Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Март, 2026   |   21 Рамазон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:26
Қуёш
06:44
Пешин
12:38
Аср
16:38
Шом
18:28
Хуфтон
19:39
Bismillah
10 Март, 2026, 21 Рамазон, 1447

БОЛАНИ УРИШ – ОДОБДАНМИ? ҒАЗАБ ҚУРБОНИ БЎЛГАН ЖАЖЖИ ҚЎЛЛАР

22.01.2020   5766   7 min.
БОЛАНИ УРИШ – ОДОБДАНМИ?  ҒАЗАБ ҚУРБОНИ БЎЛГАН ЖАЖЖИ ҚЎЛЛАР

 

 Аллоҳ таоло инсонга кўплаб неъматлар ато қилди. Ушбу неъматлари ичида фарзанд деб аталмиш инъоми жуда ҳам улкандир. Лекин бу неьмат улуғворлиги билан туб негизида катта бир масъулиятли иш ётади. Шу билан бирга фарзандли бўлиш бахти ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Атрофимизга назар ташлаганимизда кимдир тирноққа зорлигини, яна кимдир бир қанча фарзандлар билан сийланганини кўрамиз. Бунинг барчаси буюк Роббимизнинг ҳикмати ила бўлган ишдир. Баьзида кўп йиллардан буён фарзанд кўришни, унга меҳр беришни орзу қилиб келаётган ота-оналарни кўрганда киши Аллоҳга беадад ҳамду санолар айтишлиги керак бўлади. Чунки Аллоҳ таоло бизларга кўплаб ўғил-у қиз фарзандларни ато қилди. Инсон фақатгина Аллоҳга шукр қилиш билан чекланиб қолмасдан балки ўзига ато қилинган улкан масъулятли ишни аъло даражада адо қилиши керак.

Бола тарбияси энг муҳим ишлардан ҳисобланади. Тарбия эса боланинг мурғаклик пайтидан бошланади. Шунинг учун ҳам “бола бошидан” деган халқимизнинг ҳикматли сўзи бежизга айтилмаган. Боланинг тарбияси билан кўпроқ она шуғулланади. Чунки ота оила нафақаси сабабидан кўпинча ишда бўлади. Боланинг чиройли униб ўсиши, гўзал хулқли бўлишида онанинг беқиёс хизматлари ётади. Қадимдан ота-боболаримиз фарзанд тарбиясида дунё халқларига ўрнак бўладиган даражада намуна бўлганлар. Улар болага қандай йўсинда гапириш кераклиги, қайси ҳолатда улардан содир бўлган ишларга танбеҳ бериш лозимлиги ҳамда нимани қилса яхшию, нимани қилса ёмон эканини ўзларининг гўзал услублари ила тушунтирганлар. Лекин энг ачинарлиси ҳозирги кунимизда баъзи бир ота-оналар фарзандларини ёшлигидан бошлаб айрим ҳолатдаги ишларини тўғри тушинтирмасдан уларни жеркиб беришлари, қўполлик ила бақиришлари, энг ёмон кўринишларидан бири ёш мурғаккина гўдакни калтаклашлари бу бизнинг миллий анъаналаримиз ва   динимиз кўрсатмаларига тўғри келмайди. Чунки бундай ҳолатда вояга етган боланинг қалбида меҳр-шафқат, инсонпарварлик, ўзгаларга иззат, ҳурмат, қалб мусаффолиги ўрнини бошқаларга нисбатан шафқатсизлик, қўполлик, дағаллик ва кўплаб салбий сифатлар эгаллайди. Шунинг учун ҳам кексаларимиз агар бирор бир киши ўзининг ёшгина боласини ураётганини кўрсалар, уларга: “Болага бундай муомалада бўлмагин, акс ҳолда фарзандинг шу ҳолатга ўрганиб қолади. Сен унга яхши сўзлар билан уни қилаётган иши гўзал хулқли инсонлар амалига тескари эканини ҳамда бундай ишни қилган киши ён атрофдаги инсонлар олдида хижолатда қолишини ётиғи билан тушунтиргин”, деган сўзларини кўп маротаба эшитганмиз. Агар болага чин кўнгилдан меҳр берилса, унинг қалбида  ота-онасига, жамиятдаги инсонларга бўлган муносабати ижобий ҳолатга ўтади. Акс ҳолда, бу ишимиз ўзимизга ҳам, атрофимиздаги инсонларга ҳам фойда ўрнига зарар келтириши мумкин.

Шу ўринда араб ўлкаларидан бирида бўлиб ўтган воқеани келтириб ўтишни лозим топдик. Эрта тонг билан уйдан чиққан киши кўчаларни айланиб юрган пайтида дўкондан чиройли(портрет,манзара тасвири туширилган) уй жиҳози сотиб олди. Уйга олиб келиб меҳмонхонага қўйди. Сўнг ўзи ишга жўнаб кетди. Уйда аҳли аёли билан тўрт ёшли фарзанди қолган эди. Онаси уй юмушлари билан овора бўлиб боласига эътибор бера олмади. Бола эса қўлида бўёқли қалам билан жиҳоз қўйилган жойга келди ва уни бўяй бошлади. Ишдан сўнг ота уйга қайтиб келгандан кейин не кўз билан қарасинки жиҳознинг барча жойи бўяб ташланган эди. Ўзини қўлга ололмаган ота аввало аёлига ташланиб уни уришиб койиди. Сўнг тўрт ёшли фарзандига ўшқириб уни калтаклади. Бу ҳам етмагандай фарзандини ўнг қўлини столнинг бир оёғига, чап қўлини эса бошқа бир оёғига маҳкам қилиб боғлаб қуйди. Бола дод-фарёд қилар, қаттиқ чинқираб йиғлар эди. Онаси бўлса боласига ёрдам бергиси келар, лекин эрининг ғазабидан қўрқиб фарзандининг олдига бора олмас эди. Орадан бироз вақт ўтгандан сўнг боланинг овози тиниб қолди. Она болам ухлаб қолди, деган ўйда фарзандининг олдига борганда не кўз билан кўрсинки мурғаккина қўллари ипнинг қаттиқ боғланганидан қорайиб, кўкариб кетган, ўзи эса беҳуш ётар эди. Шу пайтда она бор овозича қичқириб юборди. Бошқа хонада дарғазаб бўлиб ўтирган ота бирпасда ўғлининг олдига етиб келиб қўлларини арқондан бўшатди. Ва елкасига опичлаб олиб яқин ўртадаги шифохонага боришди. Шифокорлар болани аҳволини кўриб, уни икки қўлини дарҳол кесиб ташлаш кераклигини айтишди. Ғазаб сабабидан бир хато туфайли боланинг мурғаккина қўллари кесилди.

Энди ўзингиз бир ўйлаб кўринг, арзимаган нарса учун боласини калтаклаган ота фарзандини бармоқсиз қўлларини кўрганда қалбидан қандай хаёллар ўтар экан? Кўча-кўйда фарзандларининг қўлларидан тутиб сайр қилиб юрган оталарни кўрганида ўзи ғазаб ҳолатида қилиб қўйган ишидан қалбида виждон азоби қанчалик алангаланишини ўша инсоннинг ўзи ва яратган Роббимизнинг ўзига аён. Бунга ўхшаш ҳолатлар кўплаб топилади. Ачинарлиси, ҳаётда баъзи бир ота-оналарни кўча-кўйда, уйларида фарзандларини бўлар-бўлмасга калтаклаётганини эшитамиз. Аслида бу ишлари нотўғри эканлигини билишмайди. Агар уларга насиҳат тарзида бу ишни қилманг, оқибати ёмон бўлади десангиз, улар сизга урсам ўзимни фарзандимни ураман сиз аралашманг деган оҳангдаги сўзларига гувоҳ бўламиз. Шунинг учун ҳам биз фарзандларимизни тарбиялашда миллий қадриятларимизга, ислом дини кўрсатмаларига амал қилишимиз керак бўлади. Агар ёш бола бирор-бир инсондан меҳр-муҳаббат кўрса бу ишни ҳеч қачон ёдидан чиқармайди.

Имом Муслим ўзларининг “Саҳиҳи Муслим ” китобларида қуйидаги ҳадисни келтирадилар. Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳу ёшликларида бўлиб ўтган бир гўзал воқеани эсга оладилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан масжидда бомдод намозини ўқидим. Намоз тугагандан сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ташқарига чиқдилар. Болалар у кишини ўраб олдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ҳар бирининг юзини муборак қўллари ила силаб қўйдилар. Сўнг мени юзимга ҳам муборак қўлларини теккиздилар. У зотнинг қўлларидан жуда ҳам хушбўй ҳидни топдим. Худди атторнинг хушбуйлик солинган идишидан қўлларини чиқарганлари каби хушбуй ҳид таралиб турар эди. Эътибор беринг: Ёшгина бола Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам тарафларидан бўлган меҳрни ёдидан чиқармаган. Шунинг учун биз ҳам Аллоҳ таоло бизга ато қилган фарзанд деб аталмиш неъматнинг қадрига етишимиз, фарзандимизнинг одобини гўзал қилишимиз, келажакда уни ўзи учун ҳамда яшаб турган жамиятига фойда келтирувчи қилиб тарбиялашимиз лозим.

Аллоҳ таоло барчамизнинг кўзларимизни фарзандларимиздан қувонтирсин. Омин!

 

“Мактабату Шомила”асосида таёрланди. 

 

Машарипов Қўзибой

Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус

ислом билим юрти мударриси.

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Каҳф сураси фазилатлари

10.03.2026   374   12 min.
Каҳф сураси фазилатлари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Каҳф сураси Қуръони Каримнинг ўн саккизинчи сураси бўлиб, у Маккада нозил бўлган, бир юз ўн оятдан иборат. Суранинг етмиш бир ояти қиссалардан иборат. Каҳф сўзи «ғор» маъносини англатади. Суранинг бундай номланишига сабаб, ундаги асосий қисса қаҳрамонлари ёш йигитлар ўз замонидаги золим подшоҳ барча иймонли кишиларни бутпараст бўлишига мажбур қилган вақтда унинг зулмидан қочиб, иймонларини сақлаш мақсадида ғорга кириб олади ва ўша ерда илоҳий мўжиза содир бўлади.

Улар Аллоҳга таваккул қилиб «Эй, Роббимиз! Бизларга ўз ҳузурингдан раҳмат ато этгин ва бизларнинг ишимизни Ўзинг тўғрилагин!» деб дуо қилишади. Уларнинг дуоси ижобат бўлиб, улар ғорда уч юз йил ухлатиб қўйилади ва муҳофаза қилинади.

«(Улар) ғорларида уч юз йил турдилар ва яна тўққиз (йил)ни зиёда қилдилар». (25-оят). Олимлар оятда ишора қилинган вақтни шундай изоҳлайди: 300 йил х 11 кун (ҳар йили юзага келадиган ҳижрий йилнинг милодий йилдан фарқи) = 3300 кун. Бир қуёш йили 365 кун, 5 соат, 48 дақиқа ва 45,5 сониядан иборат бўлиб, 3300 кун : 365,24 кун = 9 йил. Буни шундай ифодалаш мумкин, Георгий тақвимига кўра 300 йил ҳижрий тақвими бўйича 300+9=309 йилга тенгдир. Гувоҳ бўлганимиздек, бу оят аниқ ҳисоблаб чиқилган 9 йил фарқни назарда тутмоқда. Вақт тўғрисидаги бундай аниқ маълумотларни ўз ичига олган Қуръони Карим илоҳий китоблигига яққол бир мисолдир.

Бу вақт мобайнида қуёш нури ҳам уларга манфаатли қилиб қўйилди. Қуёш нури чиқишида ғорнинг ўнг томонидан, ботишида эса чап томонидан тушиши, ғор уларнинг уйқуда ором олишига жуда қулай шароит қилиб қўйилди. Уйқу вақтида улар чириб кетмаслиги учун гоҳ ўнг томонга, гоҳ чап томонга айлантирилиб, ҳудди уйғоқ одамлардек ҳаракатга келтириб қўйилди. Уларнинг ити эса остонада икки олд оёқларини узатиб ётарди. Уларнинг ушбу ҳолатини кўрган ҳар қандай одам, уларни ҳаракатидан қўрқувга тушиб, улардан юз ўгириб кетарди. Улар уйғонгаларида бир бирларидан ўзаро қанча ухлаганини сўрашди, улардан бири бир ёки ярим кун ухладик холос деб жавоб берди. Сўнгра улардан бири егулик олиш учун шаҳарга тушади, у ердаги ўзгаришларни кўриб орадан уч юз йил ўтганини билади. Бу вақтга келиб халқ устига иймонли подшох келганидан хабардор бўлишади. Шу билан улар иймонли ҳолда омон қолишади.  

Аллоҳ таоло сурада ғор эгаларини узоқ йиллик уйқудан тургизганидек, қиёмат кунида ҳам барчани қайта тирилтириши ҳақ эканлигини одамларга хабарини бериш учун ушбу қиссани ибрат қилиб келтирди. Шу билан бирга, ҳар бир замонда иймон аҳли бардоши етадиган синовга учраши, кофирлар эса вақтинча улардан устун келиши мумкинлигини тушунтиради. Бу қисса орқали иймон аҳлининг иймони зиёда бўлиши, Аллоҳдан ўзгага ибодат қилмаслиги, ҳаётида дуч келадиган қийинчиликларга бардош берса, Аллоҳ унга нусрат бериши ва нажот топиши хабари берилади.

Қуръони Карим сура ва оятлари мазмуни жиҳатидан учга бўлинади: тавҳид – Аллоҳнинг ягона илоҳлиги, шариат ҳукмлари ва тарихий қиссалар. Бу сурада ислом ақидаси асослари, одоб-ахлоқ ва қадриятларни қиссалар орқали ўрганиш, дунё ишқи, ҳаёт моҳиятини англашга диор маълумотлар баён қилинади.

Сурада яна ибрат олиш учун икки боғ эгаси ҳаётидан намуна келтирилади. Қиссада Аллоҳ таоло бир кишига ўртасидан анҳор оқиб ўтган икки боғ, бойлик ва куч-қудратни ризқ қилиб беради. У биродарига: «Менинг бойлигим сеникидан кўпроқ ва одамларим кучлироқ. Бу боғ ва бойлигим ҳеч қачон йўқ бўлмайди. Қиёмат қоим бўлмайди деб ўйлайман. Қасамки, агар мабодо мен Роббимга қайтарилсам, яъни қайта тирилсам, албатта, бундан ҳам яхшироқ оқибат (бахт)ни топаман» деди.          

Иймонли биродари унга хитоб қилиб: «Сени (Одамни) тупроқдан, сўнг бир томчи сувдан яратиб, сўнгра инсон қилиб ростлаган зот (Аллоҳ)га кофир бўлдингми?, деди. У яна: «У Аллоҳ Роббимдир ва Раббимга ҳеч кимни шерик қилмайман. Қани эди, сен ҳам Аллоҳ ҳоҳлаган нарсагина бўлур ва куч-қувват ёлғиз Аллоҳдандир десанг ўзингга манфаатли бўларди» деди. Куфр келтирган киши бу боғлар ва мол-мулк менга Аллоҳнинг фазли билан берилди демагани ва куфр келтиргани учун барчаси ҳалок қилинди. У эса сарф қилган харажатларини ўйлаб, афсус-надомат чекиб “Қани эди, мен ҳам Парвардигоримга ҳеч кимни шерик қилмаганимда эди!” деб қолаверди. Бу қиссадан ибрат шуки, бизга берилган ҳар бир неъмат учун Аллоҳ таолога доимо ҳамд айтишимиз, унга шукр қилишимиз, берилган неъматлар Аллоҳнинг фазли эканлиги ва ҳар бир иш Аллоҳнинг ҳоҳиши билан амалга ошишишини англаб етмоғимиз лозим.

Кейинги қиссада Мусо алайҳиссалом ва солиҳ банда (Ҳизр) ҳақида баён қилинади. Унда Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолодан “Бандаларинг орасида мендан ҳам илмлироқ банданг борми?” деб сўради. Аллоҳ таоло: “Ҳа, солиҳ бандам, Ҳизр алайҳиссалом сендан олимроқ” деди. Шунда Мусо алайҳиссалом илмини бойитиш учун Ҳизр алайҳиссаломни қидириб топади. Унга бошқаларга берилмаган неъмат – ғойибдан огоҳлик неъмати берилган бўлиб, ҳар бир ишни ҳикмат ила амалга оширади. Мусо алайҳиссалом унга “Сенга берилган илмдан менга ҳам ўргатгин, сенга эргашсам майлими?” деб сўради. Шунда Ҳизр алайҳиссалом: “Сени мен билан юришга сабринг етмайди, Сенда бу илм йўқ” деди. Мусо алайҳиссалом ундан илм ўргатиши ва бирга ҳамроҳлик қилишини сўради.

Ҳизр алайҳиссалом билан Мусо алайҳиссалом бирга кемага чиқишади ва Ҳизр алайҳиссалом йўлда кемани тешиб қўяди. Мусо алайҳиссалом унга эътироз билдиради. “Бизга яхшилик қилиб кемасидан жой берсаю, сен нега уларга ёмонлик қиласан”, деди.

Яна йўлга чиқиб бир қишлоққа борганда, кўчада ўйнаб юрган ёш болани Ҳизр алайҳиссалом ўлдиради. Шунда Мусо алайҳиссалом унга яна эътироз билдиради. “Нега сен ёш, бегуноҳ болани ўлдирдинг”? деди.  

Улар яна йўлга тушиб бир қишлоққа етганда, халқдан егулик сўрайдилар, уларга ҳеч ким егулик бермайди, оч бўлишига қарамай Ҳизр алайҳиссалом бир уйни олдидаги эски деворни бузиб, уни янгидан қуради, лекин эвазига эгаларидан ҳеч нарса сўрамайди. Мусо алайҳиссалом яна сабри етмай унга эътироз билдириб, шу иш учун эгаларидан егулик талаб қилсак бўларди, деди. Шунда Ҳизр алайҳиссалом бу ишларни уларнинг соҳибларига хайрли бўлиши учун бажарганини айтиб, ҳикматини шундай келтиради: “Кема мискин-бечораларнинг мулки бўлиб, уни айбли қилиб қўйдим. Айбли бўлмаган кемаларни золим подшоҳ талон-тарож қилиб, тортиб олаётган эди. Энди уларни кемасига тегмайди ва тирикчилиги ўтаверади. Болага келсак, унинг ота-онаси мўмин кишилар бўлиб, у келажакда уларга озор берадиган ва куфр аҳлидан бўлган фарзанд бўлар эди. Уни ўрнига Аллоҳ таоло солиҳ фарзанд беришини ирода қилди. Эски девор тагида эса икки етим боланинг мероси бўлиб ота-оналари солиҳ инсонлар бўлган эди. Улар вояга етгунга қадар девор қуламайди ва меросини ҳеч ким ўзлаштира олмайди. Сени мен билан юришга сабринг етмайди деган эдимку, энди сен билан ажрашиш вақтимиз келди”, деди.  

Бу қиссадан бизга энг гўзал фазилатлардан бири сабрли бўлиш нақадар улуғ ҳикмат эканлиги, шунингдек, илм олиш ва маърифатли бўлишга доимо интилиш, бу йўлда бор имкониятни ишга солиш лозимлигини ўргатади. Ҳар бир инсон бу дунёда ўзидан афзал бўлган бошқа илмли, тажрибали, қувватли, тақводор, Аллоҳнинг хос бандалари борлигинини англаши лозим.   

Кейинги қиссада Аллоҳ таолонинг марҳамати билан бутун дунёни ўз ҳукмида тутиш шарафига муяссар бўлган , шарқ ва ғарбга ҳукмронлик қилган одил ва оқил подшоҳ Зул-қарнайн қиссаси баён қилиниб, унга бутун ер юзига ҳукмронлик, илм ва ҳикмат берилгани, барча нарсага эришиш учун сабаб йўллари бериб қўйилгани, унинг фатҳ юришлари, золимларни жазолаб, иймонли халқларга ёрдам бергани, Яъжуж ва Маъжуж қавми ер юзида бузғунчилик қилмаслиги ҳамда уларни йўлини тўсиш учун темир ва мис қоришмасидан иборат улкан девор қургани зикр қилинган. Бу қиссада ҳар бир раҳбар ва амалдорлар қандай сифатга эга бўлиши кераклигига жавоб берилади.

Каҳф сурасининг фазилати тўғрисида ҳадисларда шундай баён қилинган:

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом бундай деганлар: «Ким Каҳф сурасининг аввалидан ўн оятини ёдласа, Дажжол (ёмонлиги, фитнаси)дан сақланади», (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизийлар ривояти).

Бошқа бир ривоятда:

«Ким «Каҳф» сурасининг охиридан ёдласа, Дажжолдан сақланади», дейилган.

Саҳл ибн Муоз ибн Анас Жуҳанийдан, у киши отасидан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Каҳф сурасининг аввали ва охирини ўқиса, оёғидан бошигача нурга кўмилади (нурли бўлади). Ким уни тўлиқ ўқиса, унинг учун осмон билан ер масофасича нур пайдо бўлади (порлайди)», дедилар. (Имом Аҳмад, Имом Табароний ривояти).

Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким «Каҳф» сурасини Жумъа кечасида қироат қилса, унга икки жума орасича нур зиё сочади», дедилар (Имом Ҳоким, Имом Байҳақий ривояти).

Бошқа ривоятда: «У билан Байтул Атийқ орасича нур зиё сочади», дейилган.

Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Аҳмадлар ривоят қилган ҳадисда Абу Исҳоқ қуйидагиларни айтади: Ал-Барроснинг қуйидагиларни айтаётганини эшитдим:

«Бир киши Каҳф сурасини ўқиди. Ҳовлида ҳайвон бор эди. Ҳайвон безовта бўла бошлади. Одам қараса, уни булут ўраб турибди. Бўлган ҳодисани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиб берган эдик, у зот: «Эй фалончи, ўқийвер, у Қуръон тиловати учун тушган сакийнадир», дедилар.

Ҳофиз Абу Бакр ибн Мурдавайҳ Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Каҳф сурасини жума куни ўқиса, қиёмат куни унинг қадами остидан нур чиқиб, осмону фалакни ёритади ва унинг икки жума орасидаги хатолари кечирилади», дедилар. Ким ҳар жума куни Каҳф сурасини тадаббур билан ўқиса, унга амал қилса дунё ва охират яхшилигига мушарраф бўлади.

«Каҳф» сурасини тез-тез ўқиб туриш ва оятлари маъносини тафаккур қилиш орқали ҳар бир инсон ҳаёти давомида учраши мумкин бўлган турли хил фитналардан четда бўлади, берилган барча неъматларни Аллоҳнинг фазлидан деб билади. Ушбу неъматлар шукрини банда Аллоҳ таолога доимий ҳамд айтиш ва унга ибодат қилиш билан адо этиши мумкин. Аллоҳ таоло яна бир оятда “Агар берилган неъматларга шукр қилсангиз, неъматларимни зиёда қилиб бераман” деб марҳамат қилади. Сурадаги ибратли қиссаларни ўрганиб чиққанимиздан кейин Аллоҳ таоло сурани бежизга ҳамд айтиш билан бошламагани ҳикмати аён бўлади.

 

“Тафсири ҳилол”, “Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири”, “Қуръони азим мухтасар тафсири”
ва бошқа манабалар асосида Дилшоджон Мамадалиев тайёрлади.

Мақолалар