Ислом умматининг етмиш уч фирқага бўлиниши ва “Саводул аъзам”дан ажралмаслик лозимлиги
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга умматларининг етмиш уч фирқага бўлиниб кетишлари билдирилган. У зот алайҳиссалом бу ҳақида шундай хабар берганлар:
عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ تَفَرَّقَتِ الْيَهُودُ عَلَى إِحْدَى وَسَبْعِينَ أَوِ اثْنَتَيْنِ وَسَبْعِينَ فِرْقَةً وَالنَّصَارَى مِثْلَ ذَلِكَ وَتَفْتَرِقُ أُمَّتِى عَلَى ثَلاَثٍ وَسَبْعِينَ فِرْقَةً. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яҳудийлар етмиш бир фирқага ёки етмиш икки фирқага бўлиниб кетганлар. Насронийлар ҳам ўшанча (фирқага бўлиниб кетишган). Менинг умматим етмиш уч фирқага бўлинади”, – дедилар”. Имом Термизий[1] ривоят қилган.
Бошқа бир ҳадисда эса улар ҳақида шундай дейилган:
إِنَّ بَنِى إِسْرَائِيلَ تَفَرَّقَتْ عَلَى ثِنْتَيْنِ وَسَبْعِينَ مِلَّةً وَتَفْتَرِقُ أُمَّتِى عَلَى ثَلاَثٍ وَسَبْعِينَ مِلَّةً كُلُّهُمْ فِى النَّارِ إِلاَّ مِلَّةً وَاحِدَةً قَالُوا وَمَنْ هِىَ يَا رَسُولَ اللَّهِ قَالَ مَا أَنَا عَلَيْهِ وَأَصْحَابِى. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ
“Албатта Бани Исроил етмиш икки миллатга бўлиниб кетганлар. Умматим етмиш уч миллатга бўлинади, фақат битта миллатдан бошқа барчаси дўзахда бўлади”, – дедилар. Шунда (саҳобалар): Эй Аллоҳнинг Расули, улар ким? – дейишди. У зот: “Менинг ва саҳобаларимнинг йўлида бўлганлардир”, – дедилар”. Имом Термизий ривоят қилган.
Ушбу ҳадиси шарифда фақат битта миллат тўғри йўлдан оғишмасдан нажот топишлари хабари берилган. Бу миллатнинг қандай сифатда бўлиши ҳақида бошқа бир ҳадисда шундай дейилган:
عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى الله عَليْهِ وسَلَّمَ يَقُولُ إِنَّ أُمَّتِي لاَ تَجْتَمِعُ عَلَى ضَلاَلَةٍ فَإِذَا رَأَيْتُمُ اخْتِلاَفًا فَعَلَيْكُمْ بِالسَّوَادِ الأَعْظَمِ. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَةَ
Анас ибн Моликдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Умматим асло залолат устида жамланмайди. Шунинг учун қачон ихтилоф кўрсаларинг “саводул аъзам” билан бирга бўлинглар”, – деяётганларини эшитдим”. Ибн Можа[2] ривоят қилган.
“Саводул аъзам” калимаси “улкан жамоат” маъносига тўғри келади.
Уламолар ушбу ҳадисда хабар берилган “саводул аъзам”ни Аҳли сунна вал-жамоадир, – деганлар.
Демак, мазкур ҳадиси шарифларга кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари ҳам кўплаб фирқаларга бўлиниб кетадилар. Аммо уларнинг ичидан фақат биттаси у зотнинг ва саҳобаларининг ҳамда уларга эргашганларнинг йўлларини маҳкам ушлаган бўладилар. Бу зотлар умматнинг “саводул аъзам”и бўлишади. “Саводул аъзам”дан ажралмаслик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча умматларига қарата айтган буйруқлари ҳисобланади. Имом Мотуридий роҳматуллоҳи алайҳнинг шогирдларидан бири Абул Қосим Ҳаким Самарқандий “Саводул аъзам” асарида ҳадиси шарифда хабар берилган нажот топувчиларнинг олтмиш иккита хислатини баён қилган. Уларнинг айримлари қуйидагилардир:
– Мусулмонлар жамоасига қарши чиқмаслик;
– Қибла аҳли бўлган кимсани мадомики ҳалол санаб қилмаган бўлса бирор гуноҳ туфайли кофирга чиқармаслик;
– Қадарнинг яхшиси ҳам ёмони ҳам Аллоҳдан деб билиш;
– Ноҳақ равишда бирорта мусулмонга қарши қурол кўтармаслик;
– Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларини ҳақ деб билиш;
– Валийларнинг кароматларини инкор этилмайдиган ҳақ деб билиш;
– Гуноҳкор мўминларга гуноҳлари миқдорича дўзах азоби бўлишини ҳақ деб билиш;
– Аллоҳ таолони макон, замон, келиш ва кетиш (каби сифатлар)дан холи деб билиш.
Абул Қосим Ҳаким Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу асарида мазкур хислатларни мотуридия мазҳабига кўра баён қилган.
Баъзи уламолар ҳадиси шарифда хабар берилган етмиш икки фирқанинг асли еттита фирқага тақалади, деганлар ва уларни номма-ном келтирганлар:
Ушбу ҳисобга кўра, мазкур фирқаларнинг умумий адади етмиш иккита бўлади ва бу қарашни айтган уламоларнинг наздида булардан кейин чиқадиган фирқалар ҳам аслида ушбу фирқалардан бирига мансуб бўлади.
Шу ўринда ақидавий масалалардаги ихтилофларнинг ҳаммасида ҳам ҳукм собит бўлмаслигини билиб қўйиш лозим. Эътиқодий масалалар икки қисмга: “асл” (асосий эътиқод) ва “фаръ” (асосий эътиқоддан келиб чиққан эътиқод)га бўлинади.
“Асл” (асосий эътиқод) масалаларнинг ўзи ҳам яна иккига бўлинади: “Усулуд-дин” (диннинг асослари) ва “Усулу аҳли сунна вал-жамоа” (Аҳли сунна вал жамоанинг асослари).
“Усулуд-дин” (диннинг асослари) деганда Аллоҳ таолонинг борлиги, Унинг бирлиги, оламни Аллоҳ таоло йўқдан бор қилгани каби масалалар тушунилади. Диннинг асоси бўлган бундай масалаларга қарши чиқиш билиттифоқ куфр ҳисобланади.
“Усулу Аҳли сунна вал-жамоа” (Аҳли сунна вал жамоанинг асослари) деганда саҳобаларни фақат яхшилик билан ёдга олиш, гуноҳи кабира туфайли мўмин кишининг диндан чиқмаслиги, қабр азоби ва неъматининг ҳақлиги, жаннатда Аллоҳ таолони кўриш аниқлиги каби масалалар тушунилади. Аҳли сунна вал-жамоа иттифоқ қилган бундай масалаларга қарши чиқиш оқибати ўта хатарли бўлса-да, буларга қарши чиққан киши куфрга нисбат берилмайди. Балки адашган, фосиқ ва бидъатчи нисбати берилади. Чунки бундай кимса диннинг асосига эмас, Аҳли сунна вал-жамоанинг асосига қарши чиққан бўлади.
Ақидадаги фаръий (асосдан ажралиб чиққан) масалалар деганда юқорида айтиб ўтилган икки қисмга ҳам кирмайдиган жузъий масалалар масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Меърожда ўз кўзлари билан Аллоҳ таолони кўрганмилар ё кўрмаганмилар каби масалалар тушунилади. Мотуридия ва ашъария мазҳаблари орасидаги фарқли қарашлар ҳам худди шу қисмга киради.
Ақидадаги фаръий масалаларда қарама-қарши эътиқодда бўлиш туфайли адашувчи ё бидъатчи каби бирор ҳукм собит бўлмайди.
АҚОИД МАСАЛАЛАРИ:
а) Усулид-дин (қарши чиққан диндан чиқиб кетади);
б) Усулу аҳли сунна вал жамоа (қарши чиққан аҳли суннадан чиқиб кетади).
Демак, ақоид масалаларида ниҳоятда ҳаддан ошиб кетган рофизий каби айрим фирқалардан ташқари аксарият фирқалар диннинг асосига эмас, балки, Аҳли сунна вал-жамоанинг асосига қарши чиққанлар.
Машҳур ақидавий фирқалар
Юқорида баён қилинган фирқаларнинг энг машҳурлари ва ақида китобларида улар билан Аҳли сунна вал жамоа ўртасидаги баҳсларга кенгроқ ўрин ажратилгани асосан қуйидаги фирқалардир:
Хавориж фирқаси
Хавориж фирқаси “Таҳким”[3] воқеасидан кейин пайдо бўлган. Бу фирқа турли гуруҳларга бўлиниб кетган бўлиб, улардан ҳозирда “Ибозия” фирқасигина сақланиб қолган. Бу фирқа вакиллари Мағрибда ва Арабистон ярим оролининг жанубий-шарқида учрайди. Бу тоифа мўътазилий фирқасининг кўпгина дастурларини ўзлаштириб олганлар. Жумладан, яхши ва ёмон нарсалар ақл билан билинади, деб ҳисоблайдилар. Аллоҳ таоло ҳақидаги “муташобиҳ” (бир-бирига зид икки хил маъно эҳтимоли бор) хабарларни таъвил қилишга (ақл етадиган маънога ўтказишга) уринадилар, охиратда Аллоҳ таолони кўришни инкор қиладилар. Шу билан бирга, осийлар дўзахда абадий қоладилар, деган қарашлари ҳам сақланиб қолган. Ибозийлар мазкур қарашларида мўътазилийлар билан бир хил эканини инкор қилмайдилар, балки мўътазилийлар бу қарашларни биздан олишган, деб даъво қиладилар.
Хаворижларда такфир тушунчаси ва уларга
уламоларнинг раддиялари
Такфир сўзи “бировни куфрга киритиш”, “Исломдан ажратиш” маъноларини англатади. Хавориж фирқаси ўзларига қарши бўлганларни кофирга чиқариб уларнинг қонларини тўкишни ҳалол санаганлар. Ўзларига қарши чиқувчиларнинг диёрларини “Дорул ҳарб” (мусулмон бўлмаган диёр) деб номлаганлар. Улар Али розияллоҳу анҳунинг “таҳким” ни қабул қилишини куфр деб ҳисоблаганлар. Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарбияларини олиб улғайган, тириклигидаёқ жаннат башорати берилган “Ашараи мубашшара” (Жаннатий экани айтилган ўн киши)дан бири бўлган зотни кофирга чиқаришган.
Ҳар бир даврда ҳам Аҳли сунна вал-жамоа уламолари “жаҳолатга қарши маърифат” билан курашга алоҳида эътибор қаратганлар. Адашган фирқаларнинг хатоларини тушунтириб, уларни тўғри йўлга солишга, мусулмонларнинг бирдамлиги-ю тинч-тотувлигини асраш йўлида жонбозлик кўрсатиб келганлар.
Али розияллоҳу анҳу ўзларига нисбатан бундай ҳукм чиқарган шоввозларнинг ғаройиб даъволарига жавоб бериш ва уларга тўғри йўлни кўрсатиш учун Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуни элчи қилиб юборган. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ва хавориж етакчилари ўртасида қуйидаги басҳ-мунозара бўлиб ўтган:
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: Уни (яъни мўминлар амири Али розияллоҳу анҳуни) нимада айблайсизлар?
Хаворижлар: “Уч нарсада”.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Қандай нарсалар?”
Хаворижлар: 1. Аллоҳнинг амри бўлган нарсада кишиларни ҳакам қилди. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло: ﴿ إِنِ ٱلۡحُكۡمُ إِلَّا لِلَّهِ ﴾”Ҳукм фақат Аллоҳ ихтиёрида-дир”[4], деган;
Абдуллоҳ ибн Аббос розяллоҳу анҳу: “Агар сизларга Аллоҳнинг китобидан ва Расулининг суннатидан сўзларингиз хато эканига далолат қиладиган далил келтирсам қайтасизларми?”.
Хаворижлар: “Нега қайтмас эканмиз?”.
Абдуллоҳ ибн Аббос розяллоҳу анҳу: “Аллоҳнинг амрида кишиларнинг ҳукм қилишига келадиган бўлсак, Аллоҳ таолонинг Ўзи китобида шундай деган:
﴿يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ لَا تَقۡتُلُواْ ٱلصَّيۡدَ وَأَنتُمۡ حُرُمٞۚ وَمَن قَتَلَهُۥ مِنكُم مُّتَعَمِّدٗا فَجَزَآءٞ مِّثۡلُ مَا قَتَلَ مِنَ ٱلنَّعَمِ يَحۡكُمُ بِهِۦ ذَوَا عَدۡلٖ مِّنكُمۡ ﴾
“Эй иймон келтирганлар! Эҳромда бўла туриб, овни ўлдирмангиз! Сизлардан кимки уни қасддан ўлдирса, (жазоси) худди (хонаки) ҳайвон ўлдириш билан баробар жазодир: у (ҳам бўлса) Каъбага (юриб) бора оладиган қурбонлик бўлиб, унга ўзларингиздан икки адолатли киши ҳакамлик қилур”[5].
Бошқа бир оятда эр-хотин ҳақида:
﴿وَإِنۡ خِفۡتُمۡ شِقَاقَ بَيۡنِهِمَا فَٱبۡعَثُواْ حَكَمٗا مِّنۡ أَهۡلِهِۦ وَحَكَمٗا مِّنۡ أَهۡلِهَآ إِن يُرِيدَآ إِصۡلَٰحٗا يُوَفِّقِ ٱللَّهُ بَيۡنَهُمَآۗ ﴾
“Агар улар (эр-хотин)нинг оралари бузилиб кетишидан қўрқсангиз, эр оиласидан бир ҳакам, хотин оиласидан бир ҳакам юборингиз. Агар (эр-хотин) ислоҳни хоҳласалар, Аллоҳ ўрталарини мувофиқлаштиргай”[6], деган. Демак, Аллоҳ таоло ҳакамликни кишиларга топширган. Сизлардан Аллоҳ ҳаққи билан сўрайман айтинглар-чи, мусулмонларнинг қони ва ораларидаги ислоҳ тўғрисида кишиларнинг ҳакам бўлишлари афзалми ёки нархи тўрт дирҳам бўлган қуён тўғрисида ва хотин билан яшаш тўғрисида ҳакам бўлишлари афзалми?”.
Хаворижлар: “Йўқ, албатта бу афзал”.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Сизларни бу фикрдан қайтардимми?”.
Хаворижлар: “Ҳа, албатта”.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Сизларнинг уришди-ю, таҳқирламади ҳам, ўлжа ҳам олмади, деган сўзларингизга келадиган бўлсак, оналарингиз Оишани таҳқирламоқчи эдиларингизми? Агар онамиз эмас, десаларингиз кофир бўласизлар (агар онамиз десангиз қилаётган иддаоингизни ўзингиз инкор қилган бўласиз). Сизлар иккита залолат орасида тараддудланиб қолгансизлар. Энди сизларни бу фикрдан қайтардимми?”.
Хаворижлар: “Ҳа, албатта”.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Барча мўминларнинг амири бўлишидан ўзини озод қилди, деган сўзларингизга келадиган бўлсак, сизлар рози бўладиган бир нарсани айтаман. Аллоҳнинг Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳудайбия кунида Суҳайл ибн Амр билан сулҳ тузганда: эй Али, бу Аллоҳнинг элчиси Муҳаммад сулҳ тузган нарсалар, деб ёз, дегандилар. Шунда Суҳайл ибн Амр: сени Аллоҳнинг элчиси деб билмаймиз. Агар Аллоҳнинг элчиси деб билганимизда сен билан урушмас эдик, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Эй, Аллоҳим, сенинг элчинг эканимни Ўзинг биласан, дедиларда: Эй Али (ёзганингни) ўчириб: “Бу Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ҳамда Суҳайл ибн Амр сулҳ тузган нарсалар” деб ёзгин, – дедилар...”.
Ушбу жавобдан сўнг икки мингдан зиёд кишилар хаворижликдан қайтган эдилар.
Ҳозирги кунимизда ҳам замонамизнинг юздан ортиқ энг мўътабар уламолари “замонавий хаворижлар”га худди шу услубда “очиқ хат” билан мурожаат қилдилар. Кошки эди булар ҳам бор ҳақиқатни англаб етиб, тўғри йўлга қайтсалар...
Устоз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ “Очиқ хат” асарларида мусулмонлар орасидаги нохушликларнинг бош сабаблари ва уларни бартараф қилиш чора тадбирлари ҳақида батафсил баён қилган.
Шиа фирқаси
“Шиа” сўзи “тарафкаш” маъносини англатади. Шиалар дастлаб Усмон розияллоҳу анҳунинг халифаликлари сўнгида юзага келган фирқа ҳисобланади. Шиаларнинг ўзлари ҳам жуда кўплаб фирқаларга бўлиниб кетган бўлиб, ҳозирги кунда уларнинг учта энг катта асосий фирқаси бор:
– Шариат жаҳолат билан кирланиб, залолат билан аралашиб кетган, уни ювиб тозалаш фақат фалсафа билан бўлади;
– Ақл тўғри топиши ҳам, хато қилиши ҳам мумкин. Шунинг учун дин ишида унга суяниб бўлмайди. Ақлнинг ёлғиз ўзи Аллоҳ таолони танишга ожизлик қилгани учун бу ишда бошқа бир масдарга суяниш лозим бўлади. У масдар маъсум муаллим, яъни исмоилий имомдир. Аллоҳ таолони танишга, дин ҳукмларини англашга ёлғиз йўл мана шудир;
– Аллоҳ таолони бор ҳам демаймиз, йўқ ҳам демаймиз, олим ҳам демаймиз, жоҳил ҳам демаймиз, қодир ҳам демаймиз ожиз ҳам демаймиз... Чунки Аллоҳ таолонинг сифатлари ҳақиқий исбот қилинса, У зот билан бошқа мавжудотлар орасида шериклик тақозо қилиниб қолади.
– Илм. Яъни имом илмли бўлиши шарт. Бундан ташқари шижоат, иффат, тўғрисўзлик ва сахийлик сингари ўз асрининг энг афзали бўлиши учун лозим бўлган сифатлар бўлиши шарт. Агар ўз асрида ундан афзал киши бўладиган бўлса, имомлик тўғри бўлмайди. Ҳар бир асрда фақат битта имом бўлади. Мазкур сифатлар ичида энг муҳими илм сифати ҳисобланади. Чунки имом илмни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан, ё ўзидан олдинги имомдан қабул қилиб олган ёки унга илҳом қилинган бўлади. Унинг илми бошқалардек таълим олиш билан ҳосил бўлмайди.
– Исмат. Яъни имом Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сингари барча зоҳирий ва ботиний ёмон ишларни қасддан қилишдан ҳам, билмасдан қилишдан ҳам маъсум бўлиши керак. Бу маъсумлик унинг гўдаклигидан то вафот этгунча бўлиши лозим. Чунки имом шариатни ва унинг ҳукмларини англаш йўлини сақловчи шахсдир. Агар унда хато камчиликлар бўлиши жоиз бўлса, унинг хатоси туфайли бутун уммат залолатга кетиб қолади.
– Кароматлари зоҳир бўлиши керак. Яъни бу имомнинг ҳақиқий имом эканига далолат қиладиган кароматлари бўлиши керак. Чунки баъзи вақтларда халойиқ фақат ўша кароматлари орқалигина унинг имомлигини қабул қилишлари мумкин. Ана ўшанда одамлар унинг Аллоҳ томонидан тайинланган имом эканини англайдилар.
Исноашария фирқаси эътиқод қиладиган имомлар:
Исноашария фирқаси вакиллари ушбу ўн иккинчи имом Муҳаммад Маҳдий ибн Ҳасан Аскарийни бир куни қайтиб келади, деб эътиқод қиладилар.
– Ўзидан афзал киши бўла туриб, афзал бўлмаган киши ҳам имом бўлиши жоиз;
– Саҳобалар атайлаб хилоф ишни қилмаганлар. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам имомликка Али розияллоҳу анҳунинг сифатини айтиб ишора қилганлар, шахсини айтмаганлар;
– Имом – Али ва Фотима розияллоҳу анҳумоларга мансуб зоҳид, шижоатли, ўзига эргашишга чақирувчи, амру маъруф қилиб, наҳий мункар қилувчи бўлиши керак;
– Агар зарурат бўлса бир-биридан узоқ икки ўлкада икки имом бўлиши жоиздир. Имом маъсум бўлиши шарт эмас.
Адл ва тавҳид масалаларида мўътазила фирқасининг қарашларини ўзлаштирганлар.
Мўътазила фирқаси
Мўътазила фирқаси тобеинлар даврида пайдо бўлган ва ўзларнининг ақидавий қарашларини ишлаб чиққан фирқа ҳисобланади. Бу фирқанинг асосчилари Восил ибн Ато ва Амр ибн Убайд исмли шахслар бўлган. Ақидавий қарашларини ишлаб чиқишда ақлга суянганлар. Кўпроқ юнон фалсафасидан таъсирланганлар. Мўътазила фирқаси Исмоилия фирқаси сингари ҳаддан ошиб кетмаган. Имомлик масаласида Аҳли сунна вал-жамоага хилоф қилмаган. Мўътазилийларнинг бешта асосий қоидалари бўлган:
Мўътазила фирқасининг бошқа фирқалардан ажралиб турадиган жиҳати шуки бу фирқа шиа ё хаворижларга ўхшаган сиёсий фирқа бўлмаган.
Ҳашвия фирқаси
Ҳашвия фирқасини муайян бир фирқа дейиш ҳам қийин. Чунки улар шаръий далилларни яхши тушунмайдиган турли гуруҳлар бўлишган. Ҳашвия фирқаси Қуръон ва суннатда келган зоҳири Аллоҳ таолонинг махлуқотларга ўхшаш эканига далолат қиладиган далилларни айнан ўшандай деб эътиқод қилишга уринадиган фирқа бўлган. Бу фирқа турли хато қарашлари туфайли “ҳашвия” деб номланиб қолган. Аслидаحَشْوٌ калимаси “бир нарсанинг ичига тиқилган нарса” маъносини англатади. Ушбу фирқанинг бундай номланиши ҳақида уч хил қараш бор:
КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:
Зоҳирия мазҳаби;
Аҳли сунна вал-жамоанинг икки ақидавий мақсади;
Имом Ашъарий ва ашъария мазҳаби;
Имом Мотуридий ва мотурудия мазҳаби;
Имом Мотуридийнинг устозлари;
Имом Мотуридийнинг шогирдлари;
Имом Мотуридийнинг асарлари;
Мақолалар;
Раддиялар;
Аллоҳ таолого иймон келтириш асослари;
Имом Мотуридийнинг унвонлари;
Мотуридия мазҳабининг ривожланиши;
Мотуридия мазҳабининг машҳур уламолари;
Абул Муин Насафий;
Абулюср Паздавий;
Абу Ҳафс Нажмиддин Умар Насафий;
Нуриддин Собуний Бухорий;
Камол ибн Ҳумом;
Мулла Али Қори;
[1] Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо Буғий Термизий ҳижрий 209 йилда Термиз шаҳрида туғилган. Имом Термизий Имом Бухорийнинг шогирдларидан бўлган. Илм талабида Хуросон, Тобаристон, Бағдод, Басра ва Ҳижоз каби диёрларни кезиб чиққан. Умрининг охирида кўзлари ожиз бўлиб қолган. Имом Термизийнинг ёдлаш қувватлари ниҳоятда кучли бўлганидан, ҳифзда бу зот зарбулмасал қилинган. Имом Термизийнинг энг машҳур китоби “Сунани Термизий”дир. Бундан ташқари “Шамоилу Набавия”, “Тарих” ва “Илал” каби кўплаб китоблари бўлган. Имом Термизий ҳижрий 279 йилда 70 ёшида Термизда вафот этган.
[2] Муҳаммад ибн Язид Робъий Қазвиний ҳижрий 209 йилда ҳозирги Эрон ҳудудига кирувчи Қазвин номли жойда туғилган. Имом Ибн Можа илм талабида Басра, Бағдод, Шом, Миср ва Ҳижоз каби диёрларни кезиб чиққан. Имом Ибн Можанинг энг машҳур китоби “Сунани Ибн Можа”дир. Бундан ташқари “Тафсирул Қуръон” ва “Тариху Қазвин” каби кўплаб китоблари бўлган. Имом Ибн Можа ҳижрий 273 йилда 64 ёшида Қазвинда вафот этган.
[3] Али розияллоҳу анҳу ва Муовия розияллоҳу анҳулар ўртасидаги битим аҳди.
[4] Юсуф сураси, 40-оят.
[5] Моида сураси, 95-оят.
[6] Нисо сураси, 35-оят.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
#Мустақилликнинг 35 йиллиги
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик тўйи яқинлашиб, жойларда байрам шукуҳи кеза бошлади. Бундан дилда шукроналик ҳисси ортмоқда.
Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб, бундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайди. Улар хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таъолонинг беҳисоб бўлган буюк илоҳий неъматларидан. Шундай экан, тинчликнинг қадрига етиб, унинг шукрини адо этиш инсоннинг бурчларидандир. Зеро, ҳаётнинг бир маромда давом этиши, Ҳақ таоло буюрган ишлар хотиржам адо этилиши учун ҳам осойишталик лозим бўлади. Аллоҳ таоло ҳам: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!” дея буюради (Бақара сураси, 208-оят). Тинчлик, салимлик мавзуси ўта муҳим бўлгани боис Қуръони карим оятларидан ўрин олган. Зотан, араб тилидаги “салм”, “силм”, “салом”, ва “ислом” сўзлари бир ўзакдан чиққан, турли маънодаги сўзлар бўлсада, айнан бир мақсадга йўналтирилгандир.
Бандага берилган неъматларнинг қадрига етишда ва уни асрашда, бизга пайғамларларнинг отаси бўлган, Иброҳим алайҳиссалом ўрнак бўлиб келган. У зот ўз даврида Маккага тинчлик, унинг аҳлига ризқ сўрагани сўзимизнинг ёрқин мисолидир: “Ибрoҳим: “Эй, Рaббим, бу (Мaккa)ни тинчлик шaҳри қилгин вa унинг aҳoлисидaн Aллoҳгa вa oxирaт кунигa ишoнувчилaргa (турли) мeвaлaрдaн ризқ қилиб бeргин” деди” (Бақара сураси,126-оят).
Аллоҳ таоло бу орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўтган пайғамбарлар ҳаётидан хабардор қилиш баробарида, улар сўраган нарсаларни ҳам билдириб, шунга чақирган.
Бу неъатлар бардавом бўлиши учун ҳам инсондан шукр ва қадрлаш талаб этилади. Тинчлик ҳукм суриб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш эса, муқаддас динимиз буюрадиган ишлардан. Шундай экан, инсон ким бўлишидан қатъий назар, ўзи яшаб турган, Аллоҳ неъмат қилиб берган Ватани, унинг зилол сувлари, ҳавоси, нози неъматлари ва бошқа барча шароитларига шукр қилиб, уни зиёда бўлишини сўраб дуо қилиши лозим.
Бугун дунёда тинчлиги, хотиржамлигини йўқотганлар қанча. Буларни кўриб, эшитиб турганлар ибрат олиб, хулосалар чиқариб, ўзлари учун инъом қилинган тинчлик ва хотиржамликни қадрлаб, асраб авайлаши лозим.
Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, хотиржамликни сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж, ҳамлалардан, фитна ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, ғарзли ва манфур кимсаларнинг макрларига учмасдан, ёш авлодни ҳам улардан хабардор қилиб, ислом таълимотининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Бу хусусида Аллоҳ таоло бундай деган: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси, 2-оят).
Хулоса қиладиган бўлсак, динимизнинг тинчлик ва хотиржамликка бўлган эътибори нечоғлик катта, ҳамда бағрикенглик унинг негизи экани яққол намоён бўлади. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса Аллоҳга янада кўпроқ шукр қилишга ундайди.
Неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига ҳам боғлиқ. Ёши улуғ нуроний отахон ва онахонларимиз ушбу икки улуғ неъматнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари шундан. Аллоҳ таоло юртимиз тинчлиги ва хотиржамлигини барқарор, бардавом, халқимиз ҳаётини бундан-да фаровон қилсин.
Исомиддин АҲРОРОВ