Дастурхон дуоси
«Алҳамдулиллаҳиллазий атъамана ва сақона важаъалана минал-муслимийн».
Маъноси: «Бизни едириб-ичирган ва мусулмонлардан қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин».
Фарзанд тилаш дуоси
«Робби ла тазарни фардав ва анта хойрул варисийн».
Маъноси: «Парвардигорим! Мени (вориссиз) ёлғиз қолдирма. (Агар ворис бермасанг ҳам) Сенинг Ўзинг ворисларнинг энг яхшисисан» (Анбиё сураси, 89-оят).
Ғазабланганда ўқиладиган дуо
«Аллоҳуммағфир лий занбий ва азҳиб ғойзо қолбий ва ажирний минаш-шайтонир-рожийм».
Маъноси: Ё Аллоҳ, гуноҳларимни кечир, қалбимнинг шиддатини (ғазабини, алангасини) кетказ ва мени шайтоннинг ёмонлигидан асра.
Шунда ҳам ғазаб кетмаса, имкон топилса, таҳорат олиб икки ракат намоз ўқиш, «Алам нашроҳ лака...» сурасини тиловат қилиш ва юқоридаги дуони такрорлаш лозим.
Кўз тегишига қарши ўқиладиган дуо
Кўз тегишига қарши Фотиҳа сураси ва «Оятал курси»дан сўнг ушбу оятлар ўқилади:
«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ва ин якадуллазийна кафару лаюзлиқунака би абсориҳим ламма самиъуззикро ва яқулуна иннаҳу ламажнун. Ва ма ҳува илла зикрул-лил-ъаламиин».
Маъноси: «Бас, Парвардигори уни (қайтадан пайғамбарликка) танлаб, солиҳ (пайғамбар)лардан қилди. Албатта, кофир бўлган кимсалар Зикрни (Қуръонни) эшитган вақтларида, Сизни кўзлари билан (тикилиб) йиқитаёзурлар ва «албатта, у мажнун», – дерлар. Ҳолбуки, у (Қуръон барча) оламлар учун эслатмадир» (Қалам сураси, 51–52-оятлар).
Садақа бераётганда...
«Роббана тақоббал минна иннака антас-самиъул ъалийм».
Маъноси: «Эй Раббимиз, биздан уни қабул айла, чунки Сен эшитгувчи ва билгувчисан».
Аксирган кишига жавоб дуо
Аксирган киши, ёнида бирор одам бўлса ҳам, бўлмаса ҳам, «Алҳамдулиллаҳ» дейди. Жаноби Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) аксирган кишига ёнидагиларнинг «Ярҳамукаллоҳ» (Аллоҳ сенга марҳамат этсин) дейишини тавсия қилганлар. Акса урган киши эса «Ярҳамукаллоҳу ва иййакум ва яғфиру лана ва лакум» (Аллоҳ бизга ҳам, сизга ҳам раҳмат айласин, бизни ҳам, сизни ҳам афв этсин) ёхуд «Яҳдина ва яҳдийкумуллоҳ» (Аллоҳ бизни ҳам, сизни ҳам ҳидоятга бошласин) дейди.
ЎМИ матбуот хизмати
Покистоннинг “The Diplomatic insight” порталида Покистон тинчлик ва дипломатик тадқиқотлар институти ижрочи директори Муҳаммад Асиф Нур қаламига мансуб Ўзбекистоннинг маърифатпарвар мероси сарлавҳали мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
“Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги фақат Самарқанд, Бухоро ва Хиванинг маҳобатида эмас. Бу қадим юртнинг энг катта бойлиги инсониятга ҳисоблашни, даволашни, осмон жисмларини кузатишни, эътиқодни англашни, адолат билан бошқаришни ва тилга тамаддуний оҳанг бағишлашни ўргатган буюк тафаккур соҳибларининг ворислигидадир”, –деб ёзган муаллиф.
Муҳаммад Асиф Нурнинг таъкидлашича, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида бугун Ўзбекистонда музейлар, илмий марказлар, ихтисослаштирилган мактаблар, китобхонлик дастурлари ва маданий дипломатия орқали Учинчи Ренессанснинг пойдеворига тамал тоши қўйиляпти.
“Бу мақсад 2026 йил 17 март куни Тошкентда Ислом цивилизацияси марказининг очилиши билан янада аниқ ифода топди. 1 июнга қадар марказга ярим миллион киши, жумладан, 150 дан ортиқ хорижий делегация ташриф буюрди. Қарийб 2 000 нафар олим 810 та тегишли лойиҳада иштирок этди, 1 000 дан ортиқ маданий ашё эса хориждан Ўзбекистонга қайтарилди. Расмий маълумотлар мамлакат хотирани таълим ва миллий ишончга айлантираётганини кўрсатади”, – дея қайд этилган нашрда.
Шунингдек, мақолада 2026 йилда Самарқанд яқинидаги Имом Бухорий мажмуаси қайта қурилиб, зиёратчилар учун очилгани эътироқ этилган. Унда 10 минг кишилик масжид, музей ва илмий-тадқиқот муассасалари барпо этилди. Мажмуанинг кунлик ташриф буюрувчиларни қабул қилиш имконияти 65 минг кишига етди ва биринчи ойнинг ўзида мажмуага бир миллиондан ортиқ одам ташриф буюрди. Бу маскан зиёратни билим, тадқиқот ва маънавий тарбия билан уйғунлаштиради.
Муаллиф ўз мақоласида Амир Темур ва Темурийлар меросининг Ўзбекистон тарихи ва тараққиётида тутган ўрнига алоҳида эътибор қаратган.
“Темурийлар даври нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон тамаддунида ҳам муҳим палла ҳисобланади. Амир Темур Самарқандни қудратли давлат марказига айлантирди ва меъморчилик, илм-фан ҳамда маданият тараққиётини қўллаб-қувватлади. 2026 йилда Ўзбекистонда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги кенг нишонланмоқда, Темурийлар тарихи давлат музейи қайта реконструкция қилинди ва апрель – Амир Темур ойи деб эълон қилинди”, – дейилади манбада.
Асиф Нурнинг эътироф этишича, Ўзбекистонда маърифатпарварлик ғоялари ҳеч қачон фақат қўлёзмалар билан чекланиб қолмаган. У маҳаллада, устоз ва кексаларга ҳурматда, устоз-шогирд анъаналарида ва меҳмондўстликда яшайди. У Шашмақом оҳангларида янграйди, Лазги рақсида намоён бўлади, Аския санъатида тилга киради, бахшилар ижросида ҳикоя қилинади, атлас ва адрас матоларида ўз ифодасини топади. ЮНЕСКО томонидан тан олиниши бу анъаналарнинг жаҳон миқёсидаги аҳамиятини тасдиқлайди.
Муаллиф ўз мақоласини “Ўзбекистоннинг маърифатпарвар меросининг илдизлари қадимий – аммо унинг ҳақиқий манзили – келажакдир”, – деган сўзлар билан якунлаган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати