «Ёзавер, жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, бу ердан фақат ҳақиқат чиқади», деб буюрдилар» [Абу Довуд ва Доримий ривоят қилган].


Уламоларнинг фикрига кўра, бевосита ваҳий келмаган пайтларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз ижтиҳодлари билан ҳукм чиқаришлари жоиз бўлган. Бу ҳолат юқоридаги «у (сизларга келтираётган Қуръонни) ўз ҳавойи хоҳиши билан сўзламас. У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан) ваҳий (нозил) қилинаётган бир ваҳийдир» деган умумий қоидага зид келмайди. Чунки Аллоҳ таоло ўша вазиятларда у зотга ижтиҳод қилишга изн берган. Бу рухсатнинг ўзи ҳам Аллоҳ таолонинг Ўз Пайғамбарига ваҳийсидир. Демак, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ижтиҳодларида ҳам барибир Аллоҳнинг ваҳийсига эргашган бўладилар. Бунга Аллоҳ таолонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тили билан айтган ушбу сўзлари далилдир: «Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган нарсаларгагина эргашурман» [Анъом сураси, 50-оят].


Шундай экан, у зотнинг ижтиҳодлари ва ўша ижтиҳод таянадиган асосларнинг барчаси ваҳийдир, асло ҳавойи хоҳиш эмас. Зеро, бу рухсат гўё Аллоҳ таолонинг Ўз Пайғамбарига «Бирор ҳукмни тўғри деб билсангиз, у Менинг ҳукмимдир», яъни «Қалбингизга солинган ҳар бир нарса Менинг иродамдир» деганидек гап. Шунинг учун ҳам бу ҳақиқий ваҳий ҳисобланади ва юқоридаги умумий қоидага тўлиқ мувофиқ бўлади.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ижтиҳодларида хато бўлиши эҳтимоли бор, деб ҳисоблайдиган уламолар мазҳабига кўра эса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор ижтиҳодда янглишган бўлсалар, Аллоҳ таоло уни ўша ҳолатда қолдирмаган, балки ваҳий йўлларидан бири билан дарҳол ҳақиқатни баён қилиб берган. Демак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дин сифатида мустаҳкамланиб, қарор топган ҳукмларда қандай ҳавойи хоҳиш билан гапирмаганлари сингари ҳали якуний тўхтамга келинмаган ва ижтиҳод қилган масалаларида ҳам асло нафсларига таяниб сўз юритмаганлар. Балки у зотнинг айтганлари бевосита ваҳий келмаганда ижтиҳод қилишга берилган илоҳий рухсатга – яъни, барибир ваҳийга асосланган бўлган.


Хулоса қилиб айтганда, Аллоҳ таолонинг Ўз Расулига ижтиҳод қилишга рухсат бериши гўё унга: «Бирор ҳукмни тўғри деб билсангинг ва Мен уни шундайлигича қолдирсам, демак, у Менинг ҳукмимдир», деб айтиши кабидир.


2. Қуръони каримнинг қатор оятларида «ҳикмат» сўзи «Китоб» сўзи билан кетма-кет келган. Уларнинг бир қисмида икки калима ҳам Аллоҳ таоло томонидан ўргатилгани баён қилинган бўлса, бошқа қисмида иккисининг ҳам Ҳақ таоло томонидан нозил қилингани очиқ-ойдин айтилган.


Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бундай марҳамат қилади: «Эй Раббимиз! Уларга (келажак умматларга) ўзларидан (чиққан), уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, Китоб ва ҳикмат (Қуръон ва ҳадис)ни ўргатадиган ва уларни (куфр ва гуноҳлардан) поклайдиган бир пайғамбар юборгин! Албатта, Сен Азиз (қудратли) ва Ҳаким (ҳикмат соҳиби)дирсан » [Бақара сураси, 129-оят].


Яна Аллоҳ таоло бундай дейди: «Шунингдек, сизларга ўзингиздан бўлмиш бир пайғамбар юбордикки, у сизларга оятларимизни ўқиб беради, сизларни (ширк ва гуноҳлардан) поклайди, сизларга Китоб (Қуръон) ва ҳикматдан (Ҳадисдан) таълим беради ва билмаганларингизни билдиради » [Бақара сураси, 151-оят].


Ҳақ таоло айтади: «Албатта, Аллоҳ мўминларга ўзларидан бўлган (яъни, одам жинсидан бўлган), уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб берадиган, (гуноҳларидан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб ва ҳикматни ўргатадиган пайғамбарни юбориш билан яшилик қилди. Ҳолбуки, улар илгари очиқ хато-залолатда эдилар» [Оли Имрон сураси, 164-оят].


Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «У (Аллоҳ) омийларга (яъни, аҳли китоб бўлмаган илмсиз кишиларга) ўзларидан бўлган, уларга (Қуръон) оятларини тиловат қиладиган, уларни (ширк ва жаҳолатдан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб – Қуръон ва ҳикмат – ҳадисни ўргатадиган бир пайғамбарни (яъни, Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломни) юборган Зотдир. Шак-шубҳасиз, улар (пайғамбар келишидан аввал) илгари очиқ залолатда эдилар» [Жумъа сураси, 2-оят].


Эътибор беринг, ушбу оятларда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъминларга Китоб ва ҳикматни ўргатишлари Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб беришларига боғлаб келтирилмоқда. Яъни, Китоб ва ҳикматни ўргатиш оятларни тиловат қилишдан бутунлай бошқа нарсадир. Буни илоҳий баёндаги сўзларнинг турлича келгани ҳам кўрсатиб турибди. Зеро, Аллоҳ таоло дастлабки ҳаракатни «тиловат» деб, кейингисини эса «ўргатиш» деб атаяпти. Таълим бериш эса шунчаки тиловат қилишдан фарқ қилади. Қолаверса, араб тили қоидаларига кўра, сўзларни бир-бирига боғлаб сўзлаш (атф) улар ўртасида маъно жиҳатидан фарқ борлигини билдиради. Айниқса, кейинги уч оятда Китоб ва ҳикмат таълими билан тиловат «уларни поклайдиган» мазмунидаги жумла билан ажратилгани бу икки тушунча бир-бирини шунчаки шарҳлаб келувчи синонимлар эмаслигини яна бир бор қатъий тасдиқлайди.


Оятларни тиловат қилишнинг маъноси ҳаммага тушунарли. Китобни ўргатиш эса Қуръондаги умумий ва мухтасар ҳукмларни баён қилиб бериш демакдир. Бунга Аллоҳ таолонинг ушбу сўзлари далил бўлади: «Сизга эса одамларга нозил қилинган (маълумотлар)ни баён (тафсир) қилиб беришингиз учун ва тафаккур қилсинлар, деб бу зикрни (Қуръонни) нозил қилдик» [Наҳл сураси, 44-оят] Аллоҳ таоло Ўз Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръонни шарҳлаш, ундаги қисқа ҳукмларни батафсил тушунтириш ва мавҳум жойларига ойдинлик киритиш вазифасини юклаган. Бу улуғ вазифа эса фақатгина ҳикматни ўргатиш орқали амалга ошади. Ҳикмат эса – Аллоҳ таоло у зотга ваҳий қилган суннатдир.


Бу таҳлил “ҳикмат” сўзи Китобга боғланиб келган бошқа оятларда ҳам Қуръондан фарқли ўлароқ алоҳида бир асос – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари эканига ёрқин далилдир.


Қуръонда “ҳикмат” деб аталган ушбу шарафли набавий суннат Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинган ваҳий эканини очиқ-ойдин кўрсатувчи оятлар ҳам бор. Жумладан, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бундай амр этади: «Аллоҳнинг сизларга берган неъматини ва сизларга насиҳат сифатида нозил қилган Китоб ва ҳикматни (ҳадисларни) ёдингизда тутингиз!» [Бақара сураси, 231-оят].


Яна бундай марҳамат қилади: «Аллоҳ сизга Китоб ва ҳикматни нозил қилди ва билмаган нарсаларингизни билдирди. Аллоҳнинг сизга фазлу марҳамати улуғ бўлди» [Нисо сураси, 113-оят].


Ушбу оятлардаги «Китоб ва ҳикмат» деган илоҳий сўзлар ҳикмат худди Қуръони карим каби Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинганини очиқ кўрсатади. Чунки у “Китоб” сўзи билан ёнма-ён ва унга боғланиб келмоқда.


Шундай қилиб, дастлабки мисоллардаги оятлар орқали ҳикматнинг Китобдан бошқа нарса экани исботланди. Кейинги мисоллар билан бу ҳикмат ҳам худди Китоб каби Аллоҳдан нозил бўлган илоҳий ваҳий экани ўз тасдиғини топди. Ана шу ваҳий набавий суннатдир, валлоҳу аълам.


Имом Шофеий раҳматуллоҳи алайҳ Китоб билан ҳикмат ўртасидаги бу фарқни қатъий таъкидлаб, мазкур оятлар шарҳида бундай деган: «Аллоҳ Китобни зикр қилди – у Қуръондир. Шунингдек, ҳикматни зикр қилди. Мен Қуръон илмини яхши биладиган, ўзим рози бўлган олимлардан эшитдимки, улар: «Ҳикмат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир», деди. Бу гап айни ҳақиқатдир».


Имом Шофеъий маъқуллаган ва Қуръон олимларидан нақл қилган бу қараш барча салаф солиҳлар ва етук муфассирларнинг якдил иттифоқидир.


Ибн Касир ўз тафсирида бундай ёзади: Ҳикмат – суннат деганидир. Буни Ҳасан Басрий, Қатода, Муқотил ибн Ҳайён, Абу Молик ва бошқалар айтган. Шунингдек, у «диндаги чуқур тушунча» деб талқин қилинган. Бу икки фикр ўртасида қарама-қаршилик йўқ, бири иккинчисининг мазмунига уйғундир».


Бу ўринда бир муҳим жиҳатга эътибор қаратиш лозимки, бу оятлардаги “ҳикмат” сўзини «суннат» деб тафсир қилган олимлар, тилшунослик жиҳатидан ҳикмат ва суннат сўзлари мутлақ маънодош (синоним) демоқчи эмас. Чунки луғат дарсликларида, жумладан, Халил ибн Аҳмад Фарафидийнинг «Китобул айн» асарида келтирилишича, «ҳикмат» сўзи тилда “илм” ва “адолат” маъноларини англатади. Муфассирлар оятнинг келиш ўрни ва матн сиёқини ҳисобга олиб, уни илм ва адолатнинг энг олий даражада намоён бўлиши, яъни ҳадис деб изоҳлаган. Зеро, Аллоҳ таоло ҳикматни ҳам нозил қилинган нарсалар қаторига қўйиши ва уни Китоб билан бирга қайд этиши унинг айнан ҳадис эканига яққол далилдир. Чунки Аллоҳ таоло томонидан Китобдан ташқари нозил қилинган ягона манба – бу ҳадисдир.


3-4-5. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Сизларга рўза кечасида хотинларингиз билан қовушиш ҳалол қилинди. Улар сизлар учун либос, сизлар улар учун либосдирсиз. Сизларнинг ўзингизга хиёнат қилаётганингизни Аллоҳ билди ва тавбангизни қабул қилиб, сизларни афв этди. Энди улар билан (рўза кечаларида бемалол) қовушиб, сизлар учун Аллоҳ ёзган (тақдир этган) нарсани (фарзандни) умид этаверингиз. Шунингдек, тонггача, яъни оқ ипнинг қора ипдан (тонгнинг тундан) ажраладиган вақтигача еб-ичаверингиз. Сўнг рўзани кечгача (қуёш ботгунча) мукаммал тутингиз! Масжидларда эътикофда бўлган пайтларингизда (кечалари ҳам) улар (хотинлар) билан қўшилмангиз! Булар (айтилган ҳукмлар) Аллоҳнинг чегараларидир. Бас, уларга яқинлашмангиз! Одамлар (ман этилган ишлардан) сақланишлари учун Аллоҳ ўз оятларини мана шундай аниқ баён қилади» [Бақара сураси, 187-оят].


Ушбу улуғ оятнинг аввалида рўза кечаларида аёл билан қовушиш ҳалол қилингани таъкидланмоқда. Бирор нарса ҳалол қилиндими, демак, ундан олдин ҳаром бўлган. Шунингдек, оятнинг давомидаги «Сизларнинг ўзингизга хиёнат қилаётганингизни Аллоҳ билди ва тавбангизни қабул қилиб, сизларни афв этди. Энди улар билан (рўза кечаларида бемалол) қовушиб, сизлар учун Аллоҳ ёзган (тақдир этган) нарсани (фарзандни) умид этаверингиз» деган сўзлар ҳам қовушишга изн берилишидан олдин бу амал тақиқланган бўлганини билдиради. Ваҳоланки, бу тақиқ ҳақида Қуръонда бирор оғиз сўз йўқ. Демак, ўша дастлабки тақиқ Аллоҳ таолонинг тиловат қилинмайдиган ваҳийси бўлмиш набавий суннат билан собит бўлган.


Имом Бухорий Абу Исҳоқдан, у Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Рамазон рўзаси нозил бўлган илк даврларда мусулмонлар Рамазон ойи бўйи (кечаси ҳам) аёлларига яқинлик қилмасди. Бироқ баъзилар ўзини тия олмай, нафсига хиёнат қилиб қўйди. Шунда Аллоҳ таоло «Сизларнинг ўзингизга хиёнат қилаётганингизни Аллоҳ билди ва тавбангизни қабул қилиб, сизларни афв этди. Энди улар билан қовушиб, сизлар учун Аллоҳ ёзган нарсани умид этаверингиз» деган оятни нозил қилди».


Оятдаги «тонггача, яъни оқ ипнинг қора ипдан ажраладиган вақтигача еб-ичаверингиз» деган кўрсатма Аллоҳ таоло томонидан мусулмонларга берилган енгиллик бўлиб, исломнинг илк давридаги ҳукмни бекор қилди. Илк даврдаги тартиб эса, юқоридаги ҳолатдек, набавий суннат орқали маълум эди. У пайтларда рўзадор ифтор қилгач, фақат хуфтон намозигача ёки ундан олдин ухлаб қолгунига қадар еб-ичиши мумкин эди. Ухлаб қолса ёки хуфтон намозини ўқиб қўйса, кейинги куннинг оқшомигача еб-ича олмасди. Бу мусулмонларга жуда катта машаққат туғдирганди. Шунда Аллоҳ таоло тонг отгунча еб-ичишга изн берди. Ана ўша эски қийин ҳукм ҳам Қуръонда мутлақо зикр қилинмаган, балки фақат ҳадис билан собит бўлганди.


«Сўнг рўзани кечгача мукаммал тутингиз!» деган амр висол рўзасини, яъни оғиз очмасдан бир неча кунни бир-бирига улаб рўза тутишни тақиқлайди. Саҳиҳ ҳадисларда мусулмонлар висол рўзасидан қайтарилган, фақат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларигагина хос равишда жоиз қилинган эди.


Имом Аҳмад Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Висол рўзаси тутманг», дедилар. Саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг Расули, ўзингиз висол рўзаси тутасиз-ку?» дейишди. У зот: «Мен сизлардек эмасман. Мен тунаётганимда Раббим мени таомлантиради ва сув беради», деб жавоб бердилар.


Висол рўзаси тутиш у зотнинг ўзларигагина тегишли хусусиятлардан эди. Саҳиҳ ҳадисда айтилганидек, у зотга бу ишда алоҳида қувват ва кўмак бериларди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга висол рўзасининг жоиз бўлиши алоҳида бир шариат ҳукми бўлиб, у ҳам Қуръонда зикр қилинмаган, балки тиловат қилинмайдиган ваҳий орқали қарор топган. Буни у зотнинг ўзлари ваҳийдан ташқари иш қилмаганлари ҳақидаги мана бу оятлар тасдиқлайди: «Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган оятларгагина эргашурман», шунингдек, «Айтинг: «Мен учун уни ўз томонимдан ўзгартириш дуруст эмасдир» [Юнус сураси, 15-оят] ҳамда «Агар (Пайғамбар) Бизнинг номимиздан (Биз айтмаган) айрим сўзларни тўқиб айтганида, албатта, Биз унинг ўнг қўлидан ушлаган, сўнгра албатта унинг шоҳтомирини узиб ташлаган бўлур эдик» [Ҳаққо сураси, 44–46-оятлар].


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг висол рўзаси тутишлари ваҳийдан ташқари ва унга таянмаган ҳолда бўлганида эди, у зот Аллоҳнинг «Сўнг рўзани кечгача мукаммал тутингиз!» деган амрини ўзгартирган ва Унинг номидан шариат жорий қилган бўлиб қолардилар, бу эса умуман мантиққа зиддир.


Хуллас, Бақара сурасининг 187-ояти набавий суннатнинг Аллоҳ таоло томонидан юборилган илоҳий ваҳий эканига бир йўла уч кучли далилни ўз ичига олган.


6. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Пайғамбар жуфтларидан бирига (яъни, Ҳафсага) бир сўзни пинҳона айтганини эсланг! Энди қачонки (Ҳафса) у (сир) ҳақида (Оишага) хабар бергач ва Аллоҳ (Жаброил фаришта воситасида Пайғамбар алайҳиссаломни Ҳафсанинг қилмишидан) воқиф қилгач, у (Ҳафсага ўзи воқиф бўлган нарсанинг) баъзисини билдирди ва баъзисидан юз ўгирди (билдирмади). Бас, қачонки (Пайғамбар алайҳиссалом Ҳафсага ўзи воқиф бўлган нарсанинг баъзиси ҳақида) хабар бергач, у: «Сизга бу хабарни ким берди?», деган эди, «Менга Билгувчи ва Хабардор Зот хабар берди», деди» [Таҳрим сураси, 3-оят].


«Аллоҳ (Жаброил фаришта воситасида Пайғамбарни Ҳафсанинг қилмишидан) воқиф қилгач» сўзлари шуни кўрсатадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларидан бирига яширинча айтган ва ҳеч кимга айтмасликни буюрган сирнинг очилиб қолганини Аллоҳ таоло Пайғамбарига билдирган. Лекин Қуръон орқали амалга ошмаган. Чунки Қуръондаги мазкур оят ўша воқеа содир бўлиб ўтганидан кейин, ўтган замон феъли шаклида у ҳақда шунчаки хабар беряпти, холос. Демак, бу билдириш ва огоҳлантириш, шубҳасиз, тиловат қилинмайдиган ваҳий орқали содир бўлган. Бинобарин, ушбу оят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръондан ташқари ҳам ваҳий нозил бўлганига ёрқин далилдир. Ана шундай ваҳий у зотнинг суннатлари бўлади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ваҳийдан бошқа нарсага таяниши сира ҳам мумкин эмас. Бунга Аллоҳ таолонинг у зот тили билан айтган ушбу сўзи далилдир: «Мен фақат Парвардигоримдан келган ваҳийгагана эргашурман». Далилларнинг бу жамланмасидан равшан бўладики, Суннат – Аллоҳ таоло томонидан юборилган илоҳий ваҳийдир.


7. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло марҳамат қилади: «Оталарингиз уйланган хотинларни никоҳингизга олманг! Магар илгари ўтган бўлса, (уйланган бўлсангиз, Аллоҳ афв этар). Албатта, бу хунук ва жирканч бўлган ёмон қилиқдир. Сизлар учун оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари, эмизган оналарингиз, эмишган опа-сингилларингиз, қайноналарингиз, жинсий алоқада бўлган хотинларингизнинг тарбиянгизда бўлган қизлари(га уйланиш ҳаром қилинди) – агар хотинларингиз билан жинсий алоқада бўлмаган бўлсангиз (уларни талоқ қилгандан кейин аввалги эрларидан туғилган қизларига уйлансангиз), сизлар учун гуноҳ йўқдир. Яна ўз пушти камарингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинларига (уйланишингиз) ва опа-сингилни жамлашларингиз (яъни, бирини талоқ қилмай туриб бошқасига уйланишингиз ҳаром қилинди). Магар илгари ўтган бўлса (Аллоҳ афв этар). Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва меҳрибон бўлган Зотдир. Яна эрлик аёллар (ҳам ҳаром қилинди). Магар (уруш-жангларда) эга бўлган чўриларингиз ҳалолдир. (Бу ҳукмларни) Аллоҳ зиммангизга фарз қилиб қўйди. Мана шулардан бошқа аёлларга зино қилувчи бўлмаган ҳолингизда молларингизни маҳр қилиб бериш билан уйланишга ҳаракат қилиш сизлар учун ҳалол қилинди. Улар билан никоҳ орқали яқинлик қилишингиз билан белгиланган маҳрларини берингиз! Маҳр белгиланганидан кейин ўзларингиз келишиб олишингизда (яъни, улар ўз ихтиёри билан ҳаққи-маҳридан кечиб юборишида) сизлар учун гуноҳ йўқдир. Албатта, Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган Зотдир» [Нисо сураси, 22–24-оятлар].


Ушбу оятларда эркак киши учун уйланиш ҳаром бўлган аёллар баён қилинган. Ваҳоланки, жоҳилият даврида уларнинг баъзилари, масалан, отанинг хотинига уйланиш ва икки опани-сингилни баробар никоҳга олиш кабилар мумкин эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бу икки ҳолат зикрида «Магар илгари ўтган бўлса» деб марҳамат қилди ва ислом шариати билан буларнинг барчасини қатъий ҳаром қилди.


Охирида «Мана шулардан бошқа аёлларга зино қилувчи бўлмаган ҳолингизда молларингизни маҳр қилиб бериш билан уйланишга ҳаракат қилиш сизлар учун ҳалол қилинди», яъни юқорида саналганлардан ташқари бошқа ҳар қандай аёлга уйланиш сизлар учун жоиздир, дейилди.


Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мутавотир (шубҳасиз) йўллар билан ривоят қилинган ва бутун уммат уламолари бир овоздан ижмо қилган ҳақиқат шуки, ушбу оятларда саналмаган бўлса-да, никоҳи ҳаром бўлган бошқа тоифа аёллар ҳам бор. Масалан, бир аёлни ўз аммаси билан ёки бир аёлни ўз холаси билан бир вақтда никоҳга олиш тақиқланган. Бошқача айтганда, насаб-қариндошлик жиҳатидан бир-бирига яқин бўлган икки аёлнинг бирини эркак деб фарз қилинганда, у иккинчисига уйланиши ҳаром бўладиган даражада яқин бўлса, у ҳолда бу икки аёлни бир никоҳда жамлаш мутлақ ҳаром ҳисобланади.


Хўш, ушбу тақиқ мана шу оятларда ёки Қуръони каримнинг бошқа бирор жойида борми?! Йўқ, фақат набавий суннатда бор. Суннат эса, боя таъкидланганидек, Аллоҳнинг ваҳийсидир. Қолаверса, бу ҳукмлар Аллоҳ таолонинг: «Пайғамбар ўзи сизларга ато этган нарсани олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар» [Ҳашр сураси, 7-оят] деган амри доирасига ҳам тўлиқ киради.


8. Ҳақ таоло бундай амр қилади: "(Эй Муҳаммад! Қуръонни) тезроқ (ёдлаб) олиш учун тилингизни у билан қимирлатмай-пичирламай қўя қолинг. Зеро, уни (сизнинг дилингизда) жамлаш ҳам, (тилингизда) қироат қилдириш ҳам Бизнинг зиммамиздадир. Бас, қачон Биз (Жаброил тилидан) уни ўқисак, сиз ҳам эргашинг! Сўнгра уни (Қуръонни) баён қилиб бериш ҳам албатта Бизнинг зиммамиздадир» [Қиёмат сураси, 16–19-оятлар].


Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссалом ваҳий олиб келган пайтда, Қуръон оятларидан бирор нарса унутилиб ёки тушиб қолмасин деган хавотирда, у зот билан баробар тилларини қимирлатиб, оятларни тезда қайтаришга ҳаракат қилар эдилар. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятлар орқали у зотга Жаброил Қуръон келтирганда шошмасдан, диққат билан тинглашни ва тилларини қимирлатмасликни буюрди. Бунинг эвазига Аллоҳ таоло Қуръонни у зотнинг қалбларига муҳрлаб қўйишни, уни Жаброил ўқиганидек мукаммал адо этишини осон қилиб беришни ҳамда ундаги мухтасар (қисқа) ҳукмларни батафсил шарҳлаб, унинг маъноларини у зотнинг ўзларига ёки у зотнинг тиллари орқали бутун инсониятга ойдинлаштириб, баён қилиб беришни Ўз зиммасига олди.


Имом Бухорий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳий тушаётган пайтда жуда катта машаққат ва қийинчилик сезар, (оятларни ёдлаб қолиш учун) тез-тез икки лабларини қимирлатар эдилар. Шунда Аллоҳ таоло: «(Эй Муҳаммад! Қуръонни) тезроқ (ёдлаб) олиш учун тилингизни у билан қимирлатмай-пичирламай қўя қолинг. Зеро, уни (сизнинг дилингизда) жамлаш ҳам, (тилингизда) қироат қилдириш ҳам Бизнинг зиммамиздадир. Бас, қачон Биз (Жаброил тилидан) уни ўқисак, сиз ҳам эргашинг!» – яъни, уни жим туриб, диққат билан тингланг, – «Сўнгра уни (Қуръонни) баён қилиб бериш ҳам албатта Бизнинг зиммамиздадир» деган оятларни нозил қилди. Шундан кейин Жаброил алайҳиссалом қайтиб кетгач, у зот ваҳий қилинган оятларни худди Жаброил ўқиб бергандек ўқир эдилар».


Ибн Касир ўз тафсирида ёзади: «Шаъбий, Ҳасан Басрий, Қатода, Мужоҳид, Заҳҳок ва бошқа муфассирлар: «Ушбу оятлар айнан мана шу воқеа сабабли нозил бўлган», деб айтган».


«Сўнгра уни баён қилиб бериш ҳам албатта Бизнинг зиммамиздадир» сўзлари Қуръон нозил бўлганидан кейин уни тушунтириб, шарҳлашни Аллоҳ таоло Ўз зиммасига олганига кафолатдир. Бу баён ё бевосита Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга билдирилган ёки у зотга қилинган илоҳий ваҳий орқали у зотнинг тиллари билан инсониятга етказилган. Шуни унутмаслик керакки, баён (шарҳ сўзлари) мубайяндан (шарҳланаётган нарсадан) мутлақо фарқ қилади. Демак, бу ўриндаги баён Қуръоннинг ўзидан бошқа нарсадир. Аллоҳ таоло «Бизнинг зиммамиздадир» деб, бу баённинг ҳам Ўз ҳузуридан бўлишини таъкидлади ва «Сўнгра» боғловчисини қўллаш орқали бу шарҳ Қуръон нозил бўлганидан кейин амалга ошишини билдирди. Шундай экан, Аллоҳ таоло зиммасига олган ушбу баён Қуръондан ташқари алоҳида бир манба – У Зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга тиловат қилинмайдиган ваҳий ўлароқ юборган Суннат эканидан бошқа эҳтимол қолмайди. Бу эса Аллоҳ таолонинг мана сўзларига қўшимча далилдир: «Сизга эса одамларга нозил қилган нарсаларни (яъни, шариат аҳкомларини) баён қилиб беришингиз учун ва шояд тафаккур қилсалар, деб бу эслатмани – Қуръонни нозил қилдик» [Наҳл сураси, 44-оят].


9. Аллоҳ таоло бундай буюради: «Эй мўминлар, жума кунидаги намозга чорланса (яъни, азон айтилса), дарҳол Аллоҳнинг зикрига боринглар ва олди-сотдини тарк қилинглар! Агар биладиган бўлсангиз, мана шу (яъни, Аллоҳнинг зикрига – жума намозини ўқишга шошилиш) ўзларингиз учун яхшироқдир. Энди қачон намоз адо қилингач, Ерга тарқалиб, Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан (ризқу рўз) истайверингиз. Аллоҳни кўп зикр қилингизки, шояд нажот топурсизлар. (Эй Муҳаммад!) Улар бирон тижоратни ёки ўйин-кулгини кўриб қолсалар, ўшанга қараб сочилиб-тарқалиб кетурлар ва сизни (минбарда) тик турган ҳолингизда тарк қилурлар. Айтинг: «Аллоҳ ҳузуридаги нарса (имон ва яхши амаллар учун бериладиган ажр-мукофот) ўйин-кулгидан ҳам, тижоратдан ҳам яхшироқдир! Аллоҳ ризқ бергувчиларнинг яхшироғидир!» [Жумъа сураси, 9–11-оятлар].


Аллоҳ таоло мўминларга жума намозига азон айтилганда, савдо-сотиқни бас қилиб, намозга шошилишни буюряпти. Шундан келиб чиқиб, барча уламолар имомнинг қаршисида айтиладиган иккинчи азондан кейин савдо қилиш мумкин эмаслигига ижмо қилган. Шунингдек, намоз тугагач, тарқалиб, Аллоҳнинг фазлу карамидан ризқ излашга рухсат берилди ҳамда бу жараёнда ҳам Парвардигорнинг зикридан ғофил бўлмаслик, нажотга эришиш учун Уни кўп эслаш амр этилди.


Сўнгра Аллоҳ таоло саҳобаларга ушбу оят нозил бўлишидан олдин содир бўлган бир воқеа сабабли гина қилди. Ўшанда жума куни азон айтилганда, намозга шошилиш ҳақидаги ушбу буйруқ ҳали нозил бўлмаган эди ва улар жума хутбаси пайтида келган карвон туфайли тижорат ортидан кетиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни минбарда тик турган ҳолларида ёлғиз қолдирганди. Зеро, у пайтларда жума намози хутбадан олдин ўқилар эди. Кейинчалик бу ҳукм ўзгартирилиб (насх қилиниб), хутба намоздан олдинга сурилган.


Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумо айтади: «Бир сафар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жума хутбасини ўқиётганларида, Мадинага тижорат карвони келиб қолди. Одамлар чиқиб кетди ва у зот билан бор-йўғи ўн икки киши қолди. Шунда Аллоҳ таоло «(Эй Муҳаммад!) Улар бирон тижоратни ёки ўйин-кулгини кўриб қолсалар, ўшанга қараб сочилиб-тарқалиб кетурлар ва сизни (минбарда) тик турган ҳолингизда тарк қилурлар» деган оятни нозил қилди» [Имом Бухорий ривояти].


Демак, оятдаги «улар бирон тижоратни ёки ўйин-кулгини кўриб қолсалар, ўшанга қараб сочилиб-тарқалиб кетурлар» деган жумла мазкур уч оят нозил бўлишидан олдин, жума намозидан кейинги хутба пайтида саҳобалар томонидан содир бўлган воқеанинг хабаридир. Бундан шундай хулоса чиқадики, жума намози «жума кунидаги намозга чорланса, дарҳол Аллоҳнинг зикрига боринглар ва олди-сотдини тарк қилинглар!» деб бошланувчи ушбу оятлар нозил бўлишидан олдин ҳам шариатда бўлган ва унга амал қилинган. Ваҳоланки, Қуръони каримда бу оятдан олдин жума намозининг фарз қилинганини кўрсатувчи бошқа бирор оят мавжуд эмас. Шундай экан, жума намозининг ибодат ўлароқ жорий қилиниши фақатгина Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари билан собит бўлган.


10. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Сизга эса одамларга нозил қилган нарсаларни (яъни, шариат аҳкомларини) баён қилиб беришингиз учун ва шояд тафаккур қилсалар, деб бу эслатмани – Қуръонни нозил қилдик» [Наҳл сураси, 44-оят].


Аллоҳ таоло Ўз Расулига Қуръондаги умумий ва мухтасар ҳукмларни батафсил тушунтириш ваколатини топширяпти. Ана шу илоҳий ваколатга таяниб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонда умумий тарзда келган барча аҳкомларни батафсил баён қилиб берганлар. Бу ҳукмлар ибодат, муомала, никоҳ-оила муносабатлари, жиноятлар, шунингдек, оилавий, ижтимоий ва халқаро алоқаларни қамраб олган.


Масалан, намозни оладиган бўлсак, унинг вақтларини аниқ белгилаган, ракатлар сонини, ўқилиш тартибини, шарт бўлган амаллар ва бузадиган нарсаларни ажратиб берган, муқимлик, сафар ва хавф намозлари ўртасидаги фарқларни кўрсатган ким эди? Ёки закотга эътибор беринг, закот берилиши фарз бўлган барча мол-мулкларнинг миқдорини, ундан қанча ажратилишини ким белгилаб берган? Туянинг нисоби бештадан бошланиши ва ундан битта қўй берилиши, қорамолники ўттизтадан бошланиб, ундан бир яшар бузоқ берилиши, қўй-эчкиники қирқтадан бошланиб, битта қўй ажратилиши, кумуш борасида ҳар икки юз дирҳамдан чорак ушр (икки ярим фоиз), олтин бўйича эса ҳар йигирма мисқолдан ярим мисқол берилиши каби қоидаларни ким жорий қилган?


Шунингдек, ҳаж ибодатини биз биладиган бугунги мукаммал шаклга ким келтирган? Ҳажнинг рукнлари нималардан иборат, уни нималар бузади, Арафотда туриш қачон бошланиб, қачон тугайди, қайси ҳолатда қурбонлик вожиб бўлади ва ҳажнинг уч тури (ифрод, қирон, таматтуъ) қандай бажарилади – буларни ким тизимлаштириб берган?


Бундай саволларни рўза ибодатига ҳамда савдо, ҳавола, ижара, шериклик, кафиллик каби барча кундалик муомалаларга ҳам худди шундай татбиқ қилиш мумкин.


Хўш, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам буларнинг барчасини ўз-ўзларидан, Аллоҳнинг ваҳийсисиз айтдиларми ё ваҳий биланми?!


Кимда-ким «бу ҳукмларни ўзларидан чиқарганлар» деб ҳисобласа, у ҳолда Аллоҳ таолонинг «Айтинг: «Мен фақат Раббимдан ваҳий қилинаётган нарсагагина эргашаман» деган амрига ҳамда у зот ҳақидаги «Мен фақат ўзимга ваҳий қилинаётган нарсагагина эргашаман», «У ўз ҳавойи хоҳиши билан сўзламас. У фақат (Аллоҳ томонидан Пайғамбарга) нозил қилинаётган бир ваҳийдир» деган қатъий сўзларига қарши чиққан бўлади. Қолаверса, бундай қараш «Сизга эса одамларга нозил қилган нарсаларни (яъни, шариат аҳкомларини) баён қилиб беришингиз учун» деган оят билан бирга келган «Сўнгра уни – Қуръонни баён қилиб бериш ҳам албатта Бизнинг зиммамиздадир» деган илоҳий ваъдага ҳамда «Агар (Пайғамбар) Бизнинг номимиздан (Биз айтмаган) айрим сўзларни тўқиб олганида, албатта, Биз унинг ўнг қўлидан ушлаган, сўнгра албатта унинг шоҳтомирини узиб ташлаган бўлур эдик» деган қатъий огоҳлантиришга мутлақо зид келади.


Шундай экан, бу борада ягона тўғри ҳақиқат қолади – ушбу батафсил баён ва шарҳларнинг барчаси фақат ва фақат Аллоҳ таоло томонидан юборилган илоҳий ваҳий орқали амалга оширилгандир.

11. Пайғамбарларнинг кўплиги ва Аллоҳ таоло нозил қилган китобларнинг озлиги – Аллоҳ таоло ўзи пайғамбарлиги ва элчилигига танлаб олган зотларга тиловат қилинмайдиган ваҳий ҳам туширганига қатъий далилдир.


Шундай қилиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари Аллоҳ таолодан ваҳий экани қуръоний далиллар билан ўз исботини топди.


Кейинги мақолаларда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари эргашиш вожиб бўлган ҳужжат эканини баён этишга азму қарор қилдик, иншоаллоҳ.

 

Нурмуҳаммад МАТКАРИМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

 Ҳадис илми мактаби ўқитувчи,

Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот

маркази илмий ходими

 

Мазкур мақолага Дин ишлари бўйича қўмита томонидан 2026 йил 28 июлда 02/336-сонли хулоса берилган.  

 

Ҳадиси шариф