Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Июл, 2025   |   1 Сафар, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:36
Қуёш
05:13
Пешин
12:35
Аср
17:36
Шом
19:50
Хуфтон
21:19
Bismillah
26 Июл, 2025, 1 Сафар, 1447

Намоз сабоқлари: Жума намози, жаноза намози ҳамда ҳайит намози (Аудио)

30.11.2019   29300   5 min.
Намоз сабоқлари: Жума намози, жаноза намози ҳамда ҳайит намози (Аудио)

ЖУМА НАМОЗИ

 

Жума намози икки ракат фарздир. Ундан олдин ва кейин тўрт ракат суннат ўқилади. Жума фарзидан олдин ва кейинги суннатлар пешин намозининг тўрт ракат суннатлари каби ўқилади. Жуманинг икки ракат фарзи бомдод намозининг фарзи каби ўқилади.

Жума намозида  фарздан олдинги тўрт ракат суннатдан кейин, икки ракат фарз ўқилмасдан олдин имом минбарда хутба қилади.

 

ЖАНОЗА НАМОЗИ

 

Ният: «Юзимни Каъбанинг бир тарафига қилиб, шу имомга иқтидо қилиб Аллоҳ таоло учун жаноза намозини ўқишни ният қилдим».

Қўллар қовуштирилиб киндик остида тутилади, имом ният қилгач, унинг ортидагилар ҳам ифтитоҳ такбирини айтади, сўнгра сано ўқийди: «Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдик. Ва табарокасмук ва таъала жаддук ва лаа илаҳа ғойрук».

Сўнг имом овоз чиқариб такбир айтгач,  яъни «Аллоҳу акбар» дегач, унинг ортидагилар ҳам ичларида ўзлари эшитадиган даражада такбир айтади. Бу такбирда қўллар кўтарилмайди. Сўнг салавот ўқилади. Ва яна қўлни кўтармасдан «Аллоҳу акбар» деб такбир айтилади ва жаноза дуоси ўқилади. Дуодан сўнг қўллар қовуштирилган ҳолда «Аллоҳу акбар» деб, ўнг ва чап томонларга салом берилади.

 

ЖАНОЗА ДУОСИ

 

Аллоҳуммағфир лиҳаййина ва маййитина ва шаҳидина ва ғоибина ва соғийрина ва кабийрина ва закарина ва унсана. Аллоҳумма ман аҳяйтаҳу минна фааҳйиҳи ъалал Ислам. Ва ман таваффайтаҳу минна фатаваффаҳу ­ъалал ийман.

Маъноси: «Ё Аллоҳ! Бизларнинг тиригимизни, ўлигимизни, бу ерда бўлганларни ва бўлмаганларни, кичикларимизни ва катталаримизни, эркак ва аёлларимизни кечир. Ё Аллоҳ, биздан туғилажак янги наслларни Ислом динида дунёга келтир. Ажали етиб ҳаётдан кўз юмадиганларнинг жонларини имонли ҳолларида олгин».

Жанозаси ўқилаётган маййит балоғатга етмаган ўғил бола бўлса, мана бу дуо ўқилади:

Аллоҳуммажъалҳу лана фаротав-важъалҳу лана ажров-ва зухров важъалҳу лана шафиъам-мушаффаъа.

Маъноси: «Ё Аллоҳ! Бу болани жаннатда бизни қарши олувчи, мукофот ва захира қил. Бу болани биз учун шафоати мақбул шафоатчи қил».

Жаноза балоғатга етмаган қиз бола учун ўқилаётган бўлса, қуйидаги дуо ўқилади:

Аллоҳуммажъалҳа лана фаротав-важ­ъалҳа лана ажров-ва зухров-важъалҳа лана шафиъатам-мушаффаъта.

Маъноси: Ё Аллоҳ! Бу қиз болани жаннатда бизни қарши олувчи, мукофот ва захира қил. Бу қизни бизга шафоати мақбул шафоатчи қил.

Бу дуоларни билмаганлар «Аллоҳуммағфирлий ва лаҳу ва лил-муъминийна вал муъминат».

Яъни, Ё Аллоҳ, мени ва уни, эркак ва аёл барча мўминларни кечир», дея дуо қилсалар ёки «Роббана атина фид дуня...» дуосини ўқисалар ҳам бўлади.

Жаноза намозининг бошланишига улгурмаган киши жамоатга тезда қўшилиб, ифтитоҳ такбирини айтади ва имомга иқтидо қилади. Имом салом берганидан кейин, тобут кўтарилмасдан олдин қолган такбирларнинг ўзини айтади.

Тушган, ўлик туғилган болага жаноза ўқилмайди. Унга исм қўйилиб ювилади ва матога ўраб кўмилади. Тирик туғилиб ўлган болага ҳам исм қўйилиб, ювилиб, жанозаси ўқилади.

 

ҲАЙИТ НАМОЗИ

 

 Ҳар бир намозни бошлашдан аввал ният қилингани каби ҳайит намозини бошлашдан олдин ҳам ният қилинади. «Юзимни Каъбанинг бир тарафига қаратиб, шу имомга иқтидо қилиб, шу вақт  Рамазон (ёки Қурбон) ҳа­йити намозини Аллоҳ таоло учун ўқишни ният қилдим», дейилади.

Сўнг имом «Аллоҳу акбар», дея ифтитоҳ такбирини айтгач, жамоат ҳам қўлларини кўтариб, ифтитоҳ такбирини ичларида ўзлари эшитадиган даражада айтади.

Сўнг ҳамма ичида, ўзи эшитадиган даражада сано ўқийди. Сўнг имом кетма-кет қўлларини қулоқларига кўтариб, уч марта такбир айтади. Имом ҳар бир такбир айтганида жамоат ҳам унинг ортидан қўлларини кўтариб такбир айтади. Бу такбирларнинг биринчи ва иккинчи такбиридан сўнг қўллар ён томонга туширилади. Учинчи такбирдан сўнг қўллар боғланиб, киндик остида тутилади.

Сўнг имом ичида «Аъузу»ни ва «Бисмиллаҳ»ни айтиб, овоз чиқариб Фотиҳа сурасини ва яна бир сурани ўқийди, руку ва икки марта сажда қилинади.

Руку ва саждадан сўнг иккинчи ракатга турилади. Имом Фотиҳа сураси ва бир сура ўқигач, рукуга бормай, худди биринчи ракатдаги каби уч марта такбир айтилади. Сўнг тўртинчи такбир айтилиб, рукуга борилади ва икки марта сажда қилинади. Сўнг чўкка ўтириб ташаҳҳуд, салавот, дуо ўқилиб салом берилади ва намоз тугайди. Кейин имом минбарга чиқиб хутба қилади, сўнг дуо қилинади.

 

ЎМИ матбуот хизмати

Бошқа мақолалар

Сафар ойи бошланди

06.08.2024   13541   3 min.
Сафар ойи бошланди

Сафар ойида тўй қилса, сафарга чиқса бўлади(ми?)

 

Сафар ойи қандай ой?

Сафар ойи ҳижрий-қамарий тақвим бўйича (муҳаррамдан кейинги) йилнинг иккинчи ойидир. 

 

Сафар қандай маънони англатади?

Бу ой мевалар ғарқ пишиб, барглар сарғайган вақтга тўғри келгани учун сафар صفر – “сариқ ой” деб номланган. Агар сафар сўзидаги “сод (ص)” ҳарфи “син (س)” билан ёзилса “сафарга чиқмоқ” деган маънони англатади.

 

Сафар ойи Исломдан олдинги жоҳилият даврида.

Жоҳилият даврида “Сафар ойида янги иш бошлаб бўлмайди, сафарга чиқиб бўлмайди, оила қуриб бўлмайди” каби шумланишлар урф бўлган. Ҳатто бирор ишга киришишдан олдин қуш учириб кўришарди. Қуш ўнг томонга учса, яхшиликка йўйиб, ишга киришишар, чап томонга учса, бу ишда яхшилик йўқ экан, деб тарк этишар, борди-ю тўғрига учса, қайтадан учириб кўришар эди.

 

Ислом дини келгандан кейин сафар ойи – “Яхшилик ойи” деб номланди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалам: “Касаллик юқиши йўқ, бойқуш йўқ, навъу йўқ ва сафар йўқ”, дедилар.

Сафар ойи тўғрисидаги турли бидъат-хурофотлар рад этилди. Ойларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг ойлари экани эълон қилинди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафар ойини қандай ўтказганлар?

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадина шаҳридаги “Масжидун Набавий”масжидларини сафар ойида қурганлар.

2. Қизлари Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳони Ҳазрат Али розияллоҳу анҳуга сафар ойида никоҳлаганлар.

3. Айнан шу ойда сафарга чиқиб, Хайбар қалъасини фатҳ қилганлар.

Демак, бу ойда янги иш бошлаш, оила қуриш ва сафарга қилиш жоиз экан.

 

Аммо, ҳозирги кунда...

Афсуски, бугунги кунда ҳам “сафар ойида иш бошлаш, тўй қилиш, сафарга чиқиш хосиятсиз” деган гаплар тез-тез учраб туради. Уларнинг ҳеч қандай асоси йўқ экани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ва суннатларидан маълум бўлди. 

 

Энг муҳими – бандага етадиган мусибат бирор ойга боғлиқ бўлмайди. Балки ҳар бир яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам фақатгина Аллоҳ таолонинг изни билан содир бўлади. Тақдирга иймон келтириш динимизнинг асосларидан биридир. Инсон бошига тушадиган барча яхшилик ва ёмонликларни тақдирдан деб билмоғи лозим. Аллоҳ таоло: “(Инсонга) бирор мусибат етган бўлса, албатта, Аллоҳнинг изни (иродаси) билангина (етур). Кимки Аллоҳга иймон келтирса, (У) унинг қалбини тўғри йўлга ҳидоят қилур. Аллоҳ ҳар нарсани билувчидир” (Тағобун сураси, 11-оят), деб марҳамат қилган.

Аллоҳ таоло ақидамизни мустаҳкам, ҳидоятида бардавом қилсин. Сафар ойини барчамиз учун хайрли ва баракали бўлишини насиб этсин.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Сафар ойи бошланди Сафар ойи бошланди Сафар ойи бошланди Сафар ойи бошланди Сафар ойи бошланди Сафар ойи бошланди Сафар ойи бошланди Сафар ойи бошланди Сафар ойи бошланди