Муқаддас динимиз таълимотига кўра илмларига амал қилувчи уламолар Аллоҳ таоло ҳузурида энг шаънлари улуғ, қадрлари юксак зотлар ҳисобланади. Кўплаб ҳадис ва асарларда уларнинг қадамлари остига фаришталар қанот ёзишлари, еру осмондаги барча мавжудотлар ҳатто сув остидаги балиқлар ҳам истиғфор айтишлари айтиб ўтилган.
Шундай экан уламоларни қадрлаш ва эҳтиром қилиш шаръан вожиб амаллардандир. Зеро уламолар анбиёларнинг меросхўрларидир. анбиёлар молу дунёни эмас, балки илмни мерос қолдиргандирлар. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг“Мужодала” сурасида марҳамат қилиб “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур”деган бўлса, “Зумар” сурасида: “Айтинг: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!” деган (9 оят). Яъни олимлар билан жоҳил-илмсизлар Аллоҳнинг ҳузурида ҳам, жазо ва мукофотда ҳам тенг бўлмайдилар. Шундай экан илм аҳлларига нисбатан одобсизлик қилмаслик, уларга азият бермаслик лозим.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам “Аллоҳ таоло “Ким менга яқин бўлган бир бандамга нисбатан душманлик қилса унга қарши уруш эълон қилурман” деди” деганлар (Имом Бухорий ривояти). Ушбу ҳадисни изоҳлаб имом Абу Ҳанифа ва имом Шофеъий (р.а.) “агар уламолар Аллоҳга яқин бўлишмаса ким ҳам у зотга яқин бўларди?!” дейишган.
Аллоҳ таоло “Ҳужурот” сурасида шундай марҳамат қилган: “Эй, мўминлар! Кўпгумон(лар)дан четланингиз! Чунки баъзи гумон(лар) гуноҳдир. (Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилмангиз ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз...!”
ушбу ояти каримага яхшироқ эътибор қилсак, Аллоҳ таоло бизларни турли асоссиз гумонлардан, инсонларни айбларини қидириб юришдан ва шу билан бир қаторда одамларни ортларидан ғийбат қилишдан қайтармоқда. Оятда ғийбат қилган кишини ўз биродарини ўлганидан кейин гўштини ейиш билан баробар манфур амал экани таъкидланмоқда. Бир мусулмон киши бошқа бир мусулмонни ортидан ғийбат қилиши шу даражада разил бўлса олимларни ғийбат қилишни қандай баҳолаш мумкин?!
Машҳур муҳаддис олим Абул Қосим ибн Асокир илм аҳлларига одобсизлик қилган кишига насиҳат қилиб, шундай деган “билгинки, уламоларнинг гўштлари заҳарлидир. Ким бирор олимни ҳақорат қилса Аллоҳ таоло унинг ўлимидан аввал қалбини ўлими билан балога гирифтор қилади”.
Яъни илм аҳлларига нисбатан одобсизлик қилиб, улар йўқликларида ортиларидан гапирган киши гўё заҳарли гўшт егандек бўлади. Унинг бу қилган иши сабабли Аллоҳ таоло унинг ўзидан аввал қалб кўр қилиб қўяди.
Аллома ибн Нажжорнинг “тарих”ида Қози имом Абу Тоййибдан қилинган саҳиҳ ривоятда шундай воқеъни келтирилади “Биз Бағдоддаги жомеъ масжидда ўтирган эдик. Бир хуросонлик ёш йигит келиб, олимлардан бир масала ҳақида сўраб далилини талаб қилди. Шунда унга сўраган масаласини жавобини айтиб Абу Ҳурайа разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис ушбу масаланинг далили эканини айтилди. Йигит: “Абу Ҳурайра ҳадиси ҳужжат бўладиган одам эмас” деди. У гапини тугатиб бўлмасдан “жомеъ” шифтидан катта бир қора илон тушди. Бу ҳолатни кўрган одамлар қўрқиб кетиб, ҳар томонга қоча бошлашди. Илон айни ўша йигитни таъқиб қиларди. Шунда йигитга қарата “ҳозир айтган гапингдан тавба қил” дейилди. У шошганича “тавба қилдим” деган эди илон ҳеч қандай из қолдирмай ортига қайтиб кетди”. Ушбу ҳикояни келтирган машҳур муҳаддис олим ибн Салоҳ “ушбу ривоят ишончли санад билан собит бўлган бўлиб, ривоят қилганларни барчаси ишончли кишилардир” деган.
Юқоридаги келтирилган ва ундан бошқа кўплаб шаръий далиллардан хулоса қиладиган бўлсак инсонларни, айниқса, илм аҳлларини ҳақорат қилиш, ортларидан ғийбат қилиш, одамлар ўртасида обрўсизлантиришга уруниш шаръан ҳаром амалдир. Аксинча уларни қадрлаш, ҳурмат қилиш, насихатларига қулоқ тутиш эса марғуб ва матлубдир. Ҳар бир инсон қўлидан келганича уларга нисбатан самимий бўлишга, ўзаро меҳр-муҳаббат асосида муомалада бўлишга ҳаракт қилиши лозим. Зеро хазрати Али разияллоҳу анҳу айтганларидек “Уламоларни яхши кўриш ҳам диёнатдандир”.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мутахассиси,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулатиф Турсунов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Лайлатул қадрга етишиш ва унда берилажак ажр-мукофотлардан баҳраманд бўлиш ҳар бир мусулмон орзуси. Шундай экан, бу муборак тунни қайси кечадан изламоқ керак?
Дастлаб, Қадр Рамазон ойининг нечанчи кечаси экани Аллоҳ ва Расули томонидан сир тутилган эди. Лекин саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қадр кечасини аниқлаб айтиб беришларини қайта-қайта сўрашгач, у зот аввал ойнинг учинчи ўн кунлигидан, кейинроқ ойнинг охирги етти кечасидан, сўнгра ойнинг охирги ўн кунлигининг тоқ кечаларидан излаш кераклиги ҳақида айтганлар ва ҳоказо. Шунга кўра, манбаларда бу борада келган маълумотлар турличадир. Демак, Қадр кечасини қуйидаги вақтлардан топиш мумкин экан:
Йил давомида. Баъзи улуғ зотлар одамлар йилнинг маълум бир кечасига суяниб, фақатгина ўша тунни ғанимат билиб, уни ибодат билан бедор ўтказиб, қолган кечаларга бепарво бўлиб юрмасинлар деган мақсадда, бу муборак кечани топмоқчи бўлган киши йил давомида излаши керак, дейишган.
Табиийки, бу жуда машаққатли бўлиб, унга ҳамма ҳам қодир бўлолмайди. Зеро, Ислом енгиллик динидир. Аллоҳ таоло бандаларига тоқатидан ташқари нарсани юкламайди. Динимизда ҳар бир масалада кишининг ҳолати инобатга олинади, ҳатто ибодатда ҳам. Масалан, соғлом киши намозни тик туриб ўқиса, унга тоқати етмаганлар ўтириб имо-ишора билан адо этади ва ҳоказо. Аллоҳ таолонинг меҳрибонлигини қарангки, соғлом одам намоз ўқиганида, унга қанча савоб берилса, ихлос билан ўтириб, имо-ишора билан ўқилган ибодатга ҳам ўшанча ажр ёзилади. Агар буларга ато этиладиган савоблар айрича бўлганида эди, беморлар, қарилар ва заифлар сингари одамлар куч-қуввати бор соғлом кишидек савоб қозонишлари мумкин бўлмай қоларди. Бу эса, зулмдир. Ҳолбуки, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ҳеч кимга зулмни раво кўрмас. Демак, Қадр кечаси ҳақида келтирилган маълумотлар ҳам шунга қиёсланади. Зеро, Қадр кечасини топиш ҳам улуғ ибодатдир.
Рамазон ойидан. Шундай қилиб, йил давомида Қадр кечасини излаш имконияти йўқ кишилар қандай йўл тутишлари керак? Улар мазкур кечани Рамазон ойидан қидирадилар. Демак, мазкур кечани топиш янада қулайлашди, йилдан ойга қисқарди.
Рамазон ойининг охирги даҳасидан. Бу муборак кечани Рамазон ойи давомида топиш кўпчиликка оғирлик қилди, дейлик. Энди, улар Рамазоннинг охирги ўнлигидан қидиришлари керак. Зеро, Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтирар ва:
تَحَرَّوْا لَيْلَةَ الْقَدْرِ فِي الْعَشْرِ الأَوَاخِرِ مِنْ رَمَضَانَ
«Лайлатул қадрни Рамазоннинг охирги ўнлигидан изланглар» дер эдилар (Муттафақун алайҳ).
Демак, шарт-шароити кўтарган кишилар шу кечалар ичидан топишга ҳаракат қиладилар. Бу, Лайлатул қадрни топиш ойдан ўн кечага қисқарди, деганидир.
Рамазон ойининг охирги етти кечасидан. Лайлатул қадрни Рамазоннинг охирги даҳасидан топишга ҳам тоқати етмаганлар уни охирги етти кечадан қидиришлари мумкин. Зеро, Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинишича, саҳобалардан баъзилари тушларида Лайлатул қадрни охирги етти (кеча)да эканини кўришди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар:
أَرَى رُؤْيَاكُمْ قَدْ تَوَاطَأَتْ فِي السَّبْعِ الأَوَاخِرِ فَمَنْ كَانَ مُتَحَرِّيهَا فَلْيَتَحَرَّهَا فِي السَّبْعِ الأَوَاخِرِ
«Сизларнинг тушингиз охирги етти кечага мувофиқ келаётганини кўряпман. Ким у (кеча)ни изламоқчи бўлса, охирги етти (кеча)да қидирсин» (Муттафақун алайҳ). Зотан, ҳақиқий мўминнинг кўрган туши ваҳий кабидир. Зеро, азон саҳобалар розияллоҳу анҳумнинг тушлари туфайли жорий бўлгани тарихдан маълум. Энди у зотларнинг тушлари шарофатидан Лайлатул қадрни излаш ўн кечадан етти кечага қисқарди. Бу ҳам қулай имконият.
Рамазон ойининг охирги ўн кечасининг тоқларидан. Бу Лайлатул қадрни Рамазоннинг охирги етти кечасидан излашга ожиз кишилар учун йўлдир:
عَنْ عَائِشَةَ رَضِي الله عَنْهَا أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: تَحَرَّوْا لَيْلَةَ الْقَدْرِ فِي الْوِتْرِ مِنَ الْعَشْرِ الأَوَاخِرِ مِنْ رَمَضَانَ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِي
Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Лайлатул қадрни Рамазоннинг охирги ўн кечасининг тоқ (кеча)ларидан изланглар» (Икки Шайх ва Термизий ривояти).
Демак, Қадр кечасини топиш еттидан беш кечага қисқарди. Улар Рамазоннинг йигирма биринчи, йигирма учинчи, йигирма бешинчи, йигирма еттинчи ва йигирма тўққизинчи кечаларидир. Ҳа, бу муборак кечалар ҳам Лайлатул қадрни топиш учун қулай фурсатдир.
Рамазон ойининг йигирма биринчи, йигирма учинчи ва йигирма бешинчи кечаларидан. Бу юқоридаги беш кечага тоқати етмаганлар учун қулай фурсатдир:
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي الله عَنْهما أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: الْتَمِسُوهَا فِي الْعَشْرِ الأَوَاخِرِ مِنْ رَمَضَانَ لَيْلَةَ الْقَدْرِ فِي تَاسِعَةٍ تَبْقَى فِي سَابِعَةٍ تَبْقَى فِي خَامِسَةٍ تَبْقَى. رواه البخاري.
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Лайлатул қадрни Рамазондан охирги ўн (кечаси)да изланглар: тўққиз кеча қолганда, етти кеча қолганда, беш кеча қолганда» (Имом Бухорий ривояти). Демак, Лайлатул қадрни топиш беш кечадан учга қисқарди. Шунга кўра, бу Рамазоннинг йигирма биринчи, йигирма учинчи ва йигирма бешинчи кечаларидан топиш керак бўлади.
Рамазоннинг йигирма еттинчи кечасидан. Мазкур уч кечага ҳам мажоли етмаганлар Қадр кечасини Рамазоннинг йигирма еттинчи кечасидан излашга имконлари бор. Зеро, бу улуғ тун Рамазоннинг айнан шу кечасида эканига далолат қиладиган ҳадислар кўпдир. Жумладан, Муовия ибн Абу Суфён (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
لَيْلَةُ الْقَدْرِ لَيْلَةُ سَبْعٍ وَعِشْرِينَ
«Лайлатул қадр йигирма еттинчи кечададир» (Имом Абу Довуд ва Аҳмад ривояти).
Машҳур саҳобий Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қадр кечаси ҳақидаги айтган аломатларидан аниқлаб, жазм билан уни йигирма еттинчи кечада эканини таъкидлаганлар. Унинг аломати ўлароқ, ўша кечанинг баракотларига гувоҳ бўлиш учун жуда кўп фаришта осмондан ерга тушиб-чиқар экан. Уларнинг кўплигидан қуёш ёғдуси тўсилади. Шу боис, ўша кечанинг тонгида қуёш тоғарага ўхшаб, атрофга зиё сочмай кўтариларкан.
Қадр кечаси Рамазон ойининг йигирма еттинчисида экани Ислом оламида машҳурдир.
Демак, бу муборак ойни ғанимат билиб, имкони бўлса, барча кечаларида ибодатга бел боғлаб, бедор ўтказишга, айниқса, йигирма еттинчи кечага алоҳида эътибор қаратиш керак. Шу билан бирга, бу муборак кечада, аҳли оила, ёру дўстларни ҳам ибодатга чорлаш мақсадга мувофиқдир. Аллоҳ таоло ўша кечанинг баракотидан минг ойлик ибодатнинг савобидан кўра кўпроқ ажр беришидан умидвор бўлиш лозим. Ўша кечада қилинган ибодат ва дуолар фазлидан ўтган гуноҳларнинг кечирилишини умид қилиш даркор.
Рамазоннинг охирги ўн кечанинг биридан. Ривоятларда келишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қадр кечасини изламоқчи бўлиб, Рамазоннинг аввалги ва ўрта ўн кунликларида эътикоф ўтирдилар. Шунда тушларида у тун Рамазоннинг охирги ўн кунлигида экани, ўша кечанинг аломати ўлароқ у зот тонгда лой ҳамда сувга сажда қилишларини кўрдилар. Буни кишиларга айтиб, уларни ҳам эътикоф ўтиришга чорладилар. Бир куни тонгда ёмғир ёғди. Масжиди Набавиянинг томи хурмо шохлари билан ёпилганидан, диярли ёмғирнинг кўп қисми масжид ерига тушар эди. Бомдод намози ўқилганида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак пешона ва бурунлари учига лой ҳамда сув тегди. Шунда саҳобалар дарҳол Лайлатул қадр аломатини эсладилар. Ўшанда Рамазоннинг йигирма биринчи кечаси эди. Бошқа ривоятда эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга Лайлатул қадр кўрсатилди. Сўнгра хотирамдан кўтарилди. Менимча, ўша кечанинг тонгида лой ва сувга сажда қилсам керак», дедилар. Шунда Рамазоннинг йигирма учинчи кечасида ёмғир қўйди».
Уламолар Лайлатул қадр ҳар йили кўчиб юради, бир йил у кечада, кейинги йил бу кечада, деганлар. Шу эътибордан, у кечани топмоқчи бўлган киши Рамазон ойининг ҳамма кечаларини ибодат билан ўтказса, албатта, уни топади. Аллоҳ таоло ҳаммамизни бу улуғ онларнинг файзу баракотидан насибадор қилсин, дуоларимизни ижобат айласин, гуноҳларимизни афв этсин, тавбаларимизни қабул қилсин. Бу муборак ойнинг шарофатидан бутун дунёга, айниқса, юртимизга тинчлик-хотиржамликни бардавом айласин. Омин!
Толибжон ҚОДИРОВ