Илму ҳикмат бир илоҳий нур-зиё,
Илму ҳикмат билан диллар пурзиё.
Зебу зийнат, молу дунё ўткинчи,
Завқу азоб, орзу-ҳаво ўткинчи.
Заковат-ла сақланар қалб жаҳлдан,
Бахт бешиги ясалгай илм, ақлдан.
Ўрганамиз илм-ла дин-диёнатни,
Фарзу вожиб, суннату сир-синоатни.
Илм иста, ғафлатга ҳеч кўнмагин,
Бекор сўзлаб, узун ухлаб, сўнмагин.
Илмсиз қалб бўлармиди саломат?
Дардинг борми, йўқ ишингда давомат.
Илм йўллар сени рушду ҳидоятга
Ва олгайдир ихлосингни ҳимоятга.
Илм иста, бўлгин омон, эй дўстим,
Шунда жаннат йўли осон, эй дўстим.
Ибодуллоҳ Аҳроров
Тошкент ислом институти ўқитувчиси
(“Ҳидоят”журнали 2002, 2 сон)
1. Аллоҳ таолонинг амрига бўйсуниш учун.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳга ва (Унинг) Расулига итоат этингиз!” (Анфол сураси, 20-оят). Бу маънодаги оят Қуръони каримда такрор-такрор келган.
2. Аллоҳ таолонинг муҳаббатига сазовор бўлиш учун.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Айтинг (эй, Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир” (Оли Имрон сураси, 31-оят).
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Бандаларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатларининг аломати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига эргашишдир”.
3. Фарз амалларда йўл қўйилган камчиликларнинг ўрнини тўлдириш учун.
4. Бидъат, залолатга берилиб кетишдан сақланиш учун.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизнинг ичингизда икки нарсани қолдирдим. Агар уларни маҳкам тутсангиз, ҳеч адашмайсиз. Булар – Аллоҳнинг китоби ва Менинг суннатимдир”, деганлар (Имом Молик ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашимизга ва унда бардавом бўлишимизга тавфиқ ато этсин!
Даврон НУРМУҲАММАД