Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов вилоятнинг Юқори Чирчиқ, Бўстонлиқ, Зангиота, Янгийўл, Қуйи Чирчиқ туманларида қурилиш бошланган ва давом этаётган масжидларни бориб кўрди.
Жорий йилда Тошкент вилоятида янгидан қурилаётган 29 та масжиднинг 8 таси мазкур тмунларда жойлашган. Барча масжидларда иш қизғин. Қишнинг қиронли кунларигача томлар ёпилиб, ташқи таъмир ишларини имкон қадар якунлаш лозим.
Қуйи Чирчиқ туманидаги саккизбурчак шаклида қурилаётган “Олмазор” масжиди асосий биноси юқори қисмининг металл конструкция ишлари якунланиб, гумбаз ўрнатилиши арафасида. Минг кишилик сиғимга эга мазкур хонақоҳ ўзининг баландлиги ва ёруғлик тизими билан алоҳида ажралиб туради. Гумбазнинг баландлик шакли таралаётган товушни акс-садо ёрдамида бинонинг ҳамма қисмига тенг тақсимланишига ёрдам беради.
Хайруллоҳ домла Турматов катта йўл ёқаларида қурилаётган масжидлар ва таҳоратхоналар лойиҳалари билан танишди. “Ал Иймон”, “Абдужалилбоб” масжидлари қайта қурилаётган бўлса, “Ҳузайфа” масжидининг таҳоратхонаси янгидан барпо этилмоқда.
Бу масжидлар ҳудуд аҳолиси, қолаверса, йўлдан ўтувчи зиёратчилар, мусофирларга хизмат қилади. Шунинг учун лойиҳани пухта ўйлаб, намозхонларга ҳар томонлама юқори шарт-шароитларни таъминлашимиз зарур. Иссиқ сув заҳираси, имконияти чекланганлар учун махсус шароит ва бошқалар. Зотан йўловчиларга хизмат қилсак, Аллоҳ ишларимизга барака ато этади, деди бош имом-хатиб.
Аллоҳнинг байтини қуришдек савоби улуғ ишларда меҳнат қилаётган, елиб югураётган фидоий ходимлар, уста ҳунармандлар, ишбошилар, ҳомийлар ҳаққларига дуо қилиниб, янги ибодат уйларини тез орада халқимизга туҳфа этишларига тилак билдирилди.









Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Муқаддас Ҳаж ибодатини улуғ вазифалар ва гўзал амаллар билан адо этган қашқадарёлик зиёратчиларнинг дастлабки гуруҳлари юртимизга соғ-омон етиб келишди. Ислом арконларини бажариб, юзларида нур, қалбларида шукроналик билан қайтган ҳожиларни халқаро аэропортда уларнинг яқинлари, кенг жамоатчилик вакиллари ва нуронийлар катта хурсандчилик билан самимий кутиб олдилар.
Муқаддас заминдан қайтган зиёратчилар Ҳаж сафари давомида қалбларидан кечган унутилмас маънавий кечинмалари ва таассуротлари билан ўртоқлашдилар. Ҳожилар ташкилий ишларнинг юқори даражада бўлганини, зиёратчиларга кўрсатилган алоҳида ғамхўрлик ва яратилган шарт-шароитлар учун давлатимиз раҳбарига ҳамда соҳа мутасаддиларига ўзларининг чексиз миннатдорчиликларини билдирдилар.
Камол ҳожи бобо Тўраев, зиёратчи: — Муқаддас Каъбатуллоҳ пойида туриб, қалбимиздаги энг эзгу тилаклар қаторида юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва диёримиз осойишталигини сўраб дуолар қилдик. Мамлакатимиз равнақи йўлида хизмат қилаётган Юртбошимизнинг соғлиқ-омонликларини, бошлаган хайрли ва ислоҳотли ишларига Яратгандан улкан зафарлар тиладик. Кўрсатилган эътибордан бошимиз кўкка етди.
Мадинаи мунаввара ва маккаи мукаррамадаги табаррук масканларда, хусусан, Арафот ва Мино водийларида қилинган дуоларда юрт тинчлиги ва эл осойишталиги бош мавзу бўлган.
Қашқадарёлик ҳожиларнинг тинч-омон қайтиб келиши нафақат уларнинг оила аъзолари, балки бутун вилоят аҳли учун катта маънавий қувонч бахш этди.
Аллоҳ таоло барча ҳожиларимизнинг ҳажларини мабрур, дуоларини мустажоб айласин!
Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати