Минораи Калон Бухородаги бетакрор меъморий ёдгорлик ҳисобланади. Қайсидир маънода қадим Бухоронинг рамзи десак ҳам бўлади. Минора Пойи Калон меъморий мажмуасининг бир қисми. У Мир Араб мадрасаси ҳамда Калон масжидининг ўртасида қад ростлаган. Эски Бухоронинг энг баланд иншоотидир. Минораи Калон тожик тилидан таржима қилинганда катта минора маъносини англатади. Унинг ўрнида аввал ҳам минора бўлган, у қулаб тушгач, мустаҳкам қилиб қайта қурилган. Миноранинг хозирги кўриниши ўша вақтда бунёд этилган. Ўз вақтида Минораи Калон юқоридан кузатиш, ҳамда аҳолини намозга чақириш учун хизмат қилган. Иншоот муҳандис ва ўз даврининг машҳур меъмори Бақо лойиҳаси асосида хукмдор Арслонхон Муҳаммад томонидан 1127-йили қурдирилган. Пойдевори тош ва махсус қоришмадан терилган. Ер сатҳидан 9 м чуқур, баландлиги 46,5 м, курсиси қиррадор. Минора юқорига ингичкалашиб боради ва муқарнас билан тугайди. Қафасасидаги 16 равоқли дарчалар орқали атрофни кузатиш мумкин. Тепага минора ичидаги 104 пиллапоя айланма зина орқали чиқилади. Масжиди Калон томонидан минорага ўтиладиган кўприкча бўлган. Минора сатҳи турли ажиб безаклар билан ишланган. Улар орасида тарихий ва диний мазмундаги куфий ёзувлар учрайди. Минораи Калон шу турдаги қадимий иншоотлар орасида алоҳида ўрин тутади. Шаклларнинг ўзаро уйғунлиги, ажойиб кўрк ва маҳобатлилик Минораи Калонга чинакам гўзаллик бағишлайди. Халқ орасида минора ҳақида кўплаб ривоят ва афсоналар мавжуд. Узоқ йиллар давомида Калон минораси ўз маҳобати билан шаҳарга ташриф буюрувчиларни лол қолдириб келган. Иншоот ёвларнинг ҳужумидан кўп зиён кўрган бўлсада қуламаган. Фақат бир муддат таъмирталаб аҳволга келиб қолган. 1924 йили иншоот юзаси ва муқарнаслари таъмирланган. 1960 йили эса ер остидаги асоси (курсиси) уста Очил Бобомуродов томонидан очиб таъмирланди. 1997 йил Бухоронинг 2500 йиллиги муносабати билан минорада яна бир бор таъмирлаш ишлари олиб борилди. Минораи Калон Бухоро шаҳрининг ноёб ва кўҳна ёдгорлиги ҳисобланади. Шаҳарга ташриф буюрган меҳмонлар унинг маҳобати, салобати, мураккаб меъморий ечимига мафтун бўлади. Хозирда кўҳна Бухоро деганда ҳар бир кишини кўз олдига дастлаб албатта Минораи Калон келади.





Шаҳзод Шомансуров тайёрлади
اللَّهُمَّ إنِّي أسْألُكَ اليقين والعفو و الْعَافِيَةَ فِي الدُّنْيَا وَالآخِرَةِ
Ўқилиши: Аллоҳумма инний асаълукал яқийна валъафва валъаафията фиддунйаа валаахироти.
Маъноси: Аллоҳим, мен Сендан дунё ва охиратда яқийн (қатъий ишонч), афв ҳамда офиятни сўрайман (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таолонинг бандасига берган энг улуғ неъматлари ва энг буюк яхшиликларидан бири – соғлиқ ва офият. Офият барча неъматларнинг энг улуғидир. Шу боис Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дуо қилардилар: “Аллоҳим, мен Сендан дунё ва охиратда яқийн (қатъий ишонч), афв ҳамда офиятни сўрайман”.
Ушбу дуо жавомеъул-калим яъни қисқа бўлсада маъноси кенг қамровли бўлган дуолардан саналиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни тонгда ва кечки вақтда доимий равишда такрорлаб ўқишдан чарчамас эдилар. Чунки бу дуо дунё ва охират яхшиликларини ўз ичига олади.
Афв (кечиримлилик) – Аллоҳ таолонинг бандасининг гуноҳларини кечириб, қилган ишлари учун жазоламай ўтиб кетишидир.
Офият эса – Аллоҳнинг бандасини касалликлар, мусибатлар ва ҳар қандай ёмонликлардан сақлашидир. Дунё ва охиратдаги парда, хотиржамлик, хавфсизлик ва муҳофаза этиш ҳам офиятнинг бир қисмига киради.
Уламолар айтадиларки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дуода аввало дунё ва охират офиятини сўраганлар. Чунки офият – ҳамма нарсага тенг келмайдиган улуғ неъматдир. Бу дуо орқали гуноҳларни ўчириш, ҳар қандай зарар келтирувчи балолар ва мусибатлардан, шунингдек, охират даҳшатлари ва у ердаги турли жазолардан паноҳ сўралган. Шу сабабли бу дуо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан айтилган энг буюк мақсадларни ўз ичига олган дуолардандир.
Балоларнинг баъзилари очиқ-ойдин бўлади – жисмоний касалликлар ва моддий иллатлар. Айримлари эса яширин – қалб касалликлари каби маънавий офатлардир. Шунинг учун дуода энг муҳим офият – қалб саломатлиги аввал сўралган: “Аллоҳим, мен Сендан яқийн (қатъий ишонч) сўрайман” – яъни тўлиқ ва комил илм, шубҳа ва гумондан холи бўлган қатъий ишонч. Бу эса иймоннинг энг олий даражасидир, дунё ва охиратда нажот айнан мана шу билан бўлади. Яқийн қалбга жойлашса, инсон дунёдан узилиб, охиратга маҳкам боғланади.
Суфён ас-Саврий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Агар яқин қалбга лозим даражада жойлашса эди, инсон жаннатга бўлган соғинчидан учиб кетар, дўзахдан қочишга ошиқар эди”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг динда офият сўрашлари – мўминнинг ақидаси ва тавҳидига путур етказувчи ҳар қандай нарсадан: фитналар, адашишлар, шубҳалар ва шаҳватлардан сақланишни сўрашдир.
Дунёда офият – инсон ҳаётида зарар келтирувчи мусибатлар ва қийинчиликлардан омонда бўлишни сўрашдир.
Охиратда офият эса – унинг қўрқинчлари, қийинчиликлари ва жазоларидан нажот топишни тилашдир.
Имом Шавконий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Офият – Аллоҳ таолонинг бандасини ҳимоя қилиши демакдир”.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дуо орқали офият сўраш нажот ва муваффақият, жаннатга эришиш ва дўзахдан нажот топиш йўли эканини баён қилганлар. Шунинг учун бу дуо Аллоҳ таоло ҳузурида энг севимли дуолардан ҳисобланади. Чунки у дунё ва охират яхшиликларини қамраб олгандир.
Ибн ал-Жазарий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ақлли инсон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам танлаган ушбу дуонинг қадрини англасин. Кимга офият берилса, у қалби, танаси, дини ва дунёси билан истаган барча яхшиликка етишади ҳамда икки дунёда қўрққан барча нарсалардан сақланади”.
Илёсхон АҲМЕДОВ