Барчамизга маълум ва равшандирки, ҳар бир ота-она ўз фарзандларининг истиқболи, бахт-саодати ва келажакда мустақил ҳаёт кечириб, ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан баркамол авлод бўлиб етишишини ният қилади.
Муқаддас Ислом динининг том маънодаги улуғвор таълимоти комил инсон тарбиясига қаратилгандир. Инсоннинг жисмонан, ақлан ва руҳан камолотга етишмоғида ислом дини таълимотининг ўрни нақадар юксакдир. Пайғамбаримиз (а.с.) Ўзларининг муборак ҳадисларида ушбуни баён қилиб айтганларки: “Мен инсониятга тамомий ахлоқни ўргатиш учун юборилганман”. Ҳақиқатан ҳам, ислом дини асослари бўлмиш Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда инсонларни гўзал одоб ва ахлоққа чақирувчи, ҳушхулқлик энг олий фазилат эканлиги ҳақидаги таълимотлар кенг ўрин олган. Жумладан, Қуръони каримда шундай дейилади: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эҳсонга, қариндошларга яхшилик қилишга амр этади ва фахшу мункар ишлардан ҳамда зулмкорликдан қайтарур...” (Наҳл,90), “Келинг, Раббингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб бераман: “Унга ҳеч нарсани ширк келтирманг! Ота-онангизга яхшилик қилинг! Очликдан қўрқиб, болаларингизни ўлдирманг. Биз сизларни ҳам, уларни ҳам ризқлантирурмиз. Фаҳш-бузуқ ишларнинг ошкорасига ҳам, махфийсига ҳам яқинлашманг. Аллоҳ ҳаром қилган жонни ўлдирманг... Етимлар молига то вояга етгунча яқинлашманг. Магар яхши йўл билан бўлса, майли. Ўлчов ва тарозини адолат ила тўлиқ адо этинг. Биз ҳеч жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф этмаймиз. Агар гапирсангиз, қариндошингиз бўлса ҳам адолат билан гапиринг...” (Анъом, 151-152). “Одамлардан такаббурланиб юз ўгирма ва ер юзида кибру ҳаво ила юрма. Албатта, Аллоҳ ҳеч бир мутакаббир ва мақтанчоқни севмас. Юришингда мўътадил бўл ва овозингни пасайтир...” (Луқмон, 18-19). Пайғамбаримиз (а.с.) ҳам қатор ҳадисларида ҳушхулқликни мадҳ этадилар. Ҳадисларининг бирида: “Менга энг маҳбуброғингиз ва охиратда Менга энг яқинроғингиз ахлоқи гўзалроғингиздур”, деган бўлсалар, бошқа ҳадисда: “Ислом динида энг яхшингиз ахлоқи гўзалроғингиздир”, деб марҳамат қилганлар.
Албатта, гўзал ахлоқ ва одоб инсоннинг ёшлигидан балки, болалигидан шаклланиб бормоғи лозим. Шунинг учун ҳам ислом динида болаларни ҳали мурғаклигиданоқ гўзал ахлоқ ва одобга ўргатиб бориш тавсия этилади. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: Амр ибн Абу Салама (р.а) айтадилар: “Мен Расулуллоҳнинг қарамоғларида ёш бола эдим. Овқат вақтида қўлимни товоқнинг ҳамма ерига узатар эдим. Шунда, Расулуллоҳ менга: Эй, бола! Аввал, бисмиллоҳни айт, сўнгра ўнг қўлинг билан, ўзингни олдингдан олиб егин, деб ўргатдилар”.
Дарҳақиқат, ёшларда одоб ва ахлоқ тамойилларининг шаклланишида ислом динининг тутган ўрни беқиёсдир. Зеро, ислом дини одоб ва ахлоқ тушунчаси остида ёшларни ҳар томонлама тарбия қилишга катта аҳамият қаратади.
Тарбиянинг бу жиҳатида ёшларни асосан ростгўйлик, ваъдага вафо, омонатдорлик, каттага ҳурмат, кичикка иззат, ўзгаларга меҳр-оқибатли бўлиш каби фазилатлар соҳиби қилиб вояга етказишга аҳамият қаратилади. Айнан мана шу фазилатлар кишини одамийлигини ифодалайди. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Ота ўз боласига чиройли одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди”, деганлар ( Имом Термизий ривояти). Ёки бўлмаса, “Болаларингизни эъзозланглар ва уларнинг одобини гўзал қилинглар” дейилган ҳадиси шарифда ҳам айнан ахлоқий тарбия назарда тутилган. Ислом таълимотида кишининг имон эътиқодининг мукаммаллиги унинг одоб-ахлоқининг яхшилигига қараб баҳоланади. Кўплаб ҳадисларида Пайғамбаримиз (с.а.в.) яхши ахлоққа тарғиб қилишда имонни асос қилиб оладилар. Ҳадисларининг бирида айтадиларки: “Кимни Аллоҳга ва охират кунига имони бўлса меҳмонини ҳурматласин, кимни Аллоҳга ва охират кунига имони бўлса қариндошига силаи раҳм қилсин, кимни Аллоҳга ва охират кунига имони бўлса яхши гап гапирсин ёки жим турсин”. (Имом Бухорий ривояти). Бош бир ҳадисда эса: “Аллоҳга қасамки, мўмин эмас, мўмин эмас, мўмин эмас, дедилар. Ё, Расулуллоҳ! Ким мўмин эмас?-деб сўрадилар. Расулуллоҳ: Ёмонлигидан қўшниси озор чекадиган киши мўмин эмас, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).
Иккинчидан, жисмоний тарбия. Ёшларнинг жисмонан бақувват, танлари соғлом, ғайратли ва шижоатли бўлишларида жисмоний тарбиянинг аҳамияти каттадир. Ислом дини таълимотида жисмоний тарбия тушунчаси замирига нафақат бадан тарбия машқлари билан шуғулланиш балки, инсон саломатлиги учун зарур бўлган барча омилларга риоя қилиш, айни пайтда саломатлик учун зарарли, балки ҳаёт учун хавфли бўлган иллатлардан сақланиш назарда тутилади. Қуръони каримдаги: “...Енглар, ичинглар ва исроф қилманглар. Чунки, Аллоҳ исроф қилувчиларни севмайди” (Аъроф сураси, 31-оят) оятининг тафсирида уламолар, ушбу оятда бутун тиб илми жойлашгандир, деганлар. Ҳақиқатан ҳам, саломатликнинг бош омили меъёрида овқатланиш эканлигини замонавий табобат ҳам исботламоқда. Пайғамбаримиз (с.а.в.) бадан тарбияси машқлари қаторида ёшларни сузишга, отда чопишга, камондан отишга ўргатиш лозим эканлигини алоҳида таъкидлаганлар ва ҳадисларининг бирида: “Кучли мўмин кучсиз мўминдан яхшироқ ва Аллоҳга суюклироқдир”, деб марҳамат қилганлар (Имом Муслим ривояти). Ёшларни турли хил зарарли иллатлардан сақлаш мақсадида Ислом дини соғликка футур етказувчи ва умуман инсон ҳаёти учун хавфли бўлган нарсалар билан шуғулланиш ва истеъмол қилишдан қайтарган. Жумладан, Қуръони каримда: “Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг” (Бақара сураси, 195-оят), “Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг” (Нисо сураси, 29-оят), дейилган бўлса, ҳадиси шарифда: “Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳар қандай маст қилгувчи ва танани бўшаштиргувчи нарсани истеъмол қилишдан қайтарганлар”, дейилган (Имом Абу Довуд ривояти).
Учинчидан, ақлий тарбия. Ислом динида ёшларни ақлан тарбия қилиш деганда уларни манфаатли илм соҳиби қилиб тарбиялаш, фикрий ва илмий жиҳатдан етук инсон қилиб камолга етказиш назарда тутилади. Ислом тарихидан маълумки, Пайғамбаримиз (с.а.в.)га илк бора нозил қилинган оятлар инсонни ўқишга, илм олишга тарғиб қилади: “Яратган Раббинг номи билан ўқи. У инсонни алақдан яратди. Ўқи! Раббинг карамли зотдир. У инсонга қалам билан ўргатди. Инсонга билмаган нарсасини билдирди” (Алақ сураси, 1-5-оятлар). Қуръони каримда ва Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳадисларида илмга тарғиб қилувчи кўплаб оят ва ҳадислар мавжуд. Илму маърифатли бўлишнинг фазилати нечоғлик юксак эканлиги барчага маълум. Илм билан дунё обод, инсоният ҳаёти фаровон, илмли кишининг йўли доимо нурафшон бўлади. Шу боис, илм исташ, унга етиш йўлида машаққат чекиш энг савобли амаллардан саналади. Ислом динида илм деганда диний ҳам дунёвий илмлар тушунилади. Диний илм инсоннинг руҳий-маънавий ҳаёти, унинг эътиқодига оид бўлиб, охирати учун зарур бўлса, дунёвий илм унинг моддий ҳаёти, дунё ободлиги учун зарурдир. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифда: “Сизларнинг энг яхшингиз бу дунёни деб охиратини унутмаган, охиратини деб бу дунёсини унутмаган ва ўзгаларга қарам бўлмаганингиздир” дейилган.
Ушбу таълимотларга жону дили билан амал қилган аждодларимиз, буюк бобокалонларимиз ҳам шариъат, ҳам тариқат ва ҳам маърифат борасида бутун дунёга ўрнак бўлганлар.
Ҳаёт инсониятга Аллоҳ таоло томонидан ато этилган қадрли неъматлардан бири бўлиб, ёшлик ва ўсмирлик даври киши ҳаётининг энг жўшқин палласидир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадисларининг бирида: “Ёшлик даврингизни кексалик келишидан олдин ғанимат билинг” деб, унинг қадрига етиб яшашни таъкидлаганлар.
Ёшлик даврининг эътиборга молик жиҳатлари жуда кўп. Ўспиринлик вақти инсоннинг феъл-атвори ва руҳияти шаклланадиган асосий давр бўлиб, айни шу даврда уларга алоҳида аҳамият қаратмоқ лозим. Жумладан, ёшларни аҳли солиҳ кишилар билан дўсту биродар бўлишларини таъминлаш зарур. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадисларининг бирида: “Яхши ҳамсуҳбат мисоли мушку анбар сотувчидир. Атридан олмаган тақдирингда ҳам унинг ҳушбўй ҳиди димоғингни чоғ қилади. Ёмон ҳамсуҳбат эса бамисоли темирчининг босқонидир. У гарчи кийимингни куйдирмасада, тутуни димоғингни ачитади” деганлар. Халқимизда: “Қозонга яқин юрсанг қораси юқади” деган нақл ҳам бор. Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўминларни рост сўзловчи кишилар билан бирга бўлишга буюрган. Ҳадисда айтилишича, ростгўйлик инсонни доимо яхшиликка чорлайди. Онгида ростгўйлик, вафодорлик, фидойилик каби тушунчалар ўрнашган ёшлардан келажакда кўплаб хайрли ишлар кутиш мумкин. Ҳасанул Басрий раҳматуллоҳи алайҳ бир куни одамларга: “Экин пишиб етилгандан сўнг нима қилинади?” деб савол бердилар. Улар - Ҳосили йиғиб олинади, дейишди. Шунда Ҳасанул Басрий р.ҳ.: “Шуни билингларки, гоҳида экин пишиб етилмасидан олдин унга офат (касаллик) етиши ва уни нобуд қилиши ҳам мумкин”, деб ёшлар тарбиясига эътиборли бўлишга, кишининг ёшлик даврини қандай ўтказиши унинг келажакда ким бўлиб етишишида муҳим ўрин тутишига ишора қилдилар.
Маълумки, ёшлик инсоннинг ақлий ва жисмоний ривожланиш даври бўлиб, айни шу онларда уларни илмга ва касб ҳунарга тарғиб қилиш лозим. Ёшлик даврида инсоннинг қалби беғубор, турли хилдаги қалб касалликларидан холи бўлади. Ҳадисларда айтилишича, Аллоҳ таоло инсоннинг қалбида Ўзи учун жой барпо қилган, ўша қалб Аллоҳнинг назари тушадиган макондир. Ёшлик даври қалбнинг мусаффолигини сақлаш, уни имон ва илму маърифат нури билан тўлдириш учун энг қулай фурсатдир.
Фатво бўлими мудири
Ҳ.Ишматбеков.
Дил сўзи
Муборак Қурбон ҳайити арафасида турибмиз. Бутун мусулмон олами, ислом уммати ушбу улуғ айёмни чексиз шодлик ва шукроналик билан кутиб олмоқда. Ушбу қутлуғ кунларда Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида юртдошларимиз билан бирга ҳаж амалларини адо этяпмиз.
Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали мулоқотимиз Янги Ўзбекистонда инсон қадри улуғлиги, ҳар бир фуқаро давлатимизнинг меҳр ва эътиборидан четда эмаслигининг яна бир ҳаётий ифодаси ўлароқ қалбларимизни олам-олам шодликка тўлдирди, руҳимизни кўтарди, байрам шукуҳини янада бойитди.
Давлатимиз Раҳбари билан суҳбатимиз нақадар самимий кечганига халқимиз оммавий ахборот воситалари, турли интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлар орқали кўриб, гувоҳ бўлдилар.
Президентимиз ҳаж зиёратчиларини Қурбон ҳайити билан самимий табриклаб, уларнинг элу юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, ёшларимизнинг бахту саодати йўлида қилаётган эзгу дуо ва илтижолари қабул бўлишини тилади.
Кейинги йилларда Янги Ўзбекистонда ҳар йили 15 минг нафардан зиёд ватандошимиз муборак ҳаж сафарига бормоқда. Бу йил яна бир хайрли ташаббус амалга оширилиб, Ватан ва халқ манфаати йўлида сидқидилдан хизмат қилган меҳнат фахрийлари, уларнинг оила аъзолари, маҳалла фаоллари, нуронийлар ҳамда кам таъминланган оилалар вакилларидан иборат 100 нафар юртдошимиз илк бор давлат ҳисобидан ҳаж зиёратига келди. Уларнинг дилидаги қувончни, шукроналикни, Юртбошимиздан миннатдорликни сўз билан таърифлашга тил ожиз.
Президентимиз суҳбатда зиёратчиларимизнинг саломатлиги ва кайфияти ҳақида сўради, ибодатларни бажариши учун ташкилий ишларнинг бориши билан қизиқди.
Дарҳақиқат, Макка ва Мадина шаҳарларида зиёратчиларимиз учун барча зарур шарт-шароитлар яратилмоқда, ташкилий ишлар уюшқоқлик билан ўтяпти. Қалбида шукроналик ҳисси жўш урган юртдошларимиз муқаддас жойларда туриб, Яратгандан мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигини сўраб дуолар қилмоқда.
Аллоҳ насиб этса, ҳаж зиёратчилари юртга қайтгач, ислом маърифати ва соғлом эътиқодни халқимизга, айниқса, ёшларимизга теран етказишда, маҳаллаларда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва маънавий муҳитни мустаҳкамлашда намуна бўладилар.
Бугун ҳар бир юртдошимиз муборак айём барокатидан, файзидан баҳраманд. Куни кеча Қурбон ҳайитини юртимизда ўзгача шукуҳ билан нишонлаш бўйича Давлатимиз Раҳбарининг Қарори қабул қилинди. Унга кўра муборак айёмни нишонлаш билан боғлиқ хайру саховат ва мурувват тадбирлари амалга оширилади.
Президентимиз раҳбарлигида Қурбон ҳайити муносабати билан эҳтиёжманд аҳолини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш юзасидан таклифлар тақдимотида айтилганидек, оғир ва ногиронликни келтириб чиқарувчи касалликларга чалинган 10 минг нафар болада жарроҳлик амалиёти ўтказиш, 2,3 минг нафар онкологик, гематологик ва онкогематологик ташхиси қўйилган беморларни тиббий текширувдан ўтказиш, даволаш ва жарроҳлик амалиётлари, шунингдек, камида 350 нафар беморда жигар ва буйрак трансплантацияси амалиётларини ўтказиш харажатларини қоплаш кўзда тутилган.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. 8 минг нафардан зиёд етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳамда Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган ота-оналарнинг фарзандларининг омонат ҳисобварақларига 200 АҚШ доллари миқдорида пул маблағлари ўтказиб берилади.
Бундан ташқари, 500 та масжидда аҳоли учун қулай шароитлар яратиш мақсадида замонавий таҳоратхоналар қуриш, реконструкция қилиш ёки таъмирлаш, шунингдек, жойлардаги қабристонларни обод қилиш ишлари амалга оширилади.
Давлат таъминотидаги оилалар, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар озиқ-овқат тўпламлари билан таъминланади.
Мазкур чора-тадбирлар “Вақф” хайрия жамоат фондига ажратиладиган 690 миллиард сўм маблағ ҳисобидан молиялаштирилади. Бу қанчадан-қанча инсонлар ҳаётига нур, қалбига қувонч олиб киради.
Зеро, ҳадиси шарифларда марҳамат қилинганидек, “Инсонларнинг энг яхшиси – бошқаларга кўпроқ манфаати тегадиганидир” (Имом Дору Қутний ривояти). Савобли ишлар, тинчлик ва ободлик йўлидаги ҳамжиҳатлигимиз бизни албатта улуғ мақсадларга бошлайди.
Ҳақиқатан ҳам, Қурбон ҳайити ислом динидаги энг улуғ ва муқаддас байрамлардан бири, мўминлар юрагида хурсандчилик, меҳр-муҳаббат, бағрикенглик, саховат туйғуларини юксак даражада уйғотади.
Президентимиз “Одамлар эртага ёки узоқ келажакда эмас, бугун яхши яшашни истайди”, деган эди. Ўзбекистон етакчиси ўз фаолиятининг илк даврларида илгари сурган ушбу ғоя замирида ҳам ушбу байрамга хос халқ фаровонлиги, аҳоли ўртасида меҳр-оқибатни кучайтириш, ёрдамга муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлаш, ҳеч кимни меҳр ва эътибордан четда қолдирмаслик каби безавол анъаналар мужассамдир.
Ўтган йилларда ушбу ғоя ва мақсадларни рўёбга чиқариш, адолатли жамият, халқпарвар давлат барпо этиш, инсон қадрини юксалтириш борасида кенг қамровли ишлар қилинди. Хусусан, Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат мақоми конституцион даражада мустаҳкамланди.
Кейинги йилларда шу асосда инсон қадрини улуғлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, айниқса, эҳтиёжманд юртдошларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга йўналтирилган ишлар кўлами янада кенгаймоқда. Аҳолининг эҳтиёжманд қатламини уй-жой билан таъминлаш, ишсизликни бартараф этиш, ёшлар ва хотин-қизларга замонавий касбларни ўргатиш, тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш борасида тизимли ишлар қилиняпти. Ушбу хайрли амаллар муборак Қурбон ҳайити моҳиятига мос ҳолда, “Аввал – инсон, кейин – жамият ва давлат” эзгу ғоясини рўёбга чиқариш, халқимизни бугунги яшаётган кунидан рози қилиш, эркин ва фаровон жамият барпо этишга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.
Сирасини айтганда, Қурбон ҳайити –` инсон қалбида меҳр-оқибат, саховат, бағрикенглик ва шукроналик туйғуларини мустаҳкамлайдиган улуғ айём. Янги Ўзбекистонда ушбу муқаддас байрамнинг мазмун-моҳияти инсон қадрини улуғлаш, эҳтиёжмандларга кўмак бериш, халқ фаровонлигини таъминлаш каби эзгу амаллар билан янада бойиб бормоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган хайр-саховат ишлари, ижтимоий ҳимоя чоралари, ҳаж зиёратчиларига яратилаётган имкониятлар халқ ва давлат ўртасидаги меҳр ва ишончни янада мустаҳкамламоқда. Энг муҳими, бу хайрли ишлар “Инсон қадри учун” деган улуғ тамойилнинг амалий ифодаси сифатида юртдошларимиз қалбида эртанги кунга ишонч, шукроналик ва фахр туйғуларини юксалтирмоқда.
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий.