Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков.
“Карантин ҳолатида жума куни оила аъзолари билан пешинни жамоат бўлиб ўқиш мумкин. Ҳозирда масжидларимиз карантин сабабли ёпилгани учун жума намозининг ўрнига уйда пешин намози ўқилмоқда.
Аммо, жума намози масжидларда ўқилган вақтларда узрли ва узрсиз кишиларнинг уйда пешинни жамоат бўлиб ўқишлари макруҳдир. Чунки, бунда жуманинг жамоатини камайтириш ва буйруққа қарши йўл тутиш бор.
Карантин ҳолатида эса аҳли аёли ва фарзандлари билан пешинни жамоат бўлиб ўқишда жуманинг жамоатини камайтириш ҳам, буйруққа қарши йўл тутиш ҳам юз бермайди. Зеро, мўмин-мусулмонларнинг жонини омон сақлаш учун карантин эълон қилинган ва шу сабаб жума намозининг ўрнига пешин намози ўқилмоқда.
Шу ўринда Таровеҳ намозига ҳам изоҳ бериб ўтиш жоиз, ортиқча тушунмовчиликлар бўлмаслиги учун. Таровеҳ намозини карантин вақтида масжидда адо қилиш имконияти бўлмагани боис, уйда ёлғиз адо этиш ҳам жоиз. Лекин хонадон аҳли билан жамоат бўлиб адо қилиш афзалдир. Таровеҳ намозида ҳам имомдан ташқари бир киши бўлса, жамоат билан адо қилинган бўлади”.
Сайёра Шоева, ЎзА
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент ислом институти доценти ва пойтахтимиздаги "Мулла Холмирза ота" масжиди имом-хатиби Абдурасул домла Абдуллаевнинг турмуш ўртоғи, Тошкент шаҳар Олмазор тумани отинойиси Мавжуда ҳожи онанинг вафоти муносабати билан у кишининг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳумани Ўз мағфиратига олсин, иймонлари ва солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айласин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Ҳақ таоло марҳуманинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳуманинг яқинларига, хусусан, Абдурасул домла Абдуллаевга ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда "Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз", деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Жаноза намози бугун, 4 апрель куни Олмазор тумани "Дўстжонбой" жоме масжидида пешин намозидан сўнг ўқилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Muslim.uz