Ҳозир пайтда баъзан нолиш оҳангидаги фикрлар ёки карантин даврини ҳазил-мазах тарзида қабул қилиб, ижтимоий тармоқларда ҳар хил фото, видиороликлар жойлаётган инсонлар ҳам афсуски орамизда топилади. Қизиғи, бундай фикрдаги гап-сўзлар уйда, фарзандлари бағрида соғ-саломат ўтирган кишилар томонидан билдирилмоқда. Ахир, Аллоҳ таоло бундан ҳам аянчлироқ бало-офатни юборишга қодир эди-ку! Бундай ҳолатда барчамиз тинч-хотиржам, қорнимиз тўқ, устимиз бут эканлигининг шукронаси ўлароқ карантин қиодаларининг риоясини қилиб, Яратгандан тезроқ бу вабонинг юртимиздан, бутун мусулмонлар устидан кўтарилиши сўраб дуо қилиб туришимиз зиммамиздаги бирламчи вазифа эмасмикин!
Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: «Аллоҳ осмонлар ва Ерни яратган ва осмондан сув (ёмғир, қор) ёғдириб, у сабабли сизларга ризқ бўладиган меваларни чиқарган зотдир. У (Ўз) амри билан денгизда сузиб юриши учун кемаларни сизларга бўйин сундирди. Яна дарёларни ҳам сизларга бўйин сундирди. (У) доимо фаолият кўрсатиб турувчи Қуёш ва Ойни ҳам сизларга бўйин сундирди. Яна кеча ва кундузни сизларга бўйин сундирди.
Шунингдек, сизларга барча сўраган нарсаларингиздан ато этди. Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатан, инсон (ўзига) ўта золим ва (Раббига) жуда ношукрдир» (Иброҳим сураси, 30-34 сураси).
Шарҳ: Ақл билан ўйлаб кўрилса, инсонга берилган неъматлар чексиз. Осмон ва ер, борингки, коинотдаги ҳар бир нарса бўлсин, унинг ўз вазифаси бор. Улар бандаларнинг маишати, таъминоти учун хизматдадир. Қуёш ва ой нурининг то қиёматгача давомийлиги, қор ва ёмғирлар сабабли ўсимликларнинг илдизига қувват етиши ва улардан инсонлар ва бошқа чорва ҳайвонларининг фойланишлари, албатта, Буюк зотнинг раҳматидир. Айниқса, кеча ва кундуз кетма-кет, мунтазамлик билан алмашиб туришида улкан ҳикмат бор («Фатҳул Қодир»).
Банданинг вазифаси, чин дилдан, эй Аллоҳ бизга ато этган неъматларингнинг ҳар бирига шукр этамиз, гарчи кўпларини биз билмаймиз, фақат Ўзинг билгувчисан. Ҳар бир замонда барча шукр этувчи инсонлар ҳам неъматларингнинг ададини ҳисоблай олмайди[1], дейишдир.
Инсонлар ўз зиммасидаги шукр қилиш вазифасидан ғафлатда бўлиши, фақат ўзига бўлган зулмни оширади. Абу Айюб Қураший мовлоси Бани Ҳошимдан ривоят қилади: Ҳазрат Довуд алайҳиссалом бундай нидо қилди: «Эй Роббим, менга ато этган неъматларингнинг энг яқини ҳақида хабар бер? Шунда Аллоҳ таоло ваҳий қилди: Эй Довуд, нафас ол, Довуд алайҳиссалом нафас олди. Айтдики, бу сендаги Мен ато этган неъматларнинг энг яқинидир[2] (Абу Дунё ва Имом Байҳақий ривояти).
Расулулоҳ алайҳиссалом бир кишидан “тунни қандай ўтказдинг”, деб сўради. У икки марта сўраганларида ҳам: “Яхши”, деди ва учинчи мартасида: “Алҳамдулиллаҳ, Ўзига минг бор шукур, яхши ўтказдим” деди. Шунда Расулулоҳ (алайҳиссалом): “Сендан айнан шу жавобни кутган эдим”, дедилар (Имом Муслим ривояти)[3].
Изоҳ: Луғатда, «миннатдорлик, розилик» маьноларини билдириб, истилоҳда яхшилик қилувчининг яхшилигини мамнуният билан этироф этишига «шукр» дейилади. Шукрни қалб билан эътироф этиб, тил билан етказилади ва ҳаётга амалий тадбиқ этилади. Ана шундагина у инсон мадҳ этилган ҳақиқий шокир бандалардан бўлади. Уламолар, инсон барча нематларни Аллоҳ таолодан деб билиб, унга иқрор бўлиши қалб шукридир. Яратгандан миннатдор бўлиб, унга ҳамду санолар айтиш тил шукридир. Тоат ибодатда давомли бўлиш, солиҳ амаллар қилиш, гуноҳлардан сақланиш шукрнинг амалдаги тадбиқи бўлади, дейишган.
Шукрнинг акси эса ношукурлик, яъни нематларга куфроналик билан жавоб қайтариш бўлади. Ношукрлик мезони ҳирс, исроф, ҳурматсизлик, кибру ҳаво, ҳаром билан ҳалолни ажратмаслик каби ёт иллатларни қилиш билан белгиланади.
Шукр – улуғ ибодат. Аллоҳнинг нематларига шукрона айтиб, етган мусибату балоларга сабрлилик ила муносабатда бўлиш, уф тортмаслик ҳақиқий мўминлик хислатларидан биридир. Ривоятларга кўра, Пайғамбарлардан бири кичик бир тошдан мўл-кўл сув оқиб чиқаётганини кўриб ҳайратга тушганида, Аллоҳ таоло у тошга тил-забон ато этади ва сўзлай бошлайди: “Одамлар ва тошлар ўтин бўладиган кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан қўрқинг” (Бақара сураси, 24-оят) – оятни эшитганимдан бери йиғлайман, дейди. Пайғамбар у тошни дўзахдан қутқариши учун Аллоҳ таолога ёлворди. Аллоҳ таоло ҳам уни дўзахдан қутқарганининг хабарини берди. Лекин бир муддатдан кейин яна шу ердан ўтган Пайғамбар ўша тошнинг яна йиғлаётганини кўрди ва: “Энди нега йиғлаяпсан” деб сўради. Шунда тошдан: “Олдин сен кўрганинг қўрқув кўз ёшлари эди, энди буниси, шукр ёшларидир”, деган овоз эшитилади[4].
Неъматларга шукр қилиш, уларни қадрлай билиш неъматлар давомийлигига, зиёда бўлишига олиб келади. Шайх Саъдий: “Бир нафасга икки марта шукр айтиш вожибдир”, дея нафас кирсаю қайтиб чиқмаса ёки чиқсаю қайтиб кирмаса, инсон ҳалок бўлишини таъкидлайди”[5].
Инсониятга ато этилган нарсалар ҳисоб-китобсиз, ниҳоясиздир. Аъзоларимизнинг ҳар бири ўз вазифасини бажариш билан машғул. Кўриш, сезиш, таъм билиш, эшитиш, сўзлаш, ҳаттоки тукларнинг ҳам муайян бир фаолияти бор. Агар улардан бирининг фаолияти сустлашса ёки тўхтаса, бошқа аъзоларга ҳам нуқсон етади. Бу Аллоҳ таолонинг инсон жисмини бир-бирига мутосиб сувратда яратганининг белгисидир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом жасадни ҳақиқий мўминларнинг хислатига менгзаши ҳам бежиз эмас. Яъни, танадаги бир аъзонинг шикояти бутун вужудни зирқиратгани каби мусулмонлар ҳам бир-бирининг ҳолидан хабардор бўлиб туриши, агар муаммо пайдо бўлса, бошқасининг виждони қийналиб, ёрдамга ошиқиши лозим бўлади. Айниқса, бугунги ҳолатимиздагидек, пайтда ишсиз, мардикорлик билан оиласига кунлик егулик қилиб оила тебратаётган камбағал кишиларнинг ёки боқувчиси йўқ ёлғиз қариялар, ожизалар бўлсин, уларнинг рўзғорига ёрдам улашишимиз ҳақиқий мўминлигимиз белгисидир.
Такрор айтмоқчимиз, егани таоми, кийгани кийими, ётгани бошпанаси бор, хонадони тинч инсоннинг тили шукр қилишдан толмаслиги лозим. Бироқ негадир шукр қилишга қотиб қолган бу тилларимиз, ҳеч бўлмаганда жим туришни ҳам қойиллатолмайди. Аксинча, ўзимиз сезмаганимиз ҳолда нолинишга одатланиб қолганмиз. Мўминликка даъвоимиз катта, аммо бандаликнинг биринчи талаби бўлган шукрга келганда, мудом сусткашмиз. Ахир, шукр қилишга буюрилмаганмизми?! Ота-боболаримиз шукр ва сабрда ҳаммага ўрнак бўлишмаганми?! Дунёни коронавирус балоси ўраб турган бир пайтда айрим мамлакатлардагидек, кунига юзлаб, ҳатто мингга яқин фуқароларнинг ҳалок бўлаётгани ҳам ибрат назари қарашга ундамаяптими? Ахир карантин қоидалари ҳам сизу бизнинг саломатлигимиз учун эканини наҳот ҳис этмасак! Олдинига сабабини қилиб қўйиб, сўнг Аллоҳ таоло таваккал қилиш эътиқодимиз тақозаси-ку! Ниқоб тақиб юриш, қариндош-уруғларникига бир муддатга бормай, телефонда алоқа қилиб туриш бир умрга эмас, балки вақтинчалик эканига нега ўйимиз етмаяпти?..
Дуо қилайлик, бу дард-балони Аллоҳ таоло бошимиздан тезда кўтарсин! Бемор бандаларига Ўзи шифои том ато этсин!
Абдувоҳид ЎРОЗОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими
[1]Муҳаммад ибн Али ибн Муҳаммад Шавконий. Фатҳул қодир, 3/150. Байрут: Дорул вафо.
[2] Муҳаммад ибн Али ибн Муҳаммад Шавконий. Фатҳул қодир, 3/152. Байрут: Дорул вафо.
[3] Усмонхон Алимов. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари, т: 1, Мовароуннаҳр; Тошкент – 2017 йил.
[4] Абу Ҳомид Ғаззолий. “Мукошафатул қулуб” асари.
[5] “Гулистон” асари муқаддимаси.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Лайлатул қадрга етишиш ва унда берилажак ажр-мукофотлардан баҳраманд бўлиш ҳар бир мусулмон орзуси. Шундай экан, бу муборак тунни қайси кечадан изламоқ керак?
Дастлаб, Қадр Рамазон ойининг нечанчи кечаси экани Аллоҳ ва Расули томонидан сир тутилган эди. Лекин саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қадр кечасини аниқлаб айтиб беришларини қайта-қайта сўрашгач, у зот аввал ойнинг учинчи ўн кунлигидан, кейинроқ ойнинг охирги етти кечасидан, сўнгра ойнинг охирги ўн кунлигининг тоқ кечаларидан излаш кераклиги ҳақида айтганлар ва ҳоказо. Шунга кўра, манбаларда бу борада келган маълумотлар турличадир. Демак, Қадр кечасини қуйидаги вақтлардан топиш мумкин экан:
Йил давомида. Баъзи улуғ зотлар одамлар йилнинг маълум бир кечасига суяниб, фақатгина ўша тунни ғанимат билиб, уни ибодат билан бедор ўтказиб, қолган кечаларга бепарво бўлиб юрмасинлар деган мақсадда, бу муборак кечани топмоқчи бўлган киши йил давомида излаши керак, дейишган.
Табиийки, бу жуда машаққатли бўлиб, унга ҳамма ҳам қодир бўлолмайди. Зеро, Ислом енгиллик динидир. Аллоҳ таоло бандаларига тоқатидан ташқари нарсани юкламайди. Динимизда ҳар бир масалада кишининг ҳолати инобатга олинади, ҳатто ибодатда ҳам. Масалан, соғлом киши намозни тик туриб ўқиса, унга тоқати етмаганлар ўтириб имо-ишора билан адо этади ва ҳоказо. Аллоҳ таолонинг меҳрибонлигини қарангки, соғлом одам намоз ўқиганида, унга қанча савоб берилса, ихлос билан ўтириб, имо-ишора билан ўқилган ибодатга ҳам ўшанча ажр ёзилади. Агар буларга ато этиладиган савоблар айрича бўлганида эди, беморлар, қарилар ва заифлар сингари одамлар куч-қуввати бор соғлом кишидек савоб қозонишлари мумкин бўлмай қоларди. Бу эса, зулмдир. Ҳолбуки, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ҳеч кимга зулмни раво кўрмас. Демак, Қадр кечаси ҳақида келтирилган маълумотлар ҳам шунга қиёсланади. Зеро, Қадр кечасини топиш ҳам улуғ ибодатдир.
Рамазон ойидан. Шундай қилиб, йил давомида Қадр кечасини излаш имконияти йўқ кишилар қандай йўл тутишлари керак? Улар мазкур кечани Рамазон ойидан қидирадилар. Демак, мазкур кечани топиш янада қулайлашди, йилдан ойга қисқарди.
Рамазон ойининг охирги даҳасидан. Бу муборак кечани Рамазон ойи давомида топиш кўпчиликка оғирлик қилди, дейлик. Энди, улар Рамазоннинг охирги ўнлигидан қидиришлари керак. Зеро, Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтирар ва:
تَحَرَّوْا لَيْلَةَ الْقَدْرِ فِي الْعَشْرِ الأَوَاخِرِ مِنْ رَمَضَانَ
«Лайлатул қадрни Рамазоннинг охирги ўнлигидан изланглар» дер эдилар (Муттафақун алайҳ).
Демак, шарт-шароити кўтарган кишилар шу кечалар ичидан топишга ҳаракат қиладилар. Бу, Лайлатул қадрни топиш ойдан ўн кечага қисқарди, деганидир.
Рамазон ойининг охирги етти кечасидан. Лайлатул қадрни Рамазоннинг охирги даҳасидан топишга ҳам тоқати етмаганлар уни охирги етти кечадан қидиришлари мумкин. Зеро, Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинишича, саҳобалардан баъзилари тушларида Лайлатул қадрни охирги етти (кеча)да эканини кўришди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар:
أَرَى رُؤْيَاكُمْ قَدْ تَوَاطَأَتْ فِي السَّبْعِ الأَوَاخِرِ فَمَنْ كَانَ مُتَحَرِّيهَا فَلْيَتَحَرَّهَا فِي السَّبْعِ الأَوَاخِرِ
«Сизларнинг тушингиз охирги етти кечага мувофиқ келаётганини кўряпман. Ким у (кеча)ни изламоқчи бўлса, охирги етти (кеча)да қидирсин» (Муттафақун алайҳ). Зотан, ҳақиқий мўминнинг кўрган туши ваҳий кабидир. Зеро, азон саҳобалар розияллоҳу анҳумнинг тушлари туфайли жорий бўлгани тарихдан маълум. Энди у зотларнинг тушлари шарофатидан Лайлатул қадрни излаш ўн кечадан етти кечага қисқарди. Бу ҳам қулай имконият.
Рамазон ойининг охирги ўн кечасининг тоқларидан. Бу Лайлатул қадрни Рамазоннинг охирги етти кечасидан излашга ожиз кишилар учун йўлдир:
عَنْ عَائِشَةَ رَضِي الله عَنْهَا أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: تَحَرَّوْا لَيْلَةَ الْقَدْرِ فِي الْوِتْرِ مِنَ الْعَشْرِ الأَوَاخِرِ مِنْ رَمَضَانَ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِي
Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Лайлатул қадрни Рамазоннинг охирги ўн кечасининг тоқ (кеча)ларидан изланглар» (Икки Шайх ва Термизий ривояти).
Демак, Қадр кечасини топиш еттидан беш кечага қисқарди. Улар Рамазоннинг йигирма биринчи, йигирма учинчи, йигирма бешинчи, йигирма еттинчи ва йигирма тўққизинчи кечаларидир. Ҳа, бу муборак кечалар ҳам Лайлатул қадрни топиш учун қулай фурсатдир.
Рамазон ойининг йигирма биринчи, йигирма учинчи ва йигирма бешинчи кечаларидан. Бу юқоридаги беш кечага тоқати етмаганлар учун қулай фурсатдир:
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي الله عَنْهما أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: الْتَمِسُوهَا فِي الْعَشْرِ الأَوَاخِرِ مِنْ رَمَضَانَ لَيْلَةَ الْقَدْرِ فِي تَاسِعَةٍ تَبْقَى فِي سَابِعَةٍ تَبْقَى فِي خَامِسَةٍ تَبْقَى. رواه البخاري.
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Лайлатул қадрни Рамазондан охирги ўн (кечаси)да изланглар: тўққиз кеча қолганда, етти кеча қолганда, беш кеча қолганда» (Имом Бухорий ривояти). Демак, Лайлатул қадрни топиш беш кечадан учга қисқарди. Шунга кўра, бу Рамазоннинг йигирма биринчи, йигирма учинчи ва йигирма бешинчи кечаларидан топиш керак бўлади.
Рамазоннинг йигирма еттинчи кечасидан. Мазкур уч кечага ҳам мажоли етмаганлар Қадр кечасини Рамазоннинг йигирма еттинчи кечасидан излашга имконлари бор. Зеро, бу улуғ тун Рамазоннинг айнан шу кечасида эканига далолат қиладиган ҳадислар кўпдир. Жумладан, Муовия ибн Абу Суфён (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
لَيْلَةُ الْقَدْرِ لَيْلَةُ سَبْعٍ وَعِشْرِينَ
«Лайлатул қадр йигирма еттинчи кечададир» (Имом Абу Довуд ва Аҳмад ривояти).
Машҳур саҳобий Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қадр кечаси ҳақидаги айтган аломатларидан аниқлаб, жазм билан уни йигирма еттинчи кечада эканини таъкидлаганлар. Унинг аломати ўлароқ, ўша кечанинг баракотларига гувоҳ бўлиш учун жуда кўп фаришта осмондан ерга тушиб-чиқар экан. Уларнинг кўплигидан қуёш ёғдуси тўсилади. Шу боис, ўша кечанинг тонгида қуёш тоғарага ўхшаб, атрофга зиё сочмай кўтариларкан.
Қадр кечаси Рамазон ойининг йигирма еттинчисида экани Ислом оламида машҳурдир.
Демак, бу муборак ойни ғанимат билиб, имкони бўлса, барча кечаларида ибодатга бел боғлаб, бедор ўтказишга, айниқса, йигирма еттинчи кечага алоҳида эътибор қаратиш керак. Шу билан бирга, бу муборак кечада, аҳли оила, ёру дўстларни ҳам ибодатга чорлаш мақсадга мувофиқдир. Аллоҳ таоло ўша кечанинг баракотидан минг ойлик ибодатнинг савобидан кўра кўпроқ ажр беришидан умидвор бўлиш лозим. Ўша кечада қилинган ибодат ва дуолар фазлидан ўтган гуноҳларнинг кечирилишини умид қилиш даркор.
Рамазоннинг охирги ўн кечанинг биридан. Ривоятларда келишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қадр кечасини изламоқчи бўлиб, Рамазоннинг аввалги ва ўрта ўн кунликларида эътикоф ўтирдилар. Шунда тушларида у тун Рамазоннинг охирги ўн кунлигида экани, ўша кечанинг аломати ўлароқ у зот тонгда лой ҳамда сувга сажда қилишларини кўрдилар. Буни кишиларга айтиб, уларни ҳам эътикоф ўтиришга чорладилар. Бир куни тонгда ёмғир ёғди. Масжиди Набавиянинг томи хурмо шохлари билан ёпилганидан, диярли ёмғирнинг кўп қисми масжид ерига тушар эди. Бомдод намози ўқилганида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак пешона ва бурунлари учига лой ҳамда сув тегди. Шунда саҳобалар дарҳол Лайлатул қадр аломатини эсладилар. Ўшанда Рамазоннинг йигирма биринчи кечаси эди. Бошқа ривоятда эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга Лайлатул қадр кўрсатилди. Сўнгра хотирамдан кўтарилди. Менимча, ўша кечанинг тонгида лой ва сувга сажда қилсам керак», дедилар. Шунда Рамазоннинг йигирма учинчи кечасида ёмғир қўйди».
Уламолар Лайлатул қадр ҳар йили кўчиб юради, бир йил у кечада, кейинги йил бу кечада, деганлар. Шу эътибордан, у кечани топмоқчи бўлган киши Рамазон ойининг ҳамма кечаларини ибодат билан ўтказса, албатта, уни топади. Аллоҳ таоло ҳаммамизни бу улуғ онларнинг файзу баракотидан насибадор қилсин, дуоларимизни ижобат айласин, гуноҳларимизни афв этсин, тавбаларимизни қабул қилсин. Бу муборак ойнинг шарофатидан бутун дунёга, айниқса, юртимизга тинчлик-хотиржамликни бардавом айласин. Омин!
Толибжон ҚОДИРОВ