Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
Ҳурматли юртдошлар! Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши томонидан ҳозирги кунда юртимизда бўлиб турган коронавирус эпидемиясидан сақланиш мақсадида фатво чиқарилди. Ушбу Фатвода жума ва беш вақт фарз намозларини масжидларда жамоат тарзида ўқишдан вақтинчалик тўхтатилгани баён қилинган.
Таъкидлаш жоизки, мазкур фатвони қабул қилиш уламолар кенгаши учун ҳам ўзига яраша масъулият юклайди. Бундай ҳолатлар афсуски, ҳаммамизни ҳам чуқур ташвишга солади. Бироқ шуни унутмаслик лозимки, динимизда ҳеч ким ўз ақли билан, ҳавои нафси билан иш тутишига рухсат йўқ. Аксинча, диний масалаларда ҳар бир ҳукм ва фатволар айнан шариъатимизнинг кўрсатмасига мувофиқ, Қуръони карим ва ҳадисларга суянган ҳолда қабул қилинади. Уламолар кенгаши ҳам мазкур фатволарни қабул қилишда динимизнинг бир қатор кўрсатмаларига суянганлар. Жумладан: Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Азонни эшитиб, унга бормаганлар учун намоз йўқдир. Узрли ҳолатлар бундан мустасно” дедилар. Шунда саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг расули узр нима?” – деб сўрадилар. Пайғамбаримиз алайҳисалом: “Хавф ёки касалликдир”, – дедилар. (Абу Довуд ривояти.)
Мазкур ҳадисдан келиб чиқиб Ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Ал-Муғний” китобларида: “Жума ва жамоатни тарк қилишга қўрқув, хавф-хатар сабаб бўлади. Хавф уч турли бўлади. Инсоннинг жонига бўладиган хавф, молу мулкига нисбатан бўладиган хавф ва оиласига нисбатан бўлган хавф”, – деганлар.
Икки саҳиҳда келишича Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда, У зот ёмғирли кунда муаззинларига қарата: “Ҳаййа алассолаҳ” яъни, “Намозга келинглар”нинг ўрнига “Соллу фи буютикум” яъни, “Намозни уйингизда ўқинг”, деб айтинг дедилар. Шунда бу гап одамларга ёқмагандек туюлганини сездилар ва “Бу ишни мендан яхшироқ бўлган Зот қилганлар (Пайғамбаримизни назарда тутдилар). Жума намози қатъий вожиб амалдир. Мен сизларни сирпанчиқ ва лойда юриб қийналиб қолишингизни истамадим” дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Ибн Аббос разияллоҳу анҳумонинг мазкур ҳадисларидан келиб чиқиб, Уламолар вабо ва шунга ўхшаш инсоннинг ҳаётига хавф соладиган зарарли ҳолатларда жамоат намозини вақтинча тўхтатиб туриш мақсадга мувофиқ эканини таъкидлаганлар. Муттафақун алайҳ бўлган ҳадисда Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Бир жойда вабо тарқалганини эшитсангиз у ерга борманглар ва сизлар яшаб турган жойда вабо тарқалган бўлса у ердан чиқманглар”.
Ушбу ҳадисдан маълум бўлишича касалликнинг тарқалишини олдини олиш ва ундан узоқ бўлиш қалбнинг таскин топишига сабаб бўлади.
Хулоса шуки, касалликка қарши туриш, ундан ҳимояланиш, эҳтиёт чораларини кўриш шаръан талаб қилинган ишлардандир. Аксинча, сабабларни тарк қилиб, ўзини ҳалокатга қўйиш, ноўрин таваккалчилик қилиш шаръан тақиқланган ишлардандир. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Ўзларингизни ҳалокатга дучор қилманглар!” – деб марҳамат қилган (Бақара сураси, 195-оят).
Шариъатимиз кўрсатмаларидан келиб чиқиб дунёнинг бир қатор давлатлари, жумладан Туркия, Малайзия, Қатар, Уммон, Марокаш, Ироқ, Фаластин, Сингапур, Кувайт, Қозоғистон, Тожикистон давлатларида ҳам жума ва жамоат намозлари вақтинча тўхтатилган. Мана шуларни инобатга олган ҳолда бизлар ҳам Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Уламолар кенгаши томонидан қабул қилинган фатволарни амалга оширишда турли ихтилофларга берилмасдан, сабр ва матонат билан ўзаро ҳамжиҳатликда ҳамкорлик қилишимиз мақсадга мувофиқдир. Бундай ҳолларда мусулмон киши ҳар хил асоссиз фитна ва иғволарга берилмасдан, жойларда турли тартибсизликлар чиқармасдан, намозларимизни ўзимиз учун қулай бўлган манзилларда адо этиб боришимиз ҳар жиҳатдан ўринлидир. Буюк ва Ҳаким Зот Аллоҳ таолодан ушбу синовдан муваффақиятли ўтишимизда ёрдам ва раҳмат сўраймиз. Аллоҳим барчаларимизни ушбу касалликдан ўз паноҳида асрасин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Фидя – киши зиммасидаги нарсани адо қилиш мақсадида мол ёки шунга ўхшаш нарсани беришидир (“Лисонул араб”).
Шариатимиз икки тоифа кишиларни рўза тутмасликларига рухсат бериб, ўрнига Рамазоннинг ҳар бир куни учун фидя беришга буюрган.
Биринчиси: Қарилик сабабли умуман рўза тутишга ярамайдиган, кундан-кунга жисмонан заифлашиб бораётган ёши улуғ кексалар.
Иккинчиси: Сурункали касал бўлиб, одатда тузалишига умид бўлмаган ва рўза тутиш уларнинг саломатлигига жиддий зиён етказиши мумкин бўлган беморлар (“Баҳрур роиқ”).
Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилган: “(Рўза тутишга) мадори етмайдиганлар зиммасида бир мискин кимсанинг (бир кунлик) таоми фидядир. Кимки ихтиёрий равишда зиёда хайр қилса (лозим бўлганидан ортиқ фидя берса), ўзига яхши. Агар билсангиз, рўза тутишингиз (фидя бериб тутмаганингиздан) яхшироқдир” (Бақара сураси, 184-оят).
Фидя – Аллоҳ таоло бандаларига берган енгилликдир.
Ҳар кунлик фидянинг миқдори ярим соъ буғдой (тахминан икки килограмм) ёки бир соъ хурмо ёҳуд бир соъ арпадир. Буларнинг қийматини бериш билан ҳам фидя адо бўлади. Ватандошларимизга осон бўлиши учун ҳар йили Рамазон ойида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати томонидан фидянинг ўртача миқдори белгиланиб, эълон қилинади.
Фидяни Рамазон ойи киришидан олдин берилмайди. Ой кириши билан хоҳласалар, ўттиз кунлик рўзанинг фидяларини бирданига жамлаб беради, хоҳласалар ҳар куни бўлиб-бўлиб тўлаб беради (“Фатовойи Ҳиндия”).
Рўза фидясини бир кишига ҳам ёки бир неча кишига ҳам бериш мумкин (“Раддул муҳтор”).
Фидяни мискин, фақир, бева-бечора, етим-есир, ночор ва закот беришга қодир бўлмаганларга берилади. Аммо отаси, онаси, фарзандлари, набиралари, эри, хотини ва закот беришга қодир бўлганларга бериши жоиз эмас.
Фидя бериб юрган қария ёки сурункали беморлар рўза тутишга қодир бўлиб қолишса, берган фидялари бекор бўлиб, тутмаган рўзаларининг қазосини тутишлари вожиб бўлади (“Раддул муҳтор”).
Рўза тутишга ярайдиган қарияларга эса рўза тутиш фарз бўлади. Рўза тутишга қодир бўла туриб фидя берсалар, рўза улардан соқит бўлмайди ва фидяси ўз ўрнига тушмайди (“Раддул муҳтор”).
Тузалишига умид бор, одатда, маълум вақтдан кейин шифо топадиган беморларга рўза тутиш зарар қилса, буларнинг ҳам рўза тутмасликларига шариатимиз рухсат беради. Аммо булар фидя бермайдилар. Тузалганларидан кейин қазо бўлган кунларнинг рўзасини тутиб берадилар.
Афсуски, ҳозирги кунда Рамазон ойида бемор бўлиб, тузалгандан кейин қазосини тутиб беришга лаёқати бўлган баъзи кишилар беморликларида рўзанинг фидясини бериб қўйиб, тузалганларидан кейин “мен қазо бўлган рўзаларимни тутмайман, чунки мен фидясини берганман” демоқдалар. Ваҳоланки, шариатимиз фидя беришни уларга буюрмаган, балки тузалганларидан кейин қолдирган рўзаларининг қазосини тутиб беришларини фарз қилган.
Зиммасида намоз ва рўзаларининг қазоси бор киши вафотидан олдин уларнинг фидясини тўлашни васият қилиши вожибдир. Васият этмай вафот этса, гуноҳкор бўлади. Маййит фидя тўлашга васият қилган бўлса, уни кафанлаш, қабрга қўйиш, қарзларини тўлашдан кейин қолган бор мол-мулклари қийматининг учдан биридан маййитнинг фидясини меросхўрлар адо қилишлари вожиб бўлади. Адо қилмасалар, гуноҳкор бўладилар. Агар марҳум фидя тўлашни васият қилмаган бўлса, ёки мол-мулк қолдирмаган бўлса, меросхўрлар ўз ихтиёрлари билан марҳумнинг фидясини тўлашлари улкан савоб ҳамда маййитга енгиллик ва раҳм-шафқат қилган бўладилар. Мабодо, тўламасалар гуноҳкор бўлмайдилар (“Раддул муҳтор”). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази