2023 йил 7 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Арман-Апостоллик черковининг Москва ва Новонахичеван епархияси раҳбари Езрас Нарсесянни қабул қилдилар.
Мулоқотда Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Дилшод Маматқулов, Ўзбекистондаги Арман Апостол черкови руҳонийси Аванес Григорян ва бир қатор мутасаддилар иштирок этди.
Учрашувда қадим-қадимдан Ўзбекистон заминида турли миллат, элат ва дин вакиллари аҳил-иноқ яшаб келаётган диёр экани, барчанинг асосий мақсади тинчлик ва осойишталикни таъминлаш ва эртанги тараққиёти учун ҳисса қўшиш эканига урғу қаратилди.
Самимий руҳда ўтган суҳбатда мамлакатимиздаги янгиланиш ва ислоҳотлар кенг қулоч ёзаётгани, Давлатимиз раҳбари томонидан миллатлараро тотувлик ва конфессиялараро ҳамкорликка берилаётган алоҳида эътибор мамлакатимиз тараққиётида янги даврни бошланишига замин яратганига алоҳида эътибор қаратилди.
Юртимиздаги бундай ижобий ўзгаришлар дунё ҳамжамиятида Ўзбекистонга бўлган қизиқишни янада ошириб, унинг халқаро майдондаги нуфузини тобора мустаҳкамлаётгани меҳмонлар томонидан юксак эътироф этилди.




Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бугун, 28 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон мусулмонлари идорасида халқаро миқёсдаги тажвид устози, ўн қироат илми бўйича дунёнинг энг кўзга кўринган уламоларидан бири – доктор Шайх Айман Сувайд ҳазратларининг юртимиздаги қироат илми устозлари учун маҳорат дарслари бошланди.
Ушбу махсус ўқувларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус таълим муассасалари ҳамда «Қуръони карим ва тажвид» курсларининг педагог-ўқитувчилари иштирок этмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад – юртимиздаги тажвид муаллимларининг касбий маҳоратини ошириш ва бу борадаги илғор халқаро стандартларни юртимиз диний таълим тизимига кенг жорий қилишдир.
Дарслар Шайх Айман Сувайднинг 40 йиллик илмий изланишлари маҳсули бўлган ва бутун дунёда кенг оммалашган «ат-Тажвид ал-Мусоввар» (Суратли тажвид) асари асосида олиб борилмоқда.
Машғулотлар тизимли ва янгича услубларда ташкил этилмоқда: куннинг биринчи ярмида олим томонидан тажвид қоидалари бўйича чуқурлаштирилган назарий билимлар ва қоидалар тушунтирилмоқда. Куннинг иккинчи ярмида эса тингловчилар ўзлаштирган билимлари бўйича бевосита уламонинг ўзига вазифалар топширмоқда. Бу эса ҳар бир қоиданинг тўғри ва бенуқсон ўзлаштирилишини кафолатлайди.
Соҳа вакилларининг касбий маҳоратини ошириш ва халқаро тажрибани оммалаштиришга қаратилган махсус ўқувлар давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати