Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
16 Сентябр, 2026   |   5 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:44
Қуёш
06:04
Пешин
12:18
Аср
16:41
Шом
18:35
Хуфтон
19:51
Bismillah
16 Сентябр, 2026, 5 Рабиъус сони, 1448

Намоз сабоқлари: Намоз (Аудио)

14.11.2019   5959   3 min.
Намоз сабоқлари: Намоз (Аудио)

Намоз динимизнинг иккинчи рукни ҳисобланади. Намоз – Аллоҳ таоло бизларга берган ҳадсиз-ҳисобсиз неъматларга шукронадир. Намоз солиҳ амалларнинг энг афзалидир. Солиҳ амал туфайли банда Аллоҳ таолога суюкли бўлади.

Турли баҳоналар билан намоз ўқимай юрган киши Аллоҳ таолонинг амрига бўйсунмаган бўлади. Аллоҳ таоло амрига бўйсунмаслик катта мусибатдир.

Қуръони каримнинг кўплаб оятларида намоз ўқиш амр этилган:

«Намозни баркамол ўқингиз, закот берингиз ва руку қилувчилар (намозхонлар) билан бирга руку қилингиз (намоз ўқингиз) (Бақара сураси, 43-оят).

«Намозни баркамол ўқингиз ва закотни берингиз!» (Бақара сураси, 110-оят).

«Аллоҳ имонларингизни (Байтул Мақдисга қараб ўқиган олдинги намозларингиз ажрини) зое кеткизмас. Албатта, Аллоҳ одамларга нисбатан меҳрибон ва раҳмлидир» (Бақара сураси, 143-оят).

«(Эй Муҳаммад!) Имон келтирган бандаларимга айтинг, намозни баркамол адо этсинлар ҳамда савдо-сотиқ ва ошна-оғайнигарчилик бўлмайдиган кун (қиёмат) келмай туриб, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан хуфёна ва ошкора эҳсон қилсинлар!» (Иброҳим сураси,31-оят).

«Қуёш оғишидан то тун қоронғусигача намозни баркамол адо этинг ва тонгги ўқишни (бомдод намозини) ҳам (адо этинг!) Зеро, тонгги ўқиш (фаришталар) ҳозир бўладиган (намоз)дир. Тунда (ярим кечада) уйғониб ўзингиз учун таҳажжудни (нафл намозини) ўқинг! Шоядки, Раббингиз Сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (шафоат қиладиган) мақомда тирилтирса» (Исро сураси, 78–79-оятлар).

«Аҳлингизни намоз (ўқиш)га буюринг ва (ўзингиз ҳам) унга (намозга) бардошли бўлинг!» (Тоҳо сураси, 132-оят).

«Мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида ўзларини камтар тутувчидирлар. Улар намозларини асрагувчи (вақтида адо этувчи)дирлар» (Муъминун сураси, 1–2, 9-оятлар).

«(Эй Муҳаммад!) Китоб (Қуръон)дан Сизга ваҳий қилинган нарсани тиловат қилинг ва намозни баркамол адо этинг! Албатта, намоз фаҳш ва ёмон ишлардан қайтарур. Албатта, Аллоҳнинг зикри (барча нарсадан) улуғдир. Аллоҳ қилаётган ишларингизни билур» (Анкабут сураси, 45-оят).

«Бас, (эй Муҳаммад!) Улар (кофирлар) айтаётган сўзларга сабр қилинг ва Қуёш чиқишидан илгари ва ботишидан аввал Раббингизга ҳамд билан тасбеҳ айтинг (намоз ўқинг)! Яна кечанинг (бир қисмида) ва саждалар (намозлар) ортидан тасбеҳ айтинг!» (Қоф сураси, 39–40-оятлар).

«(Эй Муҳаммад!) Сиз Раббингизнинг ҳукмига сабр қилинг! Зотан, Сиз Бизнинг кўз ўнгимизда (ҳимоямизда)дирсиз! (Тонгда уйқудан) турган пайтингизда, Раббингизга ҳамд билан тасбеҳ айтинг! Шунингдек, тундан (маълум вақт ажратиб) ва юлдузлар юз ўгиргач (ботгач, саҳарда) ҳам Унга тасбеҳ айтинг!» (Тур сураси, 48–49-оятлар).

«Дарҳақиқат, инсон бетоқат қилиб яратилгандир. Қачонки, унга ёмонлик (камбағаллик ёки мусибат) етса, у ўта бардошсизлик қилувчидир. Қачонки, унга яхшилик (бойлик, саломатлик) етса, у ўта ман этувчи (бахил)дир. Фақат намозхонлар бундан мустасно бўлган ҳолларида намозларида мунтазам (давоматли), (топган) мол-мулкларидан (ажратилган) маълум ҳақ борки, у тиланчи ва маҳрум кишилар учундир» (Маориж сураси, 19–25-оятлар).

ЎМИ матбуот хизмати

Аудио
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Туркий давлатлар муфтийлари 10 га яқин муҳим баёнот ва фатволарни имзоладилар

14.09.2026   18595   1 min.
Туркий давлатлар муфтийлари 10 га яқин муҳим баёнот ва фатволарни имзоладилар

Хабар берганимиздек, Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг навбатдаги VII йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилиш якунида Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон муфтийлари муҳим йўналишларда 3 та баёнот ва замонавий масалаларга оид 6 та йирик фатвони имзолашди.

Жумладан, «Исломнинг илм-фан ва технологияга ёндашуви» мавзусидаги баёнотда Ислом динида инсоният фаровонлигига хизмат қилувчи барча илмий ва технологик ютуқлар қўллаб-қувватланиши билан бирга, улар юксак ахлоқий мезонлар, адолат ва масъулият тамойиллари асосида ривожланиши шартлиги таъкидланди.

«Мусулмонлиги маълум бўлган шахсни кофирга чиқаришнинг ҳукми» тўғрисидаги баёнотда Ислом таълимотига кўра, калимаи шаҳодат келтириб, қибла аҳлидан бўлган ҳар қандай шахс мусулмон ҳисобланиши ҳамда қилган гуноҳи ёки амалдаги нуқсони туфайли уни куфрда айблаш (такфир қилиш) қатъиян ман этилиши айтилди. Шунингдек, Туркий давлатлар уламолари ушбу баёнотда жамиятда фитна, қон тўкилиши ва низоларга сабаб бўлувчи такфирчилик оқимларига қарши илмий-маърифий курашни кучайтириш, уммат бирдамлигини мустаҳкамлаш зарурлигига эътибор қаратишди.

«Оила қуришга тарғиб қилиш, уни муҳофаза қилиш ва мустаҳкамлашга доир умумий масъулият» баёнотида Ислом таълимотига кўра, оила никоҳ асосига қуриладиган, соғлом авлод ва жамият давомийлигини таъминловчи, инсонга руҳий хотиржамлик ҳамда ахлоқий тарбия берувчи муқаддас муассаса эканига урғу қаратилди. Муфтийлар оила институтини ҳимоя қилиш, ёшларни оилага тайёрлаш ва миллий-маънавий қадриятларни мустаҳкамлашда бирдамликка чақирдилар.

Шунингдек, муфтийлар томонидан «Битта қабрга бирдан ортиқ маййитни дафн этишнинг ҳукми», «Ижарага берилган деҳқончилик ерларининг ушри», «Фатво сўраш ва фатво беришда сунъий идрокдан фойдаланиш масаласи», «Жума намози дуруст бўлишининг шартлари», ҳижрий ой бошланишини аниқлаш мезонлари ва такфир масаласига доир 6 та фатво матни имзоланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари