Малумотхона
Рамазон – Рамазон арабча «ар-рамад» деган сўздан олинган бўлиб, қуёш ҳароратининг жуда исиб, қайнаб кетишини англатади. «Рамазон» дейилишига сабаб, бу ойда гуноҳлар куйдирилади. Уларни ёндириб, кул қиладиган нарса солиҳ амаллардир.
Рўза – ўзбек тилига «рўза» деб таржима қилинадиган «савм», «сиям» сўзи луғатда нафс истакларидан ўзини тийишни билдиради. Истилоҳий маъноси эса ният қилиб, тонг отганидан кун ботгунича нафснинг энг катта истаклари қаторига кирувчи ейиш-ичиш ва жинсий алоқа каби зарурий эҳтиёжлардан тийилишдир.
Таровеҳ – луғатда дам олиш, истироҳат қилиш маъноларини англатади. Истилоҳда эса рамазон ойи кечаларида хуфтон намозидан кейин, витр намоздан олдин ўқиладиган таъкидланган суннат намоздир.
Хатм – тугатиш, якунлаш. Таровеҳ намозларида Қуръони каримни бир ойда энг камида бир марта ўқиш.
Тасбеҳ – Аллоҳ таолони турли ношойиста сифатлардан поклаб ёд этиш.
Таровеҳ тасбеҳи – таровеҳ намозларида ҳар тўрт ракатда дам олиш учун ўтирган айтиладиган тасбеҳ.
Эътикоф – луғатда бирор нарсани ушлаб туриш, туриб қолиш деган маъноларни билдиради. Шариатда эса масжиднинг ичидан чиқмай, Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш ниятида бир неча кун ибодатни лозим тутиш маъносини англатади.
Қадр кечаси – Аллоҳ таоло Қуръони каримда “минг ойдан яхшироқ кеча” дея таърифлаган, унинг фазилати ҳақида алоҳида “Қадр сурасини нозил қилган тун. Кўпгина уламолар қадр кечасини рамазон ойи охирги ўн кунлигининг тоқ кечаларидан излаш кераклигини таъкидлашган.
Фитр садақаси – инсон ўзини поклаши, рўзада йўл қўйилган баъзи камчиликлар ўрнини тўлдириши, камбағал ва муҳтожларга ёрдам бўлиши учун жорий қилинган молиявий ибодатдир. Бирламчи эҳтиёжидан ортиқча маблағга эга бўлганларнинг фитр садақасини беришлари вожиб.
Шайхи фоний – Рамазондан бошқа пайтда ҳам, умрининг охиригача рўза тута олмайдиган кишилар. Масалан ўта қари ва сурункали касалга чалинганлар.
Фидя – луғатда бадал, эваз дегани. Бирор узрли сабаб билан рўза тутишга мадори етмайдиганлар ҳар рамазоннинг ҳар бир уни учун бир мискинни бир кунлик таом билан тўйдиради.
Каффорат – узрсиз, қасддан рўзасини бузган одам жазо сифатида икки ой узлуксиз рўза тутади. Бунга мадори етмаса, 60 нафар мискини эрталаб ва кечқурун овқатлантиради.
Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи тайёрлади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Шайхул ислом, Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ суҳбатларининг бирида “жамиятдаги кўпчилик ўзбошимча фатво бериш ёки тиббиёт билан шуғулланиш каби икки касалликка дучор бўлган” деб огоҳлантирган эдилар.
Дарҳақиқат, диний таълимдан мутлақо бехабар инсонларнинг дин ва тиб илмини билмайдиганларнинг тиб билан машғул бўлишлари жиддий муаммодир. Бундай ҳолатлар динимизда қаттиқ қайтарилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Кимки тиб(илми)ни билмай туриб табиблик қилса, у зоминдир” (Имом Абу Довуд ривояти).
Бошқа ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Зарар кўриш ҳам, зарарга зарар қайтариш ҳам йўқ”, деганлар (Имом Аҳмад, Имом Ибн Можа, Имом Табароний ривояти).
Ушбу ҳадисларда беморларни муолажа қилувчи киши зиммасига улкан масъулият юкланагани, етарли билим ва малакага эга бўлсагина муолажага киришиши зарурлиги таъкидланмоқда.
Шунингдек, диний масалаларни чуқур англамаган, соха мутахассиси бўлмаганларнинг диний мавзулар ҳақида сўзлаши янада хатарлидир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимга илмсиз равишда фатво берилса, бунинг гуноҳи унга фатво берган кимсага бўлади”, дедилар.
Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамларга фақат амир ёки маъмур, ёки риёкор томонидангина гапирилади”, деганлар.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ бу каби хатардан қайтариб бундай деган эдилар: “Диний таълимдан мутлақо бехабар баъзи бир қаламкашлар тоифаси бўлиб, улар ўз мақолалари, чиқишлари ва ёзувларида исломий масалаларни баён қилишга уринадилар. Ўзларини билимдон кўрсатиб, одамларни йўлга солмоқчи бўладилар. Аслида эса бошқа ғаразлари бор. Кимгадир ёқиш, кимнингдир розилигини топиш учун ўша кимсаларга ёқадиган тарзда сафсата сотишга уринадилар. Оятларнинг маънолари таржимасини олиб, уни ўзларининг бузуқ фикрларига мосламоқчи бўлаверадилар.
Ҳадиси шариф билан бўладиган муомалалари ҳақида ҳам худди шу фикрларни айтиш мумкин. Уларнинг Аллоҳга, Исломга ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши бу хил журъатларини кўриб, ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Бу тоифа ҳам ўта хатарли тоифадир”.
Демак, ҳар бир соҳа ходими ўз мутахассислиги билан шуғулланишга одатлансин. Ўз навбатида инсонлар ҳам дуч келган одамдан эмас, балки ўз касбининг эгасига мурожаат қилишлари мақсадга мувофиқ.
Даврон НУРМУҲАММАД