Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди кўп йиллардан буён Саудия подшоҳлиги билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бу ҳамкорлик натижасида Саудия томони, хусусан Подшоҳ Салмон кўмак ва хайрия ишлари маркази рамазон ойи муносабати билан Ўзбекистондаги эҳтиёжманд аҳоли қатлами учун хурмо ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари, Қуръон китоблари ҳадя қилиши анъана тусини олган.
Ушбу эзгу амал бу йил ҳам давом этиб, озиқ-овқат маҳсулотлари солинган 6150 дона қути ҳозирланди. Кеча, 2 февраль куни ушбу хайрия маҳсулотлари қабул қилиб олиниб, ўз эгаларига топширилди.
Тадбирда Саудия Арабистонининг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Саъд ибн Носир Абу Ҳаймад, Подшоҳ Салмон кўмак ва хайрия ишлари марказининг Ўзбекистондаги координатори Носир ас-Субайъий, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари вазифасини бажарувчи Жаҳонгир Саламов, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбир давомида Саудия томони хайрия ишида қатнашаётганидан мамнун эканлигини билдириб, озиқ-овқат маҳсулотларнинг ҳақиқий ҳақдорларга етказиб берилишида кўмак бераётган барча ташкилотчиларга ўз миннатдорлигини билдирди. Шундан сўнг хайрия маҳсулотларини топшириш ишларига старт берилди.
Таъкидлаш керакки, хайрия қилинган маҳсулотлар республика бўйлаб тақсимланиб, тез кунларда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг жойлардаги бошқармалари ва фонд филиаллари орқали эҳтиёжманд, кам таъминланган оилаларга, ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бор хонадонларга тарқатилади.
Рамазон ойи кириб келиши билан кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирлар кўлами янада кучайтирилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати