Коронавирус туфайли юртимиз ва кўплаб дунё мамлакатларида миллионлаб одамлар уйларида ертаю кеч қўноқ топган. Бу кўпчилик билан ишлаб ўрганган кишилар учун осон бўлмаётгани тайин.
Ушбу муддатдан унумли фойдаланиш мумкин. Бунга 10 йил уйида ўтирган буюк ислом олими ал-Ҳасан ибн ал-Ҳаймиянинг ҳаёти ёрқин мисол бўлади. Бу ҳақда Islamic Self Help нашри маълумот берди.
Ҳасан ибн ал-Хаймия оптика, астрономия, математика, метеорология, визуал идрок ва илмий усул соҳаларига катта ҳисса қўшган машҳур мусулмон олимлардан бири. У 965 йилда Ироқдаги Исломнинг олтин асрида туғилган, Бағдод олимларидан чуқур илм ўрганиб, ёшлигидаёқ машҳур олим бўлиб етишган.
Кунларнинг бирида Миср ҳукмдори Ибн ал-Хаймияни Мисрга таклиф қилиб, ундан Нил дарёси бўйида тўғон қуришни сўрайди. Бу борадаги режа ва имкониятларни ўрганиб чиққан олим бу ишнинг иложсиз экани, лойиҳани амалга ошириш учун технологиялар йўқлигини айтади. Ҳукмдор бу хулосадан норози бўлиб, олимни ўн йил уйида чиқармай ўтиришга буюрди.
Ибн ал-Хаймия умидсизликка тушмади, балки ҳар қандай вазиятдан унумли фойдаланим мумкинлигини тушунди. У вақтини ўқиш, тадқиқот ва тажрибалар ўтказиш, турли хил илмий тушунчаларни ўрганишга сарфлади ва катта ютуқларга эришди. У оптика билан боғлиқ катта кашфиёт қилди. Ушбу соҳада энг яхши манбалардан бири бўлган “Оптика” номли китоб ёзди.
Ушбу кашфиёт одамларга кўзнинг қандай ишлашини тушунишга, илк камералар моделини ишлаб чиқишга ёрдам берди, кўзойнак ихтиро қилинишига сабаб бўлди. Шунингдек, бугунги кунда ҳам қўлланиладиган илмий усуллардан бирини ишлаб чиқди. Буларнинг барчаси у уйида туриб қилди.
Ибн ал-Хаймия ҳаёти ва фаолияти ҳеч қачон вақтни беҳуда сарфламаслик ва вақт, шароитдан етарлича маҳсулдорликка эга бўлишни ўрганиш мумкин. Албатта, ўн йил кўп муддат. Аммо бир неча ҳафталик уйимиздаги карантин вақтида ҳам кўп ишлар қилишимиз мумкин.
Шу ўринда карантин вақтидан унумли фойдаланиш бўйича баъзи маслаҳатлар билан ўртоқлашамиз:
1. Китоб ўқиш;
2. Онлайн курслар орқали илм ўрганиш;
3. Китоб ёки мақола ёзиш;
4. Имонимизни мустаҳкамлаш, ўзингимиз ва бошқалар учун дуо қилиш;
5. Тафаккур ва фикрлашга вақт ажратиш;
6. Оиламиз билан вақтни мароқли ўтказиш, уларнинг тарбияси билан шуғулланиш;
7. Янги ғоялар устида ишлаш. Бундан бошқа кўплаб ишларни қилиш имконига эгамиз.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Икки неъмат борки, кўп одам уларни бой бериб қўяди: соғлиқ ва бўш вақт” (Саҳиҳ ал-Бухорий 6049).
Азизлар, бўш вақтингиздан унумли фойдаланинг! Эҳтимол, шу вақт ўзингизни англашингиз, бутун умр ёдингизда қоладиган ажойиб хотираларга эга бўлишингиз, инсоният учун янги кашфиётлар қилишингиз мумкин. Балки бу вақт ичида сиз қалблар ва илм-фан кашфиётчисига айланарсиз!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Жорий йилги ҳаж мавсуми ўзининг қизғин палласига кирмоқда. 24 май – Зулҳижжа ойининг 7 куни кечки пайтдан бошлаб зиёратчиларни Мино водийсига ташиш ишлари бошланади. 25 май – Зулҳижжа ойининг 8 куни барча ҳожилар Мино водийсида жам бўлишади.
Шу муносабат билан ҳаж делегацияси аъзолари, ишчи гуруҳи штаби, шифокорлар жамоаси ва гуруҳ раҳбарлари иштирокида Макка шаҳридаги меҳмонхонада умумий йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ишчи гуруҳи раҳбари - Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, муфтий – ҳаж делегацияси раҳбари Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, “Ҳаж” ва “Умра” ишлари бўйича атташе Шуҳрат Амоний ҳамда шифокорлар жамоаси етакчиси Алишер Саатов қатнашди.
Мутасаддилар меҳмонхоналардан Минога, у ердан Арафот, бу манзилдан эса Муздалифага ва яна Минога қайтишни тартибли ташкил этиш, муборак манзиллар ва чодирларда рисоладагидек ибодат қилиш учун барча шароитларни ҳозирлаш, зиёратчилар саломатлигига жиддий эътибор бериш, овқатланиш рационига амал қилиш, белгиланган тартибларга риоя этишни таъминлаш масалаларини айтиб ўтишди.
Айниқса, Мино, Арафот водийларида ўрнатилган қонун-қоидаларга амал қилиш, хусусан, куннинг жазирама иссиқ вақтларида (соат 10-00 дан 16-00 гача) чодирлардан ташқарида юрмаслик, ҳудудларда тоғу тепаликларга чиқмаслик, битоқа-бейжикларни тақиб юриш, ҳаракатланишда махсус транспорт воситалари, автобуслардан фойдаланиш ва Подшоҳлик талаблари, тартибни сақловчи ходимлар кўрсатмаларига итоат этиш, бегона шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларининг олдини олиш кабиларга урғу қаратилди.
Муфтий ҳазратлари ишчи гуруҳи ва гуруҳ раҳбарлари учун янада масъулиятли дамлар бошланаётганини таъкидладилар. Шунинг баробарида ҳаж амалини динимиз талабларига мувофиқ адо этиш, шаръий масалаларда Фатво маркази фатволарига риоя қилиш, ўзбошимчалик билан иш тутишдан сақланиш, Мино ва Арафотдаги чодирларда уламоларнинг мавъизаларини ташкил этиш, бир сўз билан айтганда, ҳожиларнинг ҳар бир дақиқасини тоат-ибодат, дуою зикр билан унумли ўтказиш кабиларни айтиб ўтдилар.
Йиғилишда бошқа ташкилий масалалар ҳам келишиб олинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати