БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ
Куч ва Қудрат эгаси бўлган Аллоҳ таолога ҳамду-санолар ҳамда оламларга раҳмат ўлароқ юборилган, тўғри сўз ва ишончли бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга, у зотнинг аҳли оиласи, саҳобалари ва тобиъинларига кўплаб солату саломларимиз бўлсин.
Бугунги кунда ўзининг мусулмонлигини даъво қилиб, бироқ динини асл моҳияти илм-маърифат эканлигини билмай, ўрганмай, душманнинг ҳийлаларию найрангларига ишониб, ҳатто билмаганлиги ва англамаганлиги туфайли уларга бу ишларда ёрдамчи бўлиб юрган кишиларнинг сони кўпайиб бормоқда.
Энг ёмони ана шу динининг асл моҳияти илм-маърифат эканлигини билмаган, ўрганмаган кишилар умрининг аксарини кераксиз, фойдасиз ишлар, кўпроқ ИНТЕРНЕТдаги фитналар, бузғунчиликлар, туҳматлар, ғийбату бўҳтонлар ва шуларга ўхшаш қабоҳатларни ўқиш ҳамда томоша қилиш билан инсонга бериладиган бебаҳо ва қайтарилмас бўлган ВАҚТ неъматини самарасиз ўтказишларидир.
Бунинг оқибатида муқаддас динимизда қораланган, у сабабли кўплаб тоъату ибодатлар, яхшилигу олийликлар ўз вақтидан қолиб кетишига ёки тарк қилинишига сабаб бўладиган, унинг зарари ҳамда оқибатлари нафақат бу қабиҳ сифат эгасига, балки ўзгаларга ҳам юқадиган, доимо ўрганилиши ва ўргатилиши шарт ҳамда инсониятга кўринмас, туганмас душман бўлган дангасалик, эринчоқлик ва ишёқмаслик сифатига эга бўлганларнинг сони кўпайиб бормоқда. Бунинг зарари нафақат мусулмонларга, балки бутун инсониятга бўлиши барчамизга аниқ ва равшандир.
Ана шу маънода яна бир карра динимизда бу касалликнинг зарарлари, оқибатлари ва унга қарши туришда ҳамда сизу биз бу касаллик билан касалланиб қолмаслигимиз учун динимиз кўрсатмаларини ўрганишимиз ва эслашимиз лозим деб билдим ва унга умумий қилиб, “КЎРИНМАС ДУШМАН” дея ном бердим. Бундан буён ушбу мавзуда давомли шаклда мақолаларимизни бериб борамиз.
Бу борадаги барча изланишларимизни ҳамда ўрганаётган илмимизни манфаъатли ва унга амал қилишимизни Аллоҳ таолонинг ўзи осон қилсин.
“Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом-хатиби,
ТИИ ўқитувчиси Абдураҳманов Яҳё Убайдуллоҳ ўғли
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Қуръон - дардга шифодир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "(Биз) Қуръондан мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган (оят)ларни нозил қилурмиз" (Исро сураси, 82-оят).
Савол: Нега Аллоҳ таоло "шифо ва раҳмат" деди, "раҳмат ва шифо" демади?
Жавоб: Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий раҳимаҳуллоҳ бундай дейдилар: Бу жуда нозик илоҳий ҳикматдир!
Шифо - касаллик бор бўлганидан кейин келади.
Раҳмат - эса касалликни бошиданоқ олдини олишдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам рисолат олиб келган пайтда инсонлар “касал” эди - залолат, ширк ва куфр ичида эдилар. Шунинг учун Қуръон аввал шифо бўлиб келди - дардни даволаш учун.
Сўнг: Улар ширкдан тузалганидан кейин раҳмат келди - яхши, саодатли ҳаёт сифатида.
Қоида: Зарарни даф қилиш манфаатни жалб қилишдан олдин туради.
Шунинг учун: Аввал - шифо (касалликни даволаш). Сўнг - раҳмат (бахтли ҳаёт).
Қуръон эса ҳар бир замонда инсоният учун доимий “дорихона” бўлиб қолади!
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ