Жамият оилалардан таркиб топади, оилалар бахтли бўлса, жамият ҳам бахтли бўлади. Оила ва жамият тушунчалари бир-бирига бевосита чамбарчас боғлиқдир. Шундай экан, келажаги порлоқ жамият қуриш учун унинг негизи бўлган оилани маънан соғломлаштириш талаб қилинади. Ислом манбаларида оилани мустаҳкамлашга қанчалик чақирилган бўлса, уни бузилишидан шунчалик қайтарилган. Иқтисодий етишмовчилик, ғийбат, туҳмат, турли гап-сўзлар сабаб юзага келувчи оилавий келишмовчилик, сабрсизлик, енгил ҳаёт иштиёқида никоҳни бузиш исломда қаттиқ қораланган. Бу борада ҳадиси шарифларда: “Ҳалол ва рухсат этилган нарсаларнинг ичида Аллоҳ таолога хуш келмайдигани – талоқдир”, деб таъкидланган.
Самарқанд шаҳар “Лаҳутий” жоме масжиди ходимлари маҳалла фаоллари билан “Олтин аср” маҳалласида яшовчи бир оиланинг барбод бўлишини олдини олди. Оиладаги айрим важлар туфайли гулдек оила вайрон бўлиши мумкин эди. Ўз вақтида жамоатчилик, маҳалла ва масжид жамоаси ушбу масалага эътибор қаратиб, уларнинг орасини ислоҳ этди.
Дарҳақиат, жамиятнинг муҳим бўғини бўлган оилаларни асраш, бузилишига йўл қўймаслик, фарзанд тарбияси учун муносиб муҳит ва шарт-шароит яратиш юрт истиқболини белгиловчи муҳим омиллардан эканини унутмасак, жамият фаровон, фарзандлар бахтли бўлади, албатта.
ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги
Глобал ахборот маконидаги шиддатли ўзгаришлар, ижтимоий тармоқлар ва сунъий интеллектнинг ривожланиши, фейк хабарлар оқими медиа соҳаси вакилларидан мутлақо янгича ёндашувларни талаб этмоқда. Шу мақсадда республикамизда йилнинг энг йирик ва муҳим таълимий-амалий лойиҳаси — журналистлар, блогерлар ва матбуот котибларини ягона платформада бирлаштирувчи "Медиа ҳафталик" ўз ишини бошлади.
Контент маркази томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда йўлга қўйилаётган мазкур лойиҳа бутун республикадан қарийб 12,5 минг иштирокчини қамраб олади. Жорий йилнинг 30 мартидан 26 июнига қадар ҳар бир ҳудудда 5 кунлик интенсив ўқув-семинарлар ва маҳорат дарслари ўтказилиши режалаштирилган.
Дастурда назария ва амалиёт бирлашади: асосий урғу ҳақиқий тажриба орттиришга қаратилади. Мамлакатимизнинг энг етакчи медиа-экспертлари, муҳаррир ва продюсерлари иштирокида контент яратиш, фактчекинг, рақамли гигиена, СММ ва стратегик коммуникациялар каби муҳим мавзулар бўйича тренинглар олиб борилади.
Машғулотлар тележурналистлар, босма нашрлар, блогерлар ва давлат идоралари матбуот котиблари учун алоҳида йўналишларда ўтказилади. Билимларини оширган иштирокчиларга махсус сертификатлар топширилади.
Ўзбекистон бўйлаб ҳаракатланувчи мазкур медиа-эстафетанинг илк босқичи 30 март куни Қорақалпоғистон Республикасида бошланади. Дарслар давомида иштирокчилар реал кейслар асосида ишлаш, хатоларни таҳлил қилиш, янги ёндашувларни шакллантириш имкониятига эга бўлади. Спикерлар ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, замонавий медиа ривожининг устувор йўналишлари бўйича тавсиялар беради.
Ҳафталик якунида ҳудуддаги соҳа вакилларини қамраб олувчи йирик Медиа форум ташкил этилади.
Лойиҳада иштирок этиш истагида бўлган номзодлар Ёшлар ишлари агентлигининг ҳудудий бошқарма ва бўлимларига мурожаат қилишлари мумкин.
Медиа ҳафталик қуйидаги саналарда ҳудудлар кесимида ташкил этилади:
30 март – 3 апрель: Қорақалпоғистон Республикасида;
6 апрель – 10 апрель: Хоразм вилоятида;
13 апрель – 17 апрель: Сурхондарё вилоятида;
20 апрель – 24 апрель: Қашқадарё вилоятида;
27 апрель – 1 май: Самарқанд вилоятида;
4 май – 8 май: Навоий вилоятида;
11 май – 15 май: Бухоро вилоятида;
18 май – 22 май: Фарғона вилоятида;
25 май – 29 май: Наманган вилоятида;
1 июнь – 5 июнь: Андижон вилоятида;
8 июнь – 12 июнь: Жиззах вилоятида;
15 июнь – 19 июнь: Сирдарё вилоятида;
22 июнь – 26 июнь: Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида.