Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Октябр, 2025   |   1 Жумадул аввал, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:25
Қуёш
06:44
Пешин
12:12
Аср
15:48
Шом
17:34
Хуфтон
18:47
Bismillah
23 Октябр, 2025, 1 Жумадул аввал, 1447

Жиҳод нима?

09.03.2020   6522   4 min.
Жиҳод нима?

“Жиҳод” сўзи араб тилидан таржима қилинганда “ғайрат қилмоқ”, “ҳаракат қилмоқ”, “интилмоқ”, “зўр бермоқ”, “бор кучини сарфламоқ”, “курашмоқ”, “меҳнат қилмоқ” каби маъноларни ифодалайди.  Ислом тарихини чуқур ўрганган мутахассис олимлар, тарихда юз берган ҳар қандай жиҳод, фақатгина, мудофаа мақсадида олиб борилганини таъкидлайдилар. Бу борада замонамиз уламолари бундай дейдилар: “Агар “жиҳод” ислом давлатини қуриш учун ёки инсонларни динга киришга мажбурлаш учун жорий этилганида эди, Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг ўзлари бу борада намуна кўрсатган бўлур эдилар. Яъни, у зот биринчи бўлиб Маккадаги мушрикларнинг катталари билан урушган ислом давлатини барпо этиш учун жиҳод эълон қилган бўлардилар. Бироқ Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бундай йўл тутмадилар. Аксинча, мусулмон жамияти тинч йўл билан, табиий равишда юзага келгач, душман мусулмонлар яшаб турган юртига босиб келганда  мусулмонларнинг ҳимояси учун жиҳодга чиққанлар. Барча Ислом уламолари бу ердаги жиҳод мудофаа учун бўлганлигини таъкидлашади.
Юқоридагилардан хулоса қилиб, жиҳод деганда, аввало, нотўғри йўлдан қайтариб, тўғри йўлга бошлаш тушунилади, дейиш мумкин. Бу қоида кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолган эмас. Балки илк ислом даврида юзага келган бўлиб, Қуръони карим оятларига асослангандир. Расулуллоҳ (алайҳиссалом):  “Тили ва қўлидан бошқалар азият чекмаган киши ҳақиқий муслмондир. Аллоҳ таоло қайтарган нарсалардан ҳижрат қилган инсон ҳақиқий муҳожирдир”, деганлар.(Имом Бухорий ривояти). Уламолар ушбу ҳадисларни шарҳлаб, ундаги “ҳижрат”дан мурод “тарк қилишдир”, деганлар. Бошқа бир ҳадисда эса, Умму Анас (разияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Гуноҳлардан тийилгин, ўша ҳижратнинг энг каттасидир. Фарзларга риоя қилгин, ўша жиҳоднинг энг афзалидир. Зикрни кўпайтиргин, Қиёмат куни Аллоҳ таолонинг ҳузурига борганингда унга энг маҳбуб амал шу бўлади”. деганлар.
Бугунги кунда диёримизда нафақат, мусулмонлар, балки бошқа дин вакиллари ҳам эмин-эркинликда ҳаёт кечирмоқдалар. Мусулмонлар ислом арконларини бажариш имконига эга бўлса, Рамазон ва Қурбон ҳайитлари дам олиш куни, деб белгилаб қўйилган бўлса, ҳар йили ўн мингдан ортиқ ватандошларимиз муқаддас ҳаж ва умра зиёратларини амалга оширишда давлат ўзи бош бўлиб турган бўлса, бундай мусулмонобод диёрдан, ўзи туғилиб ўсган Ватанидан қандай қилиб ҳижрат қилиш мумкин?! Ватанни ҳимоя қилиш нақадар улуғ савоб, ҳар бир мусулмоннинг зиммасидаги фарзи ҳисобланса, унга хиёнат қилиш, қурол билан бостириб келиш шу қадар катта гуноҳ, энг олий жазога лойиқ жиноят ҳисобланади.
Яна “Жиҳод” сўзи луғатда киши ўзининг бор имкониятини ишга солиб, бирор ишни бажаришга ҳаракат қилиши маъносини англатади. Мисол, шаръий масалаларни ечишда бор имконини ишга солиб ҳаракат қилган йирик олимлар “мужтаҳид” деб аталган. Улар шаръий илмларда “жиҳод” қилишган. Алоҳида таъкидлаб айтиш лозимки, “жиҳод” сўзи луғатда уруш маъносини англатмайди. Асосан, уруш маъносини англатиш учун араб тилида “қитол” сўзи ишлатилади:
Ислом дини таълимотининг истилоҳида жиҳод асосан уч хилдир.
Биринчиси – нафс билан курашиш, яъни нафснинг измига юриб, гуноҳ ва жиноий ишларга қўл урмаслик;
Иккинчиси – шайтон билан курашиш, яъни шайтоннинг васвасаларига учиб, ҳаром ва таъқиқланган ишларга қўл уришдан сақланиш;
Учинчиси – босқинчилар билан жанг қилишдир;

Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васалам) ота-онанинг хизматини қилиб, розиликларини олиш ҳам жиҳод турларидан эканини таъкидлаганлар. Уламолар саводсизлик, қашшоқлик, айрим юқумли оғир касалликларга қарши жонбозлик курашишни ҳам жиҳод турларидан, деб ҳисоблаганлар. Мазкур мисоллардан хулоса қиладиган бўлсак, инсоният манфаати йўлида, ахлоқимизни яхшилаш йўлида қиладиган саъй-ҳаракатларимиз ҳам жиҳоднинг савобларига тенг солиҳ амаллардан эканини англашимиз мумкин.
Ҳозир эса бузғунчи тоифалар ўзлари илгари сураётган ёвуз мақсадга эришиш учун янги “жиҳод” турларини ўйлаб топишган. Улар “жиҳод – муқаддас уруш” деган тушунчани тарғиб қилиб, айбсиз одамларнинг ноҳақ қони тўкилишига сабабчи бўлишмоқда. Машҳур уламо, марҳум Муҳаммад Саид Рамазон Бутий бундай бузғунчи тоифаларнинг қилмишини қоралаб шундай дейди: “Улар бир вақтнинг ўзида бирор айби йўқ мусулмонларни кечаси бўғизлаб кетишни “шариат рухсат берган иш”, дейдилар. Улар оддий йўловчилар тўла самолётни ичидаги айбсиз инсонлар билан қўшиб портлатиб юборишни ҳам “шариатда бор иш”, дейдилар. Ҳар ким кўзларини юмиб, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васалам) бугун орамизда юрибдилар, деб хаёл қилсин. Ул зот шундай разил ишларга рози бўлармидилар?”.
Аллоҳ таоло ватанимиз тинчлигини, осмонимиз мусаффолигини сақлаб, барчаларимизнинг эътиқодимизни соғлом, ақидамизни тўғри қилсин.

Аминжон ИСМОИЛОВ,
Сирдарё тумани бош имом-хатиби.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ҳадисларнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида жамланиши

23.10.2025   626   9 min.
Ҳадисларнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида жамланиши

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ўтган мавзуларда ҳадисларни сақлаш учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари томонидан йўлга қўйилган турли услубларни ўрганиб чиқдик. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, ҳадисларни ёзиб олиш уларни сақлашнинг ягона усули бўлмаса-да, аммо бу жараён ҳеч қачон эътибордан четда қолмаган.

Ҳадисларни тўплаш борасида саҳобаларнинг уринишларига назар солсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг тўрт улуғ халифалари вақтларида минглаб ҳадисларнинг ёзилганини кўришимиз мумкин.

Навбатдаги мавзуларда айнан шу эрта даврда энг машҳур бўлган ҳадис тўпламларининг тавсифи ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз. Бу маълумотлар ҳеч бўлмаганда ҳадислар дастлабки уч аср мобайнида тўпланмаган деган нотўғри тасаввурни рад этади.

 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқларига биноан ёзилган ҳадислар

Аввало шу ҳақиқатни англаб олишим керакки, кўпгина ҳадислар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари томонидан ёздирилган ва ёзилган ҳолатда сақланилишига буюрилган. Уни қуйидагилар орқали билиш мумкин:

Садақа (закот) китоби

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам закот борасидаги шаръий ҳукмларни ўзида жамлаган, закот чиқарилиши керак бўлган турли мол-мулклар билан боғлиқ бўлган закот нисоби ва унинг закот чиқариш миқдорларини белгилаб берган мукаммал ҳужжатлар ёздирдилар. Бу ҳужжат “Китобу-с-садақа” (Садақа китоби) дея номланган.

Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Умар бундай дейди: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Садақа (закот) китобини ёздирдилар ва уни вафот этадиган вақтларида волийларга юбордилар. У Зот буларни қиличига осиб қўйган эди. У зотнинг вафотларидан зўнг Абу Бакр ҳам вафотларига қадар бунга амал қилди. Сўнгра Умар ҳам ўлимига қадар бунга кўра иш тутди. Бу китобда қуйидагилар қайт этилган эди: Беш туядан бир эчки олинади…. ”

Бу ҳужжатнинг матни “Сунан Абу Довуд” китобида келтирилган. Машҳур муҳадддис Имом Зуҳрий бу ҳужжатни ўқувчиларига ўргатар эди. У бундай ёзади: “Бу закот аҳкомлари ҳақидаги Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан ёздирилган ҳужжат матни бўлиб, Ҳазрат Умарнинг фарзандларидан топилган асл қўлёзмадир. Бу матнни менга Ҳазрат Умарнинг набираси Салим таълим берди ва мен уни ўргандим. Умар ибн Абдулазиз бу матннинг бир нусхасини Ҳазрат Умарнинг набиралари Салим ва Абдуллоҳдан олган эди. Худди шу матннинг бир нусхасидан менда ҳам бор”.

Амр ибн Ҳазм розияллоҳу анҳунинг нусхаси. Ҳижрий 10 йили Нажрон мусулмонлар томонидан фатҳ қилингандан сўнг, Амр ибн Ҳазм Яман вилоятининг волийси этиб тайинланди. Шу вақтда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Убай ибн Каъбга муфассал бир мактуб ёздириб, уни Амр ибн Ҳазмга бердилар. Бу мактуб баъзи бир умумий тавсиялар билан бирга таҳорат, намоз, закот, ушр, ҳаж, умра, жиҳод, ўлжалар, солиқлар, ҳун (қон) ҳаққи, бошқарув, таълим-тарбия каби мавзулардаги шаръий ҳукмларни ўз ичига олган эди.

Амр ибн Ҳазм Яман волийси сифатидаги ўз вазифаларини ушбу мактуб асосида бажарди. Унинг вафотидан сўнг ушбу ҳужжат унинг набираси Абу Бакрда қолди. Имом Зуҳрий ундан ўрганиб, бир нусха кўчириб олди, талабаларига ундан таълим берди.

 

Бошқа ҳукмдорларга ёзма кўрсатмалар

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларини турли вилоятларга волий ёки қози қилиб тайинлаганларида, уларга ўз вазифаларини адо этишда бажарилиши керак бўлган кўрсатмалари акс этган ҳужжатларни ёздириб берардилар.

Абу Ҳурайра ва Аъла ибн Ҳазрамийни Ҳажар зардуштийларига элчи этиб тайинлаганларида, уларга закот ва ушр ҳақидаги шаръий ҳукмларни ўз ичига олган кўрсатмалар ёздириб берганлар.

Худди шунингдек, Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу (ваф.18/639) ва Молик ибн Мурараҳларни Яманга юбораётганларида уларга ҳам шаръий ҳукмларни ўз ичига олган ҳужжат ёздириб берганлар.

 

Қабила вакилларига ёзма кўрсатма

Мадинадан олис масофаларда жойлашган ўлкаларда яшовчи машҳур араб қабилалари Ислом дини қабул қилгандан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ўз вакилларини юборишар эди. Бу вакиллар Мадинада бир муддат қолиб, Ислом таълимотларини, Қуръон тиловатини ўрганишар ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзларини тинглашарди. Қавмларига қайтаётган вақтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўзлари ва қабилалари учун баъзи таълимотларни ёзиб беришларини илтимос қилишарди. Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам уларга энг муҳим бўлган шаръий ҳукумларни ёздириб берар эдилар.

1. Воил ибн Ҳужр Ямандан келган ва ўз қавмига қайтишдан олдин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан:

اكتب لي إلى قومي كتابا

“Менга қавмим учун бир мактуб ёзиб беринг”, деб илтимос қилди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Муовия розияллоҳу анҳуга уч дона ҳужжат ёздирдилар. Уларнинг биттаси Воил ибн Ҳужрнинг шахсий муаммоларига бағишланган эди, қолган иккитаси эса намоз, закот, ҳаром қилинган ичимликлар ичиш, судхўрлик ва бошқа айрим масалалар билан боғлиқ умумий қоидаларни қамраб олганди.

2. Абдулқайс қабиласидан бўлган Мункиз ибн Ҳайян Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келиб Исломни қабул қилди. Қабиласига қайтаётганида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга бир ҳужжат бердилар. Уйига қайтганида уни хеч кимга кўрсатмади. Унинг даъвати билан қайнотаси мусулмон бўлгандан сўнг, бу ҳужжатларни унга берди ва уларни қабиласига ўқиб бергач инсонлар Исломни қабул қила бошлашди.

Ушбу ҳадиснинг батафсил тафсилотларини Имом Буҳорий ва Имом Муслим китобларидан топиш мумкин.

3. Ғомид қабиласидан бир гуруҳ одамлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузуларига келиб Исломни қабул қилишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга Қуръон таълим бериш учун Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуни юбордилар. Убай розияллоҳу анҳу айтади:

و كتب لهم رسول الله كتابا فيه شرائع الإسلام

"Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга Исломнинг шаърий ҳукмларини ифода этган бир мактуб ёздириб бердилар"[1].

4. Хасьам қабиласи вакиллари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келишди. Бу ҳақда Ибн Саъд турли ишончли ровийларга асосланиб бундай маълум қилади:

فقالوا آمنا بالله و رسوله و ما جاء من عند الله فاكتب لنا كتابا نتبع ما فيه فكتب لهم كتابا شهد فيه جرير بن عبد الله و من حضر

“Улар: “Биз Аллоҳга ва Унинг Расулига ҳамда Аллоҳдан келган (нарса)ларга иймон келдирдик. Бир ҳужжат ёзиб берсангиз, ундаги ёзилган нарсаларга эргашар эдик”, дедилар”. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам улар учун бир ҳужжат ёздирдилар. Бунга Жарир ибн Абдуллоҳ ва ўша ерда ҳозир бўлганлар гувоҳ бўлишди”.

5. Сумала ва Ҳуддан қабилалари вакиллари Макка фатҳидан сўнг келдилар. Исломни қабул қилдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам улар учун закот билан боғлиқ бўлган таълимотларни ўз ичига олган бир ҳужжат ёздириб бердилар. Ҳужжатни Собит ибн Қайс ёзди ва Саъд ибн Убода билан Муҳаммад ибн Муслим гувоҳ бўлдилар.

6. Собит ибн Қайс розияллоҳу анҳу Эслам қабиласи вакиллари учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтиб турган ҳужжатни ёзди. Бунга Абу Убайда ибн Жарроҳ ва Умар ибн Ҳаттоб гувоҳ бўлдилар.

Албатта, бу айрим қисқа мисоллардир, холос. Бунга ўхшаш мисолларга бағишланган алоҳида (Ибн Саъднинг "Табоқат" номли китоби сингари) китоблар ёзилган.

Юқоридаги мисоллардан Пайғамабаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам фақатгина исломнинг умумий ҳукмлари баён этилган ҳужжатларни ёздирганларини кўриш мумкин. У зот бошқа ҳолатлар билан боғлиқ ҳужжатлар ҳам ёздирганлар. Бу мавзудаги ҳужжатларнинг кўплиги сабабли уларнинг барчасини қисқа бир бобда ёритишнинг имкони йўқ. Бу ҳужжатларнинг ҳаммаси Суннатнинг бир қисмини ташкил қилади ва улардан Исломнинг аксарият ҳукмлари олинган.

Қисқача қилиб айтганда, биз фақат доктор Муҳаммад Ҳамидуллоҳнинг "Ал-Васаиқ ас-Сиёсийя" номли тадқиқотига мурожаат қилдик, унда жуда кўп сонли ҳужжатлар тўплаган.

"Ислом шариатида суннатнинг ўрни" китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси


[1] Ибн Саъд. Табақот. Ж.1. – Б. 34.

Мақолалар